Қатарнинг ёрдами “коррупцион схема”ни қонунийлаштирмоқда

Қатарнинг ёрдами “коррупцион схема”ни қонунийлаштирмоқда
Қатар Бишкекдаги шаҳар тез ёрдам шифохонасининг янги биносини қуриш учун 9 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди. Лойиҳа Қирғизистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилгани айтилмоқда. Мазкур, ёрдам беғараз асосда кўрсатилаётганлиги айтилган бўлса-да, бироқ келишув тафсилотлари, шаффофлик, маблағлардан самарали фойдаланиш ва томонлар ўртасидаги келишувларнинг моҳияти кўплаб саволлар туғдирмоқда.
Грантнинг умумий миқдори 9,24 миллион долларни ташкил этади. Бу маблағлар янги бино қуриш ва жиҳозлар сотиб олишга сарфланади. Бироқ, бу сумманинг катта қисми белгиланган мақсадни амалга ошириш учун тўлиқ сарфланмайди. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: грантнинг 3 фоизи, тўғрироғи, 277200 доллар Қатар томонининг маъмурий харажатларини қоплаш учун ажратилади. Яна 7 фоизи, яъни 646800 доллар консалтинг хизматларига сарфланади.
Шу тарзда, умумий молиялаштиришнинг 10 фоизи (924 минг доллар) бошиданоқ қурилиш ёки тиббий мақсадларга бевосита боғлиқ бўлмаган соҳаларга ажратиш белгилаб қўйилди. Шу ўринда “инсонпарварлик ёрдам” номи остида маблағларнинг бу тарзда тақсимланиши қанчалик асосли, деган савол туғилади. Хусусан, шартномада консалтинг хизматлари қандай бўлиши аниқ кўрсатилмаган. Уларни ким амалга оширади, мутахассислар қандай малакага эга бўлиши керак, улар қандай шароитларда ишга олинади ва бу хизматлар лойиҳага қандай амалий фойда келтиради – буларнинг ҳеч бири маълум эмас.
Қурилишга оид лойиҳа-смета ҳужжатларини Бишкек шаҳар мерияси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳозирлаган. Аниқроғи, Қирғизистон томони грант олишдан аввал ўзининг ҳисобидан лойиҳага сармоя киритмоқда. Бироқ, бу харажатларни қоплаш чоралари кўрилмаган. Натижада Қирғизистон бюджети ҳисобидан маблағ сарфланаётган лойиҳа тўлиқ хорижий давлат томонидан молиялаштириляпти деб кўрсатилмоқда.
Шунингдек, тендер схемасига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қурилиш компаниясини Қирғизистон ҳукумати эмас, Қатар тараққиёт жамғармаси танлайди. Тендер Қатар ва Қирғизистон бозорларида бир вақтда ўтказилади, ижрочилар ва ускуналар етказиб берувчилар эса Қатар томонидан тайинланади. Шундай қилиб, маблағлар қандай ишлатилиши ва лойиҳани ким амалга ошириши бутунлай бошқа томоннинг назорати остида бўлади. Бу эса Қирғизистоннинг лойиҳага бўлган таъсирини чеклайди.
Битим лойиҳаси Жогорку Кенешда ҳар учала ўқишда ҳам ҳеч қандай муҳокамасиз маъқулланди. Конституциянинг амалий аҳамияти, парламент назорати ва халқаро ресурслардан фойдаланишда жавобгарлик билан боғлиқ саволлар туғилади. Юзлаб миллион сом шаффофлиги шубҳали бўлган маъмурий ва консалтинг харажатлари сифатида ажратилаётгани ҳамда парламент уни шошиб тасдиқлагани институционал назоратнинг заифлиги ва шаффофлик механизмларининг самарасизлигини яққол кўрсатиб турибди. Бу коррупцияга шароит яратадиган ҳолатдир.
Мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳаси маблағ танқислигидан қийналаётган бир пайтда бошқарув ва консалтинг учун 924 минг доллар ажратилаётгани алоҳида баҳс мавзусидир. Ёрдам сифатида ажратилган маблағларнинг салмоқли қисми “маъмурий” ва “консалтинг” баҳонасида пулни хайрия берувчига қайтариш схемаси сифатида ишлатилиши мумкин. Бу иш расмий келишувлар орқали қонунийлаштирилади.
Албатта мазкур лойиҳа жамият учун зарур ва долзарбдир. Агар ушбу лойиҳа шариат асосида сифатли ва самарали амалга оширилса, мамлакатга фойда келтириши мумкин. Шунинг учун уни амалга ошириш шартлари жамоатчилик ва парламент назоратини талаб қилади. Хусусан, консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар, тендер ўтказиш механизмлари ва маблағларнинг мақсадли сарфланиши диққат билан назорат қилиниши керак.
Шариатга кўра, садақа ва ҳиба (эҳсон) холисона чин кўнгилдан ва ғаразли мақсадларсиз берилиши керак. Маблағлардан фойдаланиш ҳам шаффоф, адолатли ва аниқ мақсадли бўлиши керак. Хайрия берувчи ёки унга алоқадор шахсларни ажратилган маблағ ҳисобидан мукофотлаш – бу ҳаражатлар асосли ва шаффоф бўлмаса – омонат (ишонч) ва ихлос (ҳақиқат) тамойилларига зиддир.
Бундан ташқари, консалтинг хизматларида шаффофликнинг йўқлиги ва тендер ўтказиш жараёнида Қатарга алоҳида мақом берилиши бу – хайрия лойиҳасидаги тенг ҳуқуқли ҳамкорликка путур етказади. Бундай келишув шариатдаги адолат (адл) ва шериклик тамойилларига тўғри келмайди.
Агар ёрдам Ислом тамойиллари асосида амалга оширилса, уни амалга ошириш механизмлари ҳам Ислом нормаларига мос келиши шарт. Акс ҳолда, бу шариатдаги садақа ғоясига зид бўлиб, одамлар, айниқса, диндорлар орасида унга бўлган ишончни сусайтиради.
Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қидади:
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ
“Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!”. (2-264).
Шу ўринда, садақа фақат Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши кераклигини эслатиб ўрмоқчимиз! Хайрияда – берувчининг манфаатлари кўзланмайди. Шундай экан, “ёрдам” сифатида ажратилган маблағнинг бир қисми “маъмурий” ва “консалтинг” харажатлари орқали хайрия берувчига қайтса, бу унинг нияти поклигига шубҳа борлигини кўрсатади.
Ҳужжат Жамия