Фуқароларни уй-жой билан таъминлаш кимнинг вазифаси

Фуқароларни уй-жой билан таъминлаш кимнинг вазифаси
Бишкек чеккасида жойлашган Анар-Бак аҳоли пунктидаги уйларни бузиш масаласи аҳоли билан ҳукумат ўртасида очиқ можарога айланди. Аҳоли пунктида қурилган уйлар ноқонуний деб эълон қилинди. У ердаги уйда одамлар яшаётганига қарамай, муниципал хизматлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамроҳлигида бузиш ишларини бошлаб юборди.
Аҳолининг сўзларига кўра, аниқ тушунтириш ишлари олиб борилмасдан ва муқобил вариант таклиф қилмасдан уйларни бузиш амалга оширилган. Кўп одамлар бу уйларда бир неча йиллардан бери яшаб келишмоқда. Қишнинг совуқ кунларида уйларни бузишга уриниш жамоатчиликнинг кучли норозилигига сабаб бўлди. Шу сабабли, одамлар яшаб турган уйларни бузиш ишлари қиш мавсуми тугагунга қадар вақтинча тўхтатилди. Бу қарор олдиндан режалаштирилган ижтимоий сиёсат асосида эмас, айнан шу жамоатчиликнинг резонанси натижасида қабул қилинди.
Бугунги кунда бузиш ишлари вақтинча тўхтатилганига қарамай, муаммо тўлиқ ҳал қилинган эмас. Аҳоли бу муаммо қишдан кейин яна авж олишидан хавотирда. Бироқ, ҳукумат уйлар ноқонуний қурилган, деган позициясини ўзгартиргани йўқ.
Муаммо фақат «Анар-Бак» аҳоли пунктидаги ҳолатдан иборат эмас. Айтиш мумкинки, бу Бишкек чеккасидаги барча маҳаллаларнинг муаммосидир, бошқа маҳаллаларда ҳам худди шундай муаммо долзарблигича қолмоқда. Бунинг сабаби, ер участкаларини қонунийлаштириш бўйича амнистия фақат 2021 йилдан олдин қурилган уйларни ўз ичига олади, ундан кейин қурилган уйларни қонунийлаштириш жараёни амалга оширилмаган. Шунинг учун ҳукумат шаҳар атрофидаги кўплаб уйларни ноқонуний деб топиб, уларни бузишга ҳаракат қилмоқда ва бўш ер участкаларини давлатга ўтказиб беришни талаб қилмоқда.
Бу вазият фуқароларнинг ачинарли аҳволини намоён қилмоқда. Чунки кўп одамлар кичкина бир участкага эга бўлиш учун қарз олган ёки чет элларда ишлаб юрибди. Ҳар кимнинг аҳволи ҳар хил. Баъзилар дарҳол уй қуришга қодир бўлса, бошқаларнинг эса бунга маблағи етмайди ва бундай одамлар кўпчиликни ташкил қилади. Одамлар уй қуриш учун қарзга ботмоқда ёки йиллар давомида чет элда ишлашга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун, шу пайтгача ер участкаларини сотиб олган бўлса-да, 2021 йилгача уйларини қуришга улгурмаган одамлар жуда кўп. Шу боис, ер участкаларини қонунийлаштириш жараёнида уй-жой қурилишини 2021 йилдан олдин ва кейин, деб ажратиш адолатга тўғри келмайди.
Айни пайтда, ҳукуматнинг позициясини қўллаб-қувватлаб, бу аҳоли пунктлари ноқонуний эканлигини ва улар одамлар томонидан эгаллаб олинганини айтаётганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ, бундай вазиятнинг пайдо бўлишига айнан ҳукуматнинг ўзи сабабчидир. Чунки 30 йил давомида одамларни уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳукумат томонидан ҳеч қандай ҳаракатлар қилинмади. Охир-оқибат, бу муаммо жиддийлашиб, одамлар кескин чоралар кўришга мажбур бўлишди. Натижада, ҳозирги аҳвол вужудга келди.
Бироқ, бугунги кунда ҳукумат ерларни тақсимлашга мораторий жорий қилиб, фуқароларни Давлат ипотека компанияси орқали уй-жой билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Аниқроқ айтганда, Давлат ипотека компанияси уйларни уй-жой қурилиши компанияларидан квадрат метри учун 650-700 доллардан сотиб олади, сўнг устига 250 доллар қўшиб, халққа ипотека асосида, яъни судхўрлик асосида 950 доллардан сотади. Инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, халқнинг ҳамёнига қараганда, бу уйларни фақат бадавлат инсонларгина сотиб олиши мумкин. Бу эса, фуқароларни уй-жой билан таъминлаш муаммосини ҳал қилмайди.
Шундай қилиб, ҳукумат бу муаммоли масалани – яъни одамларнинг асосий муаммосини – бозорга ташлаб қўйди. Одамлар уй-жойга эга бўлиш учун ўзини ўзи таъминлашга мажбур бўлиб, Давлат ипотека компаниясидан судхўрлик асосида уй сотиб олишмоқда. Шу билан Давлат ипотека компанияси ва хусусий компаниялар халқнинг ҳисобидан «пул топишмоқда». Бу адолатсизлик ва зулмдир, бундан ташқари, динимизда ҳаром қилинган судхўрликка мажбурлаш ҳисобланади.
Исломда уй-жой масаласи инсоннинг асосий эҳтиёжларидан ҳисобланади. Шунинг учун одамларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлагани каби уй-жой билан таъминлаш ҳам давлатнинг асосий вазифаларидан биридир. Бунинг учун Байтулмадан маблағлар ажратилиб, уй олишга қудрати етмайдиган фуқаролар учун уйлар қуриб берилади. Ер ости ва усти бойликлари ҳам Байтулмалнинг манбаларидан биридир. Бу минераллар давлат мулки ҳисобланиб, бу минералларга на давлат ва на шахслар эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмас. Улар фақат халқнинг эҳтиёжлари учун ишлатилиши лозим.
Халифа Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ ундан рози бўлсин) даврида Куфа, Басра ва Фустат каби шаҳарлар қурилди, оилалар ер, уй-жой, сув ва йўл инфратузилмаси билан таъминланди. Ўзингизга маълум, уй-жой каби инсонларнинг шахсий мулклари Исломда дахлсиз ҳақ-ҳуқуқлардан ҳисобланади.
Худди шу халифа Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) даврида мусулмонлар сони кўпайиб борган сари, Росулуллоҳ ﷺ масжидини кенгайтиришга зарурат туғилди. Бунинг учун масжидга қўшни бўлган ерларни сотиб олиш керак эди. Барча ер эгалари бунга рози бўлишди, аммо фақат Росулуллоҳ ﷺнинг амакиси Аббос ўз ерини беришдан бош тортди. Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) масжид учун ерни мажбуран олиш тўғри эмаслигини айтиб, унга адолатли, ҳатто юқори нарх таклиф қилди. Аммо Аббос қанча пул берса ҳам ўз ерини сотмаслигини билдирди.
Шунда Умар қозига мурожаат қилди. Қози Убай ибн Каъб (Аллоҳ ундан рози бўлсин) қуйидаги қарорни чиқарди: “Ҳеч ким бошқа бировнинг мулкини зўравонлик билан тортиб ололмайди, гарчи масжид ҳудудини кенгайтириш учун бўлса ҳам. Ер Аббосники бўлиб қолади. Ҳатто халифа ҳам уни сотишга мажбур қила олмайди”.
Қозининг қароридан сўнг, Аббос ўз ерини масжидга бепул беришини эълон қилди. У бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди: “Мен буни Исломда инсон ҳуқуқлари қанчалик қадрланишини кўрсатиб қўйиш учун қилдим”. Булар Исломдаги уй-жой сиёсатининг яққол намуналаридир.
Бироқ, бугунги кунда биз яшаётган капитализм шароитида минерал бойликлар халқ манфаати учун сарфланиши ўрнига хусусий мулкка айлантирилиб шахсларга бериб юборилган. Бу ҳам капитализмнинг шартларидан биридир. Халқнинг ижтимоий масалалари эса, бозор иқтисодиётига ташлаб қўйилган. Бошқача айтганда, бизнинг минерал бойликларимиз арзимас пулга сотилмоқда – талон-тарож қилинмоқда, халқимиз эса кичик ер участкасига ёки уйга эга бўлиш учун қарзга ботмоқда, судхўрлик қилмоқда ёки ҳаётини хавф остига қўйиб, чет элларда хор бўлиб ишлаб юрибди.
Шунинг учун, одамларни эзиб, эксплуатация қиладиган капитализм шароитида нафақат уй-жой муаммоси, балки бошқа асосий муаммоларни ҳал қилиш ҳам машаққатлигича қолмоқда. Бу капитализмнинг натижасидир. Демакки, капитализмни ағдариб, Ислом тузимуни тиклаш зарурдир. Ана шундагина одамлар фақат қорнини ўйлаб яшаш дардидан халос бўлиб, азизликда ҳаёт кечиришни бошлайди.
Ҳорун Абдулҳақ




