Мақолалар

Саёҳатнинг сиёсий манзараси мустамлакачилик давом этаётганини кўрсатмоқда

Саёҳатнинг сиёсий манзараси мустамлакачилик давом этаётганини кўрсатмоқда

Россия президенти Владимир Путиннинг МДҲ давлатлари раҳбарлари учун Эрмитажга уюштирган саёҳати бир қарашда протокол хушмуомаласи ёки маданий тадбир каби кўриниши мумкин. Бироқ, постколониал мантиқда бундай тадбирлар ҳеч қачон мазмунсиз бўлмайди. Аксинча, бундай ҳолларда мустамлакачи давлатлар тўғридан-тўғри мажбурлаш орқали эмас, балки рамзлар, маросимлар ва жимгина розиликдан фойдаланиб самарали иш олиб боради.

Санкт-Петербургдаги Эрмитаж шунчаки музей эмас, балки у Россия империясининг ўтмишини «маданият» сифатида ривоят қилиб берадиган ва сиёсий қарама-қаршиликлардан холи бўлган меъморий қиёфасидир. Шу жиҳатдан олганда, у маданий платформа сифатида эмас, балки ўзининг тарихий буюклигини намойиш этувчи босқинчиликнинг (метрополиянинг) рекламаси сифатида хизмат қилади. ХIХ асрда босқинлик орқали империянинг таркибига қўшиб олинган Марказий Осиё раҳбарларини ушбу заллардан экскурсия гуруҳи форматида олиб ўтилиши кескин постколониал зиддиятни келтириб чиқаради.

Расмий равишда «мустақил» бўлган давлатлар вакилларининг ўз тарихидан бутунлай маҳрум қилинган ёки империя тарихига тўлиқ мослаштирилган ҳолда тақдим этилган маконда меҳмон бўлишлари вазиятнинг бемаъни манзарасини намоён қилмоқда. Шу билан бирга, уларнинг тарихида содир бўлган машҳур жанглар, Исломий асосда бошқарувнинг йўқ қилиниши, қўзғолонларнинг янчли тарзда бостирилиши ва халқларнинг империя сафига мажбуран киритилиши ҳақида ҳеч нарса айтилмади.

Шунингдек, Путиннинг йўлбошчи ролини эгаллаши ва Марказий Осиё раҳбарларининг аудитория сифатида туриши Эрмитаж саёҳатига ўзгача тус берди. Постмустамлакачилик тушунчада буни қуллик иерархиясининг оддий мисоли деб ҳисоблаш мумкин. Аниқроғи, бир томон гапиради ва тушунтиради, қолганлари эса қабул қилиб, итоат қилишга мажбур. Бу ерда аниқ камситиш сезилмаслиги мумкин, лекин олдиндан ўйланган «структуравий камситиш»нинг бошқа шаклини ҳис қилиш мумкин. Раҳбарларнинг ҳеч бўлмаганда, рамзий маънода мажбуран тиқиштирилган тарихга қарши тура олмаслиги бунинг яққол далилидир.

Буларнинг барчасини кўриб туриб ҳам, ҳеч ким танланган жойга эътироз билдирмади, шунингдек, ҳеч ким камситувчи форматга бошқа альтернативни таклиф қилмади. Ҳеч ким тенг ҳуқуқли давлатлар учун учрашув жойи сифатида император саройининг рамзийлиги масаласини ҳам кўтармади. Уларнинг бу сукут сақлаши сиёсий хўрликни қабул қилишларининг ёрқин далилидир.

Улар (раҳбарлар) гапириш тақиқлангани учун эмас, балки нутқ сўзлаш тартиби улар тарафидан тузилмагани учун жим туришди. Шундай қилиб, Марказий Осиё элитаси, расман мустақилликни даъво қилса-да, бироқ рамзий сиёсатда таклиф қилинган иерархияни қабул қилувчи постколониал субъектлар сифатида ҳаракат қилишда давом этмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, гап маълум раҳбарларнинг шахсий сифатлари ҳақида эмас, балки минтақанинг заифлиги ҳақида кетмоқда. Иқтисодий қарамлик, миграция ва хавфсизлик масалалари – агар бундай маросимлардан воз кечилса – қийин вазиятни вужудга келтиради. Айнан шунинг учун ҳам юқоридаги камситиш кинояли характерга эга бўлмоқда. Аниқроқ айтганда, камситиш мажбурий тарзда эмас, балки унга ихтиёрий иштирок этиш орқали содир бўлмоқда.

Марказий Осиё ҳатто протокол имо-ишоралари даражасида ҳам ўзининг рамзий доирасини ўрната олмайдиган майдонлигича қолмоқда. Шунинг учун Эрмитаж бу ерда шунчаки музей ролини ўйнагани йўқ. Аксинча, у қай бир замонларда ким хўжайин бўлганини ва ким ҳали ҳам ўйин қоидаларини белгилаб келаётганини эслатмоқда.

Ҳужжат Жамия

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button