Соловёв Кремл овози

Соловёв Кремл овози
Россиянинг Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари ички ишларига куч билан аралашиш лозимлиги ҳақидаги Россия телебошловчиси Владимир Соловёвнинг баёнотларини оммавий ахборот воситаларидаги оддий муболаға сифатида баҳолаш мумкин эмас. Унинг сўзларини ҳатто ҳиссиёт билан айтилган сўзлар ёки фойдасиз сўзлар тўплами деб аташ ҳам ноўриндир. Бу сўзлар қўшни давлатларнинг суверенитетини менсимайдиган одатий империалистик муносабатни яққол намоён қилиб турибди.
Соловёв ўзининг кўрсатувларидан бирида, АҚШ Венесуэлада амалга оширганидек, Россия ҳам «халқаро ҳуқуққа тупуриб қўйиб», қўшни давлатларни ўз таъсир доирасида куч билан ушлаб туриши кераклигини очиқ билдирган эди. Бу ерда гап фақат назарий таҳлил ҳақида эмас, балки ҳарбий аралашув ғоясини оддий ҳолатга айлантириш, яъни уни одатий нарса сифатида қабул қилдириш ҳақида кетмоқда. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари учун бундай баёнотлар мавҳум сўзлар эмас, балки амалда уларга қарата айтилган мустамлакачилик иерархиясининг бевосита огоҳлантириши ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Соловёвнинг фаолияти фақат журналистика билан чекланган эмас. У узоқ йиллардан буён Владимир Путиннинг норасмий матбуот котиби сифатида фаолият юритиб келади. Кремл дипломатик оқибатлардан қочиб, очиқ айтишдан тортиниб турган фикрларни Соловёв омма олдида ифода этиб келади. Аниқроқ айтганда, унинг вазифаси энг радикал нарсаларни айтиш, реакцияни текшириш, рухсат этилган чегараларни кенгайтириш ва керак бўлганда ўз шиорларини «бу бир телебошловчининг шунчаки шахсий фикри» деган формула билан оқлашдир. Россиянинг сиёсий тизимида узоқ вақтдан бери қўлланиб келинаётган бу механизмни йўқ, деб ҳисоблаш атайин ўзини ўзи алдаш билан баробардир.
Шу жиҳатдан олганда, Қирғизистон расмий ҳукуматининг муносабати алоҳида аҳамиятга эгадир. Қирғизистон президентининг матбуот котиби Аскат Алагозов Соловёвнинг баёнотларини, соатлаб эфирда гапирган журналистнинг бўш ва бемаъни сўзлари сифатида қабул қилишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, таҳдид қилаётган манба вазир ёки депутат бўлмагани учун давлат бунга муносабат билдирмаслиги керак. Бундай ёндашув, аслида, муаммонинг моҳиятини тан олишдан бош тортишни англатади. Аниқроғи, суверен давлатларга қарши зўравонликка чақириш онгли равишда давлатлараро жавобгарликдан ташқарида амалга оширилмоқда.
Бу вазиятда «муносабатларнинг энг юқори даражасини» билдириши керак бўлган МДҲ, ЕОИИ ва ШҲТ каби ташкилотларга таяниш ҳам фақат ўзини ўзи юпатишдан бошқа нарса эмас. Яқин, тарихдан маълум бўлганидек, Москва билан тузилган ҳар турли иттифоқ форматлари босимни олдини олиш ўрнига уни қонунийлаштиришга хизмат қилиб келмоқда. Шунинг учун, бундай таҳдидларга жавобан дўстлик ва интеграция ҳақида гапириш мулоқотга чақириш эмас, аксинча, кейинги босим ўтказишга йўл очиш учун сигнал сифатида қабул қилинади. Хусусан, Россия оммавий ахборот воситаларининг воқеаларга муносабат билдиришига солиштирганда бундай позиция бемаъниликнинг ўзгинасидир. Чунки Россия мақолалардан тортиб интервюлар, эксперт фикрлари, твитлар ва ҳатто санъат асарларидаги фикрларгача, ҳамма нарсани душманлик сифатида қабул қилади. Бундай ҳаракатлар Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотларига, дипломатик можароларга ва санкцияларга сабаб бўлади. Бундай қадриятлар тизимида Марказий Осиё мамлакатларининг таҳдидларни жиддий қабул қилишдан бош тортиши дипломатик етуклик эмас, балки бир томонлама қуролсизланиш сари қадам ташлаш каби кўринмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Соловёвнинг баёнотлариига Ўзбекистон томонидан кескин муносабат билдирилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати ва «Юксалиш» ҳаракатининг раиси Бобур Бекмуродов Владимир Соловёвнинг сўзларига жавобан очиқчасига «булбулинг билан ўйна» деган иборани ишлатди. Бу жавоб шунчаки кескин реакция эмас, балки Россия оммавий ахборот воситалари риторикасини қабул қилиш ёки муҳокама қилишга арзийдиган нарса сифатида тан олишни намойишкорона рад этишдир. Расмий, эҳтиёткорликка асосланган изоҳга қараганда, бу жавоб таҳдидни юмшатиш ёки оқлашга қаратилмаганлиги кўриниб турибди. Аксинча, бу жавоб уни назарга илмай, асл манзилига қайтарди. Бундай муносабат амалдаги сиёсатчи томонидан айтилгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу унга қўшимча маъно беради ва Тошкент бундай баёнотларни бир журналистнинг шахсий фикри сифатида эмас, балки мустақилликка қарши ҳужум сифатида қабул қилишини ифодалайди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек депутатининг кинояли, аммо айни пайтда қатъий позицияси Қирғизистоннинг ҳаддан ташқари хушомад қилишидан ва сукут сақлашидан ёки бевосита жавоб қайтаришдан қочишидан анча мустақилроқ кўринади.
Бироқ, Қирғизистоннинг муносабатини Арманистоннинг муносабати билан солиштирганда бу зиддият янада аниқроқ кўринади. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотлар Москва ва Ереван ўртасидаги дўстона муносабатларга мос келмаслигини очиқ билдирди. Бу ортиқча ҳис-туйғуларсиз ва шу билан бирга дипломатик заифликни ҳам кўрсатмайдиган қадам бўлди. Эслатиб ўтамиз, Арманистон ҳарбий-сиёсий жиҳатдан Россияга қарам. Шунингдек, у КХШТнинг аъзоси ва ўз ҳудудига Россия қўшинларини жойлаштирган. Шунга қарамай, Ереван «қизил чизиқ»ни аниқ белгилашни зарур деб билди.
Арманистоннинг позицияси, ҳатто қарамлик ва босим остида бўлса ҳам, чегараларни чизиш мумкинлигини кўрсатди. Чунки бундай қадам ташламаслик «дипломатик эҳтиёткорлик»ни “институционал заифлик”ка айлантиради. Шунинг учун, биз бу заифликни «эҳтиёткорлик» деб қанчалик кўп оқласак ҳам, бундай таҳдидлар шунчалик одатий ҳолга айланиб бораверади ва қарши тарафни бундан ҳам кучлироқ таҳдид қилишига йўл очади.
Латифул Расах




