Москва АЭС қуриш ваъдасини стратегия сифатида тақдим этмоқда

Москва АЭС қуриш ваъдасини стратегия сифатида тақдим этмоқда
Путиннинг Жапаров билан учрашуви чоғида: «Қирғизистонда атом электр станцияси қуриш имконияти мавжуд», деган баёноти умид уйғотувчи янги ташаббус сифатида қабул қилинмоқда. Бироқ, аслида бу Кремлнинг сўнгги ўн йилликда такрорлаб келаётган сиёсий услубларининг яна бир кўринишидир холос. Бундан кўзланган мақсад Москвани минтақадаги қўшни давлатларга технологик ва сиёсий марказ сифатида кўрсатишдир. Амалда эса, бу ташаббус қуруқ сўзлар ва асоссиз ваъдалар бўйича қолмоқда. Бу билан Москва минтақада таъсирини йўқотиб бораётган мавқеини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Россия Қозоғистонда ҳам атом электр станцияси қуриш ҳақида 2010 йилнинг бошидан бери айтиб келади. Ўзбекистон, Мўғулистон, Арманистон, Нигерия – бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Демак, яна кўплаб давлатлар қуруқ ваъдалардан умид қилмоқда. Аммо натижа бир хил: «кўриб чиқилмоқда», «музокаралар олиб борилмоқда», «биз ўз технологияларимизни таклиф қилишга ҳар доим тайёрмиз» ва ҳоказо. Бироқ, қуруқ сўзлардан амалга ўтиш йўқ. Битим ҳам тузилмайди, ёки аниқ муддатлар ҳам белгиланмайди. Москва ўнлаб йиллар давомида Қозоғистонда атом электр станцияси масаласини илгари суриб келмоқда, аммо ҳалигача референдумдан нарига ўтгани йўқ. Ўзбекистон бу ташаббусни расман тўсиб қўйди. Мўғулистонда эса ҳеч қандай реал қадамлар ташланмади.
Бу баёнотлар энергетика сиёсати сифатида эмас, балки сиёсий босим воситаси сифатида қўлланилиб келмоқда. Бугунги кунда Қирғизистонга қаратилган баёнот мазмуни жиҳатидан ҳам, мақсади жиҳатидан ҳам аввалгиларидан фарқ қилмайди.
Москванинг Марказий Осиёдаги роли тобора заифлашиб бормоқда. Хитой минтақадаги иқтисодий таъсирини сезиларли даражада кучайтиргани сайин, Россиянинг ташаббуслари унинг олдида аҳамиятсиз бўлиб қолмоқда. Шунинг учун Кремл ўзининг «устунлигини» ҳеч бўлмаганда ядровий технология, стратегик энергетика ва бошқа баъзи соҳаларда сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ, асоссиз ташаббус ҳақиқий таъсирнинг ўрнини боса олмайди. Россия эса, миллиардлаган долларлик инвестициялар ётқизиб, узоқ муддатли молиялаштиришни таъминлай олмайди. У мамлакатларнинг энергетика тизимларини модернизация қилишдан ожиз, шунингдек рақобатбардош шароитларни ҳам таклиф қила олмайди. Ҳозирда Россия фақат салмоқли, кенг кўламли режалар ва чиройли ваъдалар беришдан бошқасига қодир эмас.
Қирғизистонда атом электр станциясининг қурилиши ҳақидаги эълон фақат стратегик ташаббус борасида таассурот уйғотади. Бундан ташқари, Қирғизистон ҳали ядро энергетикаси учун ҳуқуқий асосга эга эмас, зарурий инфратузилмаси йўқ, жуда юқори сейсмик хавф мавжуд, молиялаштириш манбалари билан таъминланмаган ва бундай лойиҳага сиёсий жиҳатдан ҳам тайёр эмас. Бунинг устига, жамият ядровий масалани хавотир билан қабул қилади. Москва атом электр станциясини қурмоқчи бўлган тақдирда ҳам, Қирғизистонда стандартларга жавоб берадиган мувофиқ шароитлар йўқ. Шунинг учун Путиннинг сўзлари фақат геосиёсий манфаатларга боғлиқ бўлиб, энергетикага ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Кремл бу ташаббусдан КХШТ ичидаги етакчилик имиджини сақлаб қолиш учун фойдаланмоқда. Мақсад иттифоқчилар ҳали ҳам Россия технологиялари ва ёрдамига таянаётгани ҳақидаги таассуротни сақлаб қолишдир. Ҳозирда КХШТ ташкилоти қонунийлик инқирозини бошдан кечирмоқда. Арманистон деярли ташкилотни тарк этди, Қозоғистон мувозанатли сиёсатга ўтди, бошқа давлатлар эса, Москвани четлаб ўтиб, Хитой, АҚШ ва Европа билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтирмоқда.
Ҳозирда Кремлнинг қўлидан фақат риторика ва бажариб бўлмайдиган ваъдалар беришдан бошқа иш келмай қолди. Шунинг учун Путиннинг сўзлари ваъда эмас, режа ҳам эмас, ҳатто таклиф дейишга ҳам ярамайди.
Бу Россиянинг минтақадаги таъсири пасайиб бораётганини яшириш учун сиёсий ҳийладан бошқа нарса эмас. Кремл Марказий Осиёни ҳеч бўлмаганда рамзий маънода ўз таъсир доирасида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, эндиликда Москванинг баландпарвоз гапиришдан бошқа чораси қолмади.
Ҳужжат Жамия




