Мақолалар

Ҳар ким ўзига тегишли шаръий ҳукмларга амал қилиши лозим

Ҳар ким ўзига тегишли шаръий ҳукмларга амал қилиши лозим

Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари апрел ойидан буён рейдлар ўтказиб, жамоат жойларида ниқоб кийиб юрган 22 нафар муслимага Жиноят-процессуал кодексига биноан 20 минг сомдан жарима солди. Бундан ташқари, 140 нафар опа-сингилларимиз огоҳлантирилди.

Бундан аввал Жалолобод шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳам етти нафар муслимага 20 минг сомдан жарима солган эди.

Шу ўринда Ислом динимиз ҳар бир мусулмонга ўз соҳаси бўйича юклаган шаръий ҳукмларни тилга олиб ўтиш зарурдир.

Биринчидан, давлат раҳбарлари Исломий қадриятларни чеклаш ўрнига, унга кенг шароит яратиб беришлари, куфр ҳукмлари билан эмас, шаръий ҳукмлар билан бошқарлариши лозим. Аллоҳ Таоло айтади:

وَأَنِ احْكُم بَيْنَهُم بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءهُمْ وَاحْذَرْهُمْ أَن يَفْتِنُوكَ عَن بَعْضٍ مَا أَنزَلَ اللَّهُ إِلَيْكَ فَإِن تَوَلَّوْا فَاعْلَمْ أَنَّمَا يُرِيدُ اللهُ أَن يُصِيبَهُم بِبَعْضٍ ذُنُوبِهِمْ وَإِنَّ كَثِيراً مِّنَ النَّاسِ لَفَاسِقُونَ ۝ أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ

(Эй Муҳаммад), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (Сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, одамлардан кўплари итоатсиздирлар. Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?! (5: 49-50).

Иккинчидан, шариат ниқобга қарши қонунни ижро қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам амал қилиши лозим бўлган ҳукмларни белгилаб берган. Унга кўра, хавфсизлик кучлари муслималарни шариатга мувофиқ ҳаракат қилишдан тўсиб, уларни жаримага тортмасликлари, аксинча, ўз раҳбарларининг ҳукмларидан шариат ҳукмларини устун қўйишлари керак бўлади. Аллоҳ Таоло айтади:

اتَّبِعُوا مَا أُنزِلَ إِلَيْكُم مِّن رَّبِّكُمْ وَلَا تَتَّبِعُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاءَ قَلِيلًا مَّا تَذَكَّرُونَ

(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга «дўстларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар”. [7:3]. Яна айтади:

إِنْ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ

“Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир”. [12:67].

Мусулмонларнинг йўлини ёритувчи уламолар эса, ҳукуматнинг нотўғри ишларини очиқлаб, уларни тўғри йўлга бошлашлари лозим. Чунки Аллоҳ Таоло уларнинг жамиятдаги мавқеини алоҳида қайд этган:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ ۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”. (39:9).

Пайғамбаримиз ﷺ бундай дедилар:

«صِنْفَانِ مِنَ النِّاسِ إِذَا صَلَحَا صَلَحَ النَّاسُ وَإِذَا فَسَدَا فَسَدَ النَّاسُ: الْعُلَمَاءُ وَالأُمَرَاءُ»

Икки тоифа одамлар борки, агар улар тузалса инсонлар ҳам туза­лади, агар улар бузилса инсонлар ҳам бузилади: олимлар ва амир­лар”. (Абу Нуайм “Хила”да Ибн Аббосдан ривоят қилган, Суютий эса “Жоми ус-Сағир”да келтирган).

Зулмни тўхтатиш ва зулмга учраганлар учун адолатни таъминлаш биринчи навбатда уламоларнинг вазифасидир. Пайғамбаримиз ﷺ бундай дедилар:

سيِّدُ الشُّهداءِ حمزةُ بنُ عبدِ المطَّلبِ ، ورجلٌ قام إلى إمامٍ جائرٍ فأمره ونهاه فقتله

“Шаҳидлар саййиди – Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ва золим ҳокимга қарши туриб, уни (маъруфга) буюриб, (мункардан) қайтарган, натижада ўша золим ҳоким томонидан қатл қилинган кишидир”. (Ҳоким, Байҳақий). Яна бир ҳадиси шарифда:

أَفْضَلُ الْجِهَادِ كَلِمَةُ حَقٍّ عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ

«Энг афзал жиҳод золим ҳукмдор ҳузурида айтилган ҳақ сўздир», дедилар (Абу Довуд, Тирмизий).

Афсуски, юқоридаги тоифалар ниқобни таъқиқловчи қонун қабул қилинишига қарши туришда ожизлик қилишди. Шундай экан, асосий вазифа Қирғизстон мусулмонлари зиммасига тушади. Яъни, биз мусулмонлар номусимиз бўлган ҳар бир ишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ва ҳукумат вакилларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришимиз шарт. Ҳатто қонун баҳонасида муслима аёлларни жаримага тортаётган амалдорлар билан ҳам қариндош-уруғчилик, қўшничилик муносабатларини узиб, уларни бу иллатдан қайтаришимиз лозим. Чунки Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Бану Исроилга энг аввало кирган нуқсон шу эдики, бир киши бошқа кишига йўлиққан пайтда: Эй фалончи, Аллоҳдан қўрққин ва бу қилаётган ишингни ташлагин, чунки бу нарсани қилиш сен учун ҳалол-дуруст эмас, – дер эди. Сўнг эртаси куни у билан учрашган пайтда уни яна ўша ҳолатда кўрар эди. Лекин бу нарса у билан бирга еб-ичишдан, бирга ўтиришдан қайтармас эди. Бас, улар шундай қилишгач, Аллоҳ уларнинг баъзиларининг қалбларини баъзилари билан урди”. Сўнгра Росулуллоҳ ﷺ ушбу оятни тиловат қилдилар:

 لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ 78,  كَانُوا لَا يَتَنَاهَوْنَ عَنْ مُنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ 79, تَرَى كَثِيرًا مِنْهُمْ يَتَوَلَّوْنَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَبِئْسَ مَا قَدَّمَتْ لَهُمْ أَنفُسُهُمْ أَنْ سَخِطَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَفِي الْعَذَابِ هُمْ خَالِدُونَ 80, وَلَوْ كَانُوا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالنَّبِيِّ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مَا اتَّخَذُوهُمْ أَوْلِيَاءَ وَلَكِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ فَاسِقُونَ81,

Бану Исроилдан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандир. Уларнинг лаънатланишига сабаб қилган исёнлари ва тажовузкор бўлишганидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга ҳавойи нафслари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолувчидирлар. Агар Аллоҳга, Пайғамбарига ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир”.  [5:78-81].

Сўнгра шундай дедилар: “Йўқ, асло, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Сизлар албатта золимнинг қўлидан ушлаб, уни мажбуран ҳаққа бўйсундириб, ҳаққа чеклаб қўясизлар. Ёки Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиз қалби билан уради, сўнгра уларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди”.

Шунинг учун, ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ёмонликдан қайтаришдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз лозим. Чунки биз ижтиҳодга эргашиб ниқоб кийганларга, Исломий фикрга эргашувчилар сифатида қараймиз. Демак, бу мужтаҳидлар ўртасидаги баҳс мавзуси бўлиб, Исломий қадрият сифатида уни куфр қонунлари томонидан оёқ ости қилинишидан асраш барча мусулмонларнинг бурчидир!

Мумтоз Мавронаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button