Матбуот баёноти

Тарқоқликдан бирлик сари

Матбуот баёноти

Тарқоқликдан бирлик сари

2026 йилги Халифалик конференцияси

Чикаго, Иллинойс – Ҳизб ут-Таҳрир Америкада ўзининг йиллик конференциясини муваффақиятли ўтказди. Мазкур тадбир ҳижрий 1342 йил 28 ражаб куни Халифаликнинг бекор қилиниши хотирасини тирилтириш мақсадида Ҳизб ут-Таҳрир уюштирган глобал кампания доирасида ўтказилди. Конференция бутун дунё мусулмонларини Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг минҳожлари асосидаги Халифаликни барпо этиш орқали исломий ҳаётни қайта бошлаш бурчини эътироф этишга ва уни адо этишга чорловчи бир даъват бўлди.

Бу йилги конференция «Тарқоқликдан бирлик сари» дея номланиб, унда Исломий Умматнинг бўлиниб кетишига олиб келган асосий омиллар атрофлича таҳлил қилинди ҳамда Ислом асосига қурилган бирликка эришишнинг принципиал йўллари муҳокама этилди. Конференция дастури учта асосий маърузани қамраб олди. Улардан сўнг очиқ мулоқот ва мунозаралар бўлиб ўтди.

«Шиорлар ортидаги: Ислом бирлигининг моҳияти» деб номланган биринчи маърузада Устоз Ҳайсам қуйидагиларни таъкидлади: Исломий Уммат Ғазо, Судан ва Кашмир каби инқирозлар борасидаги қайғу, ҳамдардлик ва ташвишда мустаҳкам бирликка эга бўлса-да, ягона раҳбарият ва кенг қамровли сиёсий тузилма йўқлиги сабабли амалий ҳаракатларда ҳануз тарқоқ ҳолатда қолмоқда. Устоз, шунингдек, ҳақиқий Исломий бирлик Қуръон ва Суннатдан келиб чиқадиган интизом, тузилиш ва шаръий аҳкомларга таянишини баён қилди. Бундай бирлик шунчаки бир хиллик эмас, балки мақсад ва масъулият муштараклигидир. Бунга фақатгина Умматга ўз фарзандларини ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтириш ҳамда инсоният устида гувоҳлик вазифасини адо этиш имконини берадиган раҳбарият ва жамоий масъулиятни қайта тиклаш орқали эришиш мумкин.

«Парчаланишдан қудрат сари: мукаммал исломий уюшмани барпо этиш» деб номланган иккинчи маърузада профессор Закий исломий юртлардаги қашшоқликнинг асл сабаби ресурслар етишмаслиги эмас, балки сиёсий тарқоқлик, ташқи иқтисодий ҳукмронлик ҳамда бойликларни адолатли тақсимлашга тўсқинлик қилаётган инсоний тузумлар эканини очиб берди. У исломий юртларнинг энергия захиралари, қишлоқ хўжалиги салоҳияти, қазилма бойликлари ва халқаро савдодаги стратегик ўрнига тўхталиб, мавжуд бўлиниш ана шу улкан неъматларни қарамликка айлантириб қўйганини баён қилди. Маъруза давомида у Исломдаги адолат ва умумий мулкчилик тамойилларига таяниб, исломий бошқарув соясидаги иқтисодий ва сиёсий бирликка чақирди. Шунингдек, фақат Исломий бошқарув низомигина суверенитетни қайта қўлга киритишга, бойликларни адолатли тақсимлашга ҳамда Умматни эксплуатациядан ҳимоя қилишга қодир эканини алоҳида таъкидлади.

«Халифалик: Етакчиликни қайта тасаввур қилиш» деб номланган сўнгги ва асосий маърузада доктор Абу Талҳа ўзининг яқинда нашр этилган «Яқин Шарқ модели» китобидаги мавзуларни муҳокама қилди. У Исломий юртларда давом этаётган низоларни ҳар томонлама таҳлил қилиб, АҚШ бошчилигидаги, ўзи «4+2» деб таърифлаган моделни тушунтириб берди. Унинг изоҳлашича, мазкур модель минтақавий элиталар ва танланма иттифоқлар орқали бошқариладиган беқарорликни давом эттириш ҳамда ташқи ҳукмронликни сақлаб қолишга хизмат қилади. Шунингдек, у ҳокимият қандай қилиб легитимликка — яъни ҳақиқий қонуний асосга — эга бўлмасдан туриб ҳам ўз мавқеини сақлаб қолаётганини ва бу ҳолат тарқоқлик ҳамда қарамликни янада чуқурлаштираётганини баён қилди. Бунинг муқобили сифатида доктор Абу Талҳа Исломий етакчиликка асосланган, шаръий ва бирлаштирувчи муқобил сифатида «1+0» моделини таклиф қилди. У сўзини якунлар экан, мусулмонларни мавжуд тузумни шунчаки ислоҳ қилиш билан чекланиб қолмасдан, балки суверенитетни қайта қўлга киритиш ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга қодир бўлган янги тузумни барпо этиш сари ҳаракат қилишга чақирди.

Конференция маърузачилар ва иштирокчилар ўртасидаги бевосита ва жонли мулоқотга айланган интерфаол савол-жавоб сессияси билан ўз ишини якунлади.

Исломий Уммат ҳамон ҳайратланарли матонат кўрсатиб, порлоқ келажак сари интилмоқда. Иймонимиз ва муштарак қийматларимиз бизга бирлик нафақат имконият доирасидаги иш, балки асосий фарз эканини эслатиб туради. Ислом адолат, қадр-қиммат ва бирдамликни юксалтирувчи йўл-йўриқларни тақдим этиб, ҳамкорлик, олий мақсад ва жамоий масъулиятга асосланган келажакка умид бағишлайди. Конференция иштирокчилари тақдим этилган маърузалардан чуқур таъсирланганларини изҳор этдилар. Биз Аллоҳ Таолодан ҳаракатларимизга барака беришини, қалбларимизни бирлаштиришини ва барча холис интилишларимизни муваффақиятли қилишини сўраб қоламиз.

 

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Америкадаги

матбуот бўлими

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button