Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи ва Модининг икки томонлама ўйини

Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи ва Модининг икки томонлама ўйини
Россия президенти Владимир Путиннинг 4-5 декабр кунлари Деҳлига ташрифи Евросиёдаги геосиёсий вазиятни бироз ёритгандек бўлди. Бу вазият Нарендра Модининг ташқи сиёсатдаги мантиғини ҳам очиб берди. Аниқроғи, Моди ўзини мустақил сиёсат юритаётгандек кўрсатишга уринаётган бўлса-да, аслида у АҚШ билан чуқур ва махфий ҳамкорлик асосида ҳаракат олиб бормоқда.
Ҳиндистон халқаро ҳамжамиятга ўзини мустақил сиёсат юритаётгандек кўрсатишга ҳар қанча уринмасин барибир унинг Қўшма Штатларнинг асосий стратегик йўналиши бўйлаб ҳаракатланишдан бошқа чораси йўқ. Масалан, у АҚШнинг Хитойга қарши сиёсатини ва Покистон устидан ўрнатган назоратини ҳамда минтақадаги Исломга қарши сиёсатини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келади. Бироқ, Моди ўзининг қарамлигини моҳирлик билан яшириб, Россия билан муносабатларида тактик ёндашувни кенгайтирмоқда.
- Ташриф мазмуни
Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик узоқ тарихга эга. Москва Покистон-Ҳиндистон ўртасидаги сунъий можароларда Деҳлини қўллаб-қувватлайди, шунинг учун Ҳиндистон элитаси шу кунгача Россия билан илиқ муносабатларни сақлаб келмоқда. Бироқ, бугунги кунда бу муносабатлар АҚШнинг қаттиқ босими, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги рақобат, Украина инқирози ва Жанубдаги таъсир талашиш шартларига қараб қолибланишга мажбур бўлмоқда.
Путиннинг давлат ташрифи шуни тасдиқладики, Ҳиндистон ташқи босимга қарамай, Россия билан муносабатларни узишга ҳали ҳам тайёр эмас. Бироқ, бу Ҳиндистон АҚШ билан чуқур стратегик алоқаларини узганини англатмайди.
- Россия нималарга эришмоқда
Москва ушбу ташрифдан бир қанча муҳим манфаатларни қўлга киритади.
Энергетика. Ҳиндистон Россиянинг энг йирик нефт харидори ҳисобланади. Россия шу йўл билан барқарор молиявий даромадни қўлга киритиб, Ғарбнинг ўзига нисбатан энергия изоляциясини заифлаштирмоқда.
Мудофаа ва хавфсизлик. Деҳли С-400 ва Су-30МКИ тизимлари учун Россияга қарам, шунингдек, сотиб олинган бошқа қуролларни сақлаш ва янгилашга эҳтиёжи бор. Навбатдаги қуролларни (шу жумладан, баъзи 5-авлод технологияларини) етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш Россияга дунёдаги энг йирик мудофаа бозоридаги мавқеини сақлаб қолиш имконини беради.
Геосиёсат. Путиннинг Ҳиндистонда яхши қабул қилиниши Россиянинг халқаро яккаланиши ҳақидаги Ғарб тасаввурини барбод қилади ва Москва ҳали ҳам йирик давлатлар учун лозим бўлган ҳамкор эканлигини кўрсатади.
- Ҳиндистон манфаатлари
Ушбу ташрифнинг Ҳиндистон учун бўлган аҳамияти ҳам бундан кам эмас.
Энергия хавфсизлиги. Россиянинг арзон нефти Ҳиндистон иқтисодиётининг барқарорлиги учун жуда муҳимдир.
Мудофаа автономияси. Ҳиндистон Ғарб давлатлари билан яхши муносабат ўрната олмаганлиги сабабли, Москва асосий тизимлар етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда.
Иқтисодий манфаатлар. Деҳли Россияга фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тўқимачилик маҳсулотларини кўпроқ экспорт қилишга интилмоқда. Шунингдек, у санкцияларни четлаб ўтиш учун муҳим деб ҳисобланган «Шимол-Жануб» йўлагини ривожлантириш учун логистика йўналишларини барқарорлаштиришни кўзламоқда.
- Нима учун Моди АҚШга қарамлигини яширади
Ҳиндистон жамоатчилик олдида бетараф позициясини сақлаб қолаётган бўлса-да, амалда бу АҚШ стратегиясига чамбарчас боғлиқдир. Бу Ҳиндистоннинг сиёсий анъаналари ва миллий риторикасига мос келади. Моди ички сиёсатда ўзининг сиёсий қонунийлигини сақлаб қолиш учун мустақилликни намойиш этишга мажбур.
Стратегик автономия Неру давридан бери давом этиб келаётган Ҳиндистон ташқи сиёсатининг бир қисмидир. АҚШнинг сиёсати ҳар 4-8 йилда ўзгариб турганлиги учун Ҳиндистон элитаси уни ишончли ҳамкор деб ҳисобламайди. АҚШ ўз манфаатларидан келиб чиқиб ўз ҳамкорларига хиёнат қилишга тайёр. Шунинг учун Моди Хитой билан Ҳиндистон ўртасида вазият ёмонлашса, Вашингтон унга ҳақиқатан ҳам ёрдам беришига ишонмайди. Шу сабабдан ҳам, Ҳиндистон ҳатто АҚШ билан ҳамкорлик қилаётган пайтда ҳам, ўз сиёсатини ғамини кўриб, манфаатлар мос келиши баҳонасида ўз мустақиллигини намойиш этишга ҳаракат қилади.
Шунинг учун Моди ўзининг мустақил сиёсат юритишини атайлаб Россияга кўрсатмоқда, деган фикр ўринсиздир. Чунки Ҳиндистон икки буюк давлат ўртасида чиқиш йўлини топиш учунгина мана шундай қадам ташламоқда.
- Ҳиндистон ва АҚШ: чуқур ва яширин ҳамкорлик
Ҳиндистон мустақиллик риторикасига қарамай, Вашингтоннинг асосий стратегик лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Разведка сунъий йўлдош маълумотларини алмашиш, қўшма ҳарбий машғулотлар, QUAD ташкилотида иштирок этиш каби. Бу Ҳиндистон, АҚШ, Япония ва Австралия ўртасидаги тўрт томонлама хавфсизлик бўйича ҳамкорлик бўлиб, расмий ҳарбий иттифоқ саналмаса-да, аслида хавфсизликни мустаҳкамлаш, денгиз йўлларини барқарорлаштириш ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида Хитой таъсирига қарши туришга қаратилган ярим расмий стратегик коалициядир. Буларнинг барчаси АҚШ томонидан тузилган Ҳинд-Тинч океани стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Деҳли ва Вашингтон «Жанубий Осиё хавфсизлиги» ниқоби остида турли исломий фаолиятни чеклаш масаласида ҳам ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳиндистон «Ислом лойиҳаси»га қарши курашга қаратилган АҚШнинг ҳар қандай ташаббусларини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. У Покистонда ҳам, ўз ерида ҳам, исломий фаолият олиб бораётган жамоаларга қарши мунтазам равишда ҳужумлар уюштириб туради. БЖП миллатчи партиясининг ички сиёсати шу йўналиш устига қурилган. Бу борада Ҳиндистон ва АҚШнинг позицияси деярли тўлиқ бир-бирига мос келади.
Ҳиндистон АҚШдан мустақил замонавий технологик база қура олмайди. Чунки у яримўтказгичлар, сунъий интеллект ва космос доирасида ривожланиш учун Вашингтонга тўлиқ боғлиқдир.
Шундай қилиб, Ҳиндистон деярли барча соҳаларда Америка сиёсатини қўллаб-қувватлайди, аммо нейтрал куч имиджини сақлаб қолиш учун буни очиққа чиқармайди.
- Доналд Трампнинг роли
Доналд Трампнинг характери Нарендра Модининг сиёсий ўйинини анча осонлаштирди. У демократларга хос бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича танқид қилмайди ёки мафкуравий садоқат кўрсатишни талаб қилмайди. Трамп Москва билан алоқалари учун Деҳлини жазолашга интилмайди ва умуман олганда, у реал манфаатни кўзлайдиган капиталист каби ҳаракат қилади.
Бу Моди учун қулай муҳит яратади: Моди АҚШ билан стратегик ҳамкорликни (айниқса, Хитойга қарши, технология ва хавфсизлик соҳасида) амалга оширмоқда, айни пайтда Путинни қабул қилиш ёки Россия билан нефт битимларини сақлаб қолиш орқали мустақиллик тасаввурини ҳам пайдо қилмоқда. Ҳокимият демократларнинг қўлида бўлганида, Ҳиндистон АҚШ билан алоқаларини яшириш масаласида бироз ўйланиб ҳаракат қилишга мажбур бўлар эди. Чунки демократлар муқаррар равишда Ҳиндистонга инсон ҳуқуқлари бўйича босим ўтказиб, маълум бир «мафкуравий тартиб»ни талаб қиларди. Трамп эса, аксинча, Модига Вашингтоннинг очиқ танбеҳларига дуч келмасдан, Америка иттифоқчиси ва шу билан бирга мустақил куч сифатида ўзини тутишга имкон бермоқда.
- Хулоса: Модининг икки томонлама ўйини
Путиннинг ташрифидан Ҳиндистоннинг Россияга мойиллиги эмас, балки Модининг икки буюк давлат ўртасида маҳорат билан ўйин юритаётгани аён бўлди.
Модининг икки томонлама ўйини нозик мувозанатга асосланган бўлиб, АҚШ стратегияси билан бирга ташқи мустақилликни ҳам ўз ичига олган. Айни пайтда, Деҳли Путинни очиқчасига кутиб олиб, Россия нефти устида савдолашмоқда ва Москва билан ҳарбий-техник лойиҳалар устида ҳамкорлик қилишни қўллаб-қувватламоқда. Бундай ҳаракат инсонлар кўз ўнгида ҳеч қандай кучга бўйсунишни истамайдиган мустақил давлат қиёфасини гавдалантиради. Бироқ, бундай моҳирона ўйин ортида одатий прагматик ҳақиқат яширинган. Аниқроғи, Ҳиндистон Американинг стратегияси доирасига аллақачон кириб бўлган. АҚШ ундан Хитойга қарши курашда, Покистон атрофидаги вазиятни назорат қилишда, исломий фаолиятларга қарши туришда ва технология, разведка ва мудофаа соҳасида фойдаланиб келмоқда.
Шу билан бирга, Россия Ҳиндистон учун қўшимча мувозанатни сақлаб турувчи куч вазифасини таъминлайди. Иқтисод ва мудофаа соҳаларида АҚШга тўлиқ қарам бўлиб қолишдан қўрққан Ҳиндистон бундан эҳтиёт бўлиш чораларини кўришга мажбур. Шунинг учун Россиянинг қурол-яроғи, энергетикаси ва сиёсий мослашувчанлиги Деҳлига ўз йўлини топишга йўл очади ва унинг АҚШга тўлиқ қарам бўлиб қолишдан сақлайди. Шунингдек, стратегик жиҳатдан АҚШ ҳам Ҳиндистон учун катта аҳамиятга эгадир: АҚШ Ҳиндистоннинг Хитойга қарши туришида стратегик тўсиқ вазифасини ўтайди ва замонавий технологияларга йўл очиб, мудофаа комплексларини молиялаштиради. Бу бўлмаса Ҳиндистон катта куч мақомига эга давлат билан рақобатлаша олмайди.
Айнан мана шу сиёсий ўйин ортида Модининг асл мақсадлари яширинган: Ҳиндистон Путинни тантанали қабул қилиш каби тадбирлар орқали ўз мустақиллигини қанчалик ишончли намойиш этса, АҚШ билан иккинчи даражали масалаларда ва музокараларда унинг мавқеи шунчалик мустаҳкам бўлади. Чунки Вашингтон фақат ўз мустақиллигини тасдиқлай оладиган ҳамкорларни ҳурмат қилади. Шунинг учун, Ҳиндистон Америкадан очиқчасига узоқлашган сари, шунча кўп у билан ўйнай оладиган ҳамкорга айланади.
Хулоса
Путиннинг Деҳлига ташрифини геосиёсий ўзгариш деб баҳолаб бўлмайди. Аниқроғи, бу Деҳлининг пухта ишлаб чиқилган ташқи сиёсатидир. Бунда Моди АҚШдан ташқари барча ўйинчилардан ресурс сифатида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳиндистон Россия билан муносабат ўрнатишида мустақил ҳаракат қилаётгандек кўринса-да, у стратегик жиҳатдан Америкага чамбарчас боғлиқлигича қолмоқда. Айнан шу икки қарама-қарши векторни бошқара олиши билан Модининг икки юзламачи ўйин режаси ошкор бўлмоқда. Шунинг учун, Ҳиндистон минтақада АҚШга хизмат қилар экан, кўплаб душманлар орасида ёлғиз қолиш хавфига дуч келиши мумкин.
Латифул Расих




