Роя газетаси

Ливан қамоқхоналарида зулмнинг давом этиши ортида ким турибди?!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ливан қамоқхоналарида зулмнинг давом этиши ортида ким турибди?!

Устоз Аҳмад Шамолий

Ливандаги исломий маҳбуслар масаласи хавфсизлик ва сиёсий майдондаги энг ҳассос мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мураккаб масала йирик минтақавий ва халқаро ўзгаришлар билан узвий боғлиқ бўлиб, узоқ йиллар давомида сиёсий бозорда тортишув воситаси сифатида қўлланиб келинган. Шу билан бирга, юзлаб мусулмон ёшлар йиллар давомида қамоқларда азоб чекиб, ҳеч қандай аниқ ечимсиз ва адолатни таъминлайдиган қатъий сиёсий ироданинг йўқлиги шароитида қолмоқда.

Бу масала 2000 йилдаги Дунния воқеалари, 2007 йил Ливан шимолидаги Наҳрул Барид лагер ҳодисалари ва «Фатҳул Ислом» деб аталган воқеалар билан намоён бўлиб, ҳокимият қўлида «терроризмга қарши кураш» шиори остида асоссиз ҳибсга олишларни оқлаш учун тайёр воситага айлантирилди. 2011 йилда Шом қўзғолони бошланиши билан эса масала янада мураккаблашиб, янги босқичга ўтди. Ливан сиёсий ҳокимияти қўзғолонга ҳамдардлик қилган ёки унга ёрдам кўрсатган ҳар бир шахсга нисбатан қаттиққўл чоралар қўллади. Бу чоралар Америка сиёсати доирасида амалга оширилди; уларнинг мақсади қўзғолонни жиловлаш, унинг таянч доираларига босим ўтказиш ва Сурияда Вашингтон кўзлаган сиёсий ечимни амалга ошириш йўлидан юришни таъминлаш эди. Ўша даврда Ливанда қўзғолон тарафдорларининг кўпчилиги «терроризмни қўллаб-қувватлаш», «қуролли ташкилотларга аъзо бўлиш» ёки «қулатилган Сурия режимига қарши жангда иштирок этиш» каби баҳоналар билан оммавий тарзда ҳибсга олинди.

Ўша даврда исломий маҳбуслар сони беш минг нафардан ошган эди. Бугунги кунда эса уларнинг сони тахминан 400 нафарни ташкил этади. Улар орасида 170 нафар суриялик, қолганлари эса ливанликлар ҳамда бир нечта фаластинликлардир. Бу маҳбуслар ўта оғир шароитда ҳаёт кечирмоқда: қамоқхоналар тиқилинч, тиббий хизмат қасддан назардан четда қолдирилган, маҳбус ҳуқуқларининг энг оддий талаблари ҳам таъминланмаган. Бироқ энг оғир азоб тўқима айбловлар қўйиш, қийноқлар орқали айбни бўйнига олишга мажбурлаш ҳамда маҳбусларни йиллаб судсиз ушлаб туришда намоён бўлмоқда. Ҳатто суд жараёнлари ўтказилган ҳолларда ҳам иш Ливандаги Эронга тобе Ҳизбуллоҳ таъсири остидаги ҳарбий судларда кўрилади. Бу судлар адолатсиз ҳукм чиқариб, маҳбусларни умрбод қамоқ ёки қатл жазосига маҳкум этади. Ҳисоботларга кўра, маҳбусларнинг тахминан 55 фоизи ҳануз судсиз ушлаб турилибди, қолган 45 фоизи устидан эса турли хил ҳукм чиқарилган.

Масалани фақат маҳбусларнинг рақиблари суиистеъмол қилмади. Балки Ливан сиёсатчилари, айниқса ўзини «сунний» деб кўрсатувчилар, уни сайлов воситасига айлантиришган. Улар аҳолига умумий афв тўғрисида қонун қабул қилиш ва фарзандларининг азоб-уқубатларига барҳам бериш ҳақида доимий равишда ваъда бериб келишди. Аммо бу ваъдалар сайлов мавсуми якунланиши билан ҳавога учиб кетган.

Бу суиистеъмол аҳолининг ҳокимиятдан умидсизланишини янада чуқурлаштирди. Одамлар фарзандларининг азоб-уқубатларига сиёсий манфаат ўйинида арзимас музокара қуроли сифатида қаралаётганини англай бошладилар.

Асадлар режими қулатилгандан кейин бу масала яна кун тартибига қайтди. Чунки ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги ўша режимга қарши чиқиш ва Шом қўзғолонини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ эди. Бироқ улар ўзларининг айни позициялари учун оғир бадал тўладилар: уларга «терроризм» айблови қўйилди. Янги Сурия ҳукумати шакллангач, Ливандаги суриялик маҳбуслар масаласини қайта жонлантириш ҳақида сўз юритилди. Аммо аҳоли талабларни фақат сурияликлар билан чеклашни рад этди ва босим барча маҳбусларни – ливанлик, фаластинлик ёки суриялик бўлишидан қатъи назар – қамраб олиши шартлигини қатъий туриб талаб қилди. Чунки бу масала моҳиятан миллий даражадаги эмас, балки Умматнинг мустабид ва қонхўр режимга қарши қўзғолонини қўллаб-қувватлаш билан бевосита боғлиқдир.

Ҳисобсиз даражада жуда кўп фожиалар мавжуд: ягона боқувчисидан маҳрум бўлган оилалар, отасидан узоқда улғайган болалар, умидсиз равишда эрининг қайтишини кутаётган аёллар ва турма эшикларида қариб бораётган оналар. Бу ҳолатлар бутун дунё «инсон ҳуқуқлари» ва «адолатли суд» шиорлари билан фахрланиб турган бир пайтда содир бўлмоқда. Бироқ «терроризмга қарши кураш» ниқоби остида Ливанда амалга оширилаётган тизимли зулм ва бузғунчиликларга кўз юмиб келинмоқда. Бу эса тўғридан-тўғри Америка ва Ғарб манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ маҳаллий сиёсий қарорлар ҳукмронлиги сабабли юз бермоқда.

Бу ёшлар Шом қўзғолонини муайян ҳудуд ёки ватан билан боғламай, балки бутун Умматнинг қўзғолони сифатида қўллаб-қувватлаган пайтларидаёқ, ўз онгларидан Сайкс–Пико чегараларини ўчириб ташлаганлар. Улар ўз биродарларига ёрдам бериш йўлида энг азиз ва қимматли нарсаларини фидо этдилар. Шу боис улар таҳқирланиб қамоққа ташланиши эмас, балки энг камида тутган позициялари қадрланиши лозим. Ҳаққоний назар билан қаралса, улар Уммат иродасини ифода этувчи шараф рамзларидир. Улар ҳокимият кўрсатмоқчи бўлганидек террорчилар эмас.

Аниқки, мазкур маҳбуслар масаласи бутунлай сиёсий хусусиятга эга. Ливан ҳокимияти АҚШнинг кўрсатмаларига тўла бўйсунади, асосий мақсад эса «терроризмга қарши кураш» ниқоби остида Исломни ва унинг аҳлини бостиришдир. Бу ерда гап қонун ёки адолатли суд ҳақида эмас, балки иродалар тўқнашуви ҳақида кетмоқда. Ҳақиқий мақсад – Умматни қўрқитиш, унинг намояндаларини қамоққа ташлаш ва уларни бошқалар учун ибратга айлантиришдир.

Шу боис халқ, сиёсат, ахборот воситалари ва ҳуқуқ соҳаси миқёсида барча имконият ва саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш зарур. Бундай бирлашган ҳаракат Ливан ҳокимияти ва уни қўллаб-қувватловчи кучларга босим ўтказиб, мазкур зулмни бартараф этишга ва ушбу фожиавий масалани ҳал этишга йўл очади.

Роя газетасининг 2025 йил 17 сентябр, чоршанба кунги 565-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button