Хавфсизлик камари учун бир ҳафтада 400 миллион сом жарима солинди

Хавфсизлик камари учун бир ҳафтада 400 миллион сом жарима солинди
Ўтган бир ҳафта давомида Қирғизистонда ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлик камарини тақмаган 400 мингдан ортиқ ҳолат аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати 7 октабр куни хабар берди.
Хабарда айтилишича, 1 октабрдан бошлаб “Хавфсиз мамлакат” лойиҳаси доирасида йўлларга ўрнатилган камералар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчи ва йўловчиларни аниқлашга киришган. Бундай ҳолларда транспорт воситаси эгасига 1 000 сом миқдорида жарима солинади. Шунга кўра, 400 мингта ҳолат учун 400 миллион сом жарима чиқади. Агар ҳайдовчилар бир ой ичида жаримани тўлашга муваффақ бўлишса, 300 сом билан қутулишлари мумкин. Ҳар бир жариманинг 217 соми шартномага мувофиқ Россиянинг “Вега” компаниясига ўтказилади.
Қирғизистонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида 12 мингта камера ўрнатилган. “Хавфсиз мамлакат” лойиҳаси доирасида эса шаҳар ва қишлоқларда 25 мингга яқин камералар ишга туширилиб, вазирликнинг марказий тизимига улаб қўйилган.
2019 йилда ишга тушган йўл ҳаракати назорати бўйича “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси Россиянинг “Вега” концерни томонидан амалга оширилган. Ўш шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси эса, жорий йилнинг 16 сентябридан тўлиқ ишга туширилди. Ўтган йилнинг декабрь ойида шаҳар ҳокимияти танлов эълон қилган эди. Танловда Россиянинг “Мегафон” компанияси ёлғиз ўзи иштирок этиб, ғолиб чиқди. Мазкур компания ўз хизмати учун беш йил давомида 2,5 миллиард сом даромад олишни режалаштирган. Кўриниб турибдики, жаримадан тушадиган маблағнинг асосий қисми оддий халқнинг чўнтагидан чиқиб, босқинчи Россия компанияларининг ҳисобига тушмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, СССР даврида ҳарбий тадқиқот институти бўлган “Вега” компанияси 2004 йилда қайта ташкил этилган. Сўнгги йилларда “Вега” радиотехника концерни асосан Россия Мудофаа вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги билан кўпроқ ҳамкорлик қилмоқда. Демак Қирғизистонда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ҳеч қандай йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки фуқаролар хавфсизлиги учун жорий қилинган эмас. Аммо, арзимаган пулга алданган амалдорларимиз тендер эълон қилиб, мамлакатни йирик давлатлар қўлига топширишди. Бу билан Россия компаниялари нафақат моддий манфаатларга эришди, балки мамлакатдаги асосий ахборот манбаларига ҳам ўзлари учун йўл очиб олишди. Шундай экан, биз оддий халққа зулм қилинишига ва “Хавфсиз шаҳар” баҳонасида мамлакатнинг Россия таъсири остига тушиб қолишига қарши туришимиз лозим.
Мумтоз Мавароуннаҳрий