Тошкент учрашуви: Алиевнинг Исломдан ўз манфаати йўлида фойдаланиш стратегияси

Тошкент учрашуви: Алиевнинг Исломдан ўз манфаати йўлида фойдаланиш стратегияси
Ўтган ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатларининг маслаҳат учрашуви минтақадаги энг йирик сиёсий воқеага айланди. Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари кенгаши аста-секин мустақил сиёсий иттифоққа айланиб бормоқда. Озарбайжоннинг ушбу ҳамкорлик воситасига қўшилиши унинг геосиёсий салоҳиятини кучайтириб, энергетика ва иқтисодий соҳаларда қўшма ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради. Ҳозирги молиялаштириш, хавфсизлик ва бошқа муаммоларга оид масалаларни муҳокама қилишда Илҳом Алиевнинг сўзлари алоҳида аҳамиятга эга бўлди. У ўз нутқида минтақанинг умумий маънавий асосларини, Ислом цивилизациясини ва унинг кўп асрлик тарихини тилга олди.
Алиевнинг нутқидаги ушбу қисм махсус таҳлилни талаб қилади. Чунки кўпчилик бундай сўзларни диний характердаги баёнот сифатида қабул қилиши мумкин. Ваҳолангки, бу сўзлар диний ёки мафкуравий маънога эга эмас, шунчаки сиёсий тактика холос. Озарбайжон капиталистик тузум асосида миллий манфаатларни кўзловчи секуляр давлатдир. У ҳатто Исломга очиқ душманлик қилаётган давлатлар билан яқин алоқаларини давом эттириб келмоқда. Шунинг учун у ҳеч қандай Исломий сиёсат юритишдан, Исломга асосланган иқтисодиётни жорий қилишдан ва Исломнинг ижтимоий низомини ўрнатишдан манфаатдор эмас. Алиевнинг ўзи Ислом қадриятларини қўллаб-қувватламайди, жамиятга Ислом шариатига асосланган ечимларни таклиф қилмайди ва Исломга асосланган бошқарув тузумини кўтариб чиқмайди. У ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун жамиятнинг ҳис-туйғулари билан ўйнайдиган капиталист лидердир.
Ислом шунчаки рамзий ёки маънавий мерос эмас. У сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ўз ичига олган тўлақонли ҳаёт тузумидир. Бироқ, Алиев ўз нутқида бу ҳақда ҳеч нарса демади. Яъни у Ислом мафкураси, иқтисодиёти, Ислом қонунларига асосланган ижтимоий тузум ёки Ислом Умматининг сиёсий бирлиги ёхуд фиқҳга асосланган бошқарув ҳақида гапирмади. Демак Алиевнинг Исломий сўзларга тўла мурожаати Ислом лойиҳасини амалга ошириш учун эмас, балки Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари кенгашидаги иштирокини қонунийлаштириш учун сиёсий восита сифатида ишлатилмоқда.
Боку учун бундай баёнотлар бир нечта вазифаларни бажаради:
Биринчидан, Озарбайжоннинг Марказий Осиё доирасига киришини осонлаштиради, чунки бу ёндашув минтақадаги давлатларнинг маданий ўзлигига мос келади.
Иккинчидан, бундай мурожаат Озарбайжоннинг туркий дунёдаги ролини кучайтиради ва мафкуравий мустақиллик тасаввурни пайдо қилади. Шунингдек, бу Ғарбга Озарбайжоннинг иштирокисиз минтақанинг тарихий ва маданий йўналишини белгилашга имкон бермайди.
Учинчидан, бу иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилиш учун қулай шароитлар яратади ва томонлар ўртасидаги масофани қисқартиради. Бу вазифаларнинг барчаси сиёсий ва прагматик хусусиятга эга ва уларнинг ҳеч бири Ислом сиёсатига бевосита боғлиқ эмас.
Бу ҳолат минтақадаги мусулмонларни алдаб қўймаслиги лозим. Хусусан, Исломнинг ривожланиши ва тикланиши мана шундай баёнотлар орқали амалга ошади, деб ўйлаш хатодир. Чунки диний мавзуларга асосланган сиёсий риторика кўпинча диний қадриятлар ёки маънавий лойиҳалар ҳақида фақат иллюзияни вужудга келтиради холос. Бироқ, амалда бу мавзулар дипломатик восита сифатида ишлатилади, мавжуд сиёсий тузумни ўзгартиришга қаратилмайди. Агар бу фарқ ҳисобга олинмаса, жамият Ислом ечимлари бўлмаган жойларда шу каби баёнотлардан ечим умид қилишда давом этаверади.
Тошкентда бўлиб ўтган учрашувлар натижалари қуйидагиларни ўз ичига олади: Минтақа барқарор ташкилотга айланишга, ягона иқтисодий зонани вужудга келтиришга ва ҳамкорликнинг янги усулларини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Озарбайжон эса, ушбу жараёнларнинг бир қисмига айланишга ва ўзининг геосиёсий маконини кенгайтиришга интилмоқда. Алиевнинг Ислом мавзусидан фойдаланиши келажакни Ислом модели асосидаги тузумни вужудга келтиришга уриниш эмас, балки маданий бирлашиш, таъсирни кучайтириш ва имкониятларни кенгайтиришга қаратилган прагматик ёндашувдир.
Шунинг учун минтақадаги мусулмонлар ҳушёр бўлишлари ва онгли равишда ҳаракат олиб боришлари лозим. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда ташқи кўринишга алданмаслик ва маълумотни текшириб олиш ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ ۩ كَبُرَ مَقْتًا عِنْدَ اللَّهِ أَنْ تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ ۩
“Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)”. (61:2–3).
Бундан ташқари, Аллоҳ Таоло мўминларни ёлғон ёки шубҳали янгиликларни қабул қилишдан эҳтиёт бўлишга чақиради:
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй муминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” (49:6).
Бу оятлар Тошкент учрашувларига бевосита боғлиқ бўлиб, Аллоҳ Таолонинг мусулмонларни огоҳлантиришини ўз ичига олади. Мусулмонлар ялтироқ сўзларга қараб эмас, балки давлатларнинг ҳақиқий сиёсатига, уларнинг бошқарув моделларига, иқтисодий йўналишларига ва улар қўяётган қадамларга қараб баҳо беришлари зарур! Ислом қуруқ сўзлар ва сентиментал шиорларни эмас, балки шаффофлик ва масъулиятни талаб қилади. Шундай экан, Ислом тўнини кийиб олган кишилар Ислом ҳақида ёки умумий маданий ва тарихий асослар ҳақида гапирганда, биз ҳақиқий Ислом қарорлари билан уларнинг сохта чақириқлари орасини ажрата олишимиз зарур! Динимиз биздан мана шуни талаб қилади.
Абду Шукур




