Парламент сайловлари: Халқ демократияга ишончи қолмаганлигини исботлади

Парламент сайловлари: Халқ демократияга ишончи қолмаганлигини исботлади
30 ноябрь куни бўлиб ўтган Жогорку Кенеш депутатлари сайловида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллион 556 минг фуқаро овоз берди. Бу кўрсаткич сайловчиларнинг умумий сонининг атиги 36 фоизини ташкил этади. Мамлакатда жами 4 миллион 294 минг сайловчи бор. Улардан 48,5 фоизи эркаклар бўлса, 51,5 фоизи аёллардир.
Изоҳ:
Расмий ҳукуматнинг навбатдаги парламент сайловларида халқнинг иштирокини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари муваффақиятсизликка учради. Аниқроғи, сайловчиларга исталган сайлов участкасида овоз бериш имконияти берилди. Амалдорлар халқни доимий равишда овоз беришга чақириб туришди. Аммо қирғиз жамоатчилиги сайловларни бойкот қилиш орқали амалдаги ҳукумат вакилларига ҳам, мухолифат вакилларига ҳам, яъни деярли барчасига ишончини йўқотганини исботлади. Аввалги сайловлар статистикаси ҳам демократик тузумга бўлган жамоатчилик ишончи йўқолганини тасдиқлаган эди. Масалан, 1995 йилги парламент сайловларида сайловчиларнинг 76 фоизи иштирок этган бўлса, 2000 йилда 58 фоиз, 2005 йилда 60 фоиз ва 2007 йилда 74 фоиз сайловчилар иштирок этди. 2010 йилда бу кўрсаткич 59,19%, 2015 йилда 58,85% ва 2020 йилда 56,5%ни ташкил этди. 2021 йилги сайловда эса халқнинг 34,61% овоз берди. Кўриниб турибдики, халқнинг сайловларда иштирок этиши кундан-кунга камайиб бормоқда.
Аслида, сайловларда иштирок этган одамлар сони халқнинг демократик тузумга бўлган ишончининг кўрсаткичидир. Аниқроғи, бу Қирғизистондаги сайловчиларнинг аксарияти сайловларни бойкот қилганини англатади! Чунки халқ демократиядан ҳам, бир-биридан фарқ қилмайдиган ҳукуматдан ҳам, фақат амалдорлар ва пулдорларнинг манфаатларига хизмат қиладиган сайловлардан ҳам чарчади. Бунинг сабаби, Қирғизистон «мустақил» бўлганидан бери ҳокимият тепасига келганлар фақат мамлакатни заифлаштириш ва халқни қашшоқлаштириш учун бир-бири билан мусобақалашди. Сайловлар ёки давлат тўнтаришлари орқали ҳокимият тепасига келган ҳукмдорлар бу борада бир-биридан асло фарқ қилмади. Бундан ташқари, коррупция, адолатсизлик ва ахлоқсизлик кенг тарқалди. Шубҳасизки, бунинг асосий сабаби, улар халқни бошқаришда қўллаётган демократик тузумдир. Чунки унда, қонунлар фақат бир ҳовуч кишилар манфаати учунгина ишлайди.
Демократик тузум тарафдорлари кўпчиликнинг овози ҳал қилувчи кучга эга, деб даъво қилишади. Бироқ, Қирғизистонда ўтган сайловлар бу даъво шунчаки оғизда қолган қуруқ гап эканлигини исботлади. Агар «кўпчилик»нинг фикри инобатга олинганида, улар айтганидек, сайловчиларнинг 60-70 фоизи қатнашмаган сайлов натижалари бекор қилиниши керак эди.
Аслида, бугунги демократик тузум Исломга мутлақо зид бўлиб, Исломда инсоннинг қонун чиқаришлиги асло жоиз эмас. Аллоҳ Таоло айтади:
فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар”. (4:65).
Сайлов ва танлов масаласида Ислом шариатининг ўз ҳукмлари бор, улар Ғарб услубидаги сайловлардан ҳам, Исломий ўлкаларда қўлланиладиган коррупциялашган тизимлардан ҳам фарқ қилади. Ислом шариатида сайловлар ҳеч қандай мажбурлов ёки босимларсиз эркин ўтказилади. Ҳар бир инсон – агар у ўзини қобилиятли деб ҳисобласа ёки бошқа мусулмонлар уларни қобилиятли деб билса – ўз номзодини қўйиш ва сайланиш ҳуқуқига эга. Фақат у ўзининг барча дастурларига Исломни асос қилиб олган бўлиши шартдир.
Хулоса қилиб айтганда, биз мусулмонлар демократик сайлов, деган ёлғонга алданмаслигимиз керак. Шунингдек, бу сайловларга жалб қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга ҳам қатъий қарши туришимиз керак. Чунки жиноятчи режимнинг парламентига ёки ҳукуматига қўшилиш жиноятчиларнинг умрини узайтиради. Сабаби, сайловлар бизни буюк мақсаддан чалғитадиган ўйиндир. Буюк мақсад бу – ҳозирги бузуқ ва коррупцияга ботган режимларни қўллаб-қувватлаб келаётган империалистик тузумни қулатиб, унинг ўрнига Исломни ҳаётга қайтаришдир.
Нурдин Асаналиев




