Мақолалар

Рамазон сарлавҳаси: Ижтимоий низом

Рамазон сарлавҳаси: Ижтимоий низом

Ғарбдаги ижтимоий институтларнинг қулаши

АҚШ ва Европа давлатларида оила институтининг қулаши, хабарларда айтилганидек, вақтинчалик инқироз эмас, балки узул-кесил мабдаий қулашдир. XX асрнинг ўрталарида никоҳ маълум даражада ижтимоий норма сифатида қабул қилиниб, муайян мажбуриятларни ўз ичига олган бўлса, бугунги кунда у исталган вақтда ёки «қаноат ҳосил қилмаган» тақдирда бузилиши мумкин бўлган шахсий кўз қарашга айланди. АҚШда биринчи никоҳларнинг тахминан 40-45 фоизи ажралиш билан якунланади. Европанинг бир қатор давлатларида никоҳларнинг деярли ярми бузилмоқда. Францияда болаларнинг 60 фоиздан ортиғи никоҳсиз туғилади. Швецияда болаларнинг ярмидан кўпи ва Германияда учдан бир қисмидан кўпроғи никоҳсиз туғилади. Бу ҳолат бугунги кунда одатий ҳолга айланиб қолган.

Натижа аниқ: расмий маълумотларга кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатларда умумий туғилиш даражаси 1,3-1,6 коэффициент атрофида зўрға сақланиб қолмоқда. Италия ва Испанияда бу кўрсаткич 1,2га тушиб қолган. Аҳоли сони барқарор сақланиб қолиши учун туғилиш даражаси 2,1дан кам бўлмаслиги керак. Бу кўрсаткичлар ҳар бир кейинги авлод аввалгисидан сон жиҳатидан камайиб бораётганлигини кўрсатади. Аниқроқ айтганда, ҳозирги тузум аҳоли ўз сонини сақлай олмаяпти.

Бироқ, демография бу муаммонинг фақат юзаки томонидир. АҚШда болаларнинг 20 фоиздан ортиғи отасиз оилаларда яшайди. Ўнлаб йиллар давомида олиб борилган тадқиқотларга кўра, отасиз ёки онасиз ёлғиз оилалар кўпроқ қашшоқликдан, мактабдаги муваффақиятсизликлардан ва хулқ-атвор муаммоларидан азият чекишади. Оиланинг бузилиши кенг тарқалган жамиятда, бу фақат «шахсий фожиа» бўлиб қолмай, ўсиб келаётган янги авлод учун одатий тизимли ҳолатга айланади.

Шу билан бирга, жамият даражасида, айниқса ўсмирлар орасида, жинсий фаолиятга эртароқ киришиш ҳам Ғарб дунёсида катта муаммо айланган. Бир қатор Ғарб давлатларида биринчи жинсий тажрибанинг ўртача ёши 16-17 ёшгача пасайди. Рақамли порнографиянинг тарқалиши вояга етмаганлар учун жинсий фаолиятга киришиш учун йўл очди. Интим муносабатларга эътиборсиз қаралган бундай маданиятда табиийки, биринчи бўлиб ёшлар таъсирланади.

Яна бир эътибордан четда қолган, аммо ҳалокатли саналган муаммо – бу қарияларнинг қаровсиз қолишидир. Ғарб давлатларида кекса ёшдаги одамларнинг кўпчилиги фарзандларидан алоҳида яшайди. Германия ва Францияда миллионлаб нафақахўрлар ёлғизликда кун кечиришади. Ижтимоий хизматлар «қарияларнинг ижтимоий изоляциясини» тобора кўпроқ қайд этмоқда.

Ажралиш маданиятида тарбияланган авлод қарилик ёшига етганда атрофида барқарор оилавий алоқалар қолмаганлигини ҳис қилади. ​​Бу гоҳ-гоҳида учрайдиган бахтсиз қарилик эмас, балки оммавий кўринишга айланган ҳолатдир. Шу билан бирга, кексаларга нисбатан муносабатлар ҳам ўзгарган. Оила қадри йўқолган жойда авлодлар ўртасидаги ҳурмат-иззат ҳам йўқолади. Ота-оналарнинг қадр-қиммати деган нарса қолмайди. Агар жамиятда никоҳнинг бузилиши осонлашса ва ота ёки она боланинг кундалик ҳаётидан узоқлашса, кексаларга ҳурмат доимий норма сифатида шаклланмай қолаверади.

Буларнинг барчаси ҳайратланарли ҳолат эмас, балки капиталистик тузумнинг касофати ва масъулиятдан осонгина воз кечиш концепциясининг натижасидир.

Давлатлар ушбу мафкуравий муаммони яшириш учун қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий этишга ва ижтимоий хизматларни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бу ҳаракатлар ишончдан чиққан ва узоқ вақтдан бери йўқолган ахлоқий қадриятларни тиклашга қодир эмас. Туғилишни моддий жиҳатдан рағбатлантириш мумкин, аммо умумий ҳаётда қурбонликлар бериладиган бу қадриятларни маъмурий йўллар билан қайта тиклашнинг иложи йўқ.

Бугунги кунда демографик пасайиш, қарияларнинг қаровсиз қолиши, ажрашаётган оилаларнинг кўпайиши ва ўсмирларнинг жинсий фаолиятни эрта ёшдан бошлашлари умумий манзарани аниқ кўрсатиб турибди. Шунинг учун бу муаммони «кўрсаткичларни ўзгартириб» кўрсатувчи терминлар билан яшириб бўлмайди.

Ёш авлодларга таъсир қиладиган бундай ҳолат бу жараённи ортга қайтариб бўлмаслигидан далолат беради. Беқарор оилаларда тарбияланган болалар ўз келажакларида ҳам беқарор ҳаётни такрорлаш эҳтимоли каттадир. Айнан мана шунинг учун ҳам асосий муаммолар ҳал қилинмасдан аянчли фожеага айланиб бормоқда.

Садоқат маданиятини йўқотган жамият аста-секин ўзини тўлдириш қобилиятини, аниқроғи, демографик, ахлоқий ва силаи раҳм қобилиятини йўқотади. Шу тарзда оила институтининг қулаши – гарчи у секин амалга ошаётгандек туюлса ҳам – қайтариб бўлмайдиган даражада содир бўлмоқда.

Европанинг бир қатор давлатларида статистика жиҳатидан спекулятив маълумотлар мавжудлиги сезилмоқда. Бу давлатларда умумий миллий кўрсаткичлар айнан ушбу миграция ҳолати туфайли бироз юқорироқ. Германия, Франция ва Швеция каби давлатларда асли мусулмон бўлган аёлларнинг умумий туғилишнинг сонига қўшган ҳиссаси юқори даражада. Баъзи шаҳарларда янги туғилган чақалоқларнинг учдан бир қисмида ота-оналардан бири мигрант бўлиб чиқмоқда. Бу шунчаки тахмин эмас, балки сўнгги ўн йилликдаги статистик маълумотдир.

Айни пайтда, демографик вазиятдаги фарқлар ҳам сезилмоқда. Сурия, Ироқ ва Афғонистон каби Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларидан келган биринчи авлод муҳожирлар, уларни қабул қилган давлатларнинг маҳаллий аҳолисига қараганда туғилиш даражасини анча юқори савияда сақлаб келишмоқда. Ҳатто аста-секинлик билан маҳаллий жамиятга мослашиб кетган бўлса ҳам, бу кўрсаткичлар одатда маҳаллий Европа аҳолисининг ўртача коэффициентидан юқори бўлиб қолмоқда.

Фарқ фақат сонлардагина эмас, балки диний кўзқарашларда ҳам сезилмоқда. Оддий исломий оилаларда оила ҳали ҳам марказий ижтимоий институт сифатида кўрилади. Никоҳ эса вояга етганлар ҳаётининг мажбурий босқичи ҳисобланади. Оила қуриш индивидуал муваффақият учун қўйилган шарт эмас. Аксинча, бу ҳар доимгидек умумий ижтимоий эҳтиёж ҳисобланади. Кўп фарзандли бўлиш ҳаёт стандартларидан воз кечиш дегани эмас, балки бу ҳаёт стандарти ва фаровонлик даражасининг белгисидир.

Мана шундан аниқ фарқ очиқ-ойдин кўриниб турибди. Европа давлатлари индивидуализмни тарғиб қилиб, ​​»эркин танлов» моделини илгари сурса-да, аслида оила қадриятларини устувор деб биладиган, диний меъёрлар ва масъулиятга асосланган жамоалар ҳисобига ўзларининг демографик барқарорлигини сақлаб турибди. Агар Ғарб давлатлари капиталистик асосга риоя қилишда давом этса, у ҳолда анъанавий оила моделига риоя қиладиган аҳолининг улуши демографик ўзгаришлар орқали ўсишда давом этаверади. Шунинг учун муаммо статистикагагина эмас, балки маданиятга ҳам боғлиқдир. Шундай экан, яқин келажакда қайси қадриятлар тизими ҳаётга яроқли бўлиши мумкин? Ўз аҳолиси сонини тўлдира олмайдиган тузумми ёки оилани ижтимоий низомнинг устувор масалага айлантирган тузумми?

Агар капиталистик ва исломий дунёқарашлар ўртасида график бир чизиқ чизадиган бўлсак, улар орасидаги фарқ фақат ҳаётнинг кичик нарсаларида эмас, балки қадриятларнинг асосий манбаида ҳам мавжудлигини сезиш мумкин.

Капиталистик Ғарб модели шахснинг эркинлигига асосланган. Унда никоҳ – бу шунчаки бир танловдир. Оилавий ҳаёт маъносиз кўриниш бўлиб, исталган вақтда бузилиши мумкин бўлган нарса ҳисобланади. Муносабатларни сақлаб қолиш инсоннинг хоҳишига боғлиқ. Никоҳ ўнлаб йиллар давом этадими ёки бир йилдан кейин бузиладими, давлатнинг бу билан иши йўқ. Бу тизимда нормалар беқарор ва бурчлар эса фақат шартли кайфиятга эгадир.

Ислом мафкураси эса барча соҳада юқорида айтилганлардан тубдан фарқ қилади. Оила шахсий манфаат эмас, у Яратгувчи томонидан ўрнатилган тартибдир. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир”. (30:21).

Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг суннатлари шуни кўрсатадики, никоҳ у зот ﷺ йўлининг ажралмас қисмидир. У зот ﷺ шундай дедилар: “Никоҳ менинг суннатимдир; ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «(Саҳобалардан) уч нафари Набий ﷺнинг жуфти ҳалолларининг уйларига келишиб Набий ﷺнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. Уларга хабар берилгач, улар буни (ўзлари учун) оз санагандек бўлиб, «Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! Ахир, у зотнинг аввалгию охирги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Шунда улардан бири: «Мен абадулабад туни билан намоз ўқиб чиқаман», деди. Бошқаси эса: «Мен умр бўйи рўза тутаман, (ҳеч қачон кундузи) оғиз очиқ юрмайман» деди. Яна бошқаси: «Мен аёллардан четланаман, ҳеч қачон уйланмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ уларнинг олдига келиб: «Сизларми шундай, шундай деганлар? Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларнинг (ичингизда) Аллоҳдан энг қўрқувчироқ ва тақводорроғингизман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга ҳам уйланаман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир», дедилар.

Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда ажрашиш рухсат этилган бўлса-да, у «ҳалол амалларнинг энг ёмонроғи» деб айтилган. Бошқача айтганда, бу қонуний жиҳатдан рухсат этилган, аммо ахлоқий жиҳатдан ёқимсиз амалдир. Шунинг учун оиланинг бузилиши – бу нейтрал танлов эмас, балки энг охирги чора ҳисобланади.

Исломда ота-онага ғамхўрлик қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аллоҳ Таоло айтади: “Уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!» (17:23).

Бу шунчаки фақат ҳурматдан иборат бўлибгина қолмай, авлодлар ўртасида ҳурмат ва масъулият маданиятини шакллантиради. Исломда кексаларга, оила ундан қутулишга ҳаракат қиладиган нарса сифатида қаралмайди. Аксинча, уларга ғамхўрлик қилиш фарзандларнинг бурчидир.

Исломда ижтимоий соҳа ва уни тартибга солиш ҳар доим давлат назорати остида бўлади. Халифаликнинг ҳуқуқий тузилмасида оилавий муносабатлар фақат назарий жиҳатдан эмас, амалий жиҳатдан ҳам шариатнинг амалий нормаларига мувофиқ тартибга солинади. Оиланинг моддий таъминоти, ажрашиш тартиби, мерос – буларнинг барчаси Яратганнинг буйруқларига мувофиқ амалга оширилади.

Бугунги кунда ҳам Германия ёки Франциядаги оғир миграция шароитига қарамай, Сурия, Туркия ёки Марокашдан келган одамлар туғилишнинг юқори даражасини ва эрта оила қуриш истагини намойиш этмоқда. Бунинг сабаби фақат тиричилик шароитларига бориб тақалмайди. Унинг илдизлари мафкуравий эътиқодга боғлиқдир. Оила қуриш – бу ижтимоий мақсад ва бурчдир, насл қолдириш эса оламларнинг Яратувчиси Аллоҳга ибодат қилишнинг бир қисмидир. Айнан шу ерда икки дунёқараш ўртасидаги фарқ аниқ кўринади. Капиталистик ақида оила институтини шахснинг қоноатига боғлиқ қилиб қўяди. Ислом ақидасида эса, бу иш маълум бир мақсад ва Яратгувчи олдидаги масъулият сифатида баҳоланади. Капитализмнинг худбин ҳаётида, агар мувофиқ кўрилмаса, никоҳни осонгина бекор қилиш мумкиндир. Исломда эса, оилани сақлаб қолишга юқори даражали вазифани бажариш каби қаралади. Бу вазифа насл қолдириш, ривожлантириш ва ўзининг Меҳрибон Яратувчисига бўйсунадиган жамиятнинг кўпайишига ҳисса қўшишдир. Шунинг учун демографик шароитлардаги фарқ тасодифий эмас ва статистик кўрсаткич ҳам эмас. Бу – оилани шакллантиришга фақат шахсий танлов шакли сифатида қарайдиган ва масъулият ҳиссини аниқ йўқотадиган эгоистик капиталистик эътиқоднинг натижасидир.

Аммо Исломда оила мафкуравий тартибнинг ажралмас элементи бўлгани учун ҳам, у доимий равишда устувор вазифа сифатида янгиланиб туради. Айнан шу фарқ туфайли Ислом ақидаси билан капитализм ақидаси ўртасида оила институтининг барқарорлиги борасидаги фарқни аниқ кўриш мумкин.

Латифул Расих

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button