Мақолалар

Олимлар ҳукуматни муҳосаба қилиш фарзлиги билан онг-сезимни чалғитиш ўртасида

Олимлар ҳукуматни муҳосаба қилиш фарзлиги билан онг-сезимни чалғитиш ўртасида

Исломда олимларнинг мавқеи рамзий мақом ёки шунчаки иззат-икром мақоми эмас. Аксинча, динни сақлаш ва Уммат ишларини бошқариш билан бевосита боғлиқ вазифалар олимларнинг шаръий вазифаси ҳисобланади. Ислом тушунчасида олим диний амалдор ёки диний шахс эмас, балки у шаръий ҳукмларни кўтариб юрувчи, уларни етказувчи, агар ҳукмдорлар шаръий ҳукмлардан четга чиқса, уларни муҳосаба қилувчи ва Умматни ҳақ йўлга бошлагувчидир. Шунинг учун, ҳар қандай Исломий ўлкадаги олимларнинг мавқеи у ердаги тизимнинг моҳиятини очиб беради. Аниқроқ айтганда, у ердаги ҳукумат шариатга бўйсуниб, муҳосабани қабул қиладиган тизим ёки динни ўз сиёсати учун ниқоб сифатида ишлатадиган сиёсий тизим эканини олимларнинг мавқеи очиб беради.

Исломда ҳокимият шариатга тегишли бўлиб, ҳукмдор Аллоҳнинг ҳукмлари билан чекланиши ва Уммат уни муҳосаба қилиши асосий тамойил ҳисобланади. Муҳосабани амалга оширишда олимлар олдинги сафда туради. Чунки улар шариат ҳукмларини тушунтириш ва ҳар қандай қонунбузарликларни фош қилишда энг лойиқ шахслар ҳисобланади. Уларнинг вазифаси ҳокимиятни мақташ эмас, балки ҳалол ва ҳаромни баён қилиш ва қўрқмасдан, тилёғламалик қилмасдан ҳақиқатни очиқ кўрсатишдир. Уммат ўз тарихи давомида шаръий ҳукмларга зид иш қилган ҳукумат қаршисида сабот билан туриб, ўз илмини ҳукуматни оқлаш воситасига айлантиишдан бош тортган олимларни жуда кўп кўрди.

Бироқ, олим тушунчаси шаръий мазмунидан ажратилиб, сиёсий тизимнинг бир қисмига айлантирилганда, хавфли адашиш бошланади. Бундай ҳолда, унинг роли Ислом ҳукмларига асосланмаган қарорларга қонунийлик тусини беришга айланиб қолади. Бундай вазиятда муаммо фақат якка шахсларда эмас, балки қонун чиқаришни шахслар қўлига топшириб, сўнг ҳукумат қарорларига диний тус бериш учун баъзи олимлардан фойдаланган сиёсий тузумнинг ўзида бўлади.

Бугунги кунда мусулмонларнинг муаммосини фақат баъзи олимларнинг камчилиги билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Асосий муаммо ақидани ўз конституцияси ва ҳукмларининг асоси қиладиган давлатнинг йўқлигидадир. Ваҳийдан ажратилган ҳамда инсон томонидан чиқарилган қонунларга асосланган тизимларда олимларга берилган имконият бошиданоқ Исломга мурожаат қилмайдиган ҳуқуқий асос билан чекланади. Бундай шароитда кўпинча улардан шаръий насларни ҳукумат қабул қилган фикрларга мослаштириш талаб қилинди. Ваҳолангки олимнинг асл вазифаси ҳар бир масалага тегишли шаръий ҳукмни баён қилиб беришдир.

Ислом татбиқ қилинадиган тузумда яшовчи олим билан Ислом татбиқ қилинмайдиган тузумда яшовчи олим бир-биридан тубдан фарқ қилади. Биринчисида, олимнинг вазифаси ҳукмларни баён қилиш ва уларни амал қилишда камчиликка йўл қўйганларни муҳосаба қилишдир. Иккинчисида эса, у мажбурий тарзда ҳукуматни оқлаш машинасининг бир қисмига айланади. Биринчи ҳолатда, олим ва ҳукумат ўртасидаги муносабатлар шаръий доирада насиҳат, тушунтириш ва муҳосабадан иборат бўлса, иккинчи ҳолатда эса, муносабатлар олимни ҳукумат фойдасига ишлатишдан иборат бўлади, яъни бунда нусуслар ҳукуматга маъқул тарафга таъвил қилиниб, ҳақиқатни яшириш учун ишлатилади.

Бу бузуқликнинг энг хавфли оқибатлардан бири Уммат онгини чалғитишдир. Халқ ўз табиатига кўра ёлғон ёки зулм деб билган нарсаларини ҳалол қилиб берадиган фатволарни эшитганда ёки сиёсий ва иқтисодий қарамликни сақлаб қоладиган сиёсатни оқлайдиган ҳукмларни кўрганда, уларнинг тушунчаси чалкашиб, шариат ўз равшанлигини йўқота бошлайди ва унинг адолатига бўлган ишонч сусаяди. Бундай ҳолатда, нафақат баъзи ҳукмлар ҳаётдан узоқлашади, балки Исломнинг ҳаёт билан алоқаси ҳақидаги тўлиқ тушунча ҳам заифлашади.

Исломда уламоларнинг вазифаси тушунчаларни нотўғри таъвил қилишдан ҳимоя қилишдир. Улар Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм юритиш фарзлигини, Ислом Умматининг битта раҳбар қўл остида бирлашиши фарзлигини, ҳукмдорни муҳосаба қилиш вожиблигини ва зулм энг юқори лавозимли амалдор тарафидан содир этилса ҳам, унинг ҳаромлигини баён қилишлари лозим. Агар улар бу асослар ҳақида сукут сақласалар ёки уларни иккинчи даражали масалаларга айлантирсалар, билиб ёки билмай Исломга зид бўлган ҳолатни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган бўладилар.

Шунингдек, олимнинг ҳақиқатга яқинлиги унинг ҳокимият доираларига яқинлиги билан эмас, аксинча шаръий далилларни қанчалик маҳкам ушлаганлиги билан ўлчанади. Исломда ўлчов ҳокимиятни рози қилиш эмас, Қуръон ва Суннатга риоя қилишдир. Ҳокимият кучли бўлган даврда давлат тузилмасига сингиб кетган уламолар ҳеч қачон улуғ мақомга эриша олмаган. Шаръий ҳукмни одиллик билан баён қилган ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаган уламоларигина олий мартабага эришганлар.

Шу билан бирга, бу масала шахсий низоларга даъват сифатида тушинилмаслиги лозим, аксинча бу муносабатларни шаръий меъёрларга мувофиқ тартибга солишга бўлган даъватдир. Олимлар насиҳат қилиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳамда ҳақиқатни айтиш йўлида дуч келадиган мусибатларга сабрли бўлишга буюрилган. Уммат ҳақиқатни аниқ баён қиладиган раббоний уламолар билан ҳақиқатни воқеликка мослаштирадиган олимлар ўртасини ажратиб олиши шарт.

Умматнинг ҳақиқий уйғониши ваъз-насиҳатларнинг кўплиги ёки диний муассасаларнинг кўплигига боғлиқ эмас. У илм ва ҳокимият ўртасидаги тўғри муносабатни тиклашга боғлиқ. Бошқача айтганда, Ислом ақидаси ва ҳукмлари мурожаат қилинадиган асосга айланиши ва уламолар ушбу асосга қарши ёлғон гувоҳлик берувчилар эмас, балки унинг соқчилари бўлишлари лозим. Бошқарувни ҳақиқатан Шариатга топширадиган давлат тикланганда, олимларнинг роли табиий равишда, ҳукмларни баён қилиш ва Умматга йўл-йўриқ кўрсатишга айланади ва ҳокимиятга мослашиш ва уни оқлаш босимларидан холи бўлади.

Олимлар ё Умматнинг онгини муҳофаза қилиб, унинг йўналишини Исломга мувофиқ йўлга соладиган хавфсизлик тармоғига айланадилар ёки Ислом билан ҳукм юритилмайдиган тузумга сингиб кетиб, одамларнинг динларига бўлган ишончини заифлаштирадиган чалкашлик манбаига айланадилар. Ушбу икки йўл билан уларнинг тарихий таъсири белгиланади. Бугунги кунда Ислом Уммати ҳукмларни қандай бўлса Умматга шундай баён қиладиган, сиёсатни ваҳий билан қайта боғлайдиган ва Ислом фақат насиҳатдан иборат эмас, балки тўлиқ ҳаёт тарзи ва тўлиқ ҳаёт тизими эканлигига доим урғу берадиган олимларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мухтождир.

Саид Фазл

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button