Сиёсатчиларнинг баёнотлари интернетда камситиш ҳолатларининг авж олишига хизмат қилмоқда

Матбуот баёноти
Сиёсатчиларнинг баёнотлари интернетда камситиш ҳолатларининг авж олишига хизмат қилмоқда
2026 йил 11 феврал, чоршанба куни бир қатор оммавий ахборот воситалари «Камситиш ва ирқчиликка қарши курашиш бўйича ҳукумат комиссияси»нинг хулосаларини эълон қилди. Унда сиёсатчилар томонидан билдирилаётган салбий баёнотлар интернет тармоғида камситиш ва ирқчилик ҳолатларининг кўпайишига бевосита таъсир қилаётгани қайд этилган. Комиссия ўз хулосаларида Амстердам университети ўтказган тадқиқотга таянган. Унда 2014–2024 йиллар мобайнида Нидерландия Вакиллар палатасида янграган ўн минглаб баёнотлар, шунингдек, уларнинг интернет тармоғида билдирилган реакцияларга таъсири атрофлича таҳлил қилинган.
Тадқиқот натижаларига кўра, парламент минбаридан янграётган камситувчи риторика бевосита онлайн мунозаралар мазмунини шакллантирмоқда. Сиёсий майдонда қўлланаётган қолип иборалар ва атамалар ижтимоий тармоқлар ҳамда жамоатчилик баҳсларига қисқа фурсатда кўчиб ўтиб, кенг тарзда ўзлаштирилмоқда. Айниқса, сўнгги ўн йил ичида мусулмонлар ва бошқа этник гуруҳларга нисбатан камситувчи ифодалар сезиларли даражада кўпайгани қайд этилган. Янгиликлар медиаси эса бундай қолипларни узлуксиз такрорлаш ҳамда уларга гўёки «қонунийлик» тусини бериш орқали, уларнинг таъсир доирасини кенгайтирадиган асосий механизм вазифасини ўтамоқда.
Бу ерда кўзга ташланаётган манзара шунчаки тасодиф эмас, балки тизимли равишда такрорланиб келаётган тузилмавий андозадир. Ҳизб ут-Таҳрир кўп йиллардан буён сиёсий муассасалар ва оммавий ахборот воситалари Исломни, шунингдек мусулмонлар диаспорасини атайин «муаммо» сифатида кўрсатишга уринaётганини тинимсиз таъкидлаб келади. Мазкур тадқиқот эса мусулмонлар анчадан бери бошдан кечираётган аччиқ ҳақиқатни рақамлар билан тасдиқлади: адоват ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, у аввало фикрий жиҳатдан экилади.
Гарчи PVV (Озодлик учун партия) ва шу йўналишдаги бошқа сиёсий партиялар баёнотлари Исломга қарши риторикани очиқ-ойдин кучайтирса-да, муаммо аслида фақат улар билан чекланиб қолмайди. Чунки секуляр муҳитдаги кенг сиёсий мунозаралар мусулмонларни мунтазам равишда мудофаа ҳолатига маҳкум этмоқда. Натижада мусулмонлар доим «интеграция муаммоси», «хавфсизликка таҳдид» ёки «сақофий оғиш» манбаи сифатида тасвирланмоқда. Шу йўсинда улар ҳукмрон либерал меъёрларга қай даражада мослашса, фақат ўша даражада «тоқат қилинадиган», четга сурилган шахс мақомига тушириб қўйилмоқда.
Сиёсатчилар жамиятдаги кескинликларни гўёки интеграция жараёнидаги муваффақиятсизлик оқибати сифатида талқин қилмоқда. Ваҳоланки, айнан уларнинг риторикаси бу кескинликларни янада авж олдирмоқда. Жавобгарлик мусулмон диаспора зиммасига юкланяпти, ҳолбуки, муаммонинг асл илдизи секуляр тузумнинг ичида мужассам.
Ушбу ижтимоий кескинликлар Ислом меъёрлари ва қийматларига амал қилиш оқибати эмас. Аксинча, улар фикр ва амал майдонида секуляр меъёрларни мутлақ ҳукмрон қолипга айлантиришга уринаётган, бир хил ижтимоий тизим барпо этишни кўзлаётган модел натижасидир. Шу боис, систематик муаммо мусулмонлар диаспорасида эмас, балки мабдаий асосга таянган глобал алтернатив дунёқарашни қабул қилишда тубдан ожизликни намоён қилаётган мавжуд тузумнинг ўзидадир.
Окай Пала
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Голландиядаги матбуот вакили




