Хабар ва изоҳ

Трампнинг Ҳиндистонга таҳдидлари

Трампнинг Ҳиндистонга таҳдидлари

Янгиликлар:

АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни Европа Иттифоқи раҳбарларини Хитойга нисбатан 100% гача божлар жорий этишга чақирди. Бу ҳақида АҚШ расмийси ва Европа Иттифоқи дипломати маълум қилди. Уларнинг таъкидлашича бу ҳаракат Россия президенти Владимир Путинга босим ўтказиш стратегиясининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда.

Исми сир тутилишини сўраган расмийнинг айтишича, Трамп Европа Иттифоқини Ҳиндистонга ҳам кенг кўламли божхона тўловларини жорий этишга чақирган. (Ал-Арабия)

Изоҳ:

Ғарб ахборот воситаларининг хабарларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистонни ҳақорат қилиб, уни ғазаблантирган. Натижада, Ҳиндистон АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқиб, ўз йўли ва шерикларини қидира бошлаган. Уларга кўра Ҳиндистон ўз ҳамкорларини Хитой ва Россиядан топиши мумкин.

“The New York Times” газетаси Трамп ўзидан олдинги президентларнинг Ҳиндистон билан муносабат ўрнатиш учун қилган саъй-ҳаракатларини зоэ кеткизгани ҳақида ёзди. “Bloomberg” агентлигининг хабар қилишича, Ҳиндистон Вашингтонга қарши чиқиб, Хитой ва Россия билан алоқаларини мустаҳкамлай бошлаган.

“The New York Times” газетаси сўнгги ўттиз йил ичида ҳокимиятга келган Американинг президентлари Ҳиндистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун катта дипломатик ресурслар сарфлаганини қўшимча қилди. Билл Клинтон икки давлатни “табиий шериклар” деб атаган эди; Жорж Буш уларни “инсоният эркинлиги учун курашаётган биродарлар” деб тасвирлади; Барак Обама ва Жо Байден эса “АҚШ-Ҳиндистон муносабатлари бу асрнинг энг муҳим глобал келишувларидан биридир” дея баҳолади.

Ҳиндистон ер майдонининг катталиги ва аҳолисининг кўплигига қарамай, аввалдан мустамлака давлат бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай давом этмоқда. У дастлаб Британиянинг мустамлакаси эди. Британия бутун дунё бўйлаб ўз таъсирини кенгайтириш учун Ҳиндистондан яхши фойдаланди. У ўз урушларида ҳиндлардан фойдаланиб, бу мамлакатни икки асрдан кўпроқ вақт давомида мустамлака қилиб келди. Ҳатто сохта “мустақилликдавридан кейин ҳам Ҳиндистон Британиянинг таъсири остида қолди. Британия бу мамлакатда мустаҳкам ўрнашиб, ўзига содиқ хизматкорлардан иборат эски сиёсий куч ҳисобланган Конгресс партиясини тузди. Бу партия “мустақиллик”дан кейин Ҳиндистонни бошқариб, уни “Британия тожининг маржонига” айлантирди.

Британия заифлашиб қолгач, АҚШ уни мустамлакаларидан, жумладан Ҳиндистондан ҳам сиқиб чиқара бошлади. Аммо дастлаб буни уддалай олмади, чунки Ҳиндистоннинг Британия билан алоқалари жуда кучли ва у ерда инглиз малайлари ҳукмрон эди. Шунинг учун АҚШ буддизм эътиқодидан фойдаланиб, диний партияларни ҳокимиятга олиб келишга ҳаракат қилди. Шу тариқа, уч марта бош вазир бўлган Важпайи орқали Бҳаратия Жаната партиясини қўллаб-қувватлади. Бу партия Деҳли ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни мисли кўрилмаган даражага олиб чиқди.

Бироқ, 2004 йилги умумий сайловларда Бҳаратия Жаната партияси мағлуб бўлиб, унинг ўрнига Британия тарафдори бўлган Конгресс партияси келганидан кейин бу ҳолат ўзгарди. 2010 йилда Ҳиндистон парламенти “Ядровий жавобгарлик” тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу қонун атом электр станциялари етказиб берувчиларига қаттиқ чекловлар қўйиш ҳамда АҚШ ва унинг компанияларини Ҳиндистон бозорига киришига йўл қўймасликка қаратилган эди. Натижада 2005 йилда АҚШ билан имзоланган фуқаролик ядровий битимини амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди.

Конгресс партияси ҳукуматдан кетиб, ҳокимиятга Модининг партияси келганидан сўнг, дастлаб Моди зиммасига Ҳиндистон халқи онгида АҚШнинг обрўсини тиклаш вазифаси қўйилди. Бироқ, ўша пайтда Модига Конгресс партиясидан оғир мерослар қолгани боис АҚШнинг ундан умиди катта эмас эди.

АҚШнинг сайловда Модини қўллаб-қувватлагани алоҳида эътиборга молик. Чунки Модини “яхши кўрсатиш кампанияси” нафақат Ҳиндистонда, балки мамлакат ташқарисидаги кўплаб ҳинду ташкилотларигача етиб борди, хусусан, АҚШда яшовчи ҳиндлар ўртасида кучли ташвиқот юргизилди. Улар уни барча ҳиндларнинг лидери, барча этник гуруҳлар билан ишлашга тайёр шахс сифатида кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Модини қўллаб-қувватловчи ташкилотлар орасида Ҳиндистон-Америка жамғармаси ва Ҳиндистон-Америка сиёсий ҳаракат қўмитаси ҳам бор эди. Ушбу ташкилотлар бевосита ёки билвосита Бҳаратия Жаната партиясига боғлиқ ташқи ишлар департаменти ва “Бҳаратия Жаната партиясининг чет элдаги дўстлари” тармоғи каби тузилмалар билан мувофиқлаштирилган ҳолда ҳамкорликда иш юритди. Бундан ташқари, АҚШ ва бошқа мамлакатларда яшовчи минглаган ҳиндлар ҳам ушбу кампанияда иштирок этишди. АҚШ маъмурияти тарихий Конгресс партиясини қулатиб, унинг ўрнига ўзларига яқин иқтидорни ҳокимиятга олиб келиш учун жуда қаттиқ ҳаракат қилганини ҳақида гапирадиган бўлсак, гап чўзилиб кетиши аниқ.

АҚШнинг Ҳиндистондаги собиқ элчиси Роберт Блеквилл 2015 йил январ ойида Деҳлида АҚШ-Ҳиндистон муносабатлари ҳақида гапирар экан, бундай деди:

“АҚШнинг Ҳиндистон бўйича келгуси икки йиллик стратегиясига тўхталадиган бўлсак, менинг фикримча, бизнинг умидларимиз энг яхши ҳолатда ҳам ўртача бўлиши керак. Сўнгги ўн йиллик бошидагидек катта умид қилиш яхши бўлмайди. Чунки бу бош вазир ҳам, президент ҳам АҚШ билан Ҳиндистон ўртасида муҳим стратегик ўзгаришларни амалга ошира олмайди. Шундай экан, келгуси икки йил ичида икки давлат ўртасида ҳақиқий стратегик шериклик бўлмайди”.

Юқоридагилардан шу нарса маълум бўладики, АҚШ ўзига содиқ кишиларни Ҳиндистон ҳокимиятига олиб келиши учун бор кучини сарфлаган. Ҳатто Покистонда ҳам Навоз Шариф ҳукумати жангариларни назорат қила олмай қолганида, Парвез Мушарраф қўли билан уни ағдариб, ўрнига ўзига яхшироқ хизмат қиладиган ҳукуматни олиб келди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Важпайи ҳукумати ҳокимиятдан кетиб, унинг ўрнига Конгресс партияси келган эди.

АҚШ Покистонни Ҳиндистонга ҳар турли имтиёзлар беришга мажбур қилди ва Ҳиндистон билан турли ҳарбий, ядровий, технологик ва савдо соҳаларида ҳамкорлик қилди. Шунингдек, уни Хитойни қамал қилиш стратегиясига ҳам қўшди. Конгресс партиясининг Ҳиндистон ҳокимиятини эгаллаб туриши бу йўлда энг катта тўсиқ эди. Бу тўсиқ бартараф этилгач, ҳарбий эътиборни Хитойга қаратишга ва Ҳиндистон армиясини Покистон чегарасидан Хитой чегарасига кўчиришга “Бҳаратия Жаната” партиясини ишонтириш АҚШ учун осон бўлди. Бундан ташқари, АҚШ Ҳиндистонга Афғонистон ичида, илгари ўзи тасаввур ҳам қилмаган ролларни берди.

Бугун Трамп Ҳиндистондан импорт қилинадиган товарларга 50 фоизлик божхона тўловини жорий қилмоқда. Шу ерда бир тўхталиб ўтсак: дарҳақиқат АҚШнинг Ҳиндистондаги малайлари шунчалик хорки, улар ҳеч қачон АҚШнинг кўзига тик боқа олишмайди. Шунингдек, АҚШ бошқаларнинг аҳволи ёки уларнинг манфаатларига аҳамият бермаслиги ҳам ҳақиқат. Бироқ Трамп маъмурияти ўзининг малайлари ҳокимиятдан қулашидан, улар устидаги таъсирини йўқотишидан қўрқмайдими? Шунингдек Хитойни ўраб олиш стратегиясига зарар етишидан қўрқмайдими?!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button