Тожикистон саммити: Марказий Осиёда нуфуз талашиш

Тожикистон саммити: Марказий Осиёда нуфуз талашиш
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 9 октабр куни Тожикистонда бўлиб ўтган Иккинчи Марказий Осиё – Россия саммитида иштирок этди. У ўз нутқида Марказий Осиё давлатлари ва Россия ҳар доим Қирғизистоннинг асосий шериги бўлиб қолаверишини таъкидлади. “Марказий Осиё давлатлари жаҳон бозорларига чиқиш йўлини очадиган халқаро транспорт йўлакларининг бир қисмидир. Минтақанинг транспорт салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда Россиянинг Хитой, Эрон ва бошқа давлатлар билан транспорт алоқаларини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма ҳамкорликни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман», деди Жапаров.
Россия президенти Путин эса, Россиянинг Марказий Осиёга киритган сармоялари ҳажми 20 миллиард доллардан ошганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Москва Марказий Осиё компанияларининг Россиянинг йирик саноатни ривожлантириш дастурларига қўшилишидан манфаатдор. Россия Марказий Осиё билан янги логистика алоқаларини ўрнатишга тайёр. Унда Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб магистрал қатновларини йўлга қўйиш асосий вазифа ҳисобланади.
Бироқ, Украина уруши ва Ғарб томонидан киритилган санкциялар туфайли Россиянинг иқтисодий аҳволи яхши эмас. Шунинг учун яқин келажакда бундай йирик лойиҳаларга унинг сармоя киритиши даргумон. Россия учун асосий масала Марказий Осиёдаги мавжуд таъсирини сақлаб қолишдир. Зеро, Марказий Осиё минтақаси Шарқ ва Ғарбни боғловчи асосий нуқта ҳисобланади. Минтақадаги табиий ресурслар Араб кўрфазидан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун ҳам сўнгги пайтларда мустамлакачи давлатлар бу минтақада ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. “Марказий Осиё – Россия” саммити ҳам айнан шу мақсадда, аниқроғи, АҚШ, Европа ва Хитойнинг C5+1 форматидаги саммитларига муқобил сифатида ташкил этилган.
Бу йирик давлатлар Марказий Осиё ресурсларига эгалик қилиш учун минтақадаги стратегик йўлларни назорат қилишни кўзлашади. Буни уларнинг расмийлари берган баёнотлар ҳам тасдиқлайди: АҚШнинг собиқ давлат котиби Энтони Блинкен Давлат департаменти томонидан 2023 йилда берган расмий баёнотида бундай деди: “Марказий Осиёдаги барқарор ва самарали транспорт йўлаклари минтақада нафақат иқтисодий ўсишга йўл очади, балки жаҳон бозорлари билан ҳам алоқаларни таъминлайди”. Америка Марказий Осиёни ўзига оғдириш учун икки жабҳада ҳаракат қилмоқда. Яъни у бир тарафдан C5+Америка саммити орқали бевосита ҳаракат олиб бораётган бўлса, иккинчиси тарафдан Туркия ва Туркий давлатлар ташкилоти орқали Россия ва Хитойнинг минтақадаги таъсирини сусайтириш учун ҳаракат олиб бормоқда. Шу мақсадда 7 октабр куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 12-саммити бўлиб ўтди. Туркий Давлатлар Ташкилотининг мақсади миллатчилик туйғуларини қўзғаш орқали Марказий Осиё минтақасидаги мусулмонларни Россия ва Хитой таъсиридан узоқлаштиришдир. Бинобарин, Туркий Давлатлар Ташкилоти Американинг қўлидаги қуроли бўлиб, Вашингтон Эрдоған орқали минтақа давлатларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилади.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам: “Хитой Марказий Осиё билан транспорт алоқаларини чуқурлаштиришдан манфаатдор. Биз Каспий денгизи орқали ўтувчи халқаро транспорт коридорини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаймиз. Айни пайтда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасини боғловчи темир йўл қурилишини тезлатяпмиз», – деди.
Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё+Хитой” саммити декларациясида эса, томонлар Пекиннинг “Бир камар, бир йўл” ташаббусини юқори баҳолаб, уни миллий стратегиялар билан интеграция қилиш бўйича фаол ҳаракат қилишга тайёрликларини билдиришди. Шу мақсадда Хитойни Европа билан боғловчи “Ўрта йўлак” йўналиши аҳамияти орта бошлади. Айни пайтда Қирғизистонда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши ҳам қизғин давом этмоқда.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен шундай деди: “Биз Марказий Осиёга Европа ва Осиёни боғлаб турадиган барқарор ва экологик тоза транспорт алоқалари учун асосий марказ сифатида қараймиз”. Жорий йилнинг апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммити Европанинг минтақадаги стратегик аҳамиятга эга минерал ресурсларга қизиқишини кўрсатди. Унда Брюссел бутун минтақа учун 13,2 миллиард доллардан ортиқ сармоя пакетини эълон қилди.
Демак, Ўрта Осиёда ўз нуфузини кучайтириш учун мустамлакачи давлатлар ўртасидаги кураш келажакда янада кучайиши кутилади. Айниқса, ресурслар учун кураш кучайиб бораётган бир пайтда Марказий Осиёнинг аҳамияти янада ортади. Шунинг учун биз мусулмонлар минтақадаги стратегик ўринлар ва минерал бойликларни бу кучларнинг макри-ҳийлалари учун жанг майдонига айланиб қолишига имкон бермаслигимиз керак. Аксинча, Аллоҳ Таолонинг ҳукмига биноан, кофирларнинг устимизда ҳукмрон бўлиб олишларига йўл қўймаслик учун мусулмонларнинг қалқони бўлмиш Халифалик давлатини тиклаш йўлида бирлашиб, ҳаракат қилишимиз лозим.