Қирғизистон парламентининг тарқатиб юборилиши бўлажак сайловлар учун стратегик тозалашдир

Қирғизистон парламентининг тарқатиб юборилиши бўлажак сайловлар учун стратегик тозалашдир
2025 йил 25 сентябр куни Жогорку Кенеш ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ташаббус 32 нафар депутат томонидан илгари сурилган эди. Мажлисда жами 84 депутат ушбу таклифни ёқлаб овоз берди.
Президентлик ва парламент сайловлари яқинлашиб келаётгани, ташкиллаштириш ва молиялаштиришдаги қийинчиликлар, шунингдек, сиёсий тизимни мослаштириш зарурати парламентининг тарқатилишига расмий изоҳ сифатида эълон қилинди. Шунингдек, ўз-ўзини номзодини кўрсатиш, хотин-қизлар учун квота, кўп мандатли округлар ва рўйхатдан мустақил равишда овоз бериш ҳуқуқи каби сайлов қонунларини ўзгартириш бўйича таклифлар ҳам билдирилди.
Парламентнинг ўз-ўзини тарқатиб юбориш қарори янгиланиш, сайлов циклига мослашиш ва маъмурий харажатларни тежашга уриниш сифатида тақдим этилмоқда. Бироқ, бу расмий қадам ортида сиёсий мантиқ яширинган. Бу мантиқ маълум бир авторитар қоидага асосланади. Бошқача айтганда, бу беқарор элементлардан халос бўлиш, сиёсий рақобат майдонини тозалаш ва ҳокимиятни қайта шакллантиришга тайёргарлик кўришга уринишдир.
Парламентнинг бундай кутилмаган қадами ҳар турли талқин қилиниши мумкин. Расмий равишда бу қадам халқнинг хоҳиш-иродасига асослангани айтилаётган бўлса-да, лекин аслида бу ташаббус жамият ёки сайловчилар томонидан эмас, балки парламент ичидан илгари сурилган бўлиб, айни пайтда ижро ҳокимиятининг манфаатларига чамбарчас боғлиқдир. Бироқ жамоатчилик ва сайловчилар томонидан ҳеч қандай норозилик, талаб ёки оммавий танқид пайқалмади. Парламентнинг тарқатилиши халқ ишончининг пасайиб кетишига боғлиқ эмас. Аниқроғи, парламент ҳукумат учун бошқаруви ноқулай ва хавфсиз бўлмаган воситага айланиб қолган.
2027 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари яқинлашиб келаётгани сабабли, ҳукумат сиёсий майдонни ўзига мослаштиришга ҳаракат қилмоқда. Янги қонун асосида сайланган янги парламент мустақил, молиявий жиҳатдан заиф ёки сиёсий жиҳатдан кучли номзодларни ўйиндан четлатади. Шунингдек, у ҳукуматга содиқ бизнес структураларидан, клан вакилларидан ва ушбу кампания учун жимгина тўлай оладиганлардан тузилади. Маълумки, бу усул аввал ҳам “демократик ташаббуслар” орқали амалга оширилган эди. Қоғозда қонуний кўринса-да, амалда бу орган ҳукуматнинг бошқа тармоқлари томонидан қабул қилинган қарорларни тасдиқловчи қўмитага айланади.
Сайлов қонунлари амалдаги ҳукумат манфаатларига мослаштирилиши мумкин. Ўз-ўзини номзод қилиб кўрсатиш, ҳудудларни қайта тақсимлаш, квоталарни жорий этиш каби янги қоидалар ташқаридан қараганда инклюзив кўриниши мумкин, аммо маъмурий назорат ва заиф қаршилик шароитида бу ўзгаришлар ресурсларга эга бўлганлар фойдасига ишлайди. Таниш ишбилармонлар, ҳукуматга содиқ тадбиркорлар ёки техник партиялар вакиллари орасидан чиққан “янги” номзодлар сунъий парламентаризм моделини мустаҳкамлайди.
Сайловда иштирок этиш учун молиявий тўсиқ асосий омил бўлиб қолмоқда. Бундай кенг кўламли кампаниялар катта маблағни талаб қилади. Бироқ давлат томонидан қўллаб-қувватлов, сиёсий маданият ҳамда мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд бўлмаган бир пайтда, сайловда фақат ўз маблағи ёки капиталига эга бўлганлар иштирок этиши мумкин бўлади. Натижада, парламент ислоҳотларга ёки ҳақиқий вакилликка рағбати бор кишилардан эмас, балки ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонуний тарзда ҳукумат таркибига кириб олишга интилаётганлардан ташкил топади. Элитанинг бундай ўзини-ўзи сақлаб қолиш ҳаракати демократик процедуралар қобиғига ўралган капиталистик парламентаризм механизми ҳисобланади.
Расмий равишда овоз бериш, сайлов тизими, фракциялар, буларнинг барчаси сақланиб қолади. Ҳатто сиёсий рақобатнинг фаол кўринишлари ҳам бўлиши мумкин. Бироқ тармоқларга бўлинган парламент президент ҳокимияти архитектурасининг бир қисмига айланади. Янги парламент президент ҳокимиятига хизмат қилишга йўналтирилади. Бу эса кучнинг вертикал тизимини акс эттириш воситаси сифатида ишлатилади.
Шунинг учун парламентнинг ўзини-ўзи тарқатиб юборишига тизимни тозалаш ёки даволаш деб қарамаслик керак. Ҳукумат авваламбор сиёсий майдонни тозалайди, қоидаларни ўзига мослаштиради, ўзига мувофиқ ўйинчиларни танлайди ва керакли пайтда сайловлар орқали ўзига содиқ қонун чиқарувчи органга эга бўлади. Бундай ёндашув 2027 йилда президент ҳокимиятининг тақдири ҳал бўладиган пайтда барқарорликни таъминлаш имконини беради. Шунинг учун бу тарқатиб юбориш ҳокимиятни сақлаб қолиш сценарийсининг биринчи қадамидир. Халқ эса яна капиталистик ўйинга алданиб қолаверади.
Абду Шукур