Триполи сурункали эътиборсизлик ва қулаб тушган бинолар қурбонлари исканжасида!

Матбуот баёноти
Триполи сурункали эътиборсизлик ва қулаб тушган бинолар қурбонлари исканжасида!
Биз Триполи шаҳридаги Қубба маҳалласида юз берган аянчли фожиа ҳамда шаҳар аҳолисидан бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлган эски биноларнинг кетма-кет қулаши ортидан жамоатчиликка қуйидагиларни таъкидлаймиз:
Биринчидан: Триполида юз бераётган бу фожиаларни алоҳида ҳолатлар ёки табиий офатлар сифатида баҳолаш мутлақо нотўғри. Аксинча, бу – сурункали эътиборсизлик ва қаттиқ бепарволикнинг бевосита оқибатидир. Ушбу ҳолат учун марказий ҳокимият, муниципалитет ҳамда Триполининг кетма-кет алмашган сиёсий раҳбарияти тўлиқ жавобгар ҳисобланади. Шаҳардаги кўплаб бинолар ўнлаб йиллар аввал қурилган бўлиб, уларнинг аксариятида хавфли даражадаги конструктив дарз кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ачинарли манзара ҳақида муҳандислар, маҳаллий аҳоли ва мутахассислар томонидан такрор ва такрор расмий идораларга огоҳлантирув берилган. Бироқ шу пайтга қадар на кенг қамровли муҳандислик кўриклари, на олдини олиш бўйича режалар, на эвакуация чоралари амалга оширилди.
Иккинчидан: Биз шуни алоҳида таъкидлаймизки, ушбу фожиага айни хавф-хатар қаршисида – айниқса масъул шахслар томонидан – сукут сақланиши ва бурчни бажармаслик сабаб бўлди. Зеро, Исломда одамларнинг ишларига ғамхўрлик қилиш шаръий фарздир, бунда ҳеч қандай танлов йўқ. Росулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қилганлар:
«الْإِمَامُ رَاعٍ وَهُوَ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»
«Имом-халифа бошқарувчидир ва ўз қўл остидагилардан жавобгардир».
Шунга кўра, одамлар ҳаётини асраш ҳамда ҳалокатга олиб келувчи омилларни бартараф этиш давлат ва унинг маҳаллий ҳокимият органлари зиммасидаги бевосита ва муқаррар шаръий бурчдир. Олдини олиш ва чора кўриш имкони мавжуд бўла туриб, ўз вақтида зарур чораларни кўрмаслик, фуқароларни хавф остида қолдириш ёки уларнинг ҳалокатига сабаб бўладиган ҳар қандай бепарволик – бу шунчаки маъмурий камчилик эмас, балки оғир шаръий гуноҳ ва омонатга хиёнат ҳисобланади.
Учинчидан: Оилаларни қулаш арафасида турган ва хавфли экани олдиндан маълум бўлган биноларда яшашга ташлаб қўйиш шаръан ҳаром қилинган «зирор», турига киради. Бу борада Росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
«لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ»
«Зарар етказиш ҳам, зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ».
Тўртинчидан: Оғриқ ва зулм ҳиссини янада кучайтираётган нарса давлат ғамхўрлигининг Ливан шаҳарлари ўртасида шармандали тарзда фарқ қилаётганидир. Масалан, аҳолиси Триполидаги битта кўчанинг аҳолисига ҳам етмайдиган Жубайл ёки Батрун каби қўшни шаҳарлар замонавий инфратузилма, мунтазам техник хизмат ва бинолар устидан қатъий назорат билан таъминланган. Бироқ Ливаннинг энг йирик ва аҳолиси энг зич жойлашган шаҳарларидан бири бўлган Триполи мутлақ эътиборсизликка ташлаб қўйилган: на умумий муҳандислик кўриги, на фавқулодда вазиятлар учун жамғарма, на ҳимоя режаси мавжуд. Бундай кескин фарқ – Аллоҳ фарз қилган адолатга тамоман зиддир. Бу борада Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
إِنَّ ٱللَّهَ يَأۡمُرُ بِٱلۡعَدۡلِ
«Албатта Аллоҳ адолат (қилиш)га буюради» [Наҳл 90]
Бешинчидан: Триполидаги кўплаб расмийлар жуда катта бойликка эга шахслардан ҳисобланади. Улардан айримлари молия ва бизнес соҳасининг «кит»лари сифатида танилган бўлиб, юқори даражада таъсир кучига эга. Шунга қарамай, улар на ҳокимият ваколатидан келиб чиқиб, на ўзаро бирдамлик юзасидан ва на ахлоқий масъулият нуқтаи назаридан ўз шаҳарлари ва унинг аҳолиси олдидаги шаръий вазифаларини адо этдилар.
Шундай экан, молиявий ва сиёсий имкониятларга эга бўла туриб, ўз шаҳрининг аҳолисини дарз кетган шифтлар остида ўлим билан юзма-юз қолдирган кимсаларнинг қайси баҳонасини узр сифатида қабул қилиш мумкин?!
Олтинчидан: Яқинда мамлакатда юз берган зилзилалар – гарчи улар нисбатан заиф бўлган бўлса-да – эски биноларнинг қай даражада мўрт ва хатарли эканини очиқ фош этди. Бу воқеалар масъулларнинг сукут сақлаши ёки кутиб туришини оқлайдиган ҳар қандай баҳона ва узрларни бутунлай йўққа чиқарди.
Зеро, ҳақиқатни била туриб сукут сақлаш – гуноҳдир, ўз вақтида огоҳлантирилган бўла туриб чора кўришни кечиктириш – жавобгарликка сабабдир. Чунки ҳар қандай кечиктирилган ҳаракат янги қурбонлар юзага келишига олиб келиши мумкин.
Еттинчидан: Биз қуйидагиларни очиқ ва қатъий талаб қиламиз:
Триполидаги барча эски бинолар зудлик билан ва тўлиқ муҳандислик кўригидан ўтказилсин;
Қулаш хавфи остидаги биноларнинг расмий рўйхати шаффофлик тамойили асосида жамоатчиликка эълон қилинсин;
Хавф туғилган ҳолатда аҳоли тезкор равишда эвакуация қилинсин ҳамда улар муносиб ва хавфсиз уй-жой билан таъминлансин;
Триполидаги барча эски биноларни таъмирлаш учун махсус фавқулодда вазиятлар жамғармаси (фонди) ташкил этилсин;
Илгари тайёрланган ҳисоботларни эътиборсиз қолдирган ёки уларни инкор этган ҳар бир расмий шахс белгиланган тартибда жавобгарликка тортилсин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, вайроналар остида ҳалок бўлган инсонлар – на зилзиланинг қурбонлари, на замоннинг табиий оқимида йўқолганлар ҳисобланади. Аксинча, улар очиқ-ойдин сиёсий бепарволик ва шаръий масъулиятсизлик қурбони бўлдилар. Қиёматда ҳукм чиқарилишидан олдин Аллоҳнинг ҳузурида ҳамма «Девор ёрила бошлаганида, хавф аён бўлганида ва ҳали қутқариш имкони бор пайтда сиз қаерда эдингиз?!» дея сўроқ қилинади.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَسَيَعۡلَمُ ٱلَّذِينَ ظَلَمُوٓاْ أَيَّ مُنقَلَبٖ يَنقَلِبُونَ
«Золим кимсалар яқинида қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар» [Шуаро 227]
Росулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қилганлар:
«اللَّهُمَّ مَنْ وَلِيَ مِنْ أَمْرِ أُمَّتِي شَيْئًا فَشَقَّ عَلَيْهِمْ فَاشْقُقْ عَلَيْهِ، وَمَنْ وَلِيَ مِنْ أَمْرِ أُمَّتِي شَيْئًا فَرَفَقَ بِـهمْ فَارْفُقْ بِهِ»
«Аллоҳим, ким Умматим ишларидан бир ишга раҳбар бўлиб, уларга машаққат етказса, Сен ҳам унга машаққат етказ. Ким Умматим ишларидан бир ишга раҳбар бўлиб, уларга шафқат қилса, Сен ҳам унга шафқат қил». Мусулмонлар халифаси Умар розияллоҳу анҳуни Аллоҳ раҳмат қилсин. У киши шундай деган эдилар: «Агар Фурот бўйида бир туя (қўй ёки қўзичоқ) ҳалок бўлса, Аллоҳ Таоло у ҳақида мени сўроқ қилишидан қўрқаман». Бас, Ислом давлатида ҳайвонларга нисбатан масъулият шу даражада бўлган экан, инсон ҳаётига нисбатан масъулият ҳақида нима дейиш мумкин?!
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ливан вилоятидаги матбуот бўлими




