Рошид халифалар бўстонидан

Рошид халифалар бўстонидан
Ислом Уммати тарихда кўплаб синовларни бошдан кечирган бўлиб, бу қийинчиликлар бугунги кунда бошдан кечираётган қийинчиликлардан кам бўлмаган. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз даъват йўлида енгиб бўлмайдиган қийинчиликларни енгиб ўтганлар. Пайғамбаримиздан кейин унинг буюк саҳобалари ҳам бу қийинчиликларга дуч келишган. Бу қийинчиликлар айниқса, Абу Бакр Сиддиқ Халифалик мансабини эгаллаган пайтда жуда хавфли тус олган эди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, мусулмонлар шуни яхши билиши лозимки, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш тўхтамайди…
Абу Бакрнинг Халифалик даврида юз берган ҳодисалар Халифалик Пайғамбарликдан кейин Ислом ва мусулмонлар ишини бевосита бошқариши лозимлигига очиқ далилдир. Мусулмонлар учун Халифалик зарурлигига эътиборсизлик билан қараш ва бусиз ҳаёт кечириши мумкин эмас. Аввалгиларнинг Халифаликни Ислом қалқони ва унинг мустаҳкам қўрғони деб тарифлаши ажабланарли эмас. Аллоҳнинг дини ва мусулмонлар Халифалик билан кучаяди, куфр ва унинг аҳли у туфайли хор бўлади. Ислом Халифалик орқали татбиқ қилинади ва даъват у билан ёйилади… Халифанинг роли эътибор жиҳатидан Пайғамбарнинг ролидан кейинги ўринда бўлиб, у одамлар орасида ҳақ ва адолатни тиклайди, мусулмонларнинг манфаатлари ва ҳурматларини ҳимоя қилади, уларнинг тарқоқликларини бирлаштириб, бутунлигини сақлайди. Шунинг учун Росулуллоҳ ﷺ ўзидан кейин халифаларни қолдирган. Абу Ҳурайра шундай ривоят қилади: Росулуллоҳ ﷺ айтди:
«كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمُ الأَنْبِيَاءُ، كُلَّمَا هَلَكَ نَبِيٌّ خَلَفَهُ نَبِيٌّ، وَإِنَّهُ لاَ نَبِيَّ بَعْدِي، وَسَتَكُونُ خُلَفَاءُ فَتَكْثُرُ، قَالُوا: فَمَا تَأْمُرُنَا؟ قَالَ: فُوا بِبَيْعَةِ الأَوَّلِ فَالأَوَّلِ، وَأَعْطُوهُمْ حَقَّهُمْ فَإِنَّ اللَّهَ سَائِلُهُمْ عَمَّا اسْتَرْعَاهُمْ»
«Бану Исроилга пайғамбарлар сиёсат юргизарди. Қачон бир пайғамбар ҳалок бўлса, ортидан бошқа бир пайғамбар келарди. Мендан кейин эса пайғамбар йўқ. Халифалар бўлади ва улар кўпайиб кетади. Шунда: бизга нимани буюрасиз? – дейишган эди, айтдиларки: биринчисининг, фақатгина биринчисининг байъатига вафо қилинглар ва уларнинг ҳақларини беринглар, зеро Аллоҳ улардан фуқарони қандай бошқарганлари ҳақида сўрайди». Муттафақун алайҳ. Яна Пайғамбар ﷺ айтади:
«إنَّمَا الإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»
«Имом бамисоли бир қалқондир. Унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади».
Росулуллоҳ ﷺ вафот этишлари биланоқ ушбу мансабнинг Исломдаги аҳамияти кўринди ва Ислом усиз давом этмаслиги билинди. Шунинг учун бу мансаб ҳақиқатда Росулуллоҳ ﷺнинг ўринбосари мансаби бўлди. Бу мансаб мусулмонлар ҳаётидан йўқолмаслиги ва унга эътиборсиз қаралмаслиги лозим. Йўқса унинг гуноҳи барча мусулмонларга бўлади ҳамда Халифалик бекор қилиниши туфайли қанча ҳукмлар бекор қилинса, ўша бекор қилинган ҳукмларнинг гуноҳи барча мусулмонларга тушади. Бу қандай ҳам ёмон мусибатдир! Ибодатгўйларнинг ибодати ва рўзадорларнинг тутган рўзаси Халифаликни тикламасдан ўтириб олиш гуноҳини ўчира олмайди. Бугун айнан шу нарса рўй бермоқда… Ҳа,
Росулуллоҳ ﷺ вафот этиб, Абу Бакр у кишининг ўрнига Исломдаги биринчи халифа бўлиб танланди. Шунда мусулмонлар хатарли вазиятларга дуч келишди. Агар Аллоҳнинг ҳимояси ва Абу Бакрнинг шу мансабда сабот билан туриши бўлмаганда Ислом йўқ бўлиб кетишга оз қолган эди. Байҳақий Абу Ҳурайрадан шундай ривоят қилади: «Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, агар Абу Бакр халифа бўлмаганда Аллоҳга ибодат қиладиган киши қолмаган бўлар эди. Абу Ҳурайра бу сўзни икки ва уч марта такрорлади».
Биринчи халифа Абу Бакр қийин пайтларда энг яхши қарорларни қабул қилди ва давлатни сақлаб қолди. Унинг қарорларидан кўриниб турибдики, Халифалик Исломда давлат ва Умматни сақлаб қолиш, шунингдек, динни ўрнатиб, Аллоҳнинг розилигини олиш учун сув ва ҳаво каби зарурдир. Бундан ташқари, Росулуллоҳ ﷺ ўзидан кейин ушбу оғир омонатни кўтарадиган кишиларни тайёрлаганини кўришимиз мумкин. Бу жараёнда биринчилардан бўлиб тайёрланган ва тарбияланган киши Росулуллоҳ ﷺнинг ғордаги шериги Абу Бакр Сиддиқ бўлди.
Абу Бакр Сиддиқ етакчилик курсисига ўтириши биланоқ, бу ёш давлат ва унинг дини муртадлар ҳужумига дуч келди. Чунки айрим қабилалар закот беришдан бош тортди, закот эса Исломнинг энг асосий рукнларидан бўлиб, усиз дин қоим бўлмайди. Айрим қабилалар Ислом ва мусулмонлар билан бўлган келишувларини бузишди. Яна бошқалари эса янги етакчиликка бўйсунишдан бош тортишди. Макка ва Мадинадан бошқа шаҳарларда жуманинг ўрни қолмади. Мусулмонлар ва уларнинг ёш давлатининг аҳволи шу даражага етдики, ҳеч ким ишларнинг бундай тез суратда авж олиб кетишини кутмаган эди. Лекин бунинг ажабланарли жой йўқ бўлиб, одамлар Ислом динида янги эдилар. Сайф ибн Умар Ҳишом ибн Урвадан, у эса отасидан шундай ривоят қилади: «Абу Бакрга байъат қилиниб, ансорлар ўзлари келиша олмаган ишлари борасида йиғилгач, Абу Бакр бундай деди: Усоманинг қўшини юборилади. Дарҳақиқат араблар ҳар бир қабиладан ёки омматан ёки якка тартибда муртад бўлишди. Келишмовчилик бошланиб, яҳудий ва насронийлар бош кўтарди. Мусулмонлар Пайғамбарларини йўқотганлари, кам сонликлари ва душманларининг кўплиги туфайли қоронғи тунда адашиб қолган қўй подасига ўхшаб қолдилар».
Росулуллоҳ ﷺ вафотларидан олдин Усома қўшинини Шомга боришга тайёрлаб, қўшин cафига кибор саҳобаларни қўшган эдилар. Расулуллоҳ ﷺга саҳоба бўлиш шарафига эришишда бирортаси ундан ўтиб кета олмаган ушбу буюк саҳоба мусулмонлар етакчилигини эгаллагач, ушбу муаммони муртад ва итоатдан бош тортганлардан қутилиш учун кибор саҳобалар берган маслаҳатлари бўйича ҳал этишдан бош тортди. Ўша кибор саҳобалар ичида Умар ибн Хаттоб ҳам бор эди. Лекин Абу Бакр бундан қаттиқ бош тортди ва қўшинни юборишга қаттиқ туриб олди. Сўнг бошқа кибор саҳобаларда бўлмаган даҳшатли исломий тушунча билан шундай деди: «Аллоҳга қасамки, Росулуллоҳ ﷺ боғлаб кетган тугунни ечиб ташламайман. Бизга осмондан қушлар ҳужум қилиб, йиртқичлар Мадинанинг чор атрофини ўраб олсалар ҳам, итлар мўминлар оналарининг оёқларидан таласа ҳам, албатта Усоманинг қўшинини юбораман». Одамлар унга: Анавилар мусулмонларга қийинчилик туғдирди, араблар ўзинг кўриб турганингдек сенга сенинг шаънингни пастга урди. Сен мусулмонлар жамоасини бўлма деган эдилар, у: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар йиртқичлар бизни олиб кетсалар ҳам, Росулуллоҳ ﷺ буюрганидек Усоманинг қўшинини юбораман. Агар қишлоқда мендан бошқаси қолмаса ҳам уни юбораман», деди.
Абу Бакр шундай бўлган эди. Қосим ва Умрадан қилинган ривоятда Мўминлар онаси Оиша у кишини шундай сифатлайди: «Росулуллоҳ ﷺ вафот этгач, араблар барчаси муртад бўлишди ва келишмовчилик бошланди. Аллоҳга қасамки, бу нарса менга шунчалик оғир ботдики, агар у мустаҳкам тоғларга тушганда, уларни парчалаган бўлар эди. Чунки Муҳаммад ﷺ саҳобалари қоронғи тунда, йиртқич ҳайвонлар кезиб юрадиган жойда адашиб қолган қўй подасига ўхшаб қолган эди. Аллоҳга қасамки, агар улар бирор нарсада келиша олмай қолсалар, отам уни пасайтирар, жиловини тортар ва ҳал қилар эди».
Ҳа, мана шундай вақтда Усома қўшинининг чиқиши катта манфаат эди. Абу Бакр ўзининг соғлом тушунчаси ва шариатга қаттиқ боғлангани туфайли буни тушунди. Чунки қўшин ҳали арабларнинг битта маҳалласидан ўтмасдан ундан даҳшатга тушишди ва айтишдики: Албатта бу қўшин қаерга бормасин, у ерни мустаҳкам эгаллайди. Абу Ҳурайра бу ҳақида шундай дейди: «Росулуллоҳ ﷺ Усома ибн Зайдни етти юз сонли қўшин билан Шомга юборган эди. Қўшин Зу Хашаб деган жойга тушгач, Росулуллоҳ ﷺ вафот этдилар ва Мадина атрофидаги араблар муртад бўлишди. Шунда Росулуллоҳ ﷺнинг саҳобалари Абу Бакрнинг олдига йиғилишиб: Эй Абу Бакр қўшинни Румга боришдан қайтар, чунки Мадина атрофидаги араблар муртад бўлишди дейишди. Шунда у: «Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган зотга қасамки, агар итлар Росулуллоҳ ﷺнинг аёллари оёқларидан тортсалар ҳам, у киши юборган қўшинни ортга қайтармайман, Росулуллоҳ ﷺ тиккан байроқни туширмайман», деб, Усомани юборди. Қўшин кетар экан, йўлдаги араблар бу қўшинни кўриб, «Улар шундай қўшинни юборишган бўлишса, демак ўзларида ҳам худди шундай қўшин қолган», дея Мадинага ҳужум қилишга ботинишолмади. Усома қўшини Рум қўшинини мағлуб қилиб, эсон-омон, Исломга маҳкам ёпишга ҳолда қайтиб келди.
Дарҳақиқат, Абу Бакр ўз буйруқлари борасида мусулмонлардан эътирозларга учради. Бу эътирозларнинг етакчиликни душманга қарши курашишдан бошқа томонга буриб юборишда таъсири катта эди. Лекин улар тезда барҳам топар эди. Чунки одамлар Аллоҳнинг Росули замонига яқин, имони кучли, Исломни маҳкам ушлаган ва итоат қилишга иштиёқи баланд эди. Гўё Росулуллоҳ ﷺ уларнинг орасида тирикдек эди. Сайф ибн Умар Абу Замрадан, у Абу Амрдан ва улардан бошқалар Ҳасан Басрийдан ривоят қилишича, Абу Бакр Усома қўшинини тайёрлашга қаттиқ туриб олгач, айрим ансорлар Умарга шундай дейишди: Унга бориб айтинг, бизга Усомадан бошқасини амир этиб тайинласин. Умар Абу Бакрга бориб, уларнинг сўзларини етказган эди, у Умарнинг соқолидан тутиб: «Онанг фарзандсиз қолгур эй Умар, Росулуллоҳ ﷺнинг амиридан бошқасини амир этиб тайин қилайми», деди. Сўнг тепаликка чиқиб, Усоманинг қўшинига юзланди ва уларни юришга буюрди. Абу Бакр улар билан пиёда юрди, Усома эса отлиқ эди. Абдурроҳман ибн Авф Абу Бакрнинг уловини етаклади. Шунда Усома: Эй Росулуллоҳнинг халифаси ёки сиз отга мининг, ёки мен отдан тушай деди. Абу Бакр: «Сен отингдан тушма, мен эса отга минмайин», деди. Сўнг Усомадан Умарни қўшиндан қолдиришини сўради. Чунки Умар қўшин таркибида эди. Шунда Усома Умарни қўшиндан озод қилди. Умар шундан кейин Усома билан учрашмади. Умарнинг Усомага айтган охирги сўзи «Сенга саломатлик тилайман, Эй амир», дейишлик бўлди.
Энди сийрат китобларида ушбу мавзу ҳақида келган айрим ҳикояларга тўхталсак. Ибн Касир Бидоя ва ниҳоя китобининг олтинчи қисмида шундай келтиради:
Абу Бакр Сиддиқнинг муртад ва закот беришдан бош тортган одамларга қарши жанг қилишга ташаббус кўрсатиши ҳақидаги бўлим
Росулуллоҳ ﷺ вафот этгач, аксар араблар муртад бўлишди, Мадинада келишмовчиликлар бошланди. Бану Ҳанифа ва Ямомалик кўпчилик одамлар Мусайлиматул каззобга қўшилишди. Бану Асад ва Тоййи қабилалари ҳамда кўпчилик одамлар Тулайха Асадийга қўшилишди. Тулайха Мусайлиматул каззобга ўхшаб ўзини пайғамбарман деб даъво қилди, натижада ташвиш кўпайиб, аҳвол қийинлашди. Абу Бакр Усоманинг қўшинини юборгач, унинг олдида озчилик қўшин қолди. Кўпчилик арабларда Мадинага ҳужум қилиш истаги пайдо бўлди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ Мадинанинг кириш жойларига соқчилар қўйди ва улар қўшин билан бирга унинг атрофида тунайдиган бўлишди. Али ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Авом, Талҳа ибн Абдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдурроҳман ибн Авф ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар ўша соқчиларнинг амирлари эди. Арабларнинг элчилари Мадинага келиб, намозга иқрор бўлсалар-да, лекин закот беришдан бош тортишар эди. Улардан айримлари закотни Абу Бакрга беришдан бош тортишди. Улар Аллоҳ Таолонинг:
﴿خُذۡ مِنۡ أَمۡوَٰلِهِمۡ صَدَقَةٗ تُطَهِّرُهُمۡ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيۡهِمۡۖ إِنَّ صَلَوٰتَكَ سَكَنٞ لَّهُمۡۗ﴾
«(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур» [Тавба 103]
деган қавлини ҳужжат қилишди. Сўнгра: Биз закотимизни дуоси биз учун ором осойишталик бўладиган кишигагина берамиз дейишди. Айримлари эса, шундай байт айтишди:
Аллоҳнинг Росули орамизда экан, унга итоат қилдик. Энди кунимиз Абу Бакрга қолдими?
Дарҳақиқат саҳобалар закот беришдан бош тортаётганларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ва қалбларига имон ўрнашгунича улар билан дўстона муомалада бўлиш ва шундан сўнг улар закот бериши ҳақида Абу Бакр билан сўзлашишди. Лекин Абу Бакр бундан бош тортди. Ибн Можжадан бошқа барча жамоат ўз китобларида Абу Ҳурайрадан келтиришича Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: Нима учун одамлар билан жанг қиламиз, ахир Росулуллоҳ ﷺ:
«أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لاَ إِلٰهَ إِلاَّ الله، وَأَنَّ مُحَمَّدا رَسُولُ اللّهِ. فَإِذَا قَالُوهَا عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلاَّ بِحَقِّهَا»
«Одамлар Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг элчиси деб гувоҳлик бермагунларича улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар шуни айтсалар жонларини ва молларини мендан ҳимоя қилибди. Фақат Исломда кўрсатилганларигина олинади», деганлар-ку деди. Шунда Абу Бакр: Аллоҳга қасамки, агар улар Росулуллоҳ ﷺга беришлари лозим бўлган туянинг арқонини олиб қолсалар ҳам, мен уларга қарши урушаман. Албатта закот молнинг ҳаққидир, Аллоҳга қасамки, ким намоз билан закотнинг орасини ажратса, унга қарши урушаман», деди. Умар айтади: Мен Аллоҳ Таоло Абу Бакрнинг қалбини уруш қилишга йўллаб қўйганини кўргач, уни ҳақ эканини билдим.
Ҳофиз ибн Асокир Шабоба ибн Сивордан, у Исо ибн Язид Мадинийдан, у эса Солиҳ ибн Кайсондан ривоят қилиб айтади: Муртадлар бош кўтарганда Абу Бакр одамлар олдига чиқиб, Аллоҳга ҳамд айтди ва шундай деди: Бизни ҳидоятлаб қутқарган, инъом ато этиб бойитган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта Аллоҳ Муҳаммад ﷺни юборган пайтда Ислом ғариб бўлиб унинг илми ҳимоясиз қолган, бирлиги бузилиб аҳли залолатга ботган эди. Аҳли китоблар Аллоҳнинг китобларини ўзгартириб, унда бўлмаган нарсаларни унга қўшишгани учун Аллоҳ улардан нафратланди, шунинг учун уларга яхшиликни раво кўрмади ва улардан ёмонликни бурмади. Омонликда яшаган араблар эса, Аллоҳдан ҳимоядамиз деб ҳисоблаб, Унга ибодат қилишмади, ундан сўраб дуода бўлишмади. Аллоҳ уларнинг ҳаётини қийинлаштирди, булутлари бўла туриб, ерини қаттиқ қилиб қўйди. Аллоҳ Таоло Муҳаммад ﷺни Пайғамбарларнинг сўнггиси қилди, арабларни ўрта (адолатли) уммат қилди, уларга эргашганлар орқали уларга ёрдам берди ва бошқаларга қарши уларга нусрат берди. Сўнг уларнинг Пайғамбари Муҳаммад ﷺ вафот этдилар. Мана шундан кейин шайтон туширилган жойига (арабларнинг елкаларига) қайта минди ва қўлларидан етаклаб, ҳалокатга бошлади.
﴿وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٞ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِ ٱلرُّسُلُۚ أَفَإِيْن مَّاتَ أَوۡ قُتِلَ ٱنقَلَبۡتُمۡ عَلَىٰٓ أَعۡقَٰبِكُمۡۚ وَمَن يَنقَلِبۡ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِ فَلَن يَضُرَّ ٱللَّهَ شَيۡٔٗاۗ وَسَيَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلشَّٰكِرِينَ﴾
«Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» [Оли Имрон 144]
Атрофингиздаги араблар қўйлари ва туяларини беришдан бош тортишди ва диндан чиқишди.
Уларнинг ҳозирги аҳволидан кўра динга қайтишлари ўзлари учун яхшидир. Сизларнинг барчангиз кифоя қилгувчи хожангизга қайтурсиз, у Зот сизларни адашганингизда ҳидоятлади ва камбағал ҳолда топиб сизларни бойитди.
﴿وَكُنتُمۡ عَلَىٰ شَفَا حُفۡرَةٖ مِّنَ ٱلنَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنۡهَاۗ﴾
«Сизлар дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди» [Оли Имрон 103]
Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ўз ваъдасини рўёбга чиқармагунича, аҳдини бажармагунича, биздан ўлдирилганлар шаҳид бўлмагунича ва ер юзида унинг халифа ва зурриёди қолгунича уруш қилавераман. Аллоҳнинг қазоси ҳақдир ва У Зот ўз сўзига хилоф иш қилмайди.
﴿وَعَدَ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مِنكُمۡ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ لَيَسۡتَخۡلِفَنَّهُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ كَمَا ٱسۡتَخۡلَفَ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمۡ دِينَهُمُ ٱلَّذِي ٱرۡتَضَىٰ لَهُمۡ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّنۢ بَعۡدِ خَوۡفِهِمۡ أَمۡنٗاۚ يَعۡبُدُونَنِي لَا يُشۡرِكُونَ بِي شَيۡٔٗاۚ وَمَن كَفَرَ بَعۡدَ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡفَٰسِقُونَ﴾
«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (имон-эътиқодли) зотларни халифа қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг хавфу хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» [Нур 55]
Ҳасан, Қатода ва бошқалар Аллоҳ Таолонинг
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مَن يَرۡتَدَّ مِنكُمۡ عَن دِينِهِۦ فَسَوۡفَ يَأۡتِي ٱللَّهُ بِقَوۡمٖ يُحِبُّهُمۡ وَيُحِبُّونَهُۥٓ﴾
«Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» [Моида 54]
қавли ҳақида: Абу Бакр ва унинг дўстлари муртадлар ва закотдан бош тортганлар билан уришишни тушунганлар дейишган. Муҳаммад ибн Исҳоқ айтади: Росулуллоҳ ﷺ вафот этгач, Макка ва Мадинадан ташқаридаги араблар муртад бўлишди. Асад ва Ғатафон муртад бўлганда коҳин Тулайха ибн Хувайлид Асадий уларга етакчилик қилди. Кейин Ашъас ибн Қайс Киндий етакчилигидаги Кинда ва бошқалар муртад бўлди. Сўнгра коҳин Асвад ибн Каъб Ансий етакчилигидаги Музҳиж ва бошқалар муртад бўлди. Кейин Робиа ва Маърур ибн Нўъмон ибн Мунзир муртад бўлди. Бану Ҳанифа эса, Мусайлиматул Каззоб билан тил бириктирди. Бану Сулайм Анас ибн Абду Ялил исмли киши билан ва Бану Тамим коҳинлар билан муртад бўлди.
Қосим ибн Муҳаммад айтади:
Асад, Ғатафон ва Тоййи қабилалари Тулайха Асади бошчилигида бирлашиб, Мадинага элчи юборишди. Элчилар Мадинага келиб, одамлар ҳузурига тушишди. Лекин Аббос уларни қаршиламади. Шунда одамлар уларни Абу Бакрни ҳузурига олиб борганларида, улар намоз ўқишларини, лекин закотни бермасликларини айтишди. Бироқ, Аллоҳ Таоло Абу Бакрнинг қалбига тўғри қарорни солиб қўйди. Абу Бакр уларга қарата: «Агар улар туя боғлайдиган арқонни беришдан бош тортсалар ҳам улар билан уришаман», деди ва уларни рад этди. Улар ўз қабилаларига бориб, Мадинада аскар озлигини хабар беришди ва уларда Мадинага ҳужум қилиш истаги туғилди. Абу Бакр эса, Мадинанинг кирадиган жойларига соқчилар қўйди ва одамларни масжидга келишларига буюрди. Сўнгра уларга: одамлар кофир бўлиб кетди. Келган элчилар сизларнинг озчилик эканингизни кўришди. Душман тунда келадими ёки кундузими ҳеч ким билмайди. Зеро, улар сизлардан бир қанча масофа узоқликда турибдилар. Улар ўзларига нисбатан яхши муносабатда бўлишимизни, шартларини қабул қилишимизни хоҳлашмоқда. Биз эса, бундан бош тортдик. Шундай экан, тайёр туринглар», деди. Уч кун ўтмай, улар Мадинага ҳужум қилишди ва ярим одамларини ўзларига қалқон бўлишлари учун Зул Ҳасий деган жойда қолдиришди. Шунда соқчилар уларнинг бостириб келганининг хабарини етказиш учун Абу Бакрга одам юборишди. Абу Бакр уларни ўз ўринларидан қимирламасликка буюрди. Сўнгра масжиддаги мусулмонларга вазиятни тушунтириб, душман томон йўл олди. Душманлар чекинди ва мусулмонлар уларни Зул Ҳасийгача кузатиб боришди. Шунда у ерда қалқон бўлиши учун қолдириб келишган гуруҳ чиқди ва ўртада шиддатли жанг бошланиб, мусулмонлар ғалаба қозонишди.
Жумодуссоний ойида Абу Бакр Сиддиқ Мадина аҳолиси ва амирлар билан бирга мусулмонларга ҳужум қилган Мадина атрофидаги арабларга борди. Душманлар Бану Абс, Бану Мурра, Зибён ва Бану Кинона бўлиб, уларга Тулайха ва унинг ўғли Хабол ёрдам берди. Икки тараф тўқнашгач, душманлар ҳийла қилишди. Уларнинг ҳийласи шундан иборат эдики, улар териларни ёқиб, тоғнинг тепасидан ота бошлашди. Абу Бакр ва у билан бирга бўлган одамларнинг туялари ҳуркиб ҳар тарафга тарқалиб кетди. Улар тунгача ҳеч нарса қила олмай Мадинага қайтишди.
Шундан сўнг одамлар мусулмонларни қўрқяпти деб гумон қилиб, бошқа тарафдаги уруғларига элчи юборишди ва улар йиғилишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса, тунда одамларни тайёрлаб, тонгга яқин чиқди. Унинг ўнг томонида Нўъмон ибн Муқрин, чап томонида унинг укаси Абдуллоҳ ибн Муқрин ва орқасида уларнинг укаси Сувайд ибн Муқринлар бор эди. Тонг отгач улар душман жойлашган майдонга кириб боришди. Душманлар мусулмонларнинг келганини сезишга ҳам улгурмай, уларга қилич солишди. Шундай қилиб, қуёш чиқмасдан уларни чекинишга мажбур қилишди. Мусулмонлар улар устидан ғалаба қилишди ва Хабол ўлдирилди. Абу Бакр уларни Зул Қисса деган жойгача қувиб борди ва бу биринчи ғалаба бўлди. Унда мушриклар хор ва мусулмонлар азиз бўлишди. Бану Зибён ва Бану Абс қабилалари ўз ораларидаги мусулмонларни тутиб ўлдирдилар. Шундан кейин бошқа қабилалар ҳам ўз ораларидаги мусулмонларни ўлдиришни бошлади. Кейин Абу Бакр қайси қабилада қанча мусулмон ўлдирилган бўлса, ўша қабиладан ўшанча мушрикни, балки унданда кўпроғини ўлдиришга қасам ичди.
Ушбу воқеа Ислом ва мусулмонларнинг ғалаба қилишига катта ёрдам берди. Чунки ҳар бир қабиладаги мусулмонлар азиз ва ҳар бир қабиладаги кофирлар хор бўлди. Абу Бакр Мадинага кучли, нусратга эришган, соғлом ва ўлжаларни қўлга киритган ҳолда қайтди. Тунда Мадинага Адий ибн Хотам, Сафвон ва Забарқон садақалари келди: уларнинг биринчиси туннинг аввалида, иккинчиси туннинг ўртасида ва учинчиси туннинг охирида келди. Уларнинг ҳар бирини Мадинанинг дарвоза амирлари келтирди. Сафвон ҳақида Саъд ибн Абу Ваққос, Забарқон ҳақида Абдурроҳман ибн Авф ва Адий ибн Хотам ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд хушхабар келтирди. Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: Бу воқеа Росулуллоҳ ﷺ вафотининг етмишинчи кечасида бўлиб ўтди.
Ушбу воқеадан бир неча кеча ўтиб Усома ибн Зайд келди ва Абу Бакр уни Мадинада ўзининг ўрнига қолдириб, уларни дам олишларига буюрди. Ўзи эса, олдинги воқеада иштирок этганлар билан бирга Зул Қиссага йўл олди. Мусулмонлар унга: Ўзингиз Мадинада қолиб, бошқасини юборсангиз ҳам бўлади-ку дейишган эди, у: Аллоҳга қасамки ундай қилмайман, балки сизлар билан бирга бўламан, деди. Сўнг Зул Хуса ва Зул Қиссага чиқди. Муқриннинг Нўъмон, Абдуллоҳ ва Савид исмли ўғиллари олдингидек у билан бирга чиқишди. Абрақ деган жойдаги Зубда аҳлига келишган эди, у ерда Бану Абс, Зибён ва Кинонадан бир гуруҳи бор экан. Шунда Абу Бакр улар билан жанг қилди ва Бану Хорис ва Бану Авфни мағлуб қилди. Ўша ерда Ҳатиа асирга олинди ва Бану Абс ва Бану Бакр қочди. Абу Бакр Абрақда бир неча кун турди. Ўша пайт Бану Зибён бир қанча жойларни эгаллаб олди. Шунда Абу Бакр: «Бану Зибён ушбу юртларга эгалик қилиши ҳаромдир. Чунки бу ерларни Аллоҳ бизга ўлжа қилиб берган», деди. Абу Бакр Абрақ ва Рабазанинг бир қанча ҳудудларини ҳимоя қилиб турди. Кейинчалик, Бану Абс ва Бану Зибён қабилалари қочиб кетгач, мусулмонлар Талҳага ёрдам бергани боришди, у Базоха деган жойга тушган эди.
Абу Бакрнинг Зул Қиссага чиқиши ва ўн бир амир байроғини тикиши
Бу воқеа Усоманинг қўшини ҳордиқ чиқариб дам олганидан кейин рўй берди. Абу Бакр исломий қўшин билан қилич яланғочлаб Мадинадан Зул Қиссага чиқди, у Мадинадан анча узоқда эди. Али ибн Абу Толиб Абу Бакр Сиддиқнинг уловини етаклаб олди. Саҳобалар, шу жумладан Али ва бошқалар ундан Мадинага қайтиши ва ўзининг ўрнига араблар билан уришиш учун қўрқмас ва ботир саҳобаларни юбориши ҳақида сўрашди. Шунда Абу Бакр уларга жавоб берди ва ўн битта амир тайинлади. Дориқутний ибн Умардан ривоят қилишича: Абу Бакр Зул Қисса томон бориш учун ўзини кўрсатган эди, Али ибн Абу Толиб унинг улови тизгинини ушлаб: Эй Росулуллоҳнинг халифаси қаёққа кетяпсиз? Мен сизга Росулуллоҳ ﷺ Уҳуд куни айтган гапни айтаман: «Қиличингизни жойига солинг, бизни оғир аҳволга солманг», Мадинага қайтинг, агар сизни йўқотсак, бундан кейин ҳеч қачон Ислом учун низом бўлмайди.
Сайф ибн Умар Саҳл ибн Юсуфдан, у эса Қосим ибн Муҳаммаддан ривоят қилади: Усома ва унинг қўшини дам олиб, улардан ортиб қоладиган кўп садақотлар келгач, Абу Бакр вазифаларни бўлишди. Сўнгра ўн икки жойга ҳарбий раҳбар тайин қилди: Биринчи Холид ибн Валидни раҳбар қилиб, унга Тулайха ибн Хувайлидга боришни буюрди. Агар уни бир ёқлик қилса, Батохдаги Молик ибн Нувайрага боришини буюрди. Икрима ибн Абу Жаҳлни Мусайламага боришини буюрди. Шураҳбил ибн Ҳасанани унинг ортидан Мусайлиматул Каззобга сўнгра Бану Қузоага боришини буюрди. Муҳожир ибн Абу Умайяни Ансийнинг қўшинига боришини, Холид ибн Саъд ибн Осни Шом тепаликларига боришини ва Амр ибн Осни Қузоа, Вадиа ва Харис қабилаларига боришини буюрди. Хузайфа ибн Мухсин Ғатафонийни Дабо, Арфажа, Ҳарсама ва бошқа жойларга, Тарафа ибн Ҳожибни Бану Сулайм ва Ҳавозинга боришини буюрди. Сувайд ибн Муқринни эса, Яманнинг Тахомасига ва Ало ибн Хазрамийни Баҳрайнга боришини буюрди.
Абу Бакр ҳар бир амирга мактуб ёзиб, уларнинг ҳар биридан алоҳида аҳд олди. Зул Қиссада ҳар бир амирнинг ўз қўшинини ажратиб берди ва ўзи Мадинага қайтди. Қуйида Рабаза аҳлига ёзилган мактубнинг нусхасини келтирамиз:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Росулуллоҳнинг халифаси Абу Бакрдан ушбу мактубим етиб борган ҳар бир якка ва барча одамларга, Исломни маҳкам ушлаган ва ундан қайтиб кетганларга!
Ҳидоятга эргашган, сўнг ундан қайтиб кетмаганларга салом бўлсин. Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ ягона ва шериги йўқ деб ва Муҳаммад унинг бандаси ва Росули деб гувоҳлик бераман. Биз Муҳаммад ﷺ олиб келган нарсани тасдиқлаймиз ва уни инкор қилган кишини рад этамиз ва унга қарши уришамиз.
Аммо баъд, Аллоҳ Таоло Ўз бандаларига жаннатдан хушхабар берувчи, дўзахдан огоҳлантирувчи ҳамда Ўз динига даъват қилувчи Пайғамбарини юборди. У Зот Муҳаммад ﷺни тирик бўлганки одамни огоҳлантириши ва кофирлар устига сўз-азоб ҳақ бўлиши учун юборди. У кишининг даъватига эргашганларни Аллоҳ Таоло ҳидоят қилди, юз ўгирганларга эса, Росулуллоҳ ﷺ уруш очдилар. Натижада, улардан баъзилари ихтиёрий равишда, бошқалари эса, куч билан Исломга таслим бўлди. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ ﷺ Аллоҳнинг амрларига итоат қилдилар, Умматига ҳам шундай қилишни буюрдилар. Вазифаларини бажарганларидан сўнг, Аллоҳ Таоло Ўз Росулини қайтариб олди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло ўз Росули ва мусулмонларга юборган китобида баён қилиб шундай деди:
﴿إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ﴾
«(Эй Муҳаммад), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар хам ўлгувчидирлар» [Зумар 30]
﴿وَمَا جَعَلۡنَا لِبَشَرٖ مِّن قَبۡلِكَ ٱلۡخُلۡدَۖ أَفَإِيْن مِّتَّ فَهُمُ ٱلۡخَٰلِدُونَ﴾
(Эй Муҳаммад), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар). [Анбиё 34]
﴿وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٞ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِ ٱلرُّسُلُۚ أَفَإِيْن مَّاتَ أَوۡ قُتِلَٱنقَلَبۡتُمۡ عَلَىٰٓ أَعۡقَٰبِكُمۡۚ وَمَن يَنقَلِبۡ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِ فَلَن يَضُرَّ ٱللَّهَ شَيۡٔٗاۗ وَسَيَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلشَّٰكِرِينَ﴾
«Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса, (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» [Оли Имрон 144]
Шундай экан, ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, албатта Муҳаммад вафот этди. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ доим тирик ва ўлмайди. Аллоҳ на ухлайди ва на мудроқ босади, у ўз ишини сақловчи ва душманидан ўч олувчи зотдир.
Мен сизларга Аллоҳдан қўрқишни васият қиламан, ўз насибангизни олинг. Пайғамбарингиз олиб келган нарсани олинг, унинг ҳидоятига эргашинг ва Аллоҳнинг динини маҳкам ушланг. Кимники Аллоҳ ҳидоятламаса, у адашгандир, кимгаки Аллоҳ ёрдам бермаса, унга ҳеч ким ёрдам бера олмас. Кимки Аллоҳнинг ҳидоятидан бошқасига юрса, у адашгандир.
﴿مَن يَهۡدِ ٱللَّهُ فَهُوَ ٱلۡمُهۡتَدِۖ وَمَن يُضۡلِلۡ فَلَن تَجِدَ لَهُۥ وَلِيّٗا مُّرۡشِدٗا﴾
«Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топгувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўллагувчи бирон дўст топа олмассан» [Каҳф 17]
Исломга иқрор бўлмагунича бу дунёда бирор банданинг амали қабул бўлмайди. Менга етиб келишича сизлардан айримларингиз Исломни тасдиқлаб, унга амал қилганидан кейин, Аллоҳга кибр қилиб, буйруқларини менсимай ва шайтоннинг йўлига кириб динидан қайтибди. Аллоҳ Таоло айтади:
﴿وَإِذۡ قُلۡنَا لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ ٱسۡجُدُواْ لِأٓدَمَ فَسَجَدُوٓاْ إِلَّآ إِبۡلِيسَ كَانَ مِنَ ٱلۡجِنِّ فَفَسَقَ عَنۡ أَمۡرِ رَبِّهِۦٓۗ أَفَتَتَّخِذُونَهُۥ وَذُرِّيَّتَهُۥٓ أَوۡلِيَآءَ مِن دُونِي وَهُمۡ لَكُمۡ عَدُوُّۢۚ بِئۡسَ لِلظَّٰلِمِينَ بَدَلٗا﴾
«Эсланг, (эй Муҳаммад), фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари)» Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал ўринбосардир» [Каҳф 50]
﴿إِنَّ ٱلشَّيۡطَٰنَ لَكُمۡ عَدُوّٞ فَٱتَّخِذُوهُ عَدُوًّاۚ إِنَّمَا يَدۡعُواْ حِزۡبَهُۥ لِيَكُونُواْ مِنۡ أَصۡحَٰبِ ٱلسَّعِيرِ﴾
«Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» [Фотир 6]
Мен муҳожир, ансор ва тобиинлардан иборат қўшинни сизларга юборар эканман, уларга Аллоҳга имон келтиришдан бошқа ҳеч нарсани қабул қилмасликни буюрдим. Улар Аллоҳнинг динига даъват қилмасдан ҳеч кимни ўлдирмайдилар. Ким уларнинг даъватига жавоб берса, уларга зарар беришмайди ва динни ўрганишда уларга ёрдам берадилар. Ким бу қўшиннинг даъватини рад этса, бу қўшин уларга қарши Аллоҳнинг амри билан жанг қилади. Мусулмонлар уларнинг сўнгги кучларини йўқотгунча жанг қиладилар. Шунингдек, уларни ўтда ёндирмасликка, хунук суратда қатл қилмасликка ҳамда аёллар ва болаларни асир олишга ва ҳеч кимдан Исломдан бошқасини қабул қилмасликка буюрдим. Бу аскарлар Исломдан бошқа ҳеч нарсага рози бўлмайдилар! Ким Исломга эргашса, ўзи учун яхшидир. Ким Исломдан бош тортса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайди. Мен ўз элчиларимни юбораётганимда, сизларга Аллоҳнинг Китобини ўқиб беришни буюрдим. Бу аскарлар қайси халқдан азон садоларини эшитсалар, уларга тегмайдилар. Агар улар азонни эшитмасалар, уларнинг олдига бориб, динни етказадилар. Агар бу одамлар мусулмонларнинг даъватини рад қилсалар, мусулмонлар уларга қарши курашадилар ва агар қабул қилсалар, мусулмонлар диний вазифаларини уларга ўргатадилар». Буни Сайф ибн Умар Абдуллоҳ ибн Саиддан ривоят қилган, у Абдурроҳман ибн Каъб ибн Моликдан ривоят қилган». Сайф ибн Умар Абдуллоҳ ибн Саиддан, у Абдурроҳман ибн Каъб ибн Маликдан ривоят қилган.
Бу – Росулуллоҳнинг биринчи халифаси боғларидан (баракаларидан) озгинаси, холос. У киши Аллоҳнинг изни билангина мана шундай муваффақиятларга эришган. Бугунги кунда мусулмонлар мана шундай Халифаликда яшаб, уни орзу қилмоқдалар. Дарҳақиқат, Аллоҳ тўғри йўлга ҳидоят қилгувчи зот…
Аллоҳим, бу Умматни тўғри йўлга ҳидоят қил. Аллоҳим, ушбу умматга биринчи рошид халифалар давридек улкан ва қудратли Халифаликни барпо этишида Ўзинг ёрдам бер! Омин!
