Душман ва рақибларнинг Ислом давлати ҳақида билдирган гувоҳликлари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Душман ва рақибларнинг Ислом давлати ҳақида билдирган гувоҳликлари
Ислом давлати сиёсат, бошқарув, иқтисод, ижтимоий ҳаёт ва суд тизимида Ислом аҳкомларини тўлиқ татбиқ этгани туфайли, фуқаролар хавфсизлик ва хотиржамлик ичида яшаган. Бу ҳақда ҳатто унинг душманлари ҳам гувоҳлик берган.
Саёҳатчи Мутрай ўз хотираларида қуйидагиларни ёзади: «Мен Усмоний давлатда ўн тўрт йил давомида ҳаёт кечирдим. Бу давлатда жиноятлар, жумладан ўғирлик ҳолатлари жуда кам учрар эди. Айниқса, Истанбулда ўғирликлар деярли содир бўлмасди. Усмоний давлатда йўл тўсарлик қилган шахслар жазо тариқасида қозиққа санчиб ўлдирилар эди. Мен Истанбулда яшаган ўн тўрт йил мобайнида бу жазо фақат олти маротаба қўлланди. Жазога тортилганларнинг барчаси рум (юнон) миллати вакиллари бўлган. Турклар ҳақида эса одамларни йўл тўсиб талагани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шу боис, у ерда одамларнинг ўз ҳамёнини ўғри уриб кетишидан хавфсирашига ҳеч қандай асос йўқ эди».
Истанбулда элчи бўлиб хизмат қилган Сер Жеймс Портер, турклар ва Исломга нисбатан адоват кўрсатишига қарамай, қуйидагиларни ёзади: «Усмоний жамиятида йўл тўсарлик ёки уйларни талон-торож қилиш каби ҳолатлар деярли йўқ эди. На уруш даврида, на тинчлик вақтларида йўллар хавфсизлиги уйларники билан баробар бўлиб, ҳар қандай шахс Усмоний давлатнинг исталган шаҳридаги асосий йўлларда бемалол ёлғиз юриши мумкин эди. Энг ҳайратланарлиси шуки, келиб-кетувчилар ва сайёҳлар сони жуда кўп бўлишига қарамай, кўнгилсиз воқеалар жуда кам учрарди. Фақат бир неча йилда айрим ноодатий ҳолатларга дуч келиш мумкин эди, холос».
Абу Жиний ўз ёзувларида шундай дея хотирлайди: «Ўша буюк пойтахтда одамлар ҳар куни дўконларини очиқ қолдирган ҳолда белгиланган вақтларда намозга йўл олишарди. Тунда эса уй эшикларини ёпишда одатдагидек фақат ёғоч қулфдан фойдаланишарди. Бир йил давомида уч ёки тўрт мартадан ортиқ ўғирлик ҳолати рўй бермасди. Аммо аҳолисининг кўпчилиги насронийлардан иборат бўлган машҳур Ғалата ва Бейоғлу маҳаллаларида эса деярли ҳар куни ўғирлик ёки бошқа жиноят ҳолатлари содир бўлиб турарди».
Инглиз сайёҳларидан бири «Daily News» газетасида Усмонийлар давлатидаги хавфсизлик ва адолат ҳақида шундай ёзади: «Бир куни мен қишлоқдан арава ижарага олдим. Унга ўзимнинг ва бир венгер офицери дўстимнинг нарса-буюмларини юкладик. Барча қути ва нарсалар очиқ ҳолда эди, улар орасида плашлар, толали кийимлар ва шарфлар ҳам бор эди. Шу вақтда мен хушбўй қуритилган гиёҳлардан харид қилмоқчи бўлдим. Мулойимлиги ва одоби билан ажралиб турган бир турк менга ҳамроҳлик қилишни таклиф қилди. Кейин у одам ҳўкизларни аравадан ечди ва арава билан нарсаларни йўл ўртасида қолдириб кетди. Мен уни узоқлашиб кетаётганини кўриб «Бир киши бу ерда қолиши керак-ку», дедим. У эса ҳайрон бўлиб «Нега?», деб сўради. Мен «Нарсаларимизни қўриқлаш учун», дедим. У жавобан «Нима учун? Асло ташвишланманг, агар нарсаларингиз шу ерда ҳафта давомида кечаю-кундуз қолиб кетса ҳам, ҳеч ким тегмайди», деди. Мен ҳам қаттиқ туриб олмадим ва кетдим. Қайтганимда эса барча нарсалар ўз жойида эди. Чунки Усмоний аскарлари доимо ўша йўлдан ўтар эдилар. Бу кўз билан кўрилган ҳақиқат ҳар бир насронийга Лондон черков минбарларидан эълон қилиниши лозим. Акс ҳолда баъзилар буни туш ёки хаёл деб ўйлайдилар. Аммо улар ўз уйқуларидан уйғонишлари керак».
Бу – душман ва рақибларнинг ўзлари гувоҳлик берган ҳақиқатдир. Яъни, Ислом давлатида Ислом аҳкомлари тўлиқ татбиқ этилгани боис фуқаролар хавфсизлик ва тинчликда яшаган. Аммо мустамлакачи кофирлар ўз манфаатлари ва ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида бугунги миллий давлатчаларни ташкил этиб, уларга капиталистик тузумни татбиқ қилишни юкладилар. Натижада мусулмонларнинг ҳаёти сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва хавфсизлик жиҳатидан издан чиқди. Бугунги давлатчаларда жиноятлар, қотилликлар, ор-номуснинг поймол қилиниши каби бузғунчиликлар тобора авж олмоқда. Ҳақиқий хавфсизлик ва осойишталик эса фақат Халифаликни барпо этиш орқали таъминланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
«إِنَّمَا الْإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»
«Дарҳақиқат, имом-халифа қалқондир. Унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади».
Роя газетасининг 2025 йил 13 август, чоршанба кунги 560-сонидан