Эрондаги вазият: АҚШнинг талофатлари

Эрондаги вазият: АҚШнинг талофатлари
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, сўнгги кунларда АҚШ ва (Исроил) ҳаво мудофаа тизимлари атрофидаги вазият расман хабар қилинганидан анча ёмонроқ экани кузатилмоқда. Эрон Форс кўрфазида жойлашган АҚШ ҳарбий ва разведка объектларига, шунингдек, (Исроил)га зарбалар беришни давом эттирмоқда. Сўнгги икки кун давомида (5-6 март кунлари) (Исроил)да тасвирга олинган видео лавҳалардан кўриниб турибдики, Эрон ракеталарининг аксарияти — тахминан 90%и ҳеч қандай тўсиқсиз нишонларга етиб бормоқда.
Ҳужумлар фонида АҚШ минтақадаги бир қатор дипломатик миссияларини ёпишга ёки уларнинг ишини сезиларли даражада қисқартиришга мажбур бўлди. Ар-Риёд, Қувайт ва Байрутдаги элчихоналар ёпилди, Доҳа, Дубай ва Манамадаги ваколатхоналарнинг иши эса чекланди. Шу билан бирга, АҚШнинг асосий ҳарбий объектларига, жумладан: Баҳрайндаги 5- флоттун базасига, Қатардаги Ал-Удеид авиабазасига, Қувайтдаги объектларга, БААдаги Ал-Дафра авиабазасига ва Саудия Арабистонидаги Шаҳзода Султон авиабазасига зарбалар берилгани ҳақида хабарлар мавжуд.
Олдиндан огоҳлантириш тизимларининг шикастланиши ёки йўқ қилиниши энг катта зарба бўлди. Бу ерда гап, қиймати тахминан 1,1 млрд доллар бўлган AN/FPS-132 Block 5 радари, THAAD тизимига боғлиқ бўлган AN/TPY-2 радари, шунингдек, бир қатор радиолокация гумбазлари ва сунъий йўлдош алоқа терминалларининг йўқ қилиниши ҳақида кетмоқда. Спутникдан олинган маълумотларга кўра, Иорданиядаги Муваффақ-Салти базасидаги AN/TPY-2 радари ҳам қаттиқ шикастланган ёки йўқ қилинган. Ушбу тизимлар баллистик ракеталар учирилганини эрта аниқлаб, ракетага қарши мудофаа учун 15 дақиқадан 30 дақиқагача вақт беради.
Айни пайтда АҚШнинг реал йўқотишлари расмий эълон қилингандан анча кўп бўлиши мумкин. Хусусан, АҚШнинг хориждаги энг йирик ҳарбий госпитали — Германиядаги Ландштул тиббиёт маркази вақтинча туғруқ қабул қилишни тўхтатди. (Аниқроғи, уруш зоналаридан тиббий эвакуация орқали келган ярадорлар оқими кескин кўпайганлиги сабабли ресурсларни бўшатиш учун туғруқхона бўлими ёпилди).
Шу билан бирга, АҚШнинг 82 ҳаво-десант дивизияси бўлинмаларини минтақага кўчириш имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Айни чоғда Эроннинг ракета захираси қанча экани номаълумлигича қолмоқда. Вашингтон захиралар тез орада тугайди деб умид қилаётган бўлса-да, бироқ унинг ҳажми тахмин қилинганидан анча кўп бўлиши мумкин.
Бурана




