Фуқаролар мулкини назорат остига олиш демократияни йўққа чиқармоқда

Фуқаролар мулкини назорат остига олиш демократияни йўққа чиқармоқда
Ўзбекистонда мисли кўрилмаган чекловлар жорий этилди. Муайян товарлар ва хизматлар учун нақд пул тўловлари тақиқланди. Президентнинг янги фармонига кўра, бундан буёғига янги автомобиллар, уй-жойлар, маст қилувчи ичимликлар, сигаретлар ва ҳатто ичимлик сувини ҳам нақд пулга сотиб олишга рухсат берилмайди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Адлия вазирлигининг баённомасига таяниб хабар берди.
Ўзбекистонда бир қанча товарлар ва хизматлар учун нақд пул тўловларини тақиқлаш қарори фуқаролар устидан молиявий назоратни тизимли равишда кучайтиришга қаратилган навбатдаги қадамдир. Келтирилган сабаблар шахсий маблағлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқини сезиларли даражада чеклайдиган қарорларни оқлаш учун универсал баҳонага айланди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу ташаббуслар минтақага ёт кўриниш эмас. Сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги ҳукуматлар транзакцияларнинг максимал шаффофлиги, нақд пул муомаласини камайтириш ва тўловларни рақамлаштиришга жиддий ҳаракат қилмоқда. Қирғизистон ҳукумати ҳам катта миқдордаги нақд пул тўловларига чеклов қўйиш масаласини муҳокамага қўйиб, онлайн касса аппаратларидан мажбурий фойдаланишга чекловлар киргизди ҳамда солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши кураш баҳонасида кичик бизнеснинг молиявий оқимлари устидан назоратни кучайтирди. Қирғизистонда ушбу чораларнинг кўлами ва жиддийлиги ҳозирча Ўзбекистон даражасига етмаган бўлса-да, молия соҳасини тартибга солиш жараёни ҳам худди шу йўналишда кетаётгани сезилмоқда.
Фуқароларнинг автомобиллар, уй-жойлар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, ҳатто ичимлик суви сотиб олиш учун нақд пул тўлашнинг таъқиқланиши бир нарсани аниқ кўрсатиб турибди: Давлат инсонларнинг ҳар бир катта ва кичик харажатларини тўлиқ назорат қилиш учун янги тизим яратмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб электр энергияси, ёқилғи, давлат хизматлари ва йирик харидлар учун нақд тўловлар тақиқланади. Бу эса умумий молиявий назоратни янада кучайтиради.
Бундай модел индивидуал иқтисодий фаолият майдонини кескин қисқартириб, аҳолини янада ночор аҳволга тушириб қўяди. Ҳар қандай техник носозлик, банк чекловлари, ҳисобларнинг блокировка қилиниши ёки тизимдаги носозликлар фуқароларнинг асосий хизматлардан фойдаланишини катта муаммога айлантиради. Бундан ташқари, давлат айрим турдаги харажатларни, йирик харидларни, кундалик транзакцияларни назорат қилиш билан кифояланибгина қолмай, балки уларни чеклаш имкониятига ҳам эга бўлади.
Шу тарзда, сояли (яширин) иқтисодга қарши кураш баҳонасида рақамлаштиришни мажбурлайдиган ва фуқароларнинг нақд пулдан фойдаланиш ҳуқуқини кескин чеклайдиган қарорлар қабул қилинмоқда. Демак, бу ерда гап ноқонуний пулларнинг айланишига қарши кураш ҳақида эмас, балки халқнинг иқтисодий эркинлигини жиддий шаклда сиқувга олиш ва катта миқдордаги маблағлардан тортиб кундалик харажатларгача бўлган барча молиявий оқимларни тўлиқ назорат қилиш ҳақида кетмоқда.
Агар минтақадаги ҳукуматларни бундай схемаларни жорий этишга мажбурлаётган капиталистик босқинчиларнинг ҳаракатлари ўз вақтида фош этилиб турилмаса, диктатура ҳаётнинг барча соҳаларига сизиб кира бошлайди. Натижада, Марказий Осиё тез орада «молиявий шаффофлик» босим ўлчагич воситаси сифатида ишлатиладиган минтақага айланади. Ўзбекистон эса бугунги кунда бу жараённинг энг ёрқин кўрсаткичларидан биридир.
Аслида ҳукумат асосий соҳаларда нақд пулдан фойдаланишни тақиқлаш билан ўзи тинимсиз тарғиб қилиб келаётган хусусий мулк эркинлигига ҳужум қилмоқда. Бу демократик қадриятларга тамоман зиддир.
Пул шунчаки сотиб олиш воситаси эмас, балки у хусусий мулк ҳамдир! Бироқ, давлат ундан фойдаланишни чеклаш орқали капитализмнинг иқтисодий эркинлигини йўққа чиқармоқда. Агар давлат ҳар бир тўловни назорат қилса, унда демократик эркинлик ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Бундай чоралар демократия ўзининг сўнгги нафасларини олаётганини кўрсатади. Аниқроқ айтганда, демократия чириб битди, фақат унинг номи қолди холос.
Ҳужжат Жамия




