Таълим соҳасидаги инқироз давлат мафкурасининг емирилишидан даракдир

Таълим соҳасидаги инқироз давлат мафкурасининг емирилишидан даракдир
Қирғизистонда янги ўқув йили бошланиши билан таълим тизимида систематик инқироз яққол намоён бўлди. Бу муаммони фақат ўқитувчилар маошининг пастлиги ёки кадрлар етишмаслиги билан боғлаб бўлмайди. Сентябр ойининг биринчи ҳафталарида ўнлаб ўқитувчиларнинг ўз ишларини тарк этиши тасодиф эмас, балки бу узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган давлат масъулиятсизлигининг натижасидир. Муаммо фақат таълим сиёсати билан чекланмайди, балки жамият келажагини йўналтириш масаласини ҳам ўз ичига олади. Агар давлат стратегик фикрлашдан бош тортиб, халққа аниқ мафкуравий устунни таклиф эта олмаса, бу устунни таъминловчи институтлар, тўғрироғи, таълим тизими емирила бошлайди.
Бугунги кунда ҳукумат татбиқ этаётган ислоҳотлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. 12 йиллик таълим тизимига ўтиш ва янги талабларни жорий этиш зарурий ресурслар ва кадрлар ёрдамисиз амалга оширилмоқда. Бу эса ҳеч қандай ижтимоий, маданий ва иқтисодий фактларга эътибор бермаган ҳолда, Ғарб форматидан кўчирма олишга уринишдир. Йиллар давомида маошсиз ва оғир шароитларда ишлаб келган ўқитувчилар энди бу ташаббуснинг бир қисми бўлишни хоҳлашмаяпти. Ишини тарк этганлар фақат кексалар эмас, балки улар орасида ёш мутахассислар ҳам бор. Улар бу янги тизимда ўзларига муносиб ўрин топа олмагани ва касбига ҳурмат кўрсатилмагани учун ҳам ишини ташлаб кетишга мажбур бўлишмоқда.
Бу нафақат кадрлар инқирози, балки ҳозирги “мактаб бу – инсонларни тарбиялаш ва жамият қуриш масканидир” деган тушунчанинг емирилишидир.
Бугунги кунда битта синфда 50-60 нафар ўқувчи ўқийди, ўқитувчи эса икки-уч маошлик иш қилса ҳам, пойтахтда яшашга етмайдиган маош олади. Айни пайтда, давлат “бепул таълим” иллюзиясини намойиш қилмоқда. Давлат талабга мувофиқ таъминот ишларини тўлиқ бажармаганлиги етмагандай, ота-оналардан пул тўплашни ҳам тақиқлаб қўйган. Бусиз таъмирлаш ишларини бажариш, материаллар сотиб олиш ва ўқитувчиларга қўшимча маош тўлаш имконияти бўлмайди. Оқибатда мактаблар қашшоқлашиб, ўқитувчилар ишини ташлаб кетмоқда. Халқ таълими вазирлиги бўш қолган ўринларни талабалар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпти. Ҳукумат эса, янги бинолар қуриш ва ўзига яқин бўлган қурилиш компаниялари томонидан таъмирланган фасадларни кўрсатиш орқали “популисттик намойиш” сиёсатини олиб бормоқда.
Энг асосийси, ўқитувчиларнинг ўз касбини тарк этишлари капиталистик жамиятнинг ўзгарувчан қадриятлари туфайли юзага келмоқда. Ёшлар бизнесга, IT соҳасига, хусусий секторга қизиқади. Чунки у ерда уларнинг меҳнати ҳеч бўлмаганда қадрланади ва тақдирланади. Ўқитувчининг мақоми ҳам ўз хизмати ва миссияига боғлиқ бўлиши керак эди, аммо ҳозирги капиталистик иқтисодиётда инсон мақоми ҳамённи тўлдирадиган даромад билан белгиланади. Шу боис ўқитувчилик касби қадрли хизмат эмас, балки ижтимоий тузоққа айланиб бормоқда.
Давлат таълим тизими қулаб бораётган бир пайтда ота-оналарнинг диний ва хусусий мактаблар, мадрасалар ва исломий муассасаларга қизиқиши ортиб бормоқда. Бу муассасаларга давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди, вазирликнинг стратегик режаларига ҳам киритилмаган, аммо инсонларнинг уларга ишончи ортиб бормоқда. Гарчи давлат бундай таълим муассасаларига тўсқинлик қилаётган бўлса-да, уларга қизиқиш кучайиб бормоқда. Ота-оналар ушбу таълим даргоҳларига пул тўлашга тайёр, чунки бундай даргоҳлар таълим, тартиб-интизом ва зарур қадриятларни ўз ўрнига қўйишади. Бу масала “ота-оналар мактаб учун пул тўлашни хоҳламайдилар” деган афсонанинг ҳақиқатини кўрсатмоқда. Муаммо шундаки, давлатга оид таълим муассасалари ота-оналар пул беришига арзийдиган нарсани таклиф қила олмаяпти.
Давлат нафақат таълим жараёнини молиялаштиришни издан чиқарди, балки уни миллий миссия сифатида қабул қила олмади. “Ислоҳот” дея эълон қилинган саъй-ҳаракатлар қуруқ ваъда бўлиб қолди. Бу ваъдалар мафкуравий жиҳатдан ҳамда кадрлар ва ташкилий жиҳатдан ўз асосини топмади. Ҳукумат тизимли сиёсат ўрнига бир тажрибани охирига етмасдан иккинчисига сакраб ўтди. Жамият билан мулоқотга киришиш ўрнига уни тақиқлаб, ёт кўринишларни ўртага қўйди, ҳатто шариатга зид моделларни ҳам жорий қилди. Натижада, ота-оналар ва ёш авлод оз бўлсада тизимли ва мафкуравий асосга эга бўлган таълим шаклларини танлашга ўтди. Шунинг учун ҳам мадрасалар, диний ва хусусий мактаблар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бундай қадамлар одамлар шунчаки ўз-ўзидан мактабларидан узоқлашиб кетмаётганлигини билдиради. Аниқроғи, ҳукумат келажак авлодни тарбиялаш ва ривожлантириш қобилиятини йўқотганини англатади. Давлат нафақат пул ва ресурслар жиҳатидан, балки тушунча нуқтаи назаридан ҳам ортга кетмоқда. У энди умумий манфаатлар ва қадриятлар билан маданият тарғиботчиси ҳисобланмай қолди. Агар давлатнинг умидсиз аҳволи бу йўналишда ўзгартирилмаса, инқироз янада чуқурлашаверади.
Таълим бериш – хизмат ёки товар эмаслигини тушуниш керак. Бу жамият қуриш йўлидир. Давлат мактабни йўқотса, жамиятни ҳам йўқотади. Мактаб ўз вазифасини бажармаса, қурилаётган бинолар, ислоҳотлар, йўллар ва статистикаларнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган биринчи оятлар: Ўқинг дея бошланади…
“Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни — хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди” (96. 3–5).
Капиталистик давлат ўз таълим тизимини бузиб, Аллоҳнинг таълим ҳақидаги амрини оёқ ости қилмоқда. Капиталистик тузум шахс, жамият ва давлатнинг келажагини шакллантириш масъулиятини зиммасига олмайди. Айни пайтда, ота-оналар камбағал бўлишига қарамай, фарзандларини мадраса, Исломий мактаблар ва курсларга бераётгани халқнинг ҳақиқатга, билим олишга интилишидан далолат беради. Бироқ, таълим харажатларини кўтариш ота-оналарнинг эмас, балки давлатнинг вазифасидир.
Бинобарин, фойда асосида бошқариладиган тузумда юзага келган таълим-тарбия инқирози шунчаки ижтимоий муаммо эмас – маънавий таназзулдир. Давлатнинг фойдага йўналтирилган вектори инсонни тарбиялаш, ўқитиш ва таълим бериш жараёни нимадан бошланишини билмаслигини ёки билишни истамаслигини яққол кўрсатиб турибди.
Абду Шукур