Қирғизистонда Хитой экспансияси

Қирғизистонда Хитой экспансияси
Сўнгги йилларда Қирғизистонга келиб жойлашаётган хитойликлар сони ортиб бормоқда. Айниқса жорий йилда бу ҳолат яна-да кўпроқ сезила бошлади. Расмий ҳисоботга кўра, 2023 йилда Қирғизистон ҳудудига 70 842 нафар Хитой фуқароси кириб келган. 2024 йилда бу кўрсаткич 81 фоизга ошиб, 128 000 кишига етди. Расмий идоралар жамоатчилик норозилиги туфайли 2025 йилги ҳисоботни эълон қилишдан бош тортмоқда.
Чунки сўнги пайтларда хитойликларнинг жиноий фаолиятга алоқадорлиги ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Бироз аввал хитойликлар бир сингилимизнинг кўп қаватли уйдан пастга қулаб, ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлганлиги хабар қилинган эди. Яқинда Чуйнинг Константиновка қишлоғида қайд этилган сўнгги воқеада хитойлик ҳайдовчилар қирғиз ҳайдовчисини калтаклаганлиги қайд этилди. Натижада, Ички ишлар вазирлиги бир қатор хитойлик фуқаролар “безорилик” моддаси бўйича ҳибсга олинганини эълон қилди. Бу воқеа халқ орасида қаттиқ норозилик уйғотганлиги сабабли Ташқи ишлар вазири ва президент Садир Жапаров воқеани оқлаб баёнотлар беришга мажбур бўлди. Жапаровнинг сўзларига кўра, атайлаб сайлов пайтида маълум кучлар томонидан хитойликларга қарши норозилик кайфияти қўзғатилаётган эмиш.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда анъанавий таъсирга эга бўлган Россия бугунги кунда Украина уруши билан овора бўлиб қолганлиги сабабли, Хитой минтақадаги таъсирини кучайтираётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Ташқи қарзимизнинг энг катта қисми Хитойдан олинган, аниқроғи, Қирғизистон зиммасидаги 8,7 миллиард доллардан иборат қарзнинг 1,7 миллиард доллари Хитойга бериладиган қарздир. Бундан ташқари, хорижий инвестицияларнинг катта қисми Хитойга қарашли. Шунингдек, хитойликлар мамлакатда йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бунга мисол қилиб 20 миллиард долларлик “Sky City” шаҳри ва 4,665 миллиард долларлик Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаларини келтириш мумкин. Шунингдек, тоғ-кон саноатига оид лицензияларнинг қарийб 80 фоизи Хитой ширкатларига берилган.
Кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳукуматининг сиёсати аниқ Хитойни ҳимоя қилишга қаратилмоқда. Расмий ҳукумат Хитойга катта маблағ манбаи сифатида қараб, “ёрдам” олиш умидида унинг талабларини тўлиқ бажармоқда. Бироқ, ҳукуматнинг бу сиёсати мамлакат келажаги учун хатарлидир. Чунки бу Хитой экспансиясининг пойдевори ҳисобланади. Тўғри, мамлакатда хитойликлар кўпайиб, яқин кунларда Хитойнинг тўлиқ таъсири остидаги мамлакатга айланиб қолмаслигимиз мумкин. Бироқ, бугунги кунда Хитой юритаётган сиёсат шу ҳолатга қараб кетаётгани сир эмас. Чунки Хитойнинг бошқа минтақалардаги экспансияси ҳам худди шундай бошланган. Масалан, Жануби-Шарқий Осиёдаги вазиятга назар ташласак, чет элда яшовчи хитойликларнинг 75 фоизи шу минтақада жойлашган. 19 асрда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида ишчи кучига эҳтиёж кўплиги туфайли хитойликлар бу мамлакатларга ўрнаша бошлади. Натижада, 19 ва 20 асрларда Жануби-Шарқий Осиёга тахминан 5 миллион хитойлик кўчиб ўтди ва улардан 2 миллиони шу мамлакатларда ўрнашиб қолди. Хитойликларнинг минтақага кўчиб ўтиши бугунги кунгача давом этмоқда. Шу тариқа улар маҳаллий аҳолининг бир қисмига айланди. Минтақадаги хитойликлар асосан савдо билан шуғулланади ва завод-фабрикаларни бошқаради. Маҳаллий аҳолининг аксарияти эса, қишлоқларда яшаб, тирикчилик қилади. Бу ҳолат хитойликлар учун ўлка иқтисодиётининг катта қисмини эгаллашга кенг шароит яратди.
Статистик мисоллар келтирадиган бўлсак, Жануби-Шарқий Осиёда яшовчи этник хитойликлар аҳолининг атиги 6 фоизини ташкил этишига қарамай, минтақадаги капиталнинг 70 фоизини назорат қилади. Баъзи маълумотларга кўра, этник хитойликлар Индонезияда хусусий капиталнинг 80 фоизига, Малайзияда 40-50 фоизига, Таиландда эса саноат ва савдонинг 90 фоизига эгалик қилади. Айни пайтда, Индонезияда хитойликлар аҳолининг атиги 4 фоизини, Малайзияда 26 фоизини ва Таиландда 14 фоизини ташкил қилади.
Бундай иқтисодий куч сиёсатга таъсир қилиши табиий. Хитойликлар коррупция, номзодларнинг сайлов фондларига хайрия қилиш ёки тўғридан-тўғри сиёсатчиларни сотиб олиш орқали бу мамлакатларнинг ташқи ва ички ишларига таъсир кўрсатиб келмоқда. Улар Исломий шиорларни кўтариб юрган партияларнинг ҳокимият тепасига келишига тўсқинлик қилишга ҳаракат қилади. Бунинг сабаби, Ислом уларнинг ва улар ортида турган Хитойнинг мақсадларига зид бўлган мафкурадир.
Ҳозирда хорижда яшовчи хитойликлар Хитойнинг иқтисодий манфаатларини илгари суришда муҳим рол ўйнамоқда. Бундан ташқари, Хитой диаспораси вакиллари ўзлари яшаб турган мамлакатларда Хитой маданиятини ёйиш ва сиёсий таъсир кўрсатишда фаол иштирок этмоқда. Шунинг учун ҳам, Хитой диаспораси Хитойнинг “юмшоқ кучини” тарқатишнинг асосий воситаси ҳисобланади.
Қирғизистон Хитой билан чегарадош бўлганлиги сабабли, Хитой унга “стратегик аҳамиятга эга ўлка” сифатида қарамоқда. Қолаверса, Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси бизнинг ҳудудимизни ўз ичига олганлиги боис, Хитой мамлакатимизни ўзига содиқ давлатга айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун Хитой бизга кўп-кўп кредитлар ва инвестициялар бериб, минерал ресурсларимизни эгаллаб олмоқда, Хитой инвесторлари ва ишчилари кириб келиб, агрессив ҳаракатлар олиб бормоқда. Бу ҳаракатлар натижасида маҳаллий тадбиркорлар банкротга учраб, хитойликлар иқтисодиётнинг асосий тармоқларини эгаллаб олишига шубҳа қолмаяпти. Шу тарзда биз ҳам Жануби-Шарқий Осиё билан бир хил бўлиб қолишимиз ёки ундан ҳам ёмонроқ вазиятга тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Шунинг учун Биз ҳукуматининг Хитой экспансиясига йўл очиб бераётган сиёсатига қарши туришимиз керак. Чунки бу сиёсат минерал ресурсларимизнинг талон-тарож қилинишига, қарзга ботишимизга, хитойликларнинг кўпайишига ва Хитойнинг вассал ҳудудига айланишимизга олиб келиши мумкин. Энг хавфлиси шундаки, динимизга амал қилиш хавф остида қолиб, Шарқий Туркистондаги зулмкор сиёсат мамлакатимизга кириб келиши ҳам мумкин. Бундай бўлмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бундай аҳволга тушиб қолмаслик учун Хитойга қарши асосий мафкуравий куч бўлган Исломни маҳкам ушлашимиз ва Марказий Осиё мусулмонларини Ислом байроғи остида бирлаштиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Мана шу йўл билангина биз Хитойнинг экспансионистик ҳаракатларига қарши тура олиш имкониятига эга бўлишимиз мумкин!
Ҳорун Абдулҳақ




