Роя газетаси

Истанбул баёноти билан аввалги фатволар орасида ер билан осмонча фарқ бор

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Истанбул баёноти билан аввалги фатволар орасида ер билан осмонча фарқ бор

Эрдоган мезбонлигида ўтган «Ғазо – исломий ва инсоний масъулият» мавзусидаги конференция якунида уламолар баёнот қабул қилдилар. Анжуман Истанбулда олти кун давом этди. Якуний баёнот Аллоҳ йўлидаги тайёргарлик ва жиҳодга доир оятлар билан бошланди. Шу сабабли уни ўқиган ҳар бир киши кейинги банд ва қарорлар фақат Ғазога ёрдам беришни эмас, балки бутун Фаластин ва Масжидул-Ақсони озод этиш учун дарҳол жиҳодга қўшилиш йўлини кўрсатадиган амалий дастур бўлади, деб ўйлади. Аммо воқелик бутунлай бошқача кечди. Чунки қабул қилинган қарор, тавсия ва чақириқлар гўё халқаро тизим тилида, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда Америка ва Ғарбга итоаткор режимлар риторикасига уйғун ҳолда ёзилгандек эди. Бу эса Ғазога ёрдам беришда сусткашлик қилган, унга қарши тил бириктирган ва Умматни ўз бурчини адо этишдан ҳар қандай йўл билан тўсиб келган ҳукмдорларнинг, айниқса Эрдоганнинг айбини ювишга қаратилган аянчли уринишдан бошқа нарса эмас эди.

Биз «Истанбул баёнотида баён этилган ёки унда тилга олинмаган масалалардан қайси бири кўпроқ хатарли эканини ҳам билмай қолдик», деб айтсак, бу билан уламоларга туҳмат қилаётган бўлмаймиз. Бу саволга ойдинлик киритиш мақсадида масалани ўхшаш ҳолат билан қисқача таққослаб кўрамиз. Яъни, Истанбул баёнотида келтирилганлар билан ундан аввал, айниқса «Ақсо тўфони» амалиётидан бери чиқарилган фатволарни солиштириб чиқсак. Зеро, бу фатволар охирги икки йил давомида қабул қилиниб, тегишли идоралар, уламолар ва чиқарилган санаси билан ҳужжатлаштирилиб, эълон қилинган. Уларга мурожаат қилиш мумкин. Шу сабабли бу адолатли муқояса ҳисобланади. Истанбул баёноти олимлар томонидан эълон қилинган бўлса, аввалги фатволарни ҳам олимлар чиқарган. Бироқ аввалги фатволардан келиб чиқадиган сиёсий позиция ва амалий йўналиш Истанбул баёнотидан келиб чиқадиган натижалардан мутлақо фарқ қилади.

Аввалги фатволар – улар олимлар ташаббуси билан чиқарилган бўлсин ёки Ғазо аҳли ва унинг мужоҳидлари томонидан қилинган чақириқ, ёрдам сўрови ва нусрат талабига жавобан эълон қилинган бўлсин – Умматни, армияларни ва уламоларни «Ақсо тўфони» жангига қўшилишга чорлаб, бу жангни тўлиқ озодлик жангига айлантиришни мақсад қилган. Ушбу фатволар Аллоҳ таолонинг Китоби ва Росулуллоҳ ﷺ суннатига таянади ҳамда Аллоҳ йўлида жиҳод учун армияларни ҳаракатга келтириш ва Фаластинни тўлиқ озод қилиш фарз эканини очиқ баён этади. Фатволарда бу фарз бутун мусулмон Умматига вожиблиги, бироқ энг аввало қўлида қурол ва кучга эга, сафларида тайёргарлик кўрган аскарлари бўлган армиялар бу вожибга бевосита масъул эканлиги баён этилган. Шунингдек, аскарларнинг қўмондонларига жиҳоддан қочишда итоат этиш ҳаромлиги очиқ-ойдин қайд этилган. Шу билан бирга, айрим фатволарда душман билан тил бириктириб, Ғазони ёрдамсиз қолдиргани ҳамда Умматни Ғазони ҳимоя қилиш ва Фаластинни озод этишдан тўсгани тасдиқланган ҳукмдорларга қарши чиқиш вожиблиги таъкидланган. Бундан ташқари, ушбу фатволарда ҳукмдорлар ва уларнинг ёрдамчилари томонидан душман билан тил бириктириш ва Ғазони ёрдамсиз ташлаб қўйиш Аллоҳнинг ғазабини қўзғатиб, дунё ва охират азобига сабаб бўладиган оғир гуноҳ экани, бу эса Ал-Вало ва Ал-Баро ришталарини бузиши очиқ баён этилган. Уламолар эса Умматни барча тўсиқларни бузиб ўтиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга, Ғазо аҳлига ёрдам кўрсатишга ва ҳукмдорлардан ижозат кутмасдан ҳаракат қилишга даъват этган. Фатволарда, шунингдек, уламоларнинг режимлар ва ҳукмдорларга йўллаган даъватлари фақат Аллоҳ ҳузурида узр келтириш учун экани, ҳукмдорлар эса бу даражадаги тил бириктирувдан кейин ҳам ҳеч қандай амалий қадам ташламаётгани таъкидланган. Бундан ташқари, мазкур фатволар мўминларнинг юрагини ларзага соладиган ҳақ сўзларни ҳам ўз ичига олган. Хусусан, Уммат ва унинг уламолари қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида Ғазодаги мужоҳид ва муробитлар билан даъволашувчи сифатида туришга тоқат қила олмаслиги, улар учун бундай даъволашувдан кўра ўлим енгилроқ экани очиқ баён этилган.

Қисқача айтганда, аввалги фатволарга асосланган ишлар Умматни қуллик занжирларини узишга, ҳукмдорлардан қутулишга, қўлдаги куч ва армия устидан назоратни қайта тиклашга, ўз вазифасини адо этиш ва Парвардигорининг фарзини бажаришга ундайди. Бу йўл – режимлар ва уларнинг ёрдамчилари истаса ҳам, истамаса ҳам – Фаластиннинг тўлиқ озод қилинишига етаклайди.

Истанбул баёноти эса бу чақириқларнинг барчасидан холи бўлди: у армияларни ҳаракатга келтиришга, ҳукмдорлар томонидан Умматга қўйилган тўсиқларни бузиб ўтишга ва ҳатто Фаластинни озод қилишга ҳам даъват этмади. Буларнинг барчаси ўрнига у Эрдоганнинг чақириқларини қабул қилиб, «исломий-инсоний иттифоқ» тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва уни «инсоний» деб атади. «Тажовузни тўхтатиш ва жиноятчиларни жазолаш»ни асосий мақсад қилиб кўрсатди. «Халқаро сукут ва минтақавий тил бириктирув»га ишора билан бошланган баёнотда бутун дунёдаги, шу жумладан мусулмон юртларидаги айни жиноятда шерик бўлган давлатларга мурожаат қилиниб, уларнинг устидан босим ўтказиш учун уларнинг ўзлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳуқуқий ва парламентлараро жаҳон иттифоқини тузиш ҳам талаб қилинди. Баёнотда насроний муассасалар, жумладан Ватикан папасига, ҳатто яҳудий муассасаларига ҳам «Ғазони қутқариш» чақириқлари йўлланди. Шунингдек, халқаро адлия ва халқаро жиноят суди қарорларини амалга оширишга даъват этилди. Мусулмонларга қарши уруш олиб бориб, уларнинг ерларини босиб олганларга нисбатан Аллоҳнинг шаръий ҳукмини татбиқ этиш ўрнига шу ишларга чақирилди.

Мусулмонларга келганда эса, Истанбул баёноти уларнинг вазифасини фақат хайрия маблағларини ажратиш ва келаси йил закотининг ярмини Ғазога ёрдам бериш ҳамда уруш тугагач уни қайта тиклашга сарфлаш билан чеклади. Бу эса озодлик урушини эълон қилишга чақириш ўрнига қилинди. Қамални ёриш масаласида ҳам чақириқ мавжуд воситалардан ташқарига ўтмади. Жумладан, «Озодлик флотилияси»ни кемалар билан қўллаб-қувватлаш таклифи билдирилди. Бу эса ҳарбий флот ва армияларни сафарбар этиш ҳақида чақириқ йўллаш ўрнига амалга оширилди.

Истанбул баёнотида исломий шариат қонунлари билан халқаро ҳуқуқ бир қаторга қўйилиб, яҳудий вужуди билан алоқаларни узиш ҳақидаги чақириқда айни шу халқаро ҳуқуқ асосий манба сифатида кўрсатилди. Бу эса, аслида, «ёвуз ўсимта»ни кесиб ташлаш – яҳудий вужудини бутунлай йўқотишга даъват этиш ўрнига амалга оширилди. Шундан кейин миллийлик бути муқаддас деб кўрсатилиб, «Буюк Исроил» режаларига қарши туриш масъулияти фақат шу нишонга олинган давлатлар зиммасига юклатилди.

Кейин Истанбул баёноти очиқ-ойдин ёлғон гувоҳлик билан якунланди: унда Эрдоганга миннатдорчилик ва эътироф билдирилиб, унинг ҳукумати «рошид» деб таърифланди.

Шу қисқа шарҳдан аниқ бўладики, Истанбул баёнотидан келиб чиқадиган ишлар хайрия маблағларини йиғиш ва душманларга урушни тўхтатиш ҳақида чақириқ йўллашдан нарига ўтмайди. Энг хатарлиси шундаки, у ҳукмдорлар ва режимларни тил бириктириш ва сусткашлик жиноятидан озод этиб, қабул қилинган қарор ва чақириқларнинг ижросини айнан ўша ҳукмдорларга юклайди. Ҳолбуки, уларнинг тил бириктириши ва ҳамкорлиги барчага ойдин ҳақиқатдир.

Дарҳақиқат, Жаҳон мусулмон уламолари иттифоқи ва Туркиядаги Ислом уламолари вақфи остида бирлашиб, Эрдоган дастурхонида йиғилган «Истанбул уламолари» учун муносиб иш шунда эдики, улар Уммат ва унинг армияларини дарҳол ҳаракатга жалб этадиган амалий мавқе эълон қилган бўлишлари лозим эди. Бу мавқе фақат Ғазога ёрдам бериш ва урушни тўхтатиш билан чекланмай, балки бутун Фаластинни озод этишга қаратилган бўлиши шарт эди. Уларнинг мавқелари оммавий ахборот воситалари бу баёнотларни тарқатган пайтда одамлар ва аскарларни ўз ишларини ташлаб, Умматни йўналтирадиган амалий кўрсатмаларни интиқлик билан кутишга чорлаганда эди, ана шунда бу ҳақиқатан ҳам уларга ярашар эди. Шунингдек, дунё нафасини тўхтатиб, барча кофирлар уларнинг йиғилиши зикр этилган заҳоти қўрқинчдан титраганида эди, ҳақиқатда ярашар эди. Аммо афсуски, улар бу даражага муносиб бўлишдан бош тортдилар.

Ниҳоят, Истанбул конференцияси натижалари соясида қўйилиши лозим бўлган икки муҳим савол бор: ростдан ҳам бу конференция Ғазога ёрдам бериш учун ўтказилдими? Ёки у, аксинча, аввалги уламолар фатволарига асосланиши мумкин бўлган ҳар қандай муҳим ишни йўққа чиқариш мақсадида ўтказилдими?

Истанбул баёнотидан кейин бизнинг пасткаш душманимиз биз ҳақимизда қандай хулосага келишини истайсиз? Янада кўпроқ қирғин, вайронагарчилик, парчаланган жасадлар ва сургунними? Наҳотки у шундан бошқа маънони англай олса?! Ахир, у икки миллиардлик Уммат қила оладиган ёки ҳатто ўйлай оладиган энг юқори иш мана шу, деган ягона фикрни англамайдими?!

Роя газетасининг 2025 йил 10 сентябр, чоршанба кунги 564-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button