Сақофат

Рамазон ойининг фазилатлари

Рамазон ойининг фазилатлари

Рамазон тоат-ибодат ойи ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мавсумидир. Унда яхшилик ва баракотлар тўлиб-тошади. У қиёмул лайл, дуо ва Қуръон тиловат қилинадиган ойдир. У истиғфор, тавба ва кечирим сўраш ойи, раҳматлар ёғилиб, дўзахдан озод бўлинадиган ойдир. Рамазон яна сабр, жиҳод, фатҳлар ойи бўлиб, унда қилинган яхшиликлар икки баробар бўлиб қайтарилади.

Шунинг учун мусулмонлар Рмазон ойини “Хуш келибсан Роббимнинг марҳаматли ойи, дея қувонч ва завқ-шавқ билан кутиб олишади. Ҳадиси қудсийда келади:

«كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أُجْزِي بِهِ»

«Одам боласининг барча амали ўзи учун, рўза эса мен учундир. Мен унда бандамни рўза туфайли мукофотлайман».

Қуйида ушбу марҳаматли ойдаги энг муҳим яхшиликларни келтириб ўтамиз:

Рўза:

Бу ойда рўза тутиш ундаги энг муҳим рукндир. Барча мусулмонлар рўзани адо қилсаларда, аммо Аллоҳ ҳузуридаги уларнинг ажру-савоблари турлича бўлади. Чунки ажр-савоб уларнинг ушбу ойда Аллоҳнинг Китобию Росулининг Суннатида буюрилган буйруқ ва қайтариқларни қай даражада бажарганликлари, ейиш ва ичишдан, жимодан қанчалик тийилганларига қараб белгиланади. Бундан ташқари рўзага путур етказадиган ғийбат, сўкиниш, ёлғон гапириш ва бадхулқликдан қанчалик тийилгани, рўза аҳкомларини, нафақат рўза аҳкомлари, балки ҳаётнинг барча соҳаларида шариат аҳкомларини қанчалик маҳкам тутганликларига қараб белгиланади.

Қиёмул лайл:

Қиёмул лайл, таровиҳ, таҳажжуд буларнинг барчаси хуфтон намозидан бомдод киргунига қадар адо қилинадиган тунги намоздир. Бу ойда қиёмул лайлнинг ўзига яраша фазилати бор. Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар:

«مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ»

«Ким рамазонда имон билан ва савоб умидида қиёмул лайлга турса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Бухорий ва Муслим ривояти). Демак, ким рамазоннинг барча тунларида қиёмул лайлга турса Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини кечирар экан. Қиёмул лайл савоби умидида витргача имом билан намоз ўқишингиз сиз учун нурдир. Росулуллоҳ ﷺ айтадилар:

«مَنْ قَامَ مَعَ الإِمَامِ حَتَّى يَنْصَرِفَ كُتِبَ لَهُ قِيَامُ لَيْلَةٍ»

«Ким витргача имом билан намоз ўқиса унга қиёмул лайл савоби ёзилади». (Албоний бу ҳадисни Саҳиҳи жомеда саҳиҳ деган).

Қуръон хатм қилиш:

Рамазон ойи Қуръон ойидир. Аллоҳ Таоло рамазон ҳақидаги оят сиёқида Қуръонни зикр қилиши бу ойда Қуръон ўқиш ва уни дарс қилиш муҳим иш эканига далолат қилади.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَىٰ وَالْفُرْقَانِ

«Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган»      [2:185].

Пайғамбаримиз ﷺ ҳар йили рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан Қуръонни дарс қилар эдилар. Бухорий ривоят қилишича «Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз ﷺга Қуръонни ҳар йили бир марта ўқиб берарди, вафот этган йили икки марта ўқиб берди».

Аммо Қуръонни кўп марта хатм қилиш билан уни бир марта, лекин тадаббур билан хатм қилиш ўртасидаги афзаллик масаласига келсак, имом Нававий бу ҳақда шундай деган: «Бизнинг раъйимизча, у шахсларга қараб турлича бўлади. Ким Қуръонни тафаккур қилганда унинг нозик жиҳатлари ва билимларини идрок этолса, у ўқиганда ўқиётган нарсасини мукаммал тушуниш ҳосил бўладиган миқдорга чеклансин. Кимки илм тарқатиш каби муҳим диний ишлар ва мусулмонларнинг умумий манфаатлари билан машғул бўлса, шу ишига путур етказмайдиган даражага чеклансин. Кимки мазкур кишилар тоифасидан бўлмаса, малоллантирмайдиган қилиб ўқисин». Нававийнинг «Қуръон қорилари одоби баёни» китобидан.

Рўзадорларга ифтор қилиб бериш:

Бу ҳақда саҳиҳ иснод билан келган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ шундай деганлар:

«مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ غَيْرَ أَنَّهُ لاَ يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْءٌ»

«Кимки рўзадорга ифтор қилиб берса, унга рўзадорнинг савобича савоб берилади. Лекин рўзадорнинг савобидан бирор нарса камаймайди». Бу рўзадорга ифтор қилиб берган киши учун бериладиган улкан савобдир. Ибн Усаймин айтади: «Ҳадиснинг зоҳирий маъноси шуки, рўзадорни битта хурмо билан бўлса ҳам таомлантирган кишига рўзадорнинг савоби берилади» (Риёзус солиҳин шарҳи).

Дуо:

Аллоҳ Таоло Бақара сурасида рўза оятлари сиёқида бир буюк оятни зикр қилдики, бу оят мўминнинг қалбини орзу ва умидга тўлдиради.

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِى عَنِّى فَإِنِّى قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا۟ لِى وَلْيُؤْمِنُوا۟ بِى لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

«Бандаларим сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга имон келтирсинлар» [2:186].

Бундан маълум бўладики, бу ойдаги дуо бошқа ойлардагидан ўзгачадир. Чунки Аллоҳ Таоло бу ойни ижобат ойи қилиб белгилади. Қуйидаги ҳадисда рўзадорнинг дуоси ижобат бўлиши очиқ айтилган. Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар:

«ثَلاَثُ دَعَوَاتٍ لاَ تُرَدُّ: دَعْوَةُ الْوَالِدِ، وَدَعْوَةُ الصَّائِمِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ»

«Уч кишининг дуоси рад қилинмайди: отанинг, рўзадорнинг ва мусофирнинг» (Албоний бу ҳадисни «Силсилатус саҳиҳа» китобида саҳиҳ деган).

Саҳарликни кечиктириш:

Саҳарлик туннинг охири ва бомдоддан бир оз олдинги вақтдир. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: Биз Пайғамбар ﷺ билан саҳарлик қилдик. Сўнг намозга турдик. Шунда Анас ибн Молик Зайддан: Саҳарлик билан азон ўртасида қанча вақт ўтди? – деб сўради. Зайд: Эллик оят миқдорича, деб жавоб берди (Бухорий ривояти). Мана шу муборак вақтда лозим бўлган саҳарликни қилиш Аллоҳга қилинган улуғ қурбатдир. Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар:

«تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السُّحُورِ بَرَكَةً»

«Саҳарлик қилинглар. Чунки унда барака бор» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ифторни тезлатиш:

Ифторни тезлатиш, яъни қуёш тўла ботиши биланоқ ифтор қилиш ҳам суннатдир. Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар:

«لاَ يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُو الْفِطْرَ»

«Модомики одамлар ифторни тезлатар эканлар яхшиликдан тўхтамайдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Демак, ифтордаги яхшилик уни қуёш ботиши билан кечиктирмасдан қилишдадир. Ифторга тааллуқли яна бир нарса Пайғамбар ﷺ кўрсатган нарсани тановул қилишга интилишдир. Анас ибн Молик Росулуллоҳ ﷺдан ривоят қилади: «Пайғамбар намоз ўқишдан олдин бир нечта ҳўл хурмо билан, ҳўл хурмо бўлмаса қуруқ хурмо билан, агар уни ҳам топмаса, бир неча қултум сув билан ифтор қилардилар» (Албоний бу ҳадисни Силсилатус саҳиҳа китобида саҳиҳ деган).

Рамазонда умра қилиш:

Рамазондаги умра Аллоҳ ҳузурида ҳаж билан баробардир. Баъзи ривоятларда келишича, рамазондаги умра Пайғамбар ﷺ билан бирга ҳаж қилишга баробардир. Бухорий ва Муслим саҳиҳида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар дан ушбу ҳадисни ривоят қилган:

«عُمْرَةٌ فِي رَمَضَانَ تَعْدِلُ حَجَّةً»

«Рамазондаги умра ҳаж билан баробардир».

Қадр кечасини излаш:

Қадр кечаси рамазон ойининг охирги ўн кечасининг биридир. Тўғриси у аниқ белгиланган эмас. У ҳар йили бир кечадан бошқасига кўчиб туради. Имом Нававий айтади: «Тадқиқотчилар айтдилар: қадр кечаси кўчиб туради. Бир йили 27-кеча бўлса, бошқасида 23-кеча, яна бошқасида 21-кечага тўғри келади. У ҳақдаги турли ҳадисларни жамласа мана шу маъно келиб чиқади» (Нававийнинг саҳиҳи Муслимга шарҳи). Бу кечанинг фазилати жуда улкан бўлиб, ким уни ўтказиб юборса барча яхшиликларни ўтказиб юборади. Аллоҳ Таоло бу кечани минг ойдан кўра яхшироқ деб хабар бериши у кечадаги ибодатнинг савоби улкан эканига далилдир. Аллоҳ Таоло айтади:

لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ خَيْرٌۭ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ ٱلْمَلَـٰٓئِكَةُ وَٱلرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ سَلَـٰمٌ هِىَ حَتَّىٰ مَطْلَعِ ٱلْفَجْرِ

«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир» [97:3-5].

Шунинг учун Пайғамбар ﷺ охирги ўн кечада бошқасидагидан кўра кўпроқ ибодатга тиришар эдилар. Бухорий ва Муслимда Оиша онамиз Пайғамбар ﷺ ҳақида ривоят қилган ҳадисда шундай дейди: «Пайғамбар охирги ўн кунлик кирса, кечалари ухламас, оилаларини уйғотар ва ибодатга қаттиқ киришар эдилар». Демак, ушбу ўн кунликда намоз ўқиш, дуо қилиш, Қуръон ўқиш, Аллоҳни эслаш, истиғфор айтиш, маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш каби ишларни қилишга қаттиқ тиришиш лозим.

Эътикоф: Эътикоф Аллоҳга тоат-ибодат қилиш учун масжидда туришдир. Росулуллоҳ ﷺ ушбу ойда эътикоф ўтирганлари собит бўлгани учун ушбу ойда эътикоф ўтириш суннати муаккададир. Бухорий ва Муслимда Оиша онамиз ривоят қилишича, Пайғамбаримиз то вафот этгунларича рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирганлар. У кишидан сўнг аёллари ҳам эътикоф ўтиришни одат қилдилар.

Кимки бошқа амалларини бажариб, вожиб вазифаларидан бўшаса у кишига охирги ўн кунликда масжидда эътикоф ўтиришдан афзал нарса йўқ.

Дўзахдан озод бўлиш:

Кимки дўзахдан озод бўлувчилар сафига ёзилса у асло дўзахга тушмайди. Бу Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан бўлади. Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар:

«إِنَّ للَّهِ تَعَالَى عُتَقَاءَ فِي كُلِّ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ – يَعْنِي فِي رَمَضَانَ – لِكُلِّ عَبْدٍ مِنْهُمْ دَعْوَةٌ مُسْتَجَابَةٌ»

«Рамазоннинг ҳар кеча-кундузида Аллоҳ Таолонинг дўзахдан озод бўлувчи бандалари бўлади. Улардан ҳар бирининг дуоси ижобатдир». (Албоний бу ҳадисни Саҳиҳул жоме китобида саҳиҳ деган). Демак, ушбу марҳаматли ойда, хусусан дуолар ижобат бўладиган ўринларда Аллоҳдан дўзахдан озод қилишини ёлвориб сўраб дуо қилишимиз лозим.

Фитр садақаси:

Фитр садақаси рамазоннинг охирги кунининг қуёши ботиши билан вожиб бўлади. Фитр садақасини беришдаги ҳикмат рўзадорни бекорчи ва беодоб сўзлардан поклашдир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Росулуллоҳ рўзадорни бекорчи ва беодоб сўзлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиши учун фитр садақасини вожиб қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, Аллоҳ ҳузурида мақбул садақа бўлади. Ким намоздан кейин адо қилса, бошқа садақалардек бўлади» (Абу Довуд ривояти).

Мўминлар учун ушбу вожиб садақани адо этиш орқали бу ой билан хайрлашиш улкан яхшилик ва нурдир. Шу туфайли амалларимиз Аллоҳ ҳузурида қабул қилинишга лойиқроқ бўлади.

Бурана

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button