Роя газетаси

Трамп ва гегемония сиёсати: назария ва амалиёт ўртасида

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Трамп ва гегемония сиёсати: назария ва амалиёт ўртасида

Халқаро муносабатлардаги «гегемония барқарорлиги» назарияси сиёсатшунослик, иқтисод ва тарих фанларида чуқур илдиз отган назариялардан биридир. Унга кўра, фақат муайян бир давлат дунёда ҳукмрон куч мақомини сақлаб тургандагина халқаро тартиб барқарорликка мойил бўлади. Бу назарияни биринчи бўлиб Чарльз Киндлбергер ўзининг «Дунё депрессия даврида: 1929-1939» номли асарида илгари сурган. Шунингдек, 2004 йилда таниқли сиёсатшунослар Жеймс Фирон ва Дэвид Лейтин «АҚШ ҳозир глобал бошқарувнинг муайян бир шакли сари қадам қўймоқда», деб ёзган эдилар. Улар эътиборсиз қолдирилган тегишли келишувларни васийликнинг янги шаклини жорий этишга олиб борувчи йўналишда қайта тиклаш зарур, деган хулосага келганлар. Стивен Краснер эса бу ҳақда шундай ёзади: «Агар ёмон бошқарувга эга инқирозли давлатлар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, улар ўзларини ислоҳ қила олмайди. Чунки уларнинг маъмурий салоҳияти чекланган».

Сиёсий майдонда, Ироққа қарши урушдан кейин Буш АҚШни устун деб билиб, Конгрессда сўзлаган машҳур нутқида «Янги дунё тартиби»ни эълон қилди. Мазкур нутқ Американинг халқаро майдондаги гегемонлик қиёфасини очиқ намоён этди. Айримлар эса гегемонлик сиёсатининг бошланишини президент Рейган томонидан «Юлдузлар жанги» номи билан танилган «Стратегик мудофаа ташаббуси» эълон қилинган давр билан боғлайдилар.

Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида «Янги Америка асри лойиҳаси» деб номланган режа пайдо бўлди. Унда шундай таъкидланган: «Агар Америка қудратидан тўғри фойдаланилса, у халқаро тартибни демократия андозалари асосида қайта шакллантиришга қодир». Кичик Буш ташқи сиёсатда айнан шу лойиҳага таянди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин эса ўзининг машҳур «Ким биз билан бўлмаса, демак у бизга қарши», деган сўзини айтди.

Трамп президентликка келиши билан ҳукмронлик сиёсатининг асл моҳиятини янада очиқ намоён этиб, барча нарсани очиқ-ойдин қилиб қўйди. У ўз чиқишларидан бирида Панама канали ва Гренландияни қўшиб олиш учун ҳарбий куч ишлатиш, Мексика кўрфази номини ўзгартириш, Канадага нисбатан иқтисодий босим ўтказиш ҳамда Яқин Шарқни дўзахга айлантириш билан таҳдид қилди.

Шунингдек, Марко Рубио Сенатда уни давлат котиби лавозимига тасдиқлаш юзасидан ўтказилган йиғинда Трампнинг ўзидан олдинги раҳбарлар шакллантирган дунё тартибидан воз кечганини очиқ-ойдин баён қилди. У бу ҳақда шундай деди: «Урушдан кейинги дунё тартиби нафақат эскирди, балки бугунги кунда бизга қарши қўлланадиган қуролга айланиб қолди». Шу билан бирга, у қоидаларга асосланган халқаро тартиб нотўғри фаразлар асосида барпо этилганини, шу боис ундан воз кечиш зарурлигини ҳам таъкидлади.

Шу тариқа, Германия президенти, Франция бош вазири ва Канада раҳбари Трампнинг халқаро тартибни вайрон қилиш устида ишлаётганини таъкидлашди. Ҳатто сиёсатчилар ва таҳлилчилар ҳам янги дунё тартиби Американинг мутлақ гегемонлиги сари оғиб бораётгани борасида деярли якдил фикрдалар.

Трамп кўп кутиб ўтирмай, гегемонлик сиёсатини барча йўналишларда изчил амалга оширишга киришди. Иқтисодий соҳада у Кўрфаз давлатларидан триллионлаб долларлик маблағларни суғуриб олди. Барчага, ҳатто ўз иттифоқчиларига нисбатан ҳам бож тўловларини жорий этди, шунингдек, Украина, Тайвань ва бошқа томонлардан нодир металларни топширишни талаб қилди. Сиёсий майдонда эса ўнлаб халқаро ташкилотлардан, жумладан, БМТга қарашли тузилмалардан чиқиб кетди. Шу билан бирга, БМТни четлаб ўтиш мақсадида «Тинчлик кенгаши» тузилганини эълон қилди. Бундан ташқари, очиқчасига аралашиб, Ироқда Нурий Моликийнинг бош вазир бўлишига қарши эканини, Сурияда эса Аҳмад Шарани президентликка ўзи тайинлаганини билдирди.

Ҳарбий майдонда эса у 1948 йилдан буён сўнмай келаётган жиҳод машъаласини ўчириш мақсадида Ғазо секторини вайрон қилишда иштирок этди. Тарихда мисли кўрилмаган ҳолат сифатида Венесуэла президентини уйидаги ётоғидан ўғирлаб кетди, Гренландияни зарур бўлса куч ишлатиб тортиб олишини маълум қилди, шунингдек, Колумбия ва Мексикага бостириб кириш билан таҳдид қилди. Шундан сўнг, кўп ўтмай, Эронни жиловлаш баҳонасида Яқин Шарққа яна қайтди. Гарчи Эронга зарба беришдан кўзланган бевосита мақсад уни жиловлаш бўлса-да, гегемонлик назарияси нуқтаи назаридан қаралганда, бутун Яқин Шарқ минтақаси асосий нишон экани аён бўлади. Бу қараш Яқин Шарқ давлатларини осонроқ идора этиш мақсадида уларни қайта тақсимлаш назариясини илгари сурган Бернард Льюиснинг «Ким дунёга ҳукмронлик қилмоқчи бўлса, Яқин Шарқни назорат қилсин», деган сўзларига таянади. Зеро, Яқин Шарқ геосиёсий жиҳатдан дунёнинг қалби бўлса, ақидавий жиҳатдан Ислом Умматининг уриб турган юрагидир. Чунки бу заминда илдизи ерга маҳкам ўрнашган, шохлари эса самога бўй чўзган собит ақида ҳукмрондир.

Айнан шу омил минтақани Ғарб сиёсатчилари учун доимий қўрқув ва хавотир манбаига айлантирган. Бу ҳақда кўплаб тадқиқотлар, изланишлар ва баёнотлар мавжуд. Бунга мисол тариқасида Британия собиқ бош вазири Тони Блэрнинг Британия тадқиқот марказида бўлиб ўтган конференцияда айтган сўзларини келтириш мумкин: «Сиёсий Ислом, хоҳ ақидавий жиҳатдан бўлсин, хоҳ зўравонлик нуқтаи назаридан, биринчи даражали хавфсизлик таҳдидидир. Агар у жиловланмаса, бизга ҳам етиб келади».

Америкалик таҳлилчи Стивен бу ҳақда шундай дейди: «Яқин Шарқда Америка манфаатларини рўёбга чиқаришнинг энг самарали йўли — минтақани Вашингтон билан узвий хавфсизлик алоқалари ва манфаатларга эга бўлган тарқоқ давлатчаларга парчалашдан иборат». Шунингдек, Американинг собиқ давлат котиби Майк Помпео: «Бугун биз дуч келаётган энг катта хавф – Исломга ҳаёт тарзи ва низоми сифатида иймон келтирган кишилардир», деган эди. Кичик Буш ҳам бу борада шундай деган: «Мусулмонларнинг мақсади ягона давлатни барпо этишдан иборат. Мазкур Давлат оммани ўз атрофида бирлаштириб, уларга минтақа бўйлаб мавжуд барча режимларни қулатиш ҳамда Испаниядан Индонезиягача чўзилган ҳудудни қамраб олган «исломий фундаментал империя»ни барпо этиш учун зарур куч ва воситаларни тақдим этади».

Ғарб илгари ҳам, бугун ҳам Умматнинг бирлиги ўзи учун нақадар улкан хавф эканини яхши англаб етган. Шу боис Умматни парчалаш, уни майда ва тарқоқ давлатчаларга бўлиб ташлашга интилди ва ҳанузгача улар орасига фитна уруғларини сочиб келмоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ Таоло бизни бирликка чақириб, бундай марҳамат қилган:

﴿إِنَّ هَٰذِهِۦٓ أُمَّتُكُمۡ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ وَأَنَا۠ رَبُّكُمۡ فَٱعۡبُدُونِ﴾

«(Эй инсонлар), сизларнинг умматингиз ҳақиқатда бир умматдир, Мен эса (барчангизнинг) Роббингизман, бас, Менгагина ибодат қилинглар!»                                                     [Анбиё 92]

Шунингдек, бизни бўлиниш ва тарқоқликдан қайтариб, бундай деди:

﴿وَلَا تَكُونُواْ كَٱلَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَٱخۡتَلَفُواْ مِنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَهُمُ ٱلۡبَيِّنَٰتُۚ وَأُوْلَٰٓئِكَ لَهُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ﴾

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» [Оли Имрон 105]

Сиёсий бирлик шунчаки танлов эмас, балки шаръий фарздир. Бу ҳақда имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:

«إِذَا بُويِعَ لِخَلِيفَتَيْنِ فَاقْتُلُوا الآخَرَ مِنْهُمَا»

«Агар икки халифага байъат берилса, улардан кейингисини ўлдиринглар».

Шундай экан, Америка ҳукмронлигини даф қиладиган халифага байъат қилмайликми?! Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:

«إِنَّمَا الْإِمَامُ جُنَّةٌ، يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَى بِهِ»

«Халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади».

Роя газетасининг 2026 йил 11 март, чоршанба кунги 590-сонидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button