Роя газетаси

Иброҳим келишувлари яҳудий вужудини мустаҳкамлашми ёки унинг заволга юз тутишидан дарак берувчи тавқи лаънатми?!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Иброҳим келишувлари яҳудий вужудини мустаҳкамлашми ёки унинг заволга юз тутишидан дарак берувчи тавқи лаънатми?!

Адвокат Хотам Жаъфар

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Судандаги

вилоят кенгаши аъзоси

Мустамлакачиликни фақат ўтмишда қолган тарихий босқич деб тасаввур этган киши хато қилади. Чунки мағлуб халқлар устидан сиёсий, ҳарбий, маданий ва иқтисодий ҳукмронлик ўрнатиб, уларни эксплуатация қилиш сифатида таърифланган мустамлакачилик, аслида капиталистик мабдани дунё миқёсида тарқатиш ва татбиқ этишнинг асосий воситасидир. Шу боис капитализм дунё ва халқаро муносабатларда ҳукмрон бўлиб турган экан, мустамлакачилик ҳам сақланиб қолаверади. Ана шунинг учун кофир мустамлакачи Ғарб Халифалик қулатилганидан кейин Яқин Шарқни қайта тузиб, уни ҳануз қаттиқ назорат остида ушлаб келмоқда ва ўз манфаатларига мос келадиган тарзда қайта шакллантирмоқда.

1907 йилда Британия бош вазири Кэмпбелл Банерман Лондонда махфий конференция чақирди. Унда Британия, Франция, Бельгия, Испания ва Италия каби йирик мустамлакачи давлатлар вакиллари иштирок этди. Мазкур конференция якунларида кейинчалик «Кэмпбелл ҳужжати» номи билан машҳур бўлган ҳужжат қабул қилинди. Ундаги асосий нуқталар қуйидагилардан иборат эди:

  • Африка арабларини Осиё арабларидан ажратиш учун Фаластинда бегона сунъий тўсиқни барпо этиш.
  • Фаластинда яҳудийлар учун мустамлакачи кучларнинг стратегик иттифоқчиси бўлиб хизмат қиладиган давлатни қуриш.

Шундан кейин яҳудий вужудини барпо этиш учун саҳна тайёрланди. 1916 йилдаги Сайкс–Пико келишуви орқали кофир мустамлакачилар мусулмонларга нисбатан ўз адоватларини намоён қилдилар: улар юртларни бўлинишни мустаҳкамлайдиган, Исломга қарши курашадиган ва мустамлакачи кофир манфаатларини таъминлайдиган қўғирчоқ миллий давлатларга бўлиб ташладилар. Шу тариқа яҳудий вужудини барпо этиш йўли енгиллаштирилди, уни қўллаб-қувватлаш ва хавфсизлигини таъминлаш кафолатланди. Шундан сўнг Бальфур декларацияси эълон қилинди. 1917 йил 2 ноябрда Британия ташқи ишлар вазири Бальфур сионист ҳаракати етакчиларидан бири Лорд Ротшильдга хат йўллади. Унда шундай дейилган эди: «Жаноб олийлари ҳукумати яҳудий халқи учун Фаластинда миллий ватан барпо этилишини хайрихоҳлик билан ижобий баҳолайди». Британия бу вужудни мусулмонлар юртининг қоқ юрагига ўрнатган бўлса-да, доимо хавотирда эди. Чунки агар бу вужуд очиқдан-очиқ «яҳудий давлати» кўринишига эга бўлса, мусулмонлар учун ўта ҳассос масалага айланиши ва улар томонидан рад этилиши муқаррар эди.

Бироқ Америка Фаластинда яҳудий давлати барпо этилишини зарур деб ҳисоблади. Чунки ундан минтақани мустамлака қилиш воситаси сифатида фойдаланишни кўзлаган эди. Шу боис Америка таъсирида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1947 йил 29 ноябрда 181-сонли қарорни қабул қилди. Унга кўра, Фаластин икки давлатга бўлиниб, яҳудийлар учун давлат барпо этилиши белгиланди. Фаластин масаласини яҳудийлар манфаати йўлида тугатиш мақсадида мустамлакачилар Фаластин Озодлик Ташкилотини туздилар. Фаластин Озодлик Ташкилоти ва Сайкс–Пико асосида пайдо бўлган вужудлар эса бирин-кетин ён беришда давом этди. Бу жараён 2002 йил Байрутдаги Араб саммитига бориб етди. У ерда араб давлатлари «ер эвазига тинчлик» режасини қабул қилдилар. Яъни Фаластин ҳудудининг 20 % дан кам қисмида «Фаластин давлати» номи билан формал ҳокимият барпо этиш ва бунинг эвазига босқинчи вужуд билан муносабатларни нормаллаштириш кўзда тутилди. Бу ҳолат «Араб ташаббуси» номи билан машҳур бўлди. Бироқ яҳудий вужуди бунга ҳам рози бўлмади. Чунки ўз ерларининг 80 % идан воз кечганлар қолган 20 % идан ҳам воз кечиши мумкин эди.

Трамп ҳокимиятга келгач ва биринчи президентлик муддати охирида Иброҳим келишувлари деб аталган муносабатларни нормаллаштириш битимларини илгари сурди. Бу келишувлар Ислом, насронийлик ва яҳудийлик динларини бир дастур атрофида бирлаштириш ғоясини ўз ичига олар эди.

Сиёсий маънода «муносабатларни нормаллаштириш» атамаси табиий муносабатлар ўрнатишни англатади. Бу атама илк бор 1979 йилдаги хиёнаткор Кэмп Дэвид келишувида қўлланиб, унда қуйидагича таъкидланган эди: «Икки томон ўзаро табиий муносабатлар ўрнатадилар, худди давлатлар тинчлик пайтида ўрнатадиган муносабатлар каби».

Иброҳим келишувларининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • Ўзаро тан олиш;
  • Дипломатик ва савдо муносабатларини нормаллаштириш;
  • Ҳарбий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
  • Технология, энергетика, таълим ва туризм йўналишларида қўшма инвестицияларни амалга ошириш.

Хиёнаткор ҳукмдорлар ушбу келишувларни имзолашга шошилдилар. Бирлашган Араб Амирликлари 2020 йил 13 август куни, Баҳрайн эса 2020 йил 11 сентябрда келишувни имзолади. 2020 йил 23 октябрда Трамп раҳбарлигида ўтган видеомулоқотда Суданнинг қўшилгани эълон қилинди. Унда Нетаняху, Бурҳон ва Абдуллоҳ Ҳамдук иштирок этди. Марокаш эса 2020 йил декабрида ушбу хиёнаткор келишувга қўшилди.

Трамп Америкада иккинчи президентлик муддатига киришганида, унинг асосий мақсадларидан бири Фаластин масаласини бутунлай тугатиш ва кўплаб давлатларни хиёнаткор Иброҳим келишувларига қўшиш эди. CNBC телеканалига берган интервьюсида Трампнинг махсус вакили Стив Уитков: «Иброҳим келишувларини кенгайтириш Трампнинг устувор йўналишларидан бири» дея таъкидлади. Шу билан бирга, у ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган давлатларнинг қўшилишига ишора қилди.

2025 йил 14 май куни Трамп Сурия президенти Аҳмад Шара билан видеоконференция орқали учрашув ўтказди. Унга Муҳаммад ибн Салмон ва Эрдоган ҳам қўшилди. Учрашув чоғида Трамп Шарадан Иброҳим келишувларига қўшилишни талаб қилди. Шара эса ички ишларини тартибга келтиргандан сўнг хиёнат ботқоғига қадам қўйишга тайёрлигини билдирди.

2025 йил 11 август, душанба куни телефон мулоқотидан сўнг Бурҳон Швейцариянинг Цюрих шаҳрига сафар қилди ва у ерда Трампнинг маслаҳатчиси Мусад Булус билан учрашди. Унга берилган кўрсатмалар орасида Бурҳоннинг яҳудий вужуди билан Иброҳим келишувларини имзолаш талаби ҳам бор эди. Маълумки, Судан ушбу келишувларни 2021 йил 6 январ куни Хартумдаги Америка элчихонасида имзолаган. Унга Америка номидан молия вазири Стивен Мнучин, Судан номидан эса адлия вазири Насриддин Абдулбори имзо чеккан эди.

Яҳудий вужуди мустамлакачининг эрка фарзандидир. 1916 йилдаги Сайкс–Пико битими асосида мусулмонлар юртида тузиб берилган қўғирчоқ миллий давлатчалар эса мустамлакачига тобе бўлиб хизмат қилади. Уларнинг зиммасига аввал яҳудий вужудини барпо этишни осонлаштириш, кейин эса уни қўллаб-қувватлаб, сақлаб туриш вазифаси юклатилган эди. Бугун Америка Иброҳим келишувлари орқали яҳудий вужудини шу давлатларга васий қилиб қўймоқчи: уни улар устидан назоратчи қилиб тайинлаб, қолган бойликларига эгалик қилади ва Троя оти вазифасини бажаради. Шу йўл билан Америка ва кофир Ғарбнинг мақсадлари – аллақачон бўлинганни яна бўлиш, парчаланганни яна парчалаш, Исломга қарши курашиш, бойликларни талаш ва Умматнинг уйғонишига тўсқинлик қилиш – янада осонлаштирилади. Бу – мустамлакачининг макридир. Албатта, Аллоҳ янада маккорроқдир.

وَيَمۡكُرُونَ وَيَمۡكُرُ ٱللَّهُۖ وَٱللَّهُ خَيۡرُ ٱلۡمَٰكِرِينَ

«Улар макр қилурлар, Аллоҳ ҳам «макр» қилур. Аллоҳ «маккор»роқдир» [Анфал 30]

Кофир Ғарб мусулмонларга қарши узоқ йиллик урушида бугун шахсан майдонга тушди. У куфр бошчиси Американинг қўллаб-қувватлови билан ўзининг ташландиқ вужуди орқали мусулмонларни қарши олмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, бу ҳолат у билан бўлган курашнинг якун топишига оз қолганини англатади. Чунки у аввал бизга қарши урушини вакиллар орқали олиб борган бўлса, ҳозир эса шахсан ўзи жанг майдонига чиқди. Бу эса Ҳизб ут-Таҳрирнинг «Ёйилиш нуқтаси» китобчасида (33-саҳифа) келтирилган таҳлилни тўла тасдиқлайди. Унда мустамлакачилик ҳақида шундай дейилган: «Мустамлака ҳизбга фақат умидсиз қолганда, яъни энг охирги окопларда жанг қилаётганда ва энг охирги қуролини қўлида тутганда юзма-юз келиши мумкин». Бу, шубҳасиз, мустамлакачи билан курашнинг охирги босқичига кирилгани ҳақидаги хушхабардир. Чунки чин сўзли, огоҳ ва Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилган мусулмонлар бор экан, улар У Зотдан нусрат ва мадад олиб, жанг майдонини ҳеч қачон тарк этмайдилар. Улар қадамларини тезлатиб, Умматнинг уйғониши йўлида қатъият билан илгарилайдилар, сабабларни оқибатлари билан боғлайдилар ва ғайбга иймон келтирадилар. Биз чин дилдан ишонамиз: Аллоҳнинг ёрдами шубҳасиз яқин. Инша Аллоҳ, бу ёрдам Уммат устига тушиб, Иброҳим келишувлари яҳудийлар учун тавқи лаънатга айланади. Балки мустамлакачиларнинг бутун юртларимиздаги ва ҳатто дунё миқёсидаги нуфузи ҳам заифлашади. Шунда ер юзи Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик соясида Парвардигорнинг нури билан ёритилади.

Роя газетасининг 2025 йил 17 сентябр, чоршанба кунги 565-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button