Муфтият янги ой чиқмай туриб рўзанинг тугаш кунини олдиндан эълон қилди

Муфтият янги ой чиқмай туриб рўзанинг тугаш кунини олдиндан эълон қилди
Муфтият бу йилги Ийд ал-Фитр (Рўза ҳайити) байрамини 20 март кунига белгилади. Бу ҳақда муфтият матбуот хизмати хабар берди. Хабарда айтилишича, ушбу қарор Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар муфтиятлари ҳузуридаги фатво кенгашида қабул қилинган.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, рўзанинг бошланиши ҳам олдиндан белгилангани сабабли, қирғизистонликлар рўза тутишни бир кун кечикиб, 19 февралдан бошлаган эди.
Аслида мусулмонлар яшаётган минтақалар бир-биридан узоқда жойлашган бўлса-да, улар рўза тутиш ва уни очишда бирлашишлари вожибдир. Чунки бу ҳақда очиқ насс (далил) келган. Шариатда бирор масала бўйича ижтиҳод талаб қилмайдиган насс келган бўлса, ўша масала ҳақида айтилган гап-сўзларга қаралмасдан, фақат нас олинади.
Пайғамбар ﷺнинг ўзлари ҳам бошқаларнинг ойни кўриши билан рўза тутганлар ва очганлар. Чунки Расулуллоҳ ﷺ ҳузурларида «ойни кўрдим» деб гувоҳлик берган кишидан: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик берасанми?» – деб сўраганларида, унинг «ҳа» деб жавоб бергани билан кифояланганлар. Зеро, бу — шаръий ҳукмдаги гувоҳлик бериш туркумига киради ва у фақат мусулмон кишидан қабул қилинади.
Байҳақий ўз «Сунан»ида Али ибн Аҳмад ибн Абдондан ривоят қилади: «Расулуллоҳ ﷺ бизга ойни кўриб рўза тутишга ва ойни кўриб рўзани очишга, агар осмон булутли бўлса (шаъбонни) ўттиз кун қилиб ҳисоблашга буюрди». Ибн Аббос уни тафсир қилган ҳолатда ривоят қилган.
Пайгамбаримиз ﷺ айтди:
«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُمَّ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا الْعِدَّةَ ثَلاَثِينَ»
«(Ой)ни кўриб рўза тутинглар ва ойни кўриб рўзани очинглар. Агар (осмон) булутли бўлса, саноқни ўттиз кун қилинглар» (Яъни шаъбонни ўттиз кун қилиб ҳисобланглар).
Бу мусулмонлар рўза тутиш ва рўзани очишда бирлашишлари зарур экани тўғрисида келган энг очиқ ҳадисдир. Сабаби, Расулуллоҳ ﷺнинг: «صُومُوا وَأَفْطِرُوا рўза тутинглар ва рўзани очинглар» деган сўзлари бутун Ислом Уммати учун айтилган.
Энди, астрономик ҳисоб-китоблар ойнинг чиқишини аниқ белгилай олади деган сўзга келсак, астрономлар қуёш ботиб бораётганда ойнинг кўриниши тўғрисида вақтни ҳар хил белгилашади. Шундай бўлса-да, ҳукм ойнинг чиқишини кўз билан кўришга боғлиқдир. Расулуллоҳ ﷺ бизни шунга буюрган:
«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلاَثِينَ»
«Ойни кўриб рўза тутинглар (рўзани бошланглар), ойни кўриб оғиз очинглар (рўзани тугатинглар), агар осмонни булут қоплаган бўлса, шаъбон ойининг саноғини тўлиқ ўттиз кун қилинглар». Сабаби, Рамазон ойи чиққан бўлиши, бироқ булут тўсиб тургани сабабли кўринмай қолиши мумкин. Ўшанда биз ушбу ҳадисга мувофиқ саноқни тўлиқ қиламиз. Демак, рўза тутишнинг далилларида келганидек, ойни кўриш вожибдир.
Демак, рўза тутишда ва рамазондан чиқишни (ҳайит кунини) белгилашда астрономик ҳисоб-китоблар жоиз бўлмайди, ҳилолни шаръий кўриш вожибдир.
Хулоса қилиб айтганда, ой ҳақида очиқ далиллар турганига қарамай ихтилоф қилиш Исломий ўлкалар орасида бўлинишни кучайтириш сиёсатига хизмат қилади. Улар бундай фатволарни шаръий ҳукмга эргашганлари учун эмас, аксинча, Сайкс-Пико келишувига бўйин эгганлари учун амалга оширишмоқда. Масалан, Турк давлатлари ташкилоти тор миллатчилик фикридан келиб чиққан шиорларга асосланган. Шунингдек, Американинг Марказий Осиё минтақасини Туркия орқали Россия ва Хитойдан узоқлаштириш сиёсатига хизмат қилади. Бу билан кофирлар бир бутун уммат орасига бузғунчилик солишни хоҳлашади. Бу эса Аллоҳ Таолонинг мусулмонларни бир бутун уммат бўлиш амрига зид келади. Аллоҳ Таоло айтади:
إِنَّ هَذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً
«Албатта, ушбу умматингиз бир умматдир» (Анбиё сураси, 92).
Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ ﷺ Мадина келишувида шундай баён қилганлар: «Улар одамлар орасидан чиққан бир умматдир» (Ибн Ҳишом).
Шундай экан, биз мусулмонлар рўзани бошлашда ҳам, тугатишда ҳам шариат ҳукмини маҳкам тутиб, кофирларнинг мусулмонларни бўлиб ташлаш сиёсатига хизмат қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Мумтоз Мавароуннаҳрий




