Роя газетаси

Индонезиядаги қонли намойишлар ва уларнинг асл сабаблари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Индонезиядаги қонли намойишлар ва уларнинг асл сабаблари

Устоз Абдуллоҳ Асвор

2025 йил 25 августдан буён Индонезияда кенг қамровли оммавий намойишлар тўлқини авж олмоқда. Ушбу намойишлар мамлакатнинг 32 та провинциясида, жами 107 та ҳудудда қайд этилди. Айрим намойишлар тинч йўсинда ўтган бўлса-да, уларнинг катта қисми тартибсизликка айланиб, бузғунчилик ва ўт қўйиш ҳолатлари билан кузатилди. Энг кескин тартибсизликлар бир қатор ҳудудларда содир бўлди. Улар қаторига пойтахт Жакарта, Марказий, Шарқий ва Ғарбий Жава, Ёгякарта, Шимолий Суматра, Ғарбий Нуса Тенгара, Жанубий Сулавеси ҳамда Ғарбий Калимантан провинциялари киради. Натижада жамоат объектлари, ҳукумат идоралари ва ҳатто миллий хавфсизликка оид иншоотлар ҳам катта зарар кўрди. Масалан, Жакарта шаҳрида «Транс Жакарта» автобус станциялари ва метро тизимининг 22 та станцияси бузғунчиликка учради. Ушбу зарарнинг умумий қиймати тахминан 50,4 миллиард индонезия рупияси деб баҳоланди.

Жанубий Сулавесидаги Макасар шаҳрида вилоят ва шаҳар қонунчилик кенгаши (DPRD) бинолари ёқиб юборилди. Натижада уч киши ҳалок бўлди, яна беш киши яраланди. Шу каби тартибсизликлар бошқа шаҳарларда ҳам авж олди. Улар қонунчилик кенгашлари бинолари, маҳаллий ҳукумат қароргоҳлари, полиция бўлимлари, музейлар, амалдорлар уйлари ҳамда кўплаб жамоат объектларини – кўча ёритиш тизимлари, кузатув камералари ва транспорт инфратузилмаларини – нишонга олди. Ушбу объектларнинг барчаси катта зарар кўрди. Ҳаётий муҳим инфратузилмаларнинг вайрон қилиниши билан бирга, бундай тартибсизликлар бегуноҳ инсонлар ҳаётига ҳам зомин бўлди ҳамда давлатга ўнлаб ва ҳатто юзлаб миллиард рупия миқдорида зарар етказди.

Биринчи норозилик намойишлари 10-13 август кунлари Марказий Жава вилоятининг Пати туманида бошланди. Бунинг асосий сабаби ер ва бинолар солиғини (PBB-P2) 250 % гача ошириш таклифи бўлди. Кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам солиқ миқдори кескин оширилди. Айрим жойларда эса, жумладан Чирибонда, у 1000 фоизгача кўтарилди. Солиқнинг бундай кескин кўтарилиши 2026 йил учун маҳаллий бюджетларни 234 миллиард долларга қисқартириш оқибатида юзага келди. Бу қарор Президент Прабово Субианто томонидан жорий этилди. Натижада ҳудудлар маблағлари чорак қисмига қисқариб, фақат 40 миллиард доллар қолди. Бу эса сўнгги ўн йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Шу сабабли маҳаллий ҳукуматлар ер ва кўчмас мулк солиғини оширишга мажбур бўлдилар. Бир вақтнинг ўзида ҳарбий харажатлар 37 % га оширилди, бепул овқат дастури эса деярли икки баробарга кенгайтирилиб, 20,5 миллиард АҚШ долларига етказилди.

Шундан кўп ўтмай, 15-20 август кунлари Жакартада норозилик намойишлари авж олди. Улар асосан парламент аъзоларига берилган ҳаддан ташқари кенг имтиёзларга қаратилди. Айниқса, ойига 50 миллион индонезия рупияси (тахминан 3000 АҚШ доллари) миқдорида белгиланган уй-жой нафақаси қаттиқ танқид остига олинди. Бу сумма пойтахтдаги энг кам иш ҳақидан ўн баробар кўп эди.

25 августга келиб, норозилик намойишлари Бандунг, Макасар, Медан ва Бали каби йирик шаҳарларга ҳам ёйилди. Намойишчиларнинг талаблари элита манфаатларига хизмат қилувчи сиёсатларни бекор қилишдан тортиб, парламентни (DPR) тарқатишгача борди. Айрим қонун чиқарувчиларнинг ҳақоратомуз ва провокацион баёнотлари халқ ғазабини янада кучайтирди. Жумладан, танқидчиларни «дунёдаги энг аҳмоқ одамлар» деб аташ халқ орасидаги ғазаб оловини янада кучайтирди. 28 август куни Жакартада парламент биноси олдида минглаб намойишчилар – талабалар, ишчилар ва мобил иловалар орқали хизмат кўрсатувчи мотоцикл ҳайдовчилари – хавфсизлик кучлари билан тўқнаш келдилар. Улар меҳнат соҳасида ислоҳотлар ўтказишни, ташқи пудрат тизими (outsourcing)ни бекор қилишни ва энг кам иш ҳақини оширишни қатъий талаб қилдилар.

28 август кечаси фожиали воқеа содир бўлди: мобил илова орқали хизмат кўрсатувчи мотоцикл ҳайдовчиси Аффан Курниаван полициянинг тактик машинаси уриб кетиши натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса улкан ғазаб тўлқинини келтириб чиқарди ва бошқа шаҳарларда ҳам тартибсизликларни янада кучайтирди.

Индонезиядаги норозиликлар фақат юқори солиқлар ёки депутатларга берилган ҳаддан ташқари ҳашаматли имтиёзлар билан чекланмайди. Улар давлатнинг, айниқса иқтисодий соҳада, ўз фуқароларининг интилиш ва талабларини қондиришдаги узлуксиз муваффақиятсизликлари натижасида халқда йиллар давомида тўпланиб келган ғазабнинг очиқ ифодасидир. Бу ҳолат аввалги даврларда бўлсин ёки президент Прабово ҳокимиятга келганига ҳали бир йил ҳам тўлмасдан бўлсин, фарқи йўқ. Шу билан бирга, сиёсий элитанинг халқ азоб-уқубатларига ҳамдардлик билдирмаслиги ҳам норозиликларни янада кучайтирмоқда.

Жаҳон банкининг 2023 йилги маълумотларига кўра, Индонезияда меҳнат кучининг тахминан 60 фоизи ҳануз норасмий секторга таянади. Бу қатламнинг на доимий даромади, на ижтимоий ҳимояси мавжуд. Бундан ташқари, ўрта табақанинг қисқариши вазиятни янада оғирлаштирди: миллионлаб инсонлар паст даромад қатламларига тушиб кетди ёки қашшоқлик чангалига қайта кириб қолди.

Иқтисодий ва ҳуқуқий тадқиқотлар маркази (CELIOS) маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида тахминан 10 миллион индонезиялик иқтисодий таназзулга юз тутди. Шу давр мобайнида озиқ-овқат нархлари ошди, иш ўринлари қисқарди ва фақатгина 2025 йил бошидан бери 42 мингдан ортиқ ишчи ишдан бўшатилди. Иқтисодий инқироз шароитида ҳукумат солиқларни кескин оширди ва барчага тааллуқли операцияларга қўшимча йиғимлар жорий этди. Бироқ ўсиш суръатининг секинлашиши ва давлат қарзларининг кўпайиши сабабли солиқ даромадлари белгиланган мақсадларга етмади. Шу боис ҳукумат бюджетларни қисқартиришга ва маблағларни устувор йирик лойиҳаларга йўналтиришга мажбур бўлди. Шу билан бир вақтда, депутатлар учун тўловларнинг ҳам оширилиши аҳоли орасида кескин норозилик уйғотди.

Халқ оғир қийинчиликлар домида кун кечираётган бир вақтда, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда парламентнинг йиллик йиғилишида депутатлар рақсга тушаётгани акс этди. Бу ҳолат август ойида депутатларга уй-жой учун ажратиладиган тўловлар миқдори оширилгани ҳақидаги эълон ортидан юз берди.

Аслида, Индонезия табиий ресурслар бўйича улкан салоҳиятга эга мамлакатдир. У калий ва никель ишлаб чиқаришда дунёда биринчи, кўмирда учинчи, олтинда эса олтинчи ўринни эгаллайди. Бироқ бу бойликларнинг асосий қисми маҳаллий ва хорижий хусусий сектор қўлида жамланган. Масалан, Хитой Индонезиядаги никель қазиб олишнинг тахминан 75 фоизини назорат қилади.

Амалда давлат даромадларининг асосий манбаи солиқлардир. Улар умумий даромаднинг 80 фоизидан ортиқ қисмини ташкил этади. Шунинг учун табиий ресурслардан келадиган даромад 20 фоиздан ҳам кам бўлиб, у ҳам давлатнинг бошқа активлари билан тақсимланиб кетади.

Стратегик миллий бойликлар устидан хусусий секторнинг кенг назорати ижтимоий адолатдаги тафовутларни янада кучайтирди. Давлат молиявий танқисликка дуч келганда эса ҳукумат халққа солиқ ва йиғимларни оширишдан бошқа йўл топа олмади. Бу эса одамларни янада оғир азоб-уқубатларга гирифтор этди ва уларнинг ғазабини янада алангалатди.

Афсуски, намойишчилар ва тартибсизликларда қатнашганларнинг талаблари юзаки бўлиб қолди. Улар асосан депутатларга уй-жой учун ажратиладиган тўловлар миқдорини бекор қилиш масаласига қаратилди. Ваҳоланки, муаммонинг асл илдизи давлатнинг капитализм асосига қурилган иқтисодий-сиёсий тузилишида ётибди.

Иқтисодий жиҳатдан шахсий мулк эркинлиги тамойили капиталистлар ва олигархларга миллий стратегик бойликларни тўлиқ назорат қилиш имконини бермоқда. Сиёсий жиҳатдан эса улар демократик тузум воситасида ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар. Бу эса сайловлар, лобби гуруҳлари ёки пора каби коррупциявий усуллар орқали амалга оширилади.

Роя газетасининг 2025 йил 17 сентябр, чоршанба кунги 565-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button