Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2025 йилги саммити натижалари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2025 йилги саммити натижалари
2025 йил сентябр ойининг биринчи ҳафтаси Хитойдаги бир қатор муҳим дипломатик воқеалар билан ёдда қолди. 1 сентябр куни мамлакат шимолидаги Тяньцзинь шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 25-мажлиси бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари саммити якунланганидан сўнг «Кўп томонлама ҳамкорликни ҳаётга татбиқ этиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга кўмак кўрсатиш» шиори остида «ШҲТ+» форматида учрашув ўтказилди. Ҳар икки саммитга Хитой раиси Си Цзиньпин раҳбарлик қилди. 2025 йил 3 сентябр куни Пекин шаҳрида сўнгги олти йил ичидаги энг йирик ҳарбий парад бўлиб ўтди. У Япония империяси устидан қозонилган ғалаба ва Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
ШҲТ давлат раҳбарлари саммити якунида қабул қилинган «Тяньцзин 2025 баёноти»да АҚШ келтириб чиқарган геосиёсий ва геоиқтисодий беқарорликлардан хавотир изҳор этилди. Баёнотда шундай дейилади: «Геосиёсий тўқнашувлар кучаймоқда, бу эса дунё ҳамда Шанхай ташкилоти минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлиги учун таҳдид ва қийинчиликлар туғдирмоқда. Жаҳон иқтисодиёти, айниқса халқаро савдо ва молия бозорлари кучли зарбага дуч келмоқда.» АҚШ раҳбарлигидаги блоклар ҳамда унинг Хитой ва иттифоқчиларига нисбатан ҳарбий ташқи сиёсатларига жавобан баёнотда қуйидагилар таъкидланди: «Аъзо давлатлар халқаро ва минтақавий долзарб масалаларни қарама-қарши блоклар тафаккури орқали ҳал этишга қарши эканликларини яна бир бор тасдиқлашади… Улар таъкидлашадики, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик Евроосиёда тенг ва бўлинмас хавфсизлик тузилмасини барпо этиш учун асос бўлиб хизмат қилади».
«ШҲТ+» саммитида Хитой раҳбари дунё тартибининг «барқарор ва тинч» шакли ҳақидаги Хитойнинг қарашини тақдим этди. У «Жаҳон бошқаруви ташаббуси» номли янги ғояни илгари сурди. Бу ташаббус Хитой таърифича, АҚШ амалга ошираётган блок сиёсати ва «совуқ уруш тафаккури»га альтернатива сифатида таклиф қилинди. Ташаббус учта асосий устунга таянади:
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги;
- Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти орқали глобал фаолиятни мувофиқлаштириш;
- Айрим йирик давлатлар қўллаб келаётган бир томонлама сиёсат ўрнига кўп томонлама ёндашувни қабул қилиш.
«ШҲТ+» саммитида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари, кузатувчи давлат Монголия, ҳамда мулоқот шериклари иштирок этишди, улар қуйидагилар: Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Туркия ва Миср. Бундан ташқари, меҳмон давлат вакили сифатида Туркманистон, Индонезия, Лаос, Малайзия ва Вьетнам ҳам қатнашди. Саммитда, шунингдек, БМТ, ШҲТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), АСЕАН, Жамоий хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ), Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭС), Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ECO) ҳамда Инфратузилмага инвестиция бўйича Осиё банки (AIIB) раҳбарлари иштирок этди.
Пекинда бўлиб ўтган учинчи ва сўнгги тадбир – Япония империяси устидан қозонилган ғалаба ва Иккинчи жаҳон уруши якунланишининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ғалаба ҳарбий паради бўлди. Ўн йиллик байрамлар билан боғлиқ анъанавий бўлган ҳарбий парадлардан фарқли равишда, бу сафарги парад Хитой раиси Си Цзиньпин раҳбарлигида ўтказилган тўртинчи йирик парад бўлди (олдингилар 2015, 2018 ва 2019 йилларда бўлиб ўтган). У Хитой коммунистик партияси тарихидаги энг йирик ҳарбий намойиш сифатида қайд этилди. Парад давомида Хитой ўзининг улкан қурол-аслаҳа арсеналини, жумладан узоқ масофага учувчи ядровий ракеталарни намойиш этди. Аммо бу парад фақат ўтмишдаги ютуқлар кўргазмаси эмас, балки мамлакатнинг ҳарбий модернизация соҳасида қай йўналишда ривожланиб бораётгани ҳақидаги аниқ сиёсий ва стратегик хабар ҳам эди.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойнинг ҳарбий паради аҳамиятини ҳамда Хитой-Россия меҳварининг хавфини камситишга шошилди. У шундай деди: «Биз катта фарқ билан дунёдаги энг кучли армияга эгамиз. Улар ҳарбий қувватларини бизга қарши ишлатишга журъат этолмайди, чунки бу улар қилиши мумкин бўлган энг ёмон иш бўлади». Трамп Хитой таҳдидига менсимаган муносабатда бўлди, чунки у Хитой ҳозирги пайтда АҚШ билан ҳарбий тўқнашувга кириш учун етарли сиёсий иродага эга эмаслигини яхши билади.
Хитой ШҲТ саммити ва ҳарбий парад орқали кучли дипломатик ва ҳарбий сигналлар юборган бўлса-да, у ҳали ҳам АҚШни ҳукмрон куч сифатидаги мавқеидан сиқиб чиқаришда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Сўнгги 20 йил ичида катта иқтисодий ва ҳарбий тараққиётга эришганига қарамай, Хитой ҳали ҳам АҚШ бошчилик қилаётган либерал тизимга очиқча қарши чиқишни хоҳламайди. У ўзининг иқтисодий қудратини АҚШнинг сиёсий таъсири асосларини силкитадиган сиёсий нуфузга айлантира олмади. Хитой ҳануз прагматик давлат бўлиб қолмоқда, мамлакат сиёсатида иқтисодий ва ислоҳотчи йўналишдаги оқимлар устун, улар коммунистик партия ичида АҚШ билан ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни устувор деб билади. Бу жиҳатдан у радикал маоистлар оқимидан фарқ қилади.
Сўнгги йилларда Хитой раҳбариятининг қатор баёнотларида АҚШ билан «икки томон учун адолатли» натижаларга эришиш мақсадида ҳамкорлик қилиш истаги таъкидланди. Масалан, Хитой ва АҚШ бошчилари ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати ҳақидаги Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнотида шундай дейилади: «Раис Си Хитой-АҚШ муносабатларининг ҳаётий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Хитой ва АҚШ икки давлат ва бутун дунё фаровонлиги йўлида бир-бирларига тўлиқ ёрдам бериб, биргаликда муваффақият қозонишлари мумкин. Бу истиқболга эришиш учун ҳар икки томон ҳам бир йўналишда, катта саъй-ҳаракат билан ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик тамойилларига амал қилган ҳолда ишлаши лозим. Хитой ва АҚШ расмийлари ўртасидаги сўнгги кенгаш тенглик, ҳурмат ва ўзаро манфаат руҳини акс эттирди».
Шунингдек, Хитой ШҲТни «Осиё НАТОси»га айлантиришдан ҳам эҳтиёт бўлди. Ташкилотнинг хавфсизлик кун тартиби асосан терроризм ва сепаратизмга қарши кураш билан чекланган бўлиб, бу уни табиатан ички йўналишдаги ташкилот қилиб қўяди. Бундан ташқари, ташкилот аъзоларининг кўпчилиги АҚШнинг иттифоқчилари ёки унинг сиёсий таъсири остидаги давлатлар бўлиб, уларнинг Вашингтон стратегияси билан мувофиқ ҳаракат қилиши ШҲТнинг АҚШга қарши блокка айланиш эҳтимолини чеклайди, ҳатто агар Хитой келажакда унинг йўналишини ўзгартиришга уриниб кўрса ҳам. Шу сабабли, Хитой эҳтимол ШҲТ ва БРИКС каби тузилмаларни Ғарбнинг хавфсизлик ва иқтисодий тизимига муқобил сифатида тарғиб этишда давом этади, аммо амалда бундай блоклар ҳозирча «қоғоз йўлбарс» бўлиб қолмоқда.
Исломий юртлар бу ўзгаришларга қандай муносабатда бўлишлари керак?
Узоқни кўра билмаган мусулмон ҳукмдорлар ё бизни Америка ёки Хитойга бўйсундиришни, ёки ҳеч қандай лагерсиз нейтраллик позициясини қабул қилишни исташмоқда. Иккала ҳолат ҳам мағлублик тафаккури маҳсулидир. Мусулмонлар шуни англашлари керакки, Америка ва Хитойдан ҳеч бир яхшилик умид қилиб бўлмайди. Иккаласи ҳам уларни бўйсундириш ва бойликларини талашни мақсад қилган мустамлакачи давлатдир. Улар Халифаликни барпо этиш учун ҳаракат қилишлари керак; бу давлат катта кучлар билан тенглик ва куч билан муносабатда бўлади ва кофирлар бошқарган ШҲТ, НАТО ёки БРИКС каби ҳеч бир иттифоқнинг таркибига кирмайди. Рошид Халифалик давлати бошқа халқлар билан бўлган муносабатларини «миллий манфаатлар» асосида эмас, балки Ислом асосида ўрнатади. Ислом давлати ўзининг шонли ўтмишида бўлганидек халқаро саҳнага қайтиши учун Уммат сафидаги сиёсий доира ва ҳукмрон табақа исломий қарашни қабул қилиши зарур.
Бундай ҳолат Ислом дунё миқёсидаги бир давлат орқали тақдим этилгандагина амалга ошади. Бу давлат замонавий йирик кучларнинг жиноятларини фош этади ҳамда инсониятга шундай бир Раббоний альтернативани тақдим этадики, у одамларни қуллик кишанларидан озод қилади ва бутун ер юзига адолатни ёяди. Аллоҳ Таоло айтади:
كُنتُمۡ خَيۡرَ أُمَّةٍ أُخۡرِجَتۡ لِلنَّاسِ تَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَتَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَتُؤۡمِنُونَ بِٱللَّهِۗ وَلَوۡ ءَامَنَ أَهۡلُ ٱلۡكِتَٰبِ لَكَانَ خَيۡرٗا لَّهُمۚ مِّنۡهُمُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَأَكۡثَرُهُمُ ٱلۡفَٰسِقُونَ
«(Эй Уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз маъруфга буюрасиз, мункардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор, (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» [Оли Имрон 110]
Роя газетасининг 2025 йил 15 октябр, чоршанба кунги 569-сонидан




