Россия таълим муассасасида ҳижобни тақиқлашга уриниш

Россия таълим муассасасида ҳижобни тақиқлашга уриниш
Хабар:
Россиянинг Салехард шаҳридаги Ямал кўп тармоқли коллежида муслима қизларнинг ҳижоб кийишини тақиқлашга яна бир бор уриниш бўлди. Ўз исми ошкор қилинишини истамаган фойдаланувчилардан бири Салехард янгиликлари форумида шундай деб ёзди: «Ямал кўп тармоқли коллежида нималар бўляпти? Ҳижобли талаба қизларнинг битирув маросимида иштирок этиши тақиқланди. Шунингдек, уларга битирув кечасини муносиб ўтказишга ҳам рухсат берилмаяпти. Чунки қизлар киядиган кийимларининг суратларини олдиндан юбориб, маъмуриятдан тасдиқлатишлари керак экан. Агар танланган либос маъмуриятга ёқмай қолса, талаба қизлар кийимларини ўзгартиришга мажбур бўлишади».
Бунинг натижасида ижтимоий тармоқларда коллеждаги расмий тадбирларда ҳижоб билан кўринишга тақиқ қўйилгани борасида баҳс-мунозаралар авж олди. Афтидан, коллеж раҳбарияти юзага келган шов-шувдан чўчиб, ўз қарорини зудлик билан қайта кўриб чиққан кўринади. Зеро, улар журналистлар билан суҳбатда бундай чекловлар борлигини инкор этиб, ҳатто коллежда тўққиз нафар ҳижобли қиз таълим олаётганини алоҳида фахр билан таъкидлашган.
Изоҳ:
Сўнгги тўрт йил ичида, аниқроғи Россия Украинага уруш бошланганидан бери, Россияда ҳижобли аёлларга нисбатан тазйиқлар кескин ортди. Кўча-кўйда ҳижобли қизларга ҳужум қилингани ёки улар ҳақоратлангани акс этган видеолар интернет тармоғида тез-тез пайдо бўлмоқда. Бироқ бу шунчаки тасодифий воқеалар эмас. Аксинча, бу оддий одамлар ва турли муассасалар, жумладан таълим муассасалари орқали амалга оширилаётган давлат сиёсатининг бир қисмидир.
Шу сабабли ҳудудлардаги таълим муассасалари, айниқса Исломий ўлкалардан бошқа жойларда, ҳижобни ижтимоий кўриниш сифатида йўқ қилиш учун тинимсиз ҳаракат кетмоқда. Масалан, ўтган йилнинг октябрь ойида Ханти-Мансий автоном округидаги мактабларда рўмол, ниқоб, бош кийимлар, шарф ва шляпа каби бошни ёпиб турувчи ҳар қандай либосни кийиш тақиқланган эди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Салехард — Россия шимолидаги кичик шаҳарча бўлиб, у ерда тахминан 50 мингга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг камида 5-7 минг нафарини мусулмонлар ташкил этади.
Муҳаммад Мансур




