Роя газетаси

Муносабатларни нормаллаштириш ҳамда инвестиция киритиш Американинг Араб Машриқидаги янги сиёсатининг икки асосий устувор йўналишидир

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Муносабатларни нормаллаштириш ҳамда инвестиция киритиш Американинг Араб Машриқидаги янги сиёсатининг икки асосий устувор йўналишидир

Устоз Аҳмад Қасос

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ливан

вилоятидаги матбуот бўлими аъзоси

Бугун биз минтақада – Ливан, Фаластин, Сурия ва Ироқда – жадал ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Зеро, «Ақсо тўфони» амалиётидан буён улкан ҳодисалар шиддат билан кетма-кет рўй берди. Америка ўз асрандиси бўлмиш яҳудий вужуди қўли билан қирғин, вайронагарчилик ва бошқа жиноятларни содир этди. Ливанда Эрон ҳизбининг қудрати синдирилди. Сурияда эса Эрон таъсирига чек қўйилиб, ҳокимият «Ҳайъати Таҳрируш Шом»га топширилди. Бунинг мазмун-моҳиятини бир жумла билан ифодалаш мумкин: Америка илгари бир неча бор амалга оширишга уриниб, ҳар гал тўсиқларга дуч келган ва муваффақиятсизликка учраган эски режасини ижро этиш пайти келганини англади. У айни режани ҳаётга татбиқ этиш учун қулай фурсат келди, деб ҳисобламоқда.

Америка Британия томонидан яратилган яҳудий вужудини ўз ҳимоясига олганидан буён уни минтақада мустаҳкамлаш, атрофдаги мавжуд вужудлар орасида «табиий» вужудга айлантиришни ўз олдига доимий мақсад қилиб қўйди. Шу билан бирга, «Яқин Шарқ муаммоси» ёхуд «араб-исроил низоси» деб аталиб келаётган масалани ёпиб ташлашни, яҳудий вужуди билан муносабатларни эса умумий ва тўлиқ нормаллаштиришни истади. Бироқ минтақадаги мураккаб вазият, ўйинчиларнинг кўплиги ушбу мақсадни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилди. Бундан ташқари, айниқса, араб қўзғолонлари йилларида Америка ўзи устувор деб билган бошқа масалалар билан банд бўлди. Чунки ўша пайтда унинг учун устувор масала қўзғолонларни илдизидан бўғиш эди. Хусусан, Сурияда мустақил қарорга эга Ислом давлати барпо бўлишига йўл қўймаслик учун ўн уч йил давомида режимни қулашдан сақлаб келди. Натижада 2015 йилдан бошлаб Сурия ва Ливанни – Ироқдаги васийлигига қўшимча равишда – Эрон васийлигига топширди ва Сурияда Россияга ҳам муайян роль ажратди. Бунга қўшимча равишда, Америка аввало Хитойга ва унинг кучайиб бораётган иқтисодий қудратига қарши туриш учун Узоқ Шарқ минтақасига улкан аҳамият қаратди. Шу боис, Узоқ Шарққа эътибор қаратиш, Хитойни қуршовга олиш ҳамда унга қарши халқаро ва минтақавий иттифоқлар тузиш каби ишлар биринчи ўринга чиққани сабабли Яқин Шарқ минтақасининг аввалги мавқеи пасайди, деб ҳисоблай бошлади. Шунинг учун минтақада маълум муддат орқа планга чекиниш йўлини танлади. Бундан мақсад минтақадаги бошқа кучларга – аввало Эронга, кейин Туркияга, шунингдек, Россияга – муайян ролларни тақсимлаш эди. Ўзи эса ишларни чеккадан туриб бошқариб, йўналтириб турди.

Кейинчалик Республикачилар партияси демократ Обама йўлга қўйган мазкур сиёсатдан қониқмагани ойдинлашди. Трамп Оқ уйга келиши билан Эрон билан тузилган ядровий келишувни бекор қилди ва Теҳроннинг таъсирини чеклашга киришди. Минтақадаги ташаббус ва таъсир жиловларини ўз қўлига олиш мақсадида Эроннинг хориждаги ҳарбий кучлари қўмондони Қосим Сулаймонийни очиқчасига ўлдириб юборди. Бироқ Трампнинг режалари барбод бўлиб, кейинги сайловларда мағлуб бўлди. Шундан сўнг демократлар ҳокимиятга қайтиб, Эрон билан муносабатларни маълум даражада тиклаш йўлини тутди. Бу эса минтақадаги ўзгаришлар суръатининг пасайишига олиб келди. Аммо «Ақсо Тўфони» амалиётидан кейин, Байден маъмурияти унинг президентлик ваколат муддати охирида Эроннинг минтақадаги таъсирини чеклаш йўналишини давом эттиришга қарор қилгани кўринди. Хусусан, Ливандаги Эронга боғлиқ тузилманинг минглаб жангчиларини портлатиб юбориш ва унинг биринчи-иккинчи даражали раҳбариятини деярли тўлиқ йўқ қилиш айнан Байден даврида, яъни сайловлар олдидан, Трампнинг ғалабаси ҳали аниқ бўлмаган пайтда содир бўлди. Трамп ҳокимиятга қайтгач эса, ушбу вазифани якунлашга жадал киришди.

Трампнинг мақсади нима? Жавоб жуда равшан: Трамп ва умуман Америка сиёсий доиралари минтақани бевосита жиловлаш зарур, деган хулосага келди. Энди Америка Араб Машриқи устидан васийлик ваколатини ҳеч бир томонга топшириш ниятида эмас. У Ливан, Ироқ, Сурия ҳамда бутун минтақада тўғридан-тўғри ўзига тобе ҳукмдорларни ўрнатишни кўзламоқда. Шунингдек, Фаластин ва минтақада яҳудий вужуди билан боғлиқ можарога якун ясашни ҳамда унинг минтақадаги устунлигини мустаҳкамлашни истайди.

Американи айни пайтда шундай йўл танлашга нима ундади? Бу унинг Араб Машриқига бўлган қарашида юз берган туб ўзгаришдир. Энди у бу ҳудудни инвестиция нуқтаи назаридан истиқболли майдон сифатида кўрмоқда. Бу ёндашув Американинг ўнлаб йиллар давомида Форс кўрфази давлатларини инвестиция майдони сифатида кўриб келган сиёсатига ўхшайди. Зеро, Араб Машриқида иқтисодий қиймати улкан бўлган катта газ захиралари очилиши кутилмоқда. Ушбу захиралар нафақат иқтисодий, балки стратегик жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этади. Чунки Америка Араб Машриқи ва Қатар газини Европага етказишни мақсад қилган ва буни Қатардан Саудия орқали, Шом юртлари ва Туркиядан ўтувчи қувур линияси орқали амалга оширишни режалаштирмоқда. Мазкур газ Америка Россия-Украина уруши орқали «кўҳна қитъа»дан узиб қўйган Россия газига муқобил манба бўлиши кўзланмоқда. Бу ортида икки йўналишли мақсад кўзланган: бир томондан Россияни иқтисодий жиҳатдан заифлаштириш; иккинчи томондан эса Россия ва Европа ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни – муқаррар равишда сиёсий муносабатларга ҳам таъсир кўрсатадиган алоқаларни – узиб қўйиш ва Европани араб гази таъминотини назорат қиладиган Америка қучоғига қайтариш.

Шуни ҳам қўшимча қилиш лозимки, мазкур минтақа Хитойнинг «Ипак йўли» ташаббусига қарши қаратилган стратегиянинг таркибий қисмидир. Америка Хитойдан Европагача чўзилган ушбу йўлакка муқобил йўналиш барпо этиш мақсадида Ҳиндистондан Кўрфаз давлатлари ва Иордания орқали босиб олинган Фаластин соҳилларигача етиб борадиган альтернатив йўлни қуришга қарор қилди. Ғазони тизимли равишда вайрон қилиш, унинг аҳолисини муайян ҳудудлардан сиқиб чиқариш, кейин эса қайтишини тақиқлаш ортида айнан шу йўл учун замин тайёрлаш мақсади ётгани ҳақида кучли тахминлар мавжуд. Бу эса Трампнинг Ғазода «Ривьера»га ўхшаш ҳудуд барпо этиш ҳақидаги баёнотлари билан бевосита боғлиқ. Шунингдек, Ғазо, Ливан ва Сурияда улкан қайта қуриш ишлари кутилаётганини ҳам унутмаймиз. Зотан, жинояткор мустамлакачи давлат бўлмиш Американинг компаниялари ва иқтисодиёти молиявий қийинчиликка юз тутган пайтда тез-тез қўллайдиган «машҳур услуб» шундан иборатки, у қайта қуришни баҳона қилишдан олдин, аввало вайрон қилишга қўл уради.

Келинг, Ироқ урушини ёдга олайлик. Ўшанда Америка армияси ғалаба қозониб, режим қулатилгани аниқ бўлганидан кейин ҳам қасддан вайрон қилишда давом этди. Нега? Токи Ироқ кейинчалик қайта қуришга муҳтож аҳволга туширилсин. Шундан сўнг Америка компаниялари келиб, қурилиш ишларини ўз қўлига олади ва бунинг «баҳоси» мамлакат нефти ҳисобидан ундирилади. Улкан вайронагарчилик – Америка ва сармоя киритишдан манфаатдор бўлган кўплаб давлатлар учун қимматбаҳо «хазина»дир. Вайронагарчилик қанчалик кенг кўламли бўлса, қайта қуриш лойиҳалари ҳам шунчалик улкан бўлади. Хўш, бунинг нархини ким тўлайди? Одатдагидек, Кўрфаз давлатлари. Бу эса миллиардлаб, ҳатто триллионлаб долларларни товламачилик йўли билан тортиб олиш механизми бўлиб, бу маблағлар яна Америка иқтисодиётига оқиб киради. Трамп Ғазода «Ривьера» кўринишида сайёҳлик ҳудуди барпо этиш, Ливан жанубида эса «Трамп иқтисодий зонаси» ташкил қилиш ҳақида гапирганида, унинг баёнотлари ўта ошкора ва уятсиз тус олди. Худди шу мазмун Сурия президенти Жўлонийнинг Башар қулатилгандан кейин Дамашқда «Трамп минораси»ни қуриш ҳақидаги гапларида ҳам акс этган.

Американинг мазкур сармоядорлик режалари минтақада барқарор муҳитни таъминлашни тақозо қилади. Зеро, беқарорлик ҳукм сурган шароитда сармоя киритишнинг имкони йўқ. Айнан шу ерда Трампнинг минтақадаги низони якунлашга шошилиши ҳамда режимларнинг босқинчи вужуд билан муносабатларини нормаллаштириш ва уни тан олиш жараёнини тез суръатлар билан олдинга суриши нақадар муҳим аҳамият касб этиши намоён бўлади.

(Давоми бор)

Роя газетасининг 2026 йил 4 феврал, чоршанба кунги 585-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button