Жаннат боғлари

Халифа Умар ибн Хаттоб боғидаги мевалардан

Халифа Умар ибн Хаттоб боғидаги мевалардан

Саййидимиз Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этгач, саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу Халифалик маърузасини қилиб, бундай деди: «Эй инсонлар, Росулуллоҳнинг ходими эдим, қиличи ва жалвози (миршаби) бўлдим, истаган пайтларида мени қиндан чиқариб, фойдаланардилар. У зот мендан рози бўлган ҳолда вафот этдилар. Бунинг учун Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсинки, мен бу билан бағоят бахтлиман. Кейин иш Сиддиққа ўтди. Мен унинг ходими бўлиб, жалвози ва яланғочланган қиличига айландим. У мени хоҳлаган пайтида қиндан чиқариб ишлатар эди. У киши ҳам мендан рози бўлган ҳолда вафот этдилар. Бунинг учун Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсинки, мен бу билан бағоят бахтлиман. Кейин иш менга ўтди. Эй инсонлар шуни билингларки, мендаги қаттиқ қўллик заифлашди. У фақатгина осий ва фожир кимсаларни енгади. Тақво ва иффат аҳли эса, юзимни қўйиб берай, оёқлари билан боссинлар. Эй инсонлар, мендан беш хислатни олинг: Молларингизни ноҳақ олмаслигим, уни ноўрин жойга сарфламаслигим, сизлар учун инша Аллоҳ мукофот пулларини кўпайтиришим ҳамда ҳарбий хизматга кўп юбормаслигим, қачон бу хизматга кетганингизда эса, қайтгунингизга қадар оилангизга қараб туришим, мана шуларнинг барчаси сизларнинг менинг устимдаги ҳаққингиздир.

Рошид халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кишини волий қилиб тайинлади ва синаб кўрмоқчи бўлиб, ундан одамлар сенга ўғри ёки талончини тутиб келтиришса, уни нима қиласан, деб сўради. У эса, қўлини кесаман, деб жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу бундай деди. Шундайми, у ҳолда, билиб қўй, агар менинг олдимга фуқароингдан бирортаси оч ёки ишсиз бечора ҳолда келса, мен сенинг қўлингни кесаман. Аллоҳ бизни очларни тўйдиришимиз, айбларини беркитишимиз, касб­корлиларини иш билан таъминлашимиз учун Ўз халқига халифа қилди. Агар шуларни адо этсак, биз улардан бунинг миннатдорчилигини талаб қиламиз. Бу қўллар яхши амаллар қилиш учун яратилган. Агар улар бирор бир тоат амалига киришмаса, жуда кўп осий амалларга қўл уради. Шунинг учун қўлларингни итоат билан банд қил, акс ҳолда, ўзингни осийлик билан машғул қилиб қўяди.

Рошид халифа Умар розияллоҳу анҳу ўзига нечоғли жавобгарлик юкланганини билган. У киши бундай деганлар: «Мен сизлардан аъло эмасман. Балки, зиммасига кўпроқ вазифа юкланган кишиман. Аллоҳга қасамки, агар Ироқда битта хачир қоқилиб тушса, эй Умар нега унга йўлни текислаб бермадинг, дея Аллоҳ Таоло мендан бу ҳақда ҳисоб сўрайди».

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу саййидимиз Абдурраҳмон ибн Авф билан Мадина бозорларини айланиб юришган эди, шаҳар ўртасида бир карвон келиб қўнганини кўриб қолишди. Умар розияллоҳу анҳу Абдураҳмон розияллоҳу анҳуга – «Кел, шу карвонни қўриқлайлик», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу бир гўдак йиғисини эшитиб қолди. Гўдакнинг онасига «болангни эмизмайсанми», деди. Она боласини эмизганди, яна йиғлади. «Эмиз», деди яна. Уни эмизган эди, учинчи марта яна йиғлади. Умар розияллоҳу анҳу ҳайрон бўлиб, «нима қиляпсан, бу эмизиш эмас!?» деди. Сўнг – «ҳой, ёмон хотин, эмиз болани», деди. Аёл унга «Биз билан нима ишингиз бор, мен уни кўкракдан чиқаряпман», деди. «Нега?», деб сўради Умар. Аёл «чунки Умар бизга мукофот пулини эмизикли ёшидан кейин беради», деди. Умар пешонасига шапатилаб, «шўринг қурсин Умар, қанча мусулмонлар гўдакларини ўлдирдинг­а?!», деди. Эрталаб бомдод намозида имомлик қилаётганда, шундай қаттиқ йиғладики, ҳатто асҳоблари унинг қироатини тушунолмадилар… у «Я Робби, тавбамни қабул қилдингми, мен тинчланайми ёки тавбамни рад этдингми, мен ўзимга таъзия билдирайми?!», дея дуо қилди. Дарҳол, янги фармон чиқариб, мукофот пули туғилгандан бошлаб берилсин, дея кўрсатма берди.

Умар розияллоҳу анҳу волийларидан бирига бундай мактуб ёзди: «Аммо баъд, менга шундай хабар келдики, оддий мусулмонлардан фарқли равишда, сен емоқ-ичмоқ, кийим-кечак, маркаб ва масканда ҳамма қатори эмас, балки жуда чиройли суратда эмишсан. Эй Аллоҳнинг бандаси, ҳушёр бўл, чорва ҳайвонга айланиб қолмагин яна. Чунки ҳайвон кўм­кўк водийни кўриб қолса, ундан еб семириш ташвишига тушади, ваҳоланки семириши билан куни битган бўлади».

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу волийларидан бирига кўрсатма бериб, бундай деди: «Дарвозангни одамлардан беркитиб олма. Чунки зўрлари заифларини еб қўймасин».

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу бундай дер эди: Мен шундай амир бўлишни истайманки, агар амир бўлсам, ғоят тавозелиги сабабли одамларнинг бири бўлиб кўринсин. Амир бўлмаган пайтда эса, ғоят ҳайбати ҳамда мусулмонлар манфаати борасида ғаюр бўлгани сабабли амирдек кўринсин.

Очарчилик йили саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу гўшт ейишдан анчагача ўзини тийди… Қорни қурулласа, унга «эй қорним, хоҳ қурулла­хоҳ қуруллама, Аллоҳ ҳаққи, то мусулмонлар гўдаклари қорни гўштга тўймас экан, ҳаргиз гўшт тотимайсан», дер эди.

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳуга тансиқ таом берилди, унга туя гўштининг энг яхши еридан тақдим этишди. Шунда у йиғлаб юборди ва «агар мен гўштнинг энг яхшисини есаму одамлар суяк ғажисалар, қандай ҳам ёмон халифа бўламан!», деди.

Умар ибн Хаттобнинг олдига Озарбайжондаги волийсидан элчи келди. Элчи хат олиб келган эди. Мадинага келганида ярим тун бўлиб қолди, шунинг учун Умарнинг уйини тунда тақиллатгиси келмади. Тўғри масжидга борди, у ерда зимистон тунда бир киши Роббига муножот қиларди: «Ё Робби, тавбамни қабул қилдингми, мен тинчланайми ёки тавбамни рад этдингми, мен ўзимга таъзия билдирайми?!». Элчи кишидан «Аллоҳнинг сенга раҳми келсин, кимсан?», деб сўради. «Мен Умарман», деди киши. Элчи «эй мўминлар амири, тунда ухламайсизми?», деб сўради. Умар деди: «Агар мен бутун кечамни уйқу билан ўтказсам, Роббим олдида ўзимни зое кетказаман. Агар кундузимни уйқу билан ўтказсам, фуқроимни зое кетказаман». Икковлон бомдод вақтини кутишди. Бомдод намозида Умар розияллоҳу анҳу одамларга имом бўлди, сўнг элчини таомлантириш учун ўзининг уйига таклиф қилди. Унга фақир мусулмонлар орасида овқатланиш ёки Умарнинг уйида овқатланиш танловини берди. Элчи Умарнинг уйида овқатланишни танлади. Умар уйига кириб, «эй мўминлар онаси, егулик ниманг бор?», деб сўради. «Аллоҳ ҳаққи нон ва туздан бошқа нарсамиз йўқ эди», дея жавоб берди. «Ўшаларни келтир бизга», деди Умар. Фақирлар эса гўшт ердилар. Аммо Умар ўша уйидаги нондан еди ва ичди, сўнг овқатланиб бўлиб, «الحمد لله الذي أطعمنا وسقانا бизни едириб ичирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дея дуо қилди. Кейин элчидан «орқангда турган нарса нима?», деб сўради. «Озарбайжондаги омилингиз ҳадя бериб юборди», деди. Ҳадяни очганди, тансиқ таом ва қимматбаҳо ширинлик экан. Умар розияллоҳу анҳунинг биринчи саволи «эй фалончи, сизларда оддий одамлар шундай овқат ейишадими?», деган гап бўлди. Ундан «йўқ, бу махсус овқат» (бойлар овқати), деган жавоб бўлганди Умар ютган луқмасини қорнидан чиқариб ташлади… Сўнг «Умарнинг қорнига фақир мусулмонлар ея олмайдиган таом ҳаромдир», деди. Волийга шафқатсиз сўзлар билан мактуб юборди. Унда «агар сен улар еган нарсани емас экансан, қандай қилиб уларнинг ташвиши сенинг ташвишинг бўлади?!» каби қаттиқ гаплар бор эди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button