Мақолалар

Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити натижалари

Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити натижалари

2 апрел куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари ва бош вазирларининг иккинчи йиғилиши якунланди. Унда муҳим қўшма баёнот қабул қилинди. Эрон атрофидаги геосиёсий зиддиятлар ва пинҳона хавф-хатарлар авж олаётган бир паллада бўлиб ўтган ушбу учрашув, янги геоиқтисодий муҳит шиддат билан шаклланиб бораётганидан далолат бермоқда. Бу жараён бир вақтнинг ўзида ҳам ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш инстинкти, ҳам янги беқарорликнинг эҳтимолий манбаси ҳисобланади.

Мазкур учрашув ТДТнинг шунчаки рамзий бирлашувдан амалий фаолият босқичига ўтиш ҳаракатини ифодаламоқда. Агар илгари ушбу иттифоқ кўпроқ маданий ва сиёсий кун тартиби доирасида муҳокама қилинган бўлса, эндиликда инфратузилма лойиҳалари куч-қудрат манбаи сифатида биринчи планга чиқмоқда. «Габала декларацияси»да муҳрланган амалий интеграция тамойилларига мувофиқ Хитой, Марказий Осиё, Каспий, Кавказ ва Европани ягона тизимга боғлайдиган аниқ лойиҳалар амалга оширилади.

Зангезур коридори бу тизимнинг марказий бўғини сифатида гавдаланмоқда. У шунчаки минтақавий йўл эмас, балки Транскаспий халқаро транспорт йўналишига интеграциялашган стратегик йўлак сифатида баҳоланмоқда. Иштирокчиларнинг мантиғига кўра, ушбу коридор тарқоқ транспорт ташаббусларини ягона Евроосиё магистралига бирлаштирувчи марказга айланади.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон томонидан кўрсатилган қўллаб-қувватлов, бу лойиҳа фақат Озарбайжоннинг маҳаллий ташаббуси эмас, балки умумий иқтисодий муҳитни шакллантириш йўлидаги жамоавий интилиш эканини тасдиқлайди. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг Боку-Тбилиси-Карс йўналиши билан туташиши Тинч океанидан Европагача бўлган узлуксиз занжирни ҳосил қилади. Шу тариқа, минтақа давлатлари пойдевори ҳарбий кучга эмас, аксинча, логистика ва товар оқимлари устидан ўрнатилган назоратга таянган янги хавфсизлик каркасини барпо этмоқда.

Бироқ бу интеграция ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. У бевосита Эрон атрофида кескинлашиб бораётган инқирознинг маҳсулидир. АҚШ ва сионистик кучлар иштирокидаги қарама-қаршиликлар анъанавий йўналишларни издан чиқариб, Эрон йўналиши орқали ўтувчи турли таъминот занжирларини беқарор қилиб қўйди. Бундай шароитда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бевосита ҳарбий хавфлар мавжуд бўлган ҳудудларни айланиб ўтишга имкон берадиган хавфсиз муқобил сифатида қабул қилина бошланди.

Айнан шу нуқтада юз бераётган воқеалар моҳияти янада ойдинлашмоқда: ТДТ амалда инқироз гирдобидаги ҳудудларга боғлиқ бўлмаган транспорт йўлагини ташкил этишга интилмоқда. Бу тизим ҳатто минтақавий миқёсдаги йирик урушлар пайтида ҳам иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга кафолат бериши лозим. Бундай вазиятда иқтисодий интеграция жамоавий хавфсизликнинг бир шакли сифатида хизмат қилади.

Аммо чуқурроқ назар ташланса, бу стратегия ортида жиддий яширин хавфлар борлиги аён бўлади: уларнинг аввалгиси интеграциянинг ҳаддан ташқари тезлиги ва унинг «амалий мажбурият» туфайли юзага келганидир. Бу ҳолат вазиятга қараб тезкор чора кўрилаётганидан далолат беради. Давлатлар Эрон ва қисман Россия орқали ўтувчи йўлларнинг эҳтимолий узилишини олдини олишга ҳаракат қилишмоқда, лекин шу билан бирга улар яна янги хавфли вазиятга дуч келишмоқда. Каспийдаги Эрон инфратузилмасига берилаётган зарбалар хавфли ҳудуд кенгаяётганини кўрсатади. Агар можаро янада ёйиладиган бўлса, у бугунги кунда хавфсиз деб ҳисобланган йўналишларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Зангезур коридорининг ўзи эҳтимолий зиддият ўчоғи ҳисобланади. Унинг ишга тушиши Эроннинг транзит ролини объектив равишда пасайтиради ва Жанубий Кавказдаги кучлар мувозанатини қисман ўзгартиради. Теҳрон учун бу шунчаки иқтисодий лойиҳа эмас, балки уруш шароитида душманона қадам деб баҳоланиши мумкин бўлган геосиёсий ҳийланинг бир элементидир. Бу иқтисодий рақобатнинг сиёсий, ҳатто ҳарбий қарама-қаршиликка айланиб кетиш эҳтимолини оширади.

Яна бир жиддий хатар шундаки, мазкур муқобил йўналишлар гўёки барқарордек туюлса-да, аслида бу шунчаки бир иллюзиядир. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бугун хавфсиз муқобил сифатида кўрилмоқда. Бироқ, агар мавжуд зиддиятлар кўлами кенгайиб кетса, ушбу йўлак ҳаддан ташқари зўриқишга бардош беролмай қолиши ёки қисман беқарорликка учраши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, ТДТ мамлакатлари мавжуд камчиликларни батамом бартараф этмасдан, уларни шунчаки бошқа йўналишларга қайта тақсимламоқда, холос.

Ушбу воқеалар фонида Туркманистоннинг ҳаракатлари алоҳида эътиборга лойиқ. Гарчи Туркманистон расман бетарафлик мақомини сақлаб турган бўлса-да, у аста-секин йирик логистика лойиҳаларига жалб этилмоқда ва «Global Gateway» ташаббусларига фаол қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳолат, ҳатто сиёсий блоклардан узоқроқ туришга интилаётган давлатлар ҳам янги транспорт воқелигига мослашишга мажбур эканини яққол кўрсатиб турибди.

Манфаатдор томонлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, энг катта фойдани шубҳасиз Туркия кўрмоқда. У Осиё ва Европа ўртасидаги асосий транзит тугуни сифатида ўз мавқеини юксалтириш билан бирга, турк дунёси ичидаги сиёсий таъсирини ҳам мустаҳкамлаб бормоқда. Шу билан бирга, Озарбайжон ҳам бутун тизимнинг марказий логистика хабига айланиб, ўз мавқейини сезиларли даражада кучайтириб бормоқда.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса ташқи алоқаларини диверсификация қилиш ва ўзлари кўникиб қолган одатий йўналишларга бўлган қарамликни камайтириш учун оз миқдорда имкониятга эга бўлмоқдалар. Бироқ, бутун тизимдаги нуқсон ва хатарлар ҳамон сақланиб қолаётгани сабабли, уларнинг ушбу лойиҳалардан топадиган фойдаси ҳали-ҳануз кафолатсизлигича қолмоқда.

Европа Иттифоқи ҳам қўшимча афзалликларга эга бўлмоқда. У «Global Gateway» каби ташаббуслар орқали беқарор ҳудудларни айланиб ўтувчи муқобил логистика йўналишлари шаклланишини амалда қўллаб-қувватламоқда. Бу вазиятда энг катта йўқотишга юз тутаётган томон — Эрондир. У асосий транзит занжири сифатида ўз аҳамиятини аста-секин бой бериб, стратегик яккаланиб қолиш хавфи остида қолмоқда. Эроннинг мавқеи, хусусан, Каспий денгизидаги таъсирининг заифлашуви унинг минтақавий лойиҳаларга таъсир ўтказиш қобилиятини пасайтирмоқда.

ТДТ мамлакатлари Эронни айланиб ўтувчи йўналишларни қанчалик тез қуришга интилсалар, Эронни шунчалик кескин жавоб қайтаришга ундаган бўладилар. Парадокс мана шунда. АҚШ билан давом этаётган қарама-қаршилик шароитида бу вазият зиддиятларнинг янада таранглашиш эҳтимолини оширади.

Хулоса қилиб айтганда, Евроосиёнинг шаклланаётган янги транспорт архитектураси гарчи йирик урушдан ҳимояланишга қаратилган ҳаракатдек кўринса-да, аслида у парадоксал равишда урушни кучайтирувчи омилга айланиши ва иқтисодий интеграцияни геосиёсий тўқнашувларнинг бир бўлагига айлантириб қўйиши мумкин.

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button