Мақолалар

Путиннинг сўзлари Марказий Осиёга нисбатан мустамлакачилик муомаласини фош қилди

Путиннинг сўзлари Марказий Осиёга нисбатан мустамлакачилик муомаласини фош қилди

Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) тенг ҳуқуқли ҳамкорлик, эркин савдо ва интеграция макони сифатида ташкил этилган ташкилотдир. Бироқ, Россиянинг сўнгги ҳаракатлари ва Владимир Путиннинг баёнотлари ҳақиқий вазият ўзгача эканлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Москва ўзи учун қулай шарт-шароитлар тузмоқда, бошқалар эса унга бўйсунишга мажбур.

Путиннинг ўзи чегарадаги муаммоларни тан олди

2025 йил 27 ноябр куни Бишкек сафарининг натижаси бўйича ташкил қилинган матбуот анжуманида Путин ўзининг кўрсатмаси билан Россия божхона идоралари юк ташувчи транспортларни танлаб текшира бошлаганини, чунки «катта миқдордаги юк машиналари ва фуралар Россия-Қозоғистон чегарасидан ҳеч қандай ҳужжатсиз ўтаётганини» маълум қилди (TASS).

Путиннинг таъкидлашича, ЕОИИ бирлашган бозор ва божхона ҳудуди бўлишига қарамай, ҳар бир юк машинасида, юк нимадан иборатлиги ва кимга юборилаётганлиги кўрсатилган ҳужжатлар тўплами бўлиши зарур (24.kg).

Унинг сўзларига кўра, «қора импорт» Россия бюджетига «миллиардлаган, ҳатто ўнлаб миллиардлаган рубл» зарар етказмоқда (Интерфакс).

Бу билан, Россия ҳукумати товарлар «режаларни четлаб ўтаётганини» тан олди. Москва бунга тартибга солиниши керак бўлган масала сифатида қарамоқда.

ЕОИИ доирасидаги қарама-қаршиликлар

ЕОИИ товарларнинг эркин ҳаракатланиши ва тенг иқтисодий ҳамкорликни кафолатлайдиган макон сифатида ташкил этилган. Бироқ, сўнгги ойлардаги ҳодисалар, хусусан, Россия-Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг узундан-узоқ навбат кутиб қолиши ва Путиннинг Бишкекдаги саммитдан кейинги баёнотлари ЕОИИ доирасидаги муносабатлар расмий моделга деярли мос келмаслигини кўрсатмоқда.

Аксинча, Москва ЕОИИда тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида эмас, балки мустамлака давлатларнинг қарамлигини кучайтирадиган ва ўз режаларини жорий қиладиган куч сифатида ҳаракат олиб бормоқда.

Кремл дуч келаётган муаммолар ўз қарорларининг натижасидир

Ҳозирги инқирознинг манбаи чегарада ёки Қозоғистон ва Қирғизистоннинг божхона схемаларида эмас. Буларнинг барчаси Кремлнинг Украинага қарши уруш бошлаш қарорига боғлиқ бўлиб, бу уруш Россия учун оғир санкцияларга ва импортнинг кескин қийинлашишига олиб келди.

Натижада ЕОИИ дарҳол Россия учун санкцияларни четлаб ўтишнинг асосий йўналишига айланди, Қозоғистон эса йирик транзит марказига айланди. Россия компаниялари тўғридан-тўғри импорт қила олмайдиган товарлар айнан шу йўналиш орқали ўта бошлади.

Аммо, «яширин импорт» Кремлдеги структуралар учун ноқулай бўлиб, тахминий йўқотишларга, назоратнинг заифлашишига ва логистика оқимлари учун элита ичида рақобатнинг кучайишига олиб келгач, Москва асосий сабабни тан олиш ўрнига, айбни иттифоқдаги ҳамкорларига юклади.

Путин ЕОИИ тамойилларини бузмоқда

ЕОИИга аъзо давлатлар чегараларида божхона тўсиқлари бўлмаслиги керак. Бу ҳамма нарсанинг асосини ташкил этувчи асосий тамойилдир. Унга кўра, ЕОИИнинг аъзоси бўлган бир давлат иккинчи аъзо давлатдан бошқа мамлакатларга импорт қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қила олмайди.

Бироқ, Россия бир томонлама назоратни жорий қилди ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг кенгашисиз ҳамда иттифоқ бу борада қарор чиқармаган бўлишига қарамай, ички божхона назоратини қайта фаоллаштирди.

Москва эркин иқтисодий зонада талаб қилинмаслиги керак бўлган декларациялар, нархлар ва товарнинг эгаси ҳақидаги маълумотларни талаб қила бошлади.

Натижада, Россия катта зиддиятларни келтириб чиқарди ва ЕОИИ ичида принципиал жиҳатдан талаб қилинмаслиги керак бўлган ҳужжатлар учун Қозоғистонни айблабламоқда. Бошқача қилиб айтганда, Кремл муаммони ҳал қилиш учун иттифоқнинг ҳуқуқий структурасини бузмоқда.

Садоқат ва итоаткорликни талаб қилиш

Путиннинг иқтисодий асослари қоғозда ишончли кўринади, албатта бунинг сиёсий сабаби бор. Россия санкциялар остида қолган, шунинг учун технологик маҳсулотлар импортини тўлиқ назорат қилишга, стратегик товарларнинг давлат структураларидан четлаб ўтилишига ёки мустақил хусусий схемалар орқали тақсимланишига йўл қўймасликка интилмоқда.

Босим нафақат Қозоғистон юкларига, балки Қозоғистон орқали фаолият юритувчи йирик давлат ўйинчиларидан мустақил бўлган Россия компанияларига ҳам ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад барча оқимларни марказлаштириш билан давлат назоратига боғлаш ва уларни уруш иқтисодиётига сарфланиши мумкин бўлган назорат остидаги ресурсга айлантиришдир.

Сиёсий нуқтаи назардан қараганда, Россия Қозоғистонга тобора кўпроқ босим ўтказаётгани тасодиф эмас. Қозоғистон ҳали Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини тан олгани йўқ ва ҳозиргача урушни қўллаб-қувватламай келади. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳукумати Хитой, Европа Иттифоқи ва Туркия билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. Остонанинг Москвадан масофа сақлаши ва унинг мустақил кўп векторли сиёсати, албатта, Россиянинг норозилигини кучайтирмоқда.

Шунинг учун, қаттиқ текширувлар ва минглаб юк машиналарининг ҳибсга олиниши  бу «сизнинг мустақиллигингизни  ҳам чегараси бор ва агар сиз бизнинг стратегик мақсадларимизга рози бўлмасангиз, сиз учун муаммолар туғдириш қўлимиздан келади» деган маънони англатади. Ҳамкорлик муомаласи бундай бўлмайди. Бу иқтисодий воситалардан сиёсий “тарбиялаш” воситаси сифатида фойдаланадиган гегемон кучли давлатнинг муомаласидир.

Хулоса:

Ҳозирги воқеалар узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган, аммо ҳар доим ҳам кўринавермайдиган муносабатларнинг ҳақиқатини очиб беради.

ЕОИИ расман тенг ҳуқуқли давлатларнинг интеграция лойиҳаси сифатида ташкил этилган бўлса-да, Россия-Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг узоқ туриб қолиши ва Владимир Путиннинг оммавий баёнотлари ЕОИИдаги муносабатларда мавжуд қарама-қаршиликни кўрсатмоқда. Ушбу ташкилот тенг ҳуқуқли давлатлар иттифоқи деб эълон қилинган бўлса-да, амалда Россия тажовузкор характердаги бир томонлама талабларни қўйиб, ўз шартларини тиқиштирмоқда. Унинг ҳужжат талаб қилиш ва товарлар оқимини назорат қилиш каби иқтисодий қуроллари фақат «қора импорт»га қарши қўлланилмайди. Аниқроғи, у ЕОИИга аъзо давлатларнинг мустақиллигини чеклаш ва улар устидан сиёсий босимни кучайтиришга қаратилган воситалардир. Бундай ёндашув ташкилотнинг тенг ҳуқуқли интеграция ғоясига тўғри келмайди, иттифоқни «марказ ва тобе минтақа» тамойилига ажратади ва аъзо давлатларни Москва шартларига бўйсунишга мажбур қилади. Шунинг учун, юқоридаги шартлар йўқ бўлмагунча, товарларнинг эркин ҳаракати ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ҳақида гапириш мумкин эмас. Чунки бундай декларациялар фақат капиталистик сохта тузумда бўлади.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button