Хабар ва изоҳ

Ташиевнинг талаби амалга ошадими?

Ташиевнинг талаби амалга ошадими?

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев Қирғизистонда қиш мавсумида электр энергияси таъминоти узилмаслиги кераклигини таъкидлади.

“Ўйлаймизки, мамлакатимизда электр энергияси соҳаси бўйича президентимиз қўйган асосий вазифаларни бажаришни бошладингиз. Қиш яқинлашмоқда. Бундан ташқари, бу йил сувимиз ҳам кам. Бироқ, шунга қарамай, мамлакатда электр энергияси ўчиб қолмаслиги керак. Одамларнинг ҳаёти оғирлашмаслиги керак. Буларнинг барчаси энергетикларимизга берилган топшириқдир”, деди Ташиев.

Аввалроқ, энергетика вазири Таалайбек Ибраев ўзининг интервюларидан бирида халқни электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирган эди. Шунингдек, унинг ўринбосари Эмилбек Исманов ҳам Токтогул сув омборидаги сув ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,6 миллиард кубометрга кам эканлигини ва қиш мавсумигача керакли миқдорда сув йиғишнинг иложи йўқлигини билдирган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг қишки электр энергиясининг истеъмол кўрсатгичи 18 миллиард кВт/соатдан ошади. Бу эса қиш мавсумида 4 миллиард кВт/соат тақчилликка дучор бўлишни англатади.

Изоҳ:

Қиш мавсуми келмай туриб, Бишкекда ва вилоятларда электр энергияси вақти-вақти билан ўчирилмоқда. Айни пайтда, электр энергиясининг нархи ҳар йили 15%дан ортиққа ошиб боряпти. Бундан аввал, Энергетика вазири Ибраев электр энергияси нархи инфляцияга мувофиқ ҳар йили ошиб боришини айтган эди. Бироқ, аслида тариф инфляцияга эмас, балки ҳукумат қарорига мувофиқ ошиб бормоқда. Қолаверса, совуқ мавсумда аҳолига электр энергияси етарли қувват билан етказиб берилмайди. Масалан, аҳолига электр энергияси 220 кВт қувват билан эмас, балки 160-180 кВт қувват билан етказиб берилмоқда.

Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини арзон нархда сотиб олишмоқда. Масалан, “МБТ Строй” компанияси “Қамбар-Ота-2” ГEСига 1,5 млрд. сом сармоя киритиб, уни электр энергияси сифатида қайтариб олмоқда. Мазкур компания “Қамбар-ота”га киритган сармоясини оқлаш учун 5-10 йил давомида ГEСдан 50-60 тийиндан энергия олишни режалаштирган. Маълумки, расмий идоралар электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийин эканини айтиб келади. Бироқ, капиталистларнинг манфаатлари ҳақида гап кетганда, бу таннархлар 60 тийиндан ҳам пастга тушиб қолади. Майнинг фермалари амалдаги ҳукуматнинг стратегик мақсадларига хизмат қилганлиги сабабли, уларнинг имкониятлари яна-да кенгайиб бориши кутилади.

Демак, Тошиевнинг топшириқларига қарамай, мамлакатдаги энергетика инқирози яқин келажакда ҳал бўлмайди. Чунки бизга татбиқ қилинаётган капиталистик қонунлар оддий халқнинг эмас, балки капиталистларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button