Мақолалар

Ҳукумат динни сиёсий воситага айлантирмоқда

Ҳукумат динни сиёсий воситага айлантирмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаров навбатдаги интервюсида 55 миллион долларга масжид ва мадраса қураётган тадбиркор Абдуқодир Ҳабибулланинг «саховати»га алоҳида тўхталиб ўтди. Айни пайтда, президент оммавий ахборот воситаларида ушбу тадбиркорни кўкларга кўтариб, хусусий қурилишни давлатнинг сиёсий акциясига айлантирмоқда. Президентнинг бу ҳаракати жиддий саволлар туғдириши табиий.

Расмий маълумотга кўра, тадбиркор қиммат меҳмонхона қурмоқда, аммо у ўзининг «саховати» туфайли халққа катта масжид ва мадраса совға қилмоқда. Жапаров бу ерда тадбиркорнинг ҳеч қандай шахсий манфаати йўқлигини, ҳамма нарса ихтиёрий равишда содир бўлаётганини ва ҳукумат шунчаки инвесторлар учун шароит яратиб бераётганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Бироқ, Қирғизистонда бундай «совғалар» узоқ вақтдан бери сиёсий мақсадлар сифатида қабул қилиниб келади. Аниқроғи, бизнес шу орқали ҳимоя ва махсус муомалага эга бўлади. Ҳукумат эса, дабдабали ишларни пиар қилиш билан ўз илдизини янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

Ҳабибулланинг «саховати»га бундай алоҳида урғу бериш маънавий-руҳий ҳолат эмас, балки олдиндан ўйланган айёрона усулга ўхшайди. Чунки президентнинг ўзи тадбиркорни биринчи планга қўйиб, миллионлаб долларлар ҳақида гапириб, «халқ ғамхўри» образини яратмоқда. Бу ҳаракат умуман оддий шахснинг фикридан келиб чиққан оддий ҳаракатга ўхшамайди. Аксинча, унинг роли ҳукуматнинг стратегик схемасида мавжуддир. Аниқроғи, бу ҳақда жамоатчиликка ҳеч нарса эълон қилинмаса ҳам, бундай тадбиркорлар молиявий имкониятларига қараб президентнинг обрўсини мустаҳкамлаш воситаси сифатида ишлатилади.

Юқорида айтилган масжид ва мадрасанинг тўғридан-тўғри давлат назорати остида қурилаётгани ҳам шубҳа уйғотади. Президент расман бундай ташаббуслар нотўғри диний оқимларга қарши курашишга қаратилганлигини таъкидламоқда. Шунинг учун у диний таълимнинг ягона тизимини яратиш ҳақида очиқ айтиб келяпти. Бунда, 18 ёшгача бўлган болалар мамлакат ичида ўқитилиб, сўнг битирувчилар масжидларда имом этиб тайинланади. Аслида бу давлат томонидан бевосита назорат қилинадиган диний ташкилотни вужудга келтиришга уринишдир. Қирғизистон аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлганлиги сабабли, давлат уларнинг дунёқарашини шакллантирадиган ва уларга таъсир қиладиган Исломни белгилашга ҳаракат қилмоқда. Буларнинг барчаси маънавият ва динга «ғамхўрлик қилиш» баҳонасида амалга оширилмоқда.

Ҳукумат диний ташкилотларни кескин чеклаб, таълим устидан назоратни кучайтирган ва ёшларнинг хориждаги Исломий мактабларга киришлари учун эшикларни ёпиб қўйган бир пайтда, масжид ва мадрасалар қурилишини фахр билан эълон қилиши, аслида расмийларнинг ҳаддан ташқари иккиюзламачилигидан далолат беради. Яъни бу масжид ва мадрасалар шунчаки «совға» эмас, балки диний фикрни жиловлайдиган мафкуравий назоратнинг кўринишидир. Назорат остида таълим бериш орқали имомларнинг «маънавий янгиланиш» шиори остида жамиятни бошқариши қулай бўлади.

«Радикализм»га қарши кураш баҳонасида ҳукумат хотиржамлик билан ўзининг мафкуравий йўналишини қурмоқда. Шундай қилиб, улар «тўғри таълим» ҳақида қанчалик кўп гапирсалар, ҳукуматнинг сиёсий манфаатлари шунчалик аниқ бўлмоқда.

Болалар қаерда ва нима ўқиётганини, минбарда ким турганини, ким даъват қилаётганини назорат қилиш орқали ҳукумат диний жиҳатни монополия қилиб олмоқда!

Шунинг учун, Жапаровнинг юқоридаги тадбиркорнинг соф саховати ва давлатнинг яхши ниятлари ҳақидаги сўзлари ишончсиз бўлиб туюлади.

Дин сиёсий мақсадлар воситаси сифатида ишлатилиб, ҳокимиятдаги сиёсатчиларнинг ўйинига айланиб қолган бир пайтда, бундай баёнотлар асл мақсадни яшираётганга ўхшайди. Аниқроғи, давлат жамиятнинг энг нозик қисмини назорат қилиш орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Шунинг учун 55 миллион долларлик масжид ҳеч қандай маънавиятни ифодаламайди. Аксинча, бу ҳукуматнинг сиёсий садоқат билан онгни назорат қилиш учун динни монетизация қила бошлаганининг белгисидир.

Аллоҳ Таоло  айтади:

اشْتَرَوْا بِآيَاتِ اللَّهِ ثَمَنًا قَلِيلًا فَصَدُّوا عَنْ سَبِيلِهِ إِنَّهُمْ سَاءَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

«Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) Унинг йўлидан  (яъни динидан) тўсдилар. Дарҳақиқат, улар энг ёмон ишни қилгувчи бўлдилар». (Тавба, 9:9).

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button