Рўзага оид шаръий ҳукмлар

Рўзага оид шаръий ҳукмлар
Рамазон рўзаси Ислом рукнларидан бири ва фарзларидан бир фарздир. Бунга далил Аллоҳ Таолонинг:
فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمْ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ
– „Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин“. [2:185]
деган сўзи ва ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир. Пайғамбар ﷺ дедилар: «Ислом беш нарса устига қурилди: Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ ва албатта Муҳаммад унинг элчиси деб гувоҳлик бермоқ, намозни барпо қилмоқ, закот бермоқ, ҳаж қилмоқ ва Рамазонда рўза тутмоқ. Булар ҳар бир ақлли ва балоғатга етган мусулмонга фарзи қатъийдир». Аммо ёш бола ва девоналарга рўза тутиш фарз бўлмайди. Бунга далил Пайғамбар ﷺнинг ушбу сўзлари: «Қалам уч кишидан кўтарилди: ёш боладан – балоғатга етгунча, ухлагувчидан – уйғонгунча ва девонадан – ўзига келгунча». Шунингдек, ҳайз ва нифос кўрган аёлларга ҳам рўза фарз эмас. Зеро, уларнинг рўза тутиши дуруст эмас, қачонки поклансалар уларга қазо рўза тутиш вожиб бўлади. Бунинг далили Оиша розияллоҳу анҳунинг ривоятларидир. Дедиларки: «Ҳайз пайтимизга тўғри келганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилиб, намознинг қазосини ўқишга буюрилмас эдик».
Кимки рўза тутишга қандайдир сабабга кўра қодир бўлмаса, яъни рўзада қийналиб қоладиган кекса ёки тузалиши умид қилинмайдиган касал бўлса, унга рўза тутиш вожиб бўлмай, фидя вожиб бўлади. Бунинг далили Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзидир:
وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ
– „Ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади“, [22:78]
وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ
– „Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим“. [2:184]
Агар киши кучайиши хавфи бўлиб, тузалиши умид қилинадиган касали сабабли рўзага қодир бўлмаса, унда ҳараж (танг ҳолат) борлиги учун унга рўза тутиш вожиб бўлмайди ва у оғзини очади. Тузалган пайтда унга қазо рўзаси вожиб бўлади. Зеро, Аллоҳ Таоло айтади:
فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ
– „Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади“. [2:184]
Агар киши соғлом бўлган ҳолда рўза тутиб тонг отдирса-ю, кейин касал бўлиб қолса ҳам оғзини очади. Чунки у учун оғиз очмок мубоҳ қилинган. Аммо мусофирнинг сафар масофаси тўрт барид (тахминан 89 километр)дан қисқароқ бўлса, у рўза тутади ва унинг оғиз очиши жоиз бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ ﷺ сафарда рўза тутиш ҳақида сўралганда: «Хоҳласанг рўза тут, хоҳласанг оғзингни оч», дедилар. Агар киши сафарда рўза тутишдан қийналмайдиганлардан бўлса, унинг рўза тутиши афзалдир. Зеро, Аллоҳ Таоло дейди:
وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ
– „Рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир“. [2:184]
Агар рўза уни қийнаб қўядиган бўлса, унинг оғиз очмоқлиги афзалдир. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилиб дедилар: «Расулуллоҳ ﷺ бир сафарда бир дарахтнинг тагида устидан сув қуйилаётган киши ёнидан ўтаётиб: «Унга нима бўлди?» деб сўрадилар. «У рўзадор» дейишганди, Расулуллоҳ ﷺ: «Сафарда рўза тутмоқ яхши эмас», дедилар.
Аммо ҳомиладор ва эмизикли аёллар – ўзларига ёки ўзлари ва болаларига ёки фақат болаларига зиён етишидан қўрқадиларми, ёки мутлақо ҳеч нарсадан қўрқмайдиларми, фарки йўқ – оғиз очишлари жоиз бўлиб, бу ҳолда қазо рўза тутишлари вожиб бўлади. Чунки Расулуллоҳ ﷺ: «Албатта Аллоҳ Азза ва Жалла мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани олиб ташлади», дедилар. Аммо ҳомиладор ва эмизикли аёлларга қазо вожиб бўлишлиги рўза улар учун вожиб бўла туриб, улар оғизларини очганликлари туфайлидир
Рамазон рўзаси фақатгина Ҳилолни кўриш билан вожиб бўлади. Агар ҳилол булутлар орасида яхши кўринмаса, одамларга Шаъбон ойини ўттиз кун қилиб тугатиб, кейин рўза тутмоқ вожиб бўлади. Набий ﷺ дедилар: «У (ҳилол)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб рўзани очинглар. Агар булутлар туфайли у кўринмаса, сонни тўлиқ (Шаъбон ойини ўттиз кун) қилинглар».
Рамазон рўзаси ҳам, бошқа рўзалар ҳам фақат ният билангина дуруст бўлади. Ҳар бир кун учун ният вожиб бўлади, чунки ҳар куннинг рўзаси алоҳида ибодат бўлиб, унинг вақти тонг отиши билан киради ва кун ботиши билан чиқади. Шу куннинг рўзаси ўзидан олдинги ва кейинги куннинг рўзаси бузилиши билан бузилмайди. Демак, бутун бир ой учун битта ният кифоя қилмасдан, ҳар бир кун учун алоҳида ният қилиш лозимдир. Рамазон рўзаси ва бошқа фарз рўзалар кундузи қилинган ният билан саҳиҳ бўлмайди. Ниятни кечаси қилмоқ лозим. Ният қуёш ботганидан тонг отгунча кечанинг қай бир қисмида бўлмасин, дуруст бўлаверади, чунки бунинг ҳаммаси ниятни кечаси қилиш ҳисобига киради. Аммо нафл рўза заволдан олдинги ният билан ҳам дуруст бўлади. Ниятда белгилаш шарт қилинади. Масалан, «Мен Рамазон рўзасини тутаман», дейиш керак, чунки у вақтга боғлиқ ибодатдир. Лекин ниятни оғиз билан айтиш шарт эмас, балки қалбдаги қасднинг ўзи кифоядир. Ҳар куни ниятни тайин қилмоқ вожибдир.
Агар рўзадор рўза оғизлигини билиб, бу ҳолда еб-ичиш ҳаромлигини ҳам била туриб еб-ичса, рўзага зид бўлган нарсани узрсиз қилгани туфайли унинг рўзаси бузилади. Агар рўзадор бурнига дори томизса ёки қулоғига сув қуйсаю, у димоғига етса, рўзаси бузилади.
Рўзадор аёли билан яқинлик қилиши ҳаромдир. Зеро, Аллоҳ Таоло айтади:
أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَائِكُمْ
– „Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди“. [2:187]
Бу оят кундуз куни яқинлик қилмасликдан далолат беради. Кимики яқинлик қилса, унинг рўзаси бузилади.
Агар рўзадор зўрлаб қайт қилса ҳам, унинг рўзаси бузилади.
Агар бу ишларни рўзасини унутган ҳолда қилса, рўзаси ботил бўлмайди. Пайғамбар ﷺ дедилар: «Кимки Рамазон ойида унутган ҳолда оғзини очса, унга қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб эмас». Пайғамбар ﷺ яна шундай дедилар: «Агар рўза эканлигини эсдан чиқариб еб ёки ичиб қўйса, рўзасини тугалласин, чунки Аллоҳ унга таом едирибди ва сув ичирибди».
Агар у тонг отган ҳолда тонг отмаган, деб гумон қилиб ёки қуёш ботмаган ҳолда қуёш ботган, деб гумон қилиб еб-ичса ёки яқинлик қилса, унинг ўша кундаги рўзаси ҳисобга олинмайди ва унга қазо рўза вожиб бўлади.
Рўза тутиш учун саҳарлик қилмоқ мустаҳабдир. Зеро, Пайғамбар ﷺ дедилар: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда баракот бор». Оғизни хурмо билан очмоқ мустаҳабдир, агар хурмо топа олмаса сув билан очса ҳам бўлади. Рамазонда рўза тутган киши учун Шавволдан олти кун қўшмоқ мустаҳабдир. Расулуллоҳ ﷺ айтадилар: «Кимки Рамазонда рўза тутса, кейин унга Шавволдан олти кун қўшса, доим рўза тутгандек бўлади».




