Эфиопия ва Эритрея ўртасидаги таранглик уларни мустамлакачи кучлар учун осон нишонга айлантириб қўймоқда

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Эфиопия ва Эритрея ўртасидаги таранглик уларни мустамлакачи кучлар учун осон нишонга айлантириб қўймоқда
Устоз Шаъбон Муаллим
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Кениядаги
матбуот вакили
Қадимий рақиблар – Эфиопия ва Эритрея – яна уруш йўлига юз тутганга ўхшайди. Томонлар ўртасида ўзаро таҳдидлар кескинлашиб, қўшинлар қўшма чегарада тўпланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги бу таранглик асосан қуйидаги бешта асосий масала билан боғлиқ:
Биринчи: Асмара Эфиопия федерал ҳукуматини ва минтақавий қўшинларни, айниқса Тиграй ҳамда Амҳарадаги кучларни эҳтимолий таҳдид сифатида баҳоламоқда.
Иккинчи: Минтақавий рақобат масаласи. Эритрея Африканинг Шарқий қисмида кечаётган геосиёсий жараёнларда четда қолиб кетишидан хавотирда, айниқса Эфиопия Сомали, Жибути ва халқаро ҳамкорлар билан муносабатларини изчил мустаҳкамлаётган бир пайтда.
Учинчи: Эфиопиядаги ички беқарорлик. Эритрея мамлакатдаги ички парокандалик – хусусан Оромиё, Амҳара ва Тиграй минтақаларидаги тартибсизликлар – кенгайиб кетиши эҳтимолидан ташвиш билдирмоқда.
Тўртинчи: Қизил денгиз масаласи. Эритрея мустақилликка эришганидан бери Эфиопия денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлиб келмоқда. Шунинг учун Қизил денгиздаги портга чиқиш талабини яна кўтарди. Эритрея эса бу талабни ўз суверенитетига жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда.
Бешинчи: Чегара масаласи. Эфиопия ҳеч қачон Эритрея билан чегарани аниқ белгилашга жиддий эътибор қаратмаган. Бунинг асосий сабаби шундаки, Аддис-Абеба Эритреяни ўз ҳудудининг ажралмас қисми, собиқ вилояти сифатида кўради. 1993 йилда Эритрея мустақиллигини эълон қилган пайтда ҳам янги давлатнинг чегаралари расман белгиланмаган эди. Исайяс Афеверки Эфиопия чегара белгилаш баҳонасида ҳарбий ҳаракатлар орқали Эритреяни Америка режасига зид равишда яна ўз таркибига қўшиб олишга уриниши мумкинлигидан хавотирда бўлган. Мазкур масала ҳанузгача ҳал этилмай қолмоқда.
Кучли эҳтимолга кўра, ҳозирги кескинлик – яқинда шиддатли тўқнашув юз бериши муқаррар, агар у минтақавий урушга айланмаса ҳам, деган тобора кучайиб бораётган ҳиссиётдан келиб чиқмоқда. 19 июл куни Эритрея президенти Исайяс Афеверки расмий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Эфиопияни урушга тайёргарлик кўраётганликда айблади. 21 июл куни эса Тиграйда Эфиопия ҳукуматини қўллаб-қувватловчи фракция раҳбари Жетачоу Реда ижтимоий тармоқдаги баёнотида «Тиграй Халқ Озодлик Фронти ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринмоқда», дея маълум қилди. Шу куннинг ўзида Жима шаҳрида ўтказилган ҳарбий парадда Эфиопия Миллий мудофаа кучлари қўмондони Барҳану Жула парчаланган Тиграйнинг уруш йўлига кириб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. У, шунингдек, Тиграй Халқ Озодлик Фронтини 2022 йилда Тиграй можаросини тугатган Претория келишувида назарда тутилган қуролсизлантириш, жангчиларни тарқатиб юбориш ва уларни жамиятга қайта мослаштириш жараёнида иштирок этишдан бош тортгани учун айблади.
Эритрея ва Эфиопия ўртасидаги узоқ йиллик низо Тиграйдаги гуруҳлар ўртасидаги таранг бўлиниш билан узвий боғлиқ ҳолда кечмоқда. Тиграйликлар ва эритреяликлар ўртасидаги икки йиллик можародан сўнг, хабарларга кўра, Тиграй Халқ Озодлик Фронтининг айрим аъзолари Асмара расмийлари билан бирга Эфиопия федерал ҳукуматига қарши янги иттифоқ тузган.
Жорий йил март ойида Аддис-Абеба ва Асмаранинг урушга тайёргарлик кўраётганига доир аниқ ишоралар намоён бўла бошлади. Чегаранинг ҳар икки томонида ҳарбий сафарбарлик ҳақида ишончли ва хавотир уйғотувчи маълумотлар тарқалди. Хусусан, Эфиопия Афар минтақаси, Эритрея чегараси ва Асаб шаҳри атрофига катта миқдорда оғир қуроллар ҳамда механизациялашган бўлинмаларни жойлаштирди.
Бу тарангликни бошқа омиллардан алоҳида ҳолда кўриб бўлмайди. Аксинча, у Шарқий Африкада стратегик, хавфсизлик ва иқтисодий манфаатларга эга бўлган халқаро ва минтақавий фаол кучлар иштирокида чуқур шаклланмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, Эфиопия ҳам, Эритрея ҳам Америкага тобе давлатлар ҳисобланади ва уларнинг ҳукмдорлари унинг хизматкор малайлари сифатида ҳаракат қилмоқда. Шу боис қадимий рақиблар ўртасида авж олаётган бу кескинлик аслида малайлар ёки «дўстлар» ўртасидаги зиддиятдир. У ажнабий давлатларнинг кузатув-радари остида кечмоқда. Америка эса ўз ихтилофларини бартараф этишда музокара усулидан фойдаланади.
Африка шохида мунтазам такрорланиб турадиган кескинлик уни мустамлакачи кучлар учун, яъни Америка ва Европа, хусусан сиёсий таъсири жиҳатидан Британия, иқтисодий таъсири жиҳатидан эса Хитой учун осон нишонга айлантирмоқда. Минтақа, айниқса Эфиопия, кўплаб ҳудудларда улкан нефть захираларига эгалиги сабабли Америка сиёсати Африка шохига янада кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бу қизиқишни янада кучайтирган омил шундаки, Хитой компаниялари иқтисодий изланиш билан бир қаторда, Эфиопия нефть саноатидаги қазиб олиш соҳасида ҳам етакчи роль ўйнамоқда.
Британия Бирлашган Араб Амирликлари орқали Эфиопияни ўз таъсир доираси ва сиёсатига боғлашга интилиб, шу орқали Эфиопия ва Эритреяга таъсир кўрсатишни мақсад қилди. Қизил денгиз ва Сувайш канали эса жаҳон савдоси учун стратегик аҳамиятга эга йўлак ҳисобланади. Тахминларга кўра, дунё савдосининг қарийб 10 фоизи айнан шу йўналиш орқали амалга оширилади. Британия эса Осиёдан нефть, газ ва турли товарларни олишда мазкур йўлга таянади.
Афсуски, Эфиопия ҳам, Эритрея ҳам Америка, Хитой ва Европа каби мустамлакачи кучлар чангалига тушиб қолган. Мусулмонлар эса бу ҳолатга деярли эътибор қаратмаяпти. Ғарб қўллаб-қувватлаётган бу икки ҳукмдор Америка ёки Европанинг Умматни бўлиб ташлашга қаратилган режаларига қарши тура олмайди. Янги мустамлакачиликка ҳақиқатан қарши тура оладиган ягона етакчи халифадир. Чунки унга Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ ﷺ суннати асосида Умматни бирлаштириш вазифаси юклатилган.
Роя газетасининг 2025 йил 17 сентябр, чоршанба кунги 565-сонидан