Хитой ҳамда унинг ўз чекланган минтақавий кўз-қарашидан халос бўлиши

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Хитой ҳамда унинг ўз чекланган минтақавий кўз-қарашидан халос бўлиши
Савол: 2014 йил 12 апрелдаги саволга жавобда қуйидагилар келган эди: («Хитойда куч-қудрат ва қарши туриш ҳисси мавжуд. Агар у ўз регионини сақлаб қолиш билан кифояланмаганида, Америкага қарши туришини АҚШнинг регионга қаратилган юришларига жавоб реакциясигагина чеклаб қўймаганида, ҳолбуки у Американи унинг ўз минтақасида ва нуфузи остидаги минтақаларда силкитиш учун майдонга чиқмайди… Агар Хитой кўп соҳаларда, айниқса иқтисодда капитализмни қабул қилишга ўтмаганда… агар мана шу нарсалар бўлмаганда, албатта унинг халқаро майдондаги овози баландроқ ва Америка манфаатларига қарши таъсири кучлироқ бўлган бўлар эди… Ҳар ҳолда Хитойда ўз куч-қудратини ҳис қилиш бор ва у – гарчи ўз региони минтақасида бўлса ҳам – мустақил ҳаракати билан вужудини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда…»). Хўш, Хитойнинг Америкага нодир металлар экспортини чеклаши, Америка ғазна облигацияларини сотиб юбориши, армиясини модернизация қилиши ва Пекиннинг жануби-ғарбида дунёдаги энг йирик ҳарбий комплекс қураётгани, буларнинг барчаси Хитой ўз тор регионал сиёсий қарашидан воз кечаётгани ва бу қараш Америка билан глобал миқёсда рақобатлашиш учун кенгроқ тус ола бошлаганини кўрсатмайдими? Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.
Жавоб: Аниқ жавоб бериш учун қуйидаги ишларни кўриб чиқиш лозим:
- Хитой Халқ Республикаси 1949 йилда Мао бошчилигидаги Коммунистик партия билан АҚШ очиқчасига қўллаб-қувватлаган Чан Кайши бошчилигидаги Миллий партия ўртасидаги кураш ортидан Маонинг ғалабаси билан ташкил топди. Чан Кайши бошчилигидаги Миллий партия Тайванга қочди ва у ерда «Хитой Республикаси»ни эълон қилди. Дэн Сяопин 1978 йилда Хитой Коммунистик партияси раислигини эгаллагач, Маодан фарқли ўлароқ, мафкура (мабда) ўрнига иқтисодиётга устуворлик берди. У паст иш ҳақи ва юқори ташқи экспортга асосланган иқтисодий моделни яратди, хорижий инвесторларни кўпайтириш учун эшикларни очди ва шундан сўнг, 1979 йилда Шарқий Хитой шаҳарларида Махсус иқтисодий зоналарни (SEZ) ташкил этди.
- Дэн даврида Хитой иқтисодиёт ва ташқи сиёсатда коммунистик мабда (идеология)дан воз кечиб, татбиқда капитализм билан коммунизмни қориштириб юбора бошлади! У 1980 йилдан бошлаб, 45 йил давом этган давр мобайнида иқтисодий жиҳатдан жуда тез ўсишга эришди ва ўсишда давом этмоқда. 2010 йилдан эътиборан у Америкадан кейин дунёдаги иккинчи энг йирик иқтисодиётга эга давлатга айланди ва бу ҳолатда давом этмоқда. («Bank of America»нинг маълум қилишича, Хитой 2035 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотини икки баробарга ошириши ва йўл-йўлакай, дунёнинг энг йирик иқтисодиёти сифатида, АҚШдан ўзиб кетишга эришиши мумкин… «CBC Arabia», 2021 йил 27 феврал). Иқтисодий жиҳатдан олгандаги ҳолат мана шу.
- Ҳарбий жиҳатдан эса, Хитой ушбу иқтисодий қудратни ҳарбий қудратга айлантириш йўлидан бормоқда, у ҳар йили ҳарбий харажатларини оширмоқда. («Хитой бугун, чоршанба куни 2025 йил учун миллий мудофаа бюджетини 7,2 фоизга оширишга қарор қилганини эълон қилди. Бу мудофаа бюджетидаги бир рақамли ўсишнинг кетма-кет ўнинчи йилидир. Мамлакатнинг режалаштирилган мудофаа харажатлари жорий йилда 1,784665 триллион юанни (тахминан 249 миллиард АҚШ долларини) ташкил қилади… «al-Arabi News», 2025 йил 5 март). Шу билан бирга, Хитой армиясининг анъанавий ва ядровий потенциали ҳам ривожланиб бормоқда. (АҚШ Мудофаа вазирлигининг бугун, чоршанба куни Конгрессга тақдим этган ҳисоботида айтилишича, 2024 йил ўрталарида Хитой 600 дан ортиқ ядровий жанговар каллакка эга бўлган ва 2030 йилга келиб уларнинг сони 1000 дан ошади… «RT», 2024 йил 18 декабр). Хитой Иккинчи жаҳон урушида Япония устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш учун 2025 йил 3 сентябрда ўтказилган ҳарбий парадда ўзининг такомиллашган қурол-аслаҳаларини тантанали равишда намойиш қилди. Унда Хитойнинг ҳарбий қурол-яроғ соҳасида қанчалик ривожлангани кўзга ташланди.
- Сиёсий жиҳатдан эса, Хитой – Япония ва Жанубий Корея каби минтақа давлатларининг акси ўлароқ – Америка орбитасида айланмайдиган йирик мустақил регионал давлат ҳисобланади. Унинг – гарчи мабдаий (идеологик) давлат бўлмаса-да, миллий омиллар ва иқтисодий манфаатлардан келиб чиқиб – минтақа давлатларида сиёсий амбициялари мавжуд. Жанубий Хитой денгизи ҳавзаси Хитой учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки унда муҳим денгиз йўлаклари, балиқ овлаш зоналари мавжуд бўлиб, Хитойнинг саноат сектори ва доимий ўсиб бораётган иқтисодини таъминлаш учун денгиз остида ўта зарур нефть ва газ захиралари ҳам бор. АҚШ энергетика маълумотлари бошқармасининг 2013 йилдаги ҳисоботига кўра, «Бу денгиз тубида 11 миллиард баррель нефть ва 190 триллион куб фут табиий газ захиралари мавжудлиги тахмин қилинмоқда». (АҚШ Энергетика маълумоти бошқармаси, 2013 йил 13 апрел). Бундан ташқари, дунё тижоратининг 80 фоиздан кўпроғи Жанубий Хитой денгизи орқали ўтади. Бу эса тахминан 5,3 триллион долларлик савдо моллари демакдир. («China Power», 2016). Шунинг учун Хитой бу геосиёсий ва геостратегик минтақага қаттиқ аҳамият беради ва ўзини унга ҳақли деб даъво қилади.
- Олам жандарми ролини ўйнаётган Америка Осиёга оид стратегиясидан келиб чиқиб, Хитойнинг бу қадар юксалишига тўсиқ қўйишга ва уни жиловлашга уринишга ўтди. АҚШ бунга гоҳида аскарлари ва техникасини Европадан Тинч океани минтақасига кўчириш орқали, гоҳида Тайван инқирозидан фойдаланиб, гоҳида Ҳиндистондан фойдаланиб, гоҳида «AUKUS» (Австралия, Буюк Британия ва АҚШ) ва «QUAD» (АҚШ, Австралия, Ҳиндистон ва Япония) каби минтақавий давлатлар билан ҳарбий иттифоқлар тузиш орқали, гоҳида эса «Huawei» каби Хитой компанияларига қарши савдо урушларини жорий қилиш орқали эришишга интилмоқда. Чунки Америка Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг, Исломни мабдаий (идеологик) душман сифатида, Хитойни эса давлат тимсолидаги душман сифатида ўз душманлари рўйхатининг бошига қўйди. Тўғри, Ироқ ва Афғонистон урушлари гарчи АҚШнинг Хитой билан курашини ортга сурди ва секинлаштирди. Бироқ у, шундай бўлса-да, бу урушлардан кейин бутун эътиборини Хитойни нишонга олишга, айниқса тижорий урушларга қаратди.
- Ушбу изоҳдан кейин энди саволга жавоб беришга ўтамиз:
а) Нодир металлар экспорти ҳақида айтадиган бўлсак, Хитой уларнинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини, айниқса замонавий юқори технология саноатидаги аҳамиятини яхши тушунади. Бу металлар тақрибан 17 турда бўлиб, дунёда ишлаб чиқариладиган замонавий саноат маҳсулотларининг 200 дан ортиғи таркибида ишлатиляпти. Улар ҳарбий саноатда самолётлар, сувости кемалари, космик кемалар ва дронлар учун ўта зарур ҳисобланади. Уларнинг жуда катта миқдори Хитойда қазиб олинади. Хитой бу металлар темасидан Америкага қарши, жорий савдо урушида ён беришига эришиш учун, қурол сифатида фойдаланди ва шундай ҳам бўлди. Чунки Трамп Хитойга қарши бож тарифларини босқичма-босқич ошириб, ниҳоят 2025 йил 8 апрелда 104 фоизга етказишини эълон қилганида… Хитой бунга раддия сифатида 2025 йил 9 октябрда Америкага нодир металлар экспортини чеклашини эълон қилди. Хитой нодир ер элементлари бўйича дунё захираларининг 49 фоизига, дунёда йиллик қазиб олишнинг эса 69 фоизига эгадир. Яъни бу иш жавоб реакцияси сифатида бўлди, холос… Кейинчалик бу иш ва айни реакция яна такрорланди. Натижада Трамп бож тарифларини қарийб 47 фоизга туширди. Трамп хитойлик ҳамкасби билан 2025 йил 30 октябрда Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги форумининг ўттиз иккинчи йиғилиши кулуарларида учрашганидан кейин Вашинтонга жўнаб кетар экан, самолёт бортида шундай деди: «Америка Хитойга қарши жорий қилаётган бож тарифлари 47 фоизга туширилади… Нодир металларга тааллуқли барча масалалар ҳал қилинди. Улар бўйича келишув, кейинчалик узайтириш шарти билан бир йил давом этади»… «Шарқул Авсат», «Арабий Жадид», 2025 йил 30 октябр). Шунга кўра, демак, Хитойнинг нодир металлар экспортини чеклаши унинг тор қарашдан воз кечганини англатмайди. Аксинча, у Американинг бож тарифлари жорий қилиш ҳақидаги қарорига қарши «жавоб реакцияси» билдириши, яъни «савдолашув картаси»дир, холос. Зеро воқелик шуни кўрсатиб турибди. Чунки бож тарифлари пасайтирилди, нодир металларга қўйилган чекловлар бир йилга тўхтатилди.
б) Хитойнинг ўз қўлидаги ва 2017 йил октябрдаги ҳисобга кўра, 1 триллион 189 миллиард долларни ташкил қилган Америка Ғазначилиги облигацияларининг бир қисмини сотишига келсак, (Хитой эга бўлган Америка Ғазначилиги облигацияларидаги захиралари 2009 йилдан бери энг қуйи даражага тушди. АҚШ Ғазначилиги кеча, сешанба куни эълон қилган маълумотлар шуни кўрсатдики, хитойлик инвесторлар эгалик қиладиган Америка суверен қарзларининг қиймати 2024 йилда 57 миллиард долларга камайиб, 759 миллиард долларни ташкил қилди. Бунга хитойликларга тегишли бўлган ва бошқа давлатлардаги ҳисобларда сақланаётган Ғазначилик облигациялари кирмайди… «al-Jazeera.net», 2025 йил 19 феврал). Бу ҳам мабдаий (идеологик) қарашдан келиб чиққан қарордан кўра, кўпроқ, хатарларни камайтириш мақсадидаги ҳимоя қадами сифатида қабул қилинган қарордир. Маълумки, Америка ва Европа 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши уруши ортидан Россиянинг 300 миллиард долларлик активларини музлатиб қўйди ва «SWIFT» тизимидан қурол сифатида фойдаланди. Шунга кўра, Хитой Американинг, худди Россияга нисбатан қилганидек, унинг активларини (молиясини) ҳам музлатиб қўйишига йўл қўймаслиги учун бу облигацияларни олтин захираларига айлантирган бўлиши эҳтимоли жуда юқоридир. Бундай ҳолат Хитой Тайванга ҳужум қилган тақдирда ёки тижорий урушлар каби бошқа ҳар қандай сабаб билан юз бериши мумкин. (Биргина ўтган йилнинг ўзида Хитой ўз захираларига 550 миллиард доллар қийматида яна бир неча тонна олтин қўшди. Ўтган ойда Хитойнинг расмий захираларидаги олтин улуши тарихдаги энг юқори даражага – 4,9 фоизга кўтарилди… «Artigercek.com», 2024 йил 18 май). Энди баъзи экспертлар даъво қилганидек, Хитойга тегишли активларнинг пасайишига сабаб уларнинг бир қисмини Белгиядаги «Euroclear» ва Люксембургдаги «Clearstream» каби қимматли қоғозларни сақлаш муассасаларига ўтказиш бўлган деган гапга келсак, бу заиф эҳтимолдир. Чунки бу ҳолатда ҳам, унинг Америкадан олиб қочиб, Белгия ва Люксембургга ўтказган активлари АҚШнинг ушбу давлатларга ўтказадиган босимлар сабабли музлатиб қўйиш хавфи остида қолади. Шунинг учун олтин энг хавфсиз бошпанадир… ва мана шу қолганларидан кўра кучлироқ эҳтимолдир. Бу шуни англатадики, ушбу қадам ҳам Хитойнинг тор доиралик зеҳниятида қандайдир ўзгариш юз берганини кўрсатмайди. Аксинча буни «бир эҳтиёт чораси» деб баҳолаш мумкин. Демак, Хитойнинг нодир элементлар борасидаги қадами ва Америка Ғазначилиги облигацияларини сотиши ҳақидаги жавобда: «Хитойнинг Америкага қарши туриши – АҚШнинг хатти-ҳаракатларига қарши реакция кўрсатиш, холос» деб келганидек, Американинг хатти-ҳаракатларига қарши жавоб реакциясидир.
в) Хитой ўз армиясини модернизация қилганлигига ва Пекиннинг жануби-ғарбида дунёдаги энг йирик ҳарбий комплекс барпо қилганига келсак, Хитой армияси 2027 йилга келиб, Халқ Озодлик Армияси (PLA)нинг юз йиллигига қўйилган мақсадларни амалга оширишга содиқлигини яна бир бор таъкидлаб, модернизацияни тезлатиш ва жанговар тайёргарликни кучайтириш ваъдасини берди. Халқ Озодлик Армияси ва Халқ Қуролли Полиция кучлари делегацияси матбуот котиби У Цзян таъкидлашича, юз йилликка қўйилган мақсадларни амалга ошириш ва ҳарбий потенциални модернизация қилиш «Энг устувор стратегик вазифа» ҳисобланиб, Хитойнинг ўз миллий мудофаа тизимини модернизация қилиш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ҳаракатлари доирасига киради. У Цзян бундай деди: «Мақсадларимизни кучли тарзда ва аниқ белгиланган вақтда амалга оширишни кафолатлаш учун бор кучимизни сарфлашимиз лозим»… «Defense-arabic.com», 2025 йил 13 март). («Financial Times» газетаси Американинг ҳозирги ва собиқ расмийларининг сўзига таяниб хабар беришича, Хитой армияси Пекиннинг ғарбида улкан комплексни қурмоқда. Америка разведкасига кўра, у уруш ҳолатида қўмондонлик маркази бўлади. Шунингдек у Америка Мудофаа вазирлиги «Pentagon»дан анча каттадир. Газетанинг билдиришича, сунъий йўлдошлар олган суратларда, Пекиннинг жануби-ғарбидан 30 км узоқликда жойлашган майдони 4 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган қурилиш майдони кўриниб турибди. Унда чуқур ўралар кўзга ташланади. Ҳарбий экспертларнинг тахминича, бу ўралар сирасига – ҳар қандай можаро чоғида, жумладан, эҳтимолий ядровий урушлар чоғида Хитой ҳарбий қўмондонлигини ҳимоя қилишга мўлжалланган – улкан ва мустаҳкам бункерлар киради… «al-Jazeera.net», 2025 йил 31 январ). Шунга биноан айтиш мумкинки, армияни модернизация қилиш, Пекиндан атиги 30 км узоқликда улкан қўмондонлик маркази қурилиши ёки Жанубий Хитой денгизида сунъий ороллар барпо этилиши ёки Хитой ўз денгиз флотини жадал кенгайтириши, буларнинг барчаси Американинг ўз ҳарбий денгиз флотининг 60 фоизини бу минтақада тўплашига қарши билдирилган бир «жавоб реакцияси»дир, холос. Яъни бу ҳарбий комплексни қуришдан мақсад – худди Иккинчи жаҳон урушидан кейин Америка Британияга таҳдид қилиб, унинг мустамлакаларида ўрнини эгаллаш учун курашга киришгани каби – Америка билан унинг мустамлакаларида курашга киришиб, унинг ўрнини эгаллаш эмас. Шунингдек, Хитой ўз армиясини модернизация қилиш билан Американи унинг мустамлакаларидан сиқиб чиқармоқчи ва нуфузига путур етказиб, ўрнини эгаллаб олмоқчи ҳам эмас. Аксинча, бу ишлар Американинг Хитойга қарашли регионга ҳукмрон бўлиб олишига йўл қўймасликка алоқадордир, холос. (Хитой ўз регионини сақлаб қолиш билан кифояланмоқда). Яъни бу ишлар Американинг минтақада ўз ҳарбий кучларини тўплашга қарши билдирилган реакциядан бошқа нарса эмас.
- Хулоса: бугунда Хитой улкан моддий потенциалга эга давлат. Бу потенциал сабабли у дунёда буюк давлат бўлишга муносиб саналади. Лекин кўриниб турибдики, ҳозиргача Хитойда Америка билан унинг нуфузи остидаги минтақаларда ёки бошқа ҳар қандай бир минтақада рақобатга киришиш журъати пайдо бўлмади. Шу сабабли, Хитой Тайванни – олдиндан режалаштириб ва таҳдид қилиб келганидек – куч билан ўзига қўшиб олишга, айниқса Америка ва Ғарб давлатлари Россияга қарши – у 2022 йилда Украинага бостириб кирганидан кейин – жорий қилган санкцияларини кўрганидан кейин журъат қилмади. У Америкага унинг нуфуз минтақаларида хавф солишга ҳам, Ғарбнинг Африка, Осиё ва бошқа жойлардаги нуфузига хавф солишга ҳам журъат қилмаяпти. Чунки у ўзининг Тинч океани соҳилларидан Ҳинд океанигача бўлган ва Африкагача етиб борадиган майдонда ҳарбий базаларини қуришдан воз кечди. Ваҳоланки буни бир неча йиллардан бери режалаштириб келаётган эди. У фақат Жибутида ўзининг ҳарбий базасини қурди, холос. Хитой, шунингдек, Панамадаги манфаатларига нисбатан Американинг таҳдидларига қарши ҳам кескин ва жиддий позицияни эгалламади. Панама ҳам бу таҳдидлар қаршисида бош эгиб, 2025 йил 6 февралда Хитойнинг янги «Ипак йўли» келишувидан чиқди. Бу келишувда Хитойнинг Панама каналини ўз назоратига олиш темаси ҳам бор эди. Хитой бу борада кескин позицияни эгалламади. У ҳеч қандай ташаббус кўрсатмаяпти, аксинча, ўзига яқин жойлардаги Американинг хатти-ҳаракатларига қарши реакция билдириш билангина чекланяпти. Шунга кўра, олдинги саволга берган жавобимиз ўз кучида қолмоқда. Тўғри, Хитойнинг регионда бўй кўрсатиши ва унда рақобатга киришиши аниқ кўриниб турибди. Лекин бу Америка билан курашга киришадиган глобал бўй кўрсатиш эмас… Зотан бу ҳозиргача шундай. Бироқ, Хитойда янги сиёсий ва фикрий ўзгаришлар юз бериб, уни олам бўйлаб, жиддий сиёсий ҳаракатланишга ундаши эҳтимолдан холи эмас. Айниқса у ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан юксалаётган экан, бу эҳтимол, албатта, бор деб қаралади.
- Сўзимиз якунида шуни айтамизки, Америка бўлсин, Хитой бўлсин, ёки иккаласи бирга бўлсин, улар бу дунёда ҳеч қандай яхшилик келтирмайдиган, аксинча, ўзлари ҳам, тобелари ҳам унинг гирдобида қоладиган ёмонликни ва ўз аҳли ҳам нажот топмайдиган сохта цивилизацияни келтириб чиқарадиган нарса борасида рақобатлашмоқда. Бугун уларда кўзга ташланаётган ер юзидаги юксалишга сабаб эса, бутун дунё бўйлаб яхшилик таратадиган, уларнинг ёвузлигига чек қўядиган ва биноларини қулатадиган давлатнинг йўқ бўлиб турганлигидир, холос. Бу давлат, Аллоҳнинг изни билан, ҳаёт майдонига Рошид Халифалик сифатида, албатта, қайтади. Бу Давлат уларнинг ўтмишдошлари бўлмиш Форс ва Рим империяларини йўқ қилганидек, уларни ҳам йўқ қилади. Исломий Уммат тирик ва жўшқин умматдир. Шунинг учун у ўзининг, Аллоҳ у учун чиқарган илк сийрати сари жадал одимламоқда:
كُنتُمۡ خَيۡرَ أُمَّةٍ أُخۡرِجَتۡ لِلنَّاسِ تَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَتَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَتُؤۡمِنُونَ بِٱللَّهِۗ
«(Эй Уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» [Оли Имрон: 110]
Қолаверса, бу Умматда Аллоҳ субҳанаҳуга холис ва Росули ﷺга содиқ бўлган Ҳизб бор бўлиб, у кунни тунга улаб, жадал ҳаракат қилмоқдаки, у Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайди, қаноти қайрилмайди ва азму қарори сўнмайди. Ушбу ҳаракатини у то Аллоҳ субҳонаҳунинг ваъдаси, Аллоҳнинг изни билан, ўз қўлида рўёбга чиққунга қадар давом эттираверади. Ўшанда Аллоҳ субҳанаҳунинг ваъдаси ва Росули ﷺнинг башорати бўлган Рошид Халифалик ҳаёт майдонига қайтади ва ўтмишда Константинополни фатҳ қилганидек, Римни ҳам мусулмонларнинг кучи билан фатҳ қилади. Аҳмад ўз Муснадида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан шундай деганини чиқарган: Биз Росулуллоҳ ﷺнинг атрофида ёзиб ўтирган эдик, шунда Росулуллоҳ ﷺдан: Қайси шаҳар биринчи фатҳ қилинади, Константинополми ёки Римми? – деб сўралди. Росулуллоҳ ﷺ: «Иракли шаҳри, яъни Константинопол биринчи бўлиб фатҳ қилинади», дедилар.
وَيَوۡمَئِذٖ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ + بِنَصۡرِ ٱللَّهِۚ يَنصُرُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلرَّحِيمُ
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]
1 Жумодулохир 1447ҳ
22 ноябр 2025м




