Рамазон ойида Покистоннинг мусулмонларга қарши амалга оширган ҳаво зарбалари ҳамда унинг Америкага бўйин эгиши Режимнинг ҳақиқий башараси кун сайин янада фош бўлмоқда

Матбуот баёноти
Рамазон ойида Покистоннинг мусулмонларга қарши амалга оширган ҳаво зарбалари ҳамда унинг Америкага бўйин эгиши Режимнинг ҳақиқий башараси кун сайин янада фош бўлмоқда
2026 йил 21 февралдан 22 февралга ўтар кечаси Покистон армияси Афғонистоннинг Нангарҳор ва Пактика вилоятларидаги еттита ҳудудга ҳаво ҳужумларини уюштирди. Оқибатда ўнлаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Маҳаллий манбалар ҳамда воқеа жойидан келиб тушган ҳисоботларга кўра, бомбардимон аҳоли турар жойлари ва диний мадрасани нишонга олган. Покистон ҳукумати эса бу ҳужумлар «Покистон Толибони» ва ИШИД қароргоҳларига қарши қаратилганини даъво қилмоқда. Бироқ эълон қилинган далиллар амалда оғир талафотни айнан тинч аҳоли кўрганини фош қилмоқда.
Биз, Ҳизб ут-Таҳрирнинг Афғонистон вилоятидаги матбуот бўлими, Покистон қуролли кучлари томонидан амалга оширилган ушбу ҳаво ҳужумларини кескин қоралаймиз. Биз буни Покистон ҳарбий масъуллари сафидаги муайян тоифанинг ўз хўжайини бўлмиш Американи рози қилиш йўлида афғон мусулмонларига қарши содир этган террорчилик амалиёти ва уюшган террор деб баҳолаймиз.
Исломий юртлардаги энг қудратли, ядровий қуролга эга армиянинг муборак Рамазон ойида Афғонистондаги тинч аҳоли, хусусан, болалар ва аёлларни нишонга олиши ўта аянчли ва шармандали ҳолатдир. Ваҳоланки, Ислом мусулмон қонини муқаддас деб билади ҳамда уларнинг жони ва мол-мулкига қилинaдиган ҳар қандай тажовузни ҳаром қилади. Раҳмат ва эҳтиром ойи бўлмиш муборак Рамазонда содир этилган мазкур жиноят нафақат бутун дунё мусулмонларининг қалбини жароҳатлади, балки Ислом ва мусулмонларга қарши фаолият юритаётган Покистондаги малай ҳукмдорларнинг ҳақиқий башарасини ҳам фош қилди.
Шаҳбоз Шариф ва Осим Мунир сиёсатлари фақат ушбу жиноят билан чекланиб қолмаяпти. Зеро, Америкага хизмат қилиш йўлида Покистон амалда Исломий Кашмир ерларини Ҳиндистонга топширди. Оқибатда, миллатчи ҳинд ҳукумати бошчилигидаги Моди режими босиб олинган Кашмирда ҳам, Ҳиндистон ичида ҳам мусулмонларни ҳеч қандай тўсиқсиз тазйиқ ва таъқиб қилиш имкониятига эга бўлди. Айни пайтда, Покистон армияси Ақсо масжидини озод қилиш сари ҳаракатга келиш ўрнига, Трампнинг буйруғи билан Ғазога қўшин юбормоқда. Бу қўшин у ерда Америка генерали қўмондонлиги остида мужоҳидларни қуролсизлантириш ва яҳудий вужуди хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиб, ўзининг навбатдаги хоинлик ролини ижро этмоқда. Шунингдек, Покистон афғон қочқинларига нисбатан тазйиқни кучайтириб, уларнинг мол-мулкларини мусодара қилиш орқали ҳар куни минглаб қочқинларни қўрқув ва таҳқир муҳитида мажбуран депортация қилмоқда. Бу жараён охирги пайтларда мисли кўрилмаган даражага етди.
Покистоннинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти Трампга лаганбардорлик ва садоқат намойиш этиш орқали муайян сиёсий ва иқтисодий имтиёзларни қўлга киритишдан умид қилмоқда. Аслида эса Покистон узоқ йиллар давомида йирик мустамлакачилик тўқнашувларида шунчаки бир восита сифатида қўлланиб келинди. Бугунга келиб, унинг ташқи сиёсати Америкага очиқ-ойдин бўйин эгиш орқали қарамлик ва хорлик йўлини танлади. Шу билан бирга, мамлакат ичида иқтисодий, хавфсизлик ва гуманитар инқирозлар тобора чуқурлашмоқда. Айни пайтда Покистонда кенг кўламли халқ норозилиги, ишончсизлик ва сиёсий қонунийликнинг емирилиши ҳисси ҳукм сурмоқда. Бу эса ташқи кучлар илтифотини қозониш пайида юрган режимнинг халқ қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлганини кўрсатади. Режим холис ҳисоб бериш ўрнига, халқни кетма-кет келаётган инқирозлар исканжасида ёлғиз ташлаб қўйди. Энди эса жамоатчилик фикрини асл муаммолардан чалғитиш учун ўзининг муваффақиятсизликлари айбини Афғонистонга ағдармоқда.
Сўзимиз охирида Афғонистоннинг бугунги ҳукмдорларига ҳамда Покистон армиясидаги холис зобитларга қуйидагича мурожаат қиламиз: сизлар сохта миллатчилик ва ватанпарварлик туйғуларига берилиб, ўзаро душманлик йўлига кириш ўрнига, қуролларингизни ҳақиқий нишонга қаратишингиз лозим. Зеро, мусулмонлар бир-бирига душман эмас. Асл душман – халқаро тартиб ҳамда АҚШ, яҳудий вужуди, Ҳиндистон ва Хитой каби мустамлакачи кучлардир. Шундай экан, сизларнинг шарафли бурчингиз малъун «Дюранд чизиғи»ни бутунлай йўқ қилиш, шунингдек, Ақсо масжиди, бутун Фаластин, Кашмир ва Шарқий Туркистонни озод этиш учун иккинчи рошид Халифаликни барпо қилиш йўлида бор куч ва қудратингизни бирлаштиришдан иборат. Иккинчи даражали масалалар мусулмонлар сафини пароканда қилмаслиги, мавжуд фитна эса Қўшма Штатлар ва Ҳиндистон манфаатига хизмат қилмаслиги керак.
وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَلَا تَنَٰزَعُواْ فَتَفۡشَلُواْ وَتَذۡهَبَ رِيحُكُمۡۖ وَٱصۡبِرُوٓاْۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ
«Аллоҳ ва Росулига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир» [Анфол 46]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Афғонистон вилоятидаги матбуот бўлими




