Рамазон — фикр юритадиган исломий шахсияни уйғотиш ойидир

Рамазон — фикр юритадиган исломий шахсияни уйғотиш ойидир
Рамазон шунчаки рўза тутиш, ибодат қилиш ва тафаккур юритиш ойи эмас. У — ақлларни ларзага соладиган, жамиятларни қайта шакллантирадиган ва инсоният йўналишини ўзгартирадиган ойдир. Қуръони Карим Рамазон ойида инсоният учун ҳидоят ўлароқ нозил қилинган. У фақат қалбларни поклаш учун эмас, балки бутун ҳаётни илоҳий ҳидоят асосида қайта қуриш учун нозил қилинган. Шу боис, Рамазон мусулмонларни фақатгина руҳий амалларни бажарибгина қолмай, ундан-да теранроқ нарсаларга ҳам чақиради, яъни фикр-мулоҳаза юритишга, воқеликни англашга ва онгли равишда ўзгариш учун ҳаракат қилишга ундайди.
Бугунги кунда мусулмонлар дуч келаётган энг хавфли муаммолардан бири — бу иймон ёки диний амалларнинг етишмаслиги эмас, аксинча, мавжуд ҳолатга кўникиб қолган итоаткор онгнинг мавжудлигидир. Кўпгина мусулмонлар Исломга иймон келтирадилар, намоз ўқийдилар, рўза тутадилар, бироқ шунга қарамай, ўз ақидаларига зид бўлган тузумлар, қадриятлар ва воқелик ичида яшайверадилар. Бу қарама-қаршилик одатда Исломни инкор қилишдан эмас, балки ақида билан хатти-ҳаракат ўртасидаги боғлиқликнинг аста-секин узилишидан келиб чиқади. Ақида фақат шахсий ибодатлар билан чекланиб, қўрқув, қулайлик ва сақофат таъсирида кундалик қарорлар қабул қилинганда — исломий шахсия парчаланади.
Ислом воқеликни пассив қабул қилишни ёқламайди ва зулмга, бузуқликка шунчаки мослашиб кетадиган шахсиятларни шакллантирмайди. Аксинча, у воқеликка ўз ақидаси кўзи билан қарайдиган ва уни шу мезон билан ўлчайдиган фикр эгаларини шакллантиради. Дунёдаги воқеа-ҳодисаларни англаган ҳолда баҳолаш, сабаб-оқибатларни тушуниш ва ҳар қандай ҳолатни Аллоҳнинг буйруқларига мувофиқ ҳолда ўлчаш мусулмон кишининг вазифасидир. Айнан мана шундай фаол фикрлаш ҳақиқий ўзгаришнинг пойдевори ҳисобланади.
Ақлия ва нафсия исломий ақидадан келиб чиққандагина Исломий шахсия шаклланади. Аммо кўп ҳолларда амалларда бўшлиқлар пайдо бўлади. Мусулмон киши Исломга чин дилдан иймон келтирган бўлса-да, лекин баъзида унга зид иш тутади. Бу — тушунчаларни ақида билан маҳкам боғлай олмаганда, шайтон таъсир қилганда ёки шахсий манфаатлар илоҳий ҳидоятдан устун келганда юз беради. Бундай ҳолатлар инсонни Исломдан чиқариб юбормаса-да, унинг иродаси ва онги заиф эканини кўрсатади. Шунингдек, унинг иймони ва амали бир-бирига тўлиқ боғлиқ бўлмаган шахсия эканини очиб беради. Шунинг учун ҳам онгли фикрлаш зарур. Зеро, онгли тафаккур бўлмаса, мусулмонлар аста-секин тўғри йўлдан оға бошлайдилар, уларнинг юриш-туришини воқеликнинг шартлари белгилайдиган бўлиб қолади. Ижтимоий урф-одатлар улар учун асосий мезонга айланиб, масъулият ўрнини қулайлик эгаллайди. Вақт ўтиши билан бу — Исломга яширин тарзда амал қиладиган, аммо ижтимоий ҳаётини инсонлар томонидан тузилган тузумларга топшириб қўйган жамиятни вужудга келтиради. Натижада ривожланиш тўхтайди; қалблар имонга боғланган бўлса-да, ақллар мавжуд тузумларга бўйсунган ҳолда қолаверади.
Ислом бундан ҳам кўпроқ нарсани талаб қилади. У мусулмонларни ўзгариш ҳақида фикр юритишга мажбур қилади. Бу эса зулм, адолатсизлик ва ахлоқий бузилишни оддий ҳол сифатида қабул қилмасликни ҳамда Уммат нега ўзгалар қонуни, иқтисодий эксплуатацияси ва сиёсий ҳукмронлиги остида яшаётгани ҳақида савол беришни талаб қилади. Бу эса қашшоқлик, уруш ва маънавий бўшлиқ тасодифий ҳодисалар эмас, балки илоҳий ҳидоятга зид бўлган тузумларнинг натижаси эканини англаш демакдир.
Фикрлайдиган мусулмон азоб-уқубатларга фақат ҳиссиёт билан жавоб бериш билан чекланмайди, аксинча унинг туб илдизларини тушунишга интилади. У мусулмон ерлари нима учун парчаланиб кетгани, қадриятлар ва ўзликнинг заифлашуви, Исломнинг нега фақат шахсий ибодат даражасига тушириб қўйилгани ҳақида мушоҳада юритади. Шунингдек Ислом ҳаётнинг барча соҳаларини — сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ахлоқий жиҳатдан — тўлиқ тартибга солиш учун нозил қилинганини англайди. Шу боис, бундай инсон Исломнинг бир қисмига амал қилиб, бир қисмини эътиборсиз қолдиришни асло қабул қилмайди.
Рамазон – бу онг ва идрокни қайта тиклаш учун ноёб имкониятдир. Жисмоний истаклар жиловланганда фикрлаш тиниқлашади. Қуръон тиловат қилинганда кўзқараш ўзгаради. Тунлар ибодат билан ўтказилганда дунёга бўлган боғлиқлик камаяди. Бундай руҳий муҳит мусулмонларни ўз устуворликларини қайта баҳолашга ва ҳаётларини ақидалари билан қайта боғлашга тайёрлайди.
Ҳақиқий ўзгариш — мусулмонлар ўзларини фақат алоҳида шахслар сифатида кўришни тўхтатиб, жамоавий масъулиятни ҳис қилганда бошланади. Ислом фақат идуалликка эътибор қаратадиган шахсларни етиштириш учун эмас, балки Исломни инсониятга рисолат сифатида етказадиган бирдам Умматни вужудга келтириш учун келган. Ҳар бир мусулмон эркак ва ҳар бир муслима аёл ушбу масъулиятнинг бир қисмидир. Оналар келажак авлодни шакллантиради, опа-сингиллар оила ва жамиятга таъсир ўтказади. Аёллар ўзгаришларнинг бир четида эмас, балки онгли ва мабдаий шахсиятларни тарбиялашда марказий ўринда турадилар.
Онгли исломий шахсиятни шакллантириш тартиби Исломни шунчаки ибодатлар мажмуаси сифатида эмас, балки мукаммал тизим сифатида ўрганишни талаб қилади. Бу дунёвий ишлардан хабардор бўлишни ва глобал кучлар мусулмонлар воқелигини қандай шакллантираётганини тушунишни тақозо этади. Шунингдек, ҳукмрон бузуқ фикрларга қарши туриш учун ғайрат ва сабр талаб этилади. Ҳаммасидан муҳими, бу — ҳам шахсий ҳаётда, ҳам ижтимоий қарашларда – Аллоҳга тўлиқ таслим бўлишни ва ихлосни талаб қилади.
Мусулмонлар ўз ақидаси негизида фикр юритсалар, уларнинг устуворликлари ўзгаради. Муваффақият бойлик ёки мансаб билан эмас, балки Аллоҳга бўлган итоат билан ўлчанадиган бўлади. Одамлардан қўрқиш камайиб, Аллоҳ олдидаги масъулият ҳисси кучаяди. Ҳаёт мазмунли бўлиб, кураш қадрли бўлади.
Рамазон бизга Ислом ўтмишда дунёни ўзгартирганини эслатади. Чунки мусулмонлар теран фикрлаган, жамоавий руҳ билан ҳаракат қилган ва ақида асосида очиқ-ойдин яшар эдилар. Бу имконият бугунги кунда ҳам мавжуд, лекин у — фикрлашни тарк эимай, имонни амал билан боғлашдан ва мушоҳада юритадиган мусулмонлардан бошланади.
Айнан шулар орқали Аллоҳ юзаки тузатишларни эмас, балки тўлиқ ва чинакам ўзгаришларни келтириб чиқаради. Биз Аллоҳдан ушбу Рамазонни қалблар юмшаб, онглар уйғонадиган ва мусулмонлар яна бир бор Исломни тўлиқ ҳаёт тарзи сифатида ёйишдаги ролини бажарадиган бурилиш нуқтаси қилишини сўраймиз.
Малик




