Трамп Эрон билан музокаралар самарали кечаётганидан мамнун

Трамп Эрон билан музокаралар самарали кечаётганидан мамнун
АҚШ Президенти Дональд Трамп сўнгги икки кун ичида Теҳрон билан «ниҳоятда яхши ва самарали» музокаралар бўлиб ўтганини маълум қилди. Шу муносабат билан, у Эроннинг энергетика инфратузилмасига бериладиган зарбаларни беш кунга тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берди. Президентнинг таъкидлашича, музокараларнинг мазмуни ва моҳиятидан келиб чиқиб, бу жараён ҳафта давомида давом этади. Бу ҳақда Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида тўхталиб ўтди.
Трамп Эронга 23 март куни Вашингтон вақти билан соат 19:44га қадар Ҳурмуз бўғозини «тўлиқ очиш» талабини қўйди. Айни пайтда, АҚШ Мудофаа вазирлиги минтақага минглаб қўшимча қуруқликдаги қўшинларини сафарбар этаётгани хабар қилинмоқда.
Изоҳ:
Маълумки, Америка ва (Исроил)нинг Эронга қарши уюштирган қўшма ҳужумларининг ҳар иккиси ҳам айнан музокаралар қизғин палласига чиққан вақтда амалга оширилди. Аниқроғи, ўтган йилнинг 22 июнида амалга оширилган «12 кунлик уруш» ҳужуми пайтида Женевада Эрон ва АҚШ ўртасида музокараларнинг учинчи босқичи бўлиб ўтаётган эди. 28 февралдаги ҳужум эса худди шу музокараларнинг учинчи раунди якунланаётган пайтга тўғри келди. Демак, Америка жанг майдонида эриша олмаган натижаларига яна бир бор музокаралар столи орқали эришмоқчи бўляпти. Аммо, бундай ҳийла-найранглар навбатдаги ҳужумдан чалғитувчи маневр эканини юқоридаги воқеалар тасдиқлаб турибди.
Шундай экан, Эрон ҳукумати Трамп бошчилигидаги мутакаббир Америка маъмуриятининг ҳийла-найрангларига алданиб қолмаслиги лозим. Аксинча, халқаро майдондаги ҳозирги беқарор вазиятдан мусулмонларни босқинчиликдан озодликка чиқариш йўлида фойдаланиб қолиши зарур. Зеро, мўмин киши бир тешикдан икки марта чақтириши мумкин эмас. Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилдилар:
«المؤمن لا يلدغ من جحر مرتين»
«Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақтирилмайди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Нурдин Асаналиев




