Йўқолиб бораётган суверенитет: Покистоннинг янги нефть битими

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Йўқолиб бораётган суверенитет: Покистоннинг янги нефть битими
Устоз Абдулмажид Бхатий – Покистон вилояти
Июл ойида Америка президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social платформасида қуйидагича баёнот берди: «Биз ҳозиргина Покистон давлати билан муҳим битим туздик. Покистон ва Америка улкан нефть захираларини ўзлаштириш бўйича ҳамкорликда иш олиб боради». Мазкур нефть битими икки давлат ўртасидаги кенг қамровли савдо келишувининг таркибий қисми ҳисобланади. Унга мувофиқ, АҚШ Покистондан келтирилаётган импорт товарларига қўйиладиган божхона тўловларини 29 фоиздан 19 фоизга туширишга розилик берди. Шунингдек, Ҳиндистон Россиядан хом нефть импорт қилишни тўхтатмаса, унга нисбатан жазо чораси сифатида қўшимча божхона тўловлари жорий этиш билан ҳам таҳдид қилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ушбу келишув ортиданоқ Покистоннинг энг йирик нефть қайта ишлаш компанияси (Cnergyico) Америкадан бир миллион баррел хом нефть импорт қилиш режасини эълон қилди. Мазкур қарор мамлакатнинг Яқин Шарқ нефть етказиб берувчиларига анъанавий қарамликдан чекинганини кўрсатади. Шу тариқа, Покистон нафақат нефть соҳасида, балки бошқа йўналишларда ҳам Трамп маъмурияти розилигини қозониш мақсадида изчил ҳаракат қилаётганини намоён этмоқда. Покистон Молия вазирлиги эса мазкур битимни иқтисодий ҳамкорликнинг янги даври бошланиши, хусусан энергетика, маъданчилик, ахборот технологиялари, рақамли валюталар ва бошқа соҳаларда, деб таърифлади.
Ушбу битим атрофлича таҳлил этилганда аён бўладики, Покистон раҳбарияти Американи рози қилиш йўлида мамлакатнинг табиий бойликлари ва ҳудудий суверенитетидан воз кечишни зарар деб ҳисобламаяпти. Америка эса ҳеч қандай тўсиқсиз Балужистондаги ҳали ўзлаштирилмаган катта захиралардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, Синд, Панжоб ва Хайбар-Пахтунхва ҳудудларида ҳам қўшимча имкониятлар мавжуд. Тахмин қилинишича, бу ҳолат Хитой–Покистон иқтисодий йўлагининг барҳам топишига олиб келиши ҳамда Яқин Шарқда Американинг янги геосиёсий лойиҳаларини тезлаштириши мумкин. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади — Эрон, Афғонистон ва Покистонни парчалаш, янги геосиёсий хариталарни чизиш ҳамда Америкага садоқатли янги давлат ва режимларни шакллантиришдан иборат. Агар нефть захиралари келгусида ишга солинса, асосий фойда шубҳасиз Америка нефть компаниялари ва уларнинг пудратчиларига тегади. Улар Покистон бойликларини солиқ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда ўз мамлакатларига олиб чиқиб, Америка иқтисодиётини мустаҳкамлайди. Натижада, Покистон нефти халқ манфаатларига хизмат қилувчи стратегик ресурс мақомини йўқотиб, Америка иродасига бўйсунадиган оддий тижорат маҳсулотига айланиб қолади.
Трампнинг нафсини қондириш йўлида Покистон суверенитети ва мустақиллигидан воз кечиш мамлакат ҳарбий ва фуқаролик раҳбариятининг энг кўзга кўринган характери ҳисобланади. Ҳиндистон билан бўлган қисқа урушда устунлик Покистон томонида бўлганига қарамай, раҳбарлар мамлакат олдида турган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш учун юзага келган ноёб имкониятни қўлдан бой беришди. Синд дарёси сувлари бўйича тузилган келишув доирасидаги баҳслар ҳанузгача ечимини топгани йўқ, Кашмир эса ишғол остида қолмоқда. Иқтисодий юксалишнинг асосий таянчи сифатида кўрилган иқтисодий йўлак эса чегаралардаги кескинликлар туфайли тобора заифлашиб бормоқда. Стратегик мустақилликни таъкидлаш ўрнига, Исломобод Трампдан аралашувини сўради ва ҳатто уни Нобель тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатди. Натижада, Покистон яна бир бор аҳоли эҳтиёжлари ва қишлоқ хўжалиги учун зарур сувни олиш масаласида Ҳиндистоннинг раҳму шафқатига ташлаб қўйилди. Шу билан бирга, мамлакат назорат чизиғи бўйлаб кўп сонли аскарларни мудофаа нуқталарида доимий равишда сақлаб туришга мажбур бўлмоқда. Бу эса Ҳиндистон билан хавфсизлик муаммоси тубдан ҳал қилинмасдан туриб, миллий ресурсларни йўқотишга ва минтақанинг янада ҳарбийлашишига олиб келмоқда. Стратегик кўз-қарашнинг йўқлиги ва Америкага чексиз қарамлик эса Покистонда ҳақиқий суверенитет мавжудлиги тўғрисидаги ҳар қандай даъво борасида шубҳа уйғотмоқда.
Покистоннинг истиқболли технология соҳасига келсак, улкан иқтидорлар ва салоҳият мужассам бўлишига қарамасдан, у ҳам раҳбариятнинг суверенитет масаласидаги ён беришларидан ҳоли қолмади. Сунъий интеллект йўналишида қабул қилинган миллий сиёсат олға руҳини ўзида акс эттирса-да, амалда мамлакат чет эл технологиялари, платформалари ва ҳамкорликларига чуқур боғлиқликни намоён этмоқда. Агар маҳаллий ҳисоблаш тизимлари, маълумотлар марказлари ҳамда миллий алгоритмлар соҳасида мустақил салоҳият яратиш учун қатъий чоралар кўрилмаса, Покистон ишлаб чиқарувчи эмас, балки ташқи тизимлар истеъмолчиси сифатида қолиб кетиши мумкин. Ҳозирги сиёсат инновация тилида сўзласа-да, амалда у Покистоннинг АҚШ ва Хитойдаги технология гигантларига қарамлигини янада мустаҳкамламоқда. Бу эса Покистонни ҳукумат бошқаруви, иқтисодиёти ва мудофааси келажагини ўнлаб йиллар давомида шакллантирадиган тизимлар устидан назоратсиз қолдиради.
Худди шу тарзда, 2025 йилда қабул қилинган виртуал активлар тўғрисидаги қонун ҳамда «Покистон рақамли валюталар кенгаши» Трамп билан боғлиқ рақамли валюта компаниялари билан ҳамкорликнинг ташқи кўринишидан бошқа нарса эмас. Яна бир бор равшан бўлмоқдаки, Покистоннинг криптовалюталар соҳасига шошилинч равишда кириши асосан Америка компаниялари ва президент Трампнинг манфаатларига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, оддий аҳоли эса узлуксиз электр таъминоти узилишлари ва сув танқислигидан азият чекмоқда. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатнинг чекланган ресурслари Трамп манфаатлари билан боғлиқ, улкан энергия талаб қилувчи криптовалюта майдонларини таъминлашга йўналтирилмоқда.
Энергетика, босиб олинган Кашмир ва технология соҳаларида Покистон раҳбарияти ўз миллий манфаатлари ва суверенитетидан ҳам устун қилиб Америка манфаатларини қўймоқда. Мамлакат табиий бойликларини Америка компанияларига топширмоқда, Ҳиндистон олдидаги тактик ютуқларидан воз кечмоқда ва Трампнинг разил мақомини «тинчлик ўрнатувчи» мақомига кўтармоқда. Шунингдек, рақамли келажагини Америка платформалари ихтиёрига топширмоқда. Агар Покистонда бу йўналиш тубдан ўзгартирилмаса, ҳозирги раҳбарият мамлакатни ҳалокатга етаклайди.
Шунинг учун Покистон мусулмонлари ташаббус тизгинини ўз қўлларига олиб, бутун қайғуси император Трампни рози қилишдан иборат бўлган раҳбарлар бошчилигидаги бу бузуқ тузумнинг давом этишига йўл қўймасликлари лозим. Бу эса фақат Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо этиш орқали амалга ошади. Аллоҳ таоло айтади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَجِيبُواْ لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمۡ لِمَا يُحۡيِيكُمۡۖ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ يَحُولُ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَقَلۡبِهِۦ وَأَنَّهُۥٓ إِلَيۡهِ تُحۡشَرُونَ
«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг Росули сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» [Анфол 24]
Роя газетасининг 2025 йил 27 август, чоршанба кунги 562-сонидан