Эроннинг ёнидами ёки Американинг қаршисидами?

Эроннинг ёнидами ёки Американинг қаршисидами?
Бугун “Салибчилар юриши иттифоқи” деб тавсифланган АҚШ ва босқинчи вужуд (Исроил)нинг Эронга уюштирган ҳужумлари, нафақат бир давлат ёки режимнинг чегараларини, балки тўғридан-тўғри Ислом тупроқларини нишонга олмоқда.
Ислом фиқҳида бир ернинг статуси унинг қилич ёки тинчлик йўли билан фатҳ қилинишига қараб белгиланади. Эрон ҳудуди Умар (розияллоҳу анҳу) даврида Ислом рисолати билан танишиб, мушрикларнинг зулматидан қутулган. Фиқҳ китобларида таъкидланганидек, бир марта мусулмонлар томонидан фатҳ қилиниб, устида Ислом ҳукмлари татбиқ этилган ҳар бир қариш ер қиёматгача Исломнинг мулки ҳисобланади.
Бу мулкчилик фиқҳига тегишли ҳукмдир. Бу ҳукм у ердаги бошқарувнинг хатосига, халқининг мазҳабига ёки у ерда нима билан ҳукм юритилаётганига боғлиқ эмас. Ислом фиқҳига кўра, бир ҳудуд “Дорул Ислом” сифатига эга бўлгандан кейин, у ерни ҳимоя қилиш нафақат маҳаллий кучларнинг, балки бутун дунё мусулмонларининг бурчига айланади. Чунки бу тупроқлар шахсларнинг ёки миллий давлатларнинг мулки эмас, тўғридан-тўғри “Уммат”нинг мулки ҳисобланади.
Мусулмонларнинг ерлари бўлинмас бир бутундир. Мустамлакачи кофирлар чизган сунъий чегаралар мусулмонларнинг бир-бирига ёрдам бериш масъулиятини бекор қила олмайди. Эронга, Ироққа ёки Фаластинга қаратилган салибчиларнинг ҳужуми — тўғридан-тўғри Исломга ва Умматнинг қадр-қимматига қаратилгандир.
Фақиҳлар бундай вазиятга нисбатан маъно жиҳатидан қуйидаги фикрни билдиришган:
“Ислом ҳудудига душман ҳужум қилганда, у ердаги мусулмонларнинг ёрдамига шошилиш яқин атрофдаги барча мусулмонларга фарздир. Чунки мусулмонларнинг хавфсизлиги — бир бутун хавфсизлик ҳисобланади. Бир ҳудудда чегаранинг бузилиши, бутун Ислом юртининг хавфсизлиги йўқолганини билдиради. Халқи гуноҳкор бўлса-да, Ислом ерини ҳимоя қилмаслик — катта гуноҳ саналади. Чунки ҳимоя қилинадиган нарса уларнинг гуноҳи эмас, Исломнинг у ерга босган муҳридир”.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Эроннинг бомбаланиши шунчаки географик ҳужум эмас, мусулмонларга тегишли ерга қилинган ҳужум сифатида кўрилиши керак. “Мазҳаб” баҳонасида бу ҳужумларга сукут сақлаш ёки ичдан суюниш — бу мустамлакачи Ғарбнинг манфаатларига хизмат қилиш ва Ислом тупроғининг муқаддаслиги топталишига кўз юмиш ҳисобланади. Кофир иттифоқнинг мусулмон ерини топташига рози бўлиш, “ажаб бўлсин” деб айтиш — фиқҳий ва сиёсий жиҳатдан бирлик (ваҳдат) тушунчасига зарба беришдир. Чунки душман у ерга шиаликни ёки суннийликни йўқ қилиш учун эмас, Исломнинг сиёсий ва географик вазнини йўқ қилиш ҳамда мусулмонларни заифлаштириш учун ҳужум қилмоқда
Шунингдек, Эрондан босқинчи яҳудий вужудига қарата отилган ҳар бир ракета қалбида (Исроилга) адовати бор ҳар бир мусулмонни қувонтиради, бундан бошқача фикрлаш ҳеч бир асосга эга эмас.
Исломий ўлкалардаги базаларни кофирлар хизматига топшириш ва АҚШга сўзсиз бўйин эгган раҳбарлар
Ислом географиясининг юрагига ханжар каби санчилган чет эл ҳарбий базалари бугунги кунда мустамлакачи Ғарбнинг минтақадаги энг катта кучларидан биридир. Бу базаларни кофирлар ишлатиши учун очиб қўйиш — мусулмонлар қонининг тўкилишига логистик қўллаб-қувватлов кўрсатиш ва Ислом ҳудудларини кофирларнинг нишонига айлантириш демакдир.
Ислом фиқҳида мусулмонларнинг ерлари ва имкониятларини мусулмонларга қарши урушаётган кофирларга тақдим этиш кескин тарзда ҳаром қилинган. Бу борадаги айрим далиллар қуйидагилардир:
وَلَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا
“Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай”. (Нисо сураси, 141-оят).
Ушбу оят билан Роббимиз кофирларнинг биз мусулмонлар устидан ҳукмронлик қилишини ҳаром қилди. Ислом ерларида куфр ҳарбий базасини қуриш ҳамда ушбу ҳудуднинг бошқаруви ва калитини кофирга топшириш мутлақо тақиқланган. Бугунги Ислом ўлкаларининг раҳбарлари базаларимиздан кофирларнинг фойдаланишига йўл қўйиб, оятга зид иш қилишмоқда.
Исломий ҳудудни бомбалаш учун учган самолётни ёнилғи билан таъминлаш, разведка маълумотларини алмашиш ёки ушбу самолётнинг учиш йўлагини қўриқлаш, база имкониятини бериш — “гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилиш” ҳисобланади. Бу эса оят билан кескин тақиқланган. Аллоҳ Тааоло айтади:
وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“…гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!…” (Моида сураси, 2).
Айниқса, Ғазодаги воқеалар билан бирга раҳбарларга оид яна бир ҳолат фош бўлди. Минтақадаги раҳбарлар ўз халқининг эътиқоди ва иродасига қарши чиқиб, тахтларини сақлаб қолиш учун АҚШ ва Ғарбнинг стратегик манфаатларига хизмат қилмоқда.
Бу раҳбарлар “стратегик иттифоқчилик”, “миллий манфаат” ёки “мувозанат сиёсати” каби чиройли сўзлар ортига яшириниб, Инжирлик ва Курежик каби радар базаларини “Салибчилар иттифоқи” фойдаланиши учун очиб беришди. АҚШ бошчилигидаги мустамлакачи кофирларга кўрсатилган бу “сўзсиз бўйсуниш” уларнинг тупроқларимиздан ўз ҳовлисидек фойдаланишига ва хоҳлаганини хоҳлагандай қилишига йўл очмоқда.
Ўз тупроғини ва диндош биродарларини ҳимоя қилиш ўрнига, тахтини сақлаб қолиш учун АҚШ билан иттифоқчи бўлган, Умматнинг бойликларини бу тажовузкор иттифоққа тақдим этган раҳбарлар Аллоҳнинг ҳузурига катта гуноҳ билан боришади. Мусулмон халқларининг юраги бизнинг ерларга отилган ҳар бир ракета сабабли қон йиғлаётганда, раҳбарларнинг Трамп кабилардан рухсат кутиши ва уларнинг юраги Америка билан бирга уриши — бу раҳбарлар ўз халқидан эмаслигига етарли далилдир.
Айнан шу ерда биз ҳайратланарли қарама-қаршиликка дуч келамиз: Эрон режимини ҳеч қандай чегарасиз танқид қилувчилар (албатта бу режим қўли қонга ботган ва танқид қилиниши керак бўлган режимдир, жиноятлари бошидан ошиб ётибди), лекин гап АҚШ ва Ғарбнинг манфаатларига хизмат қилаётган маҳаллий раҳбарлар ҳақида кетганда чуқур сукутга чўмишади. Мана шу ердаги катта чалкашликка эътибор қаратиш керак.
Эрон режимига нисбатан турли танқидларни айта туриб, ўз тупроғимиздаги базаларни кофирларнинг қўлланишига рухсат берган раҳбарларга индамасликни нима билан изоҳлаш мумкин?
Бир томондан мазҳабий кўз қарашлар туфайли қўшни минтақанинг бошига келганларни «шунга лойиқ эди» деб қарсаклар билан олқишлаш, иккинчи томондан эса бу ҳужумни амалга оширган «Салибчилар иттифоқи»га портлари ва ҳаво майдонларини очиб берган раҳбарларни кўрмасликка олиш қайси адолатга тўғри келади?
Эроннинг хатоларини тилга ола туриб, раҳбарларнинг мустамлакачи кофирлар билан ҳамкорлигига келганда тили боғланиб қолиши — «манфаат фиқҳи»нинг кўриниши эмасми? Теҳроннинг қилган гуноҳларига баланд овоз билан «зулм» деганларнинг, Америкага Ислом ерларини қирғин қилиши учун Инжирликдан фойдаланишига рухсат берган сиёсий тушунчага паст овоз билан «мувозанат сиёсати» дейиши ақлга ва шариатга тўғри келадими?
Хулоса қилиб айтганда, Эрон режимининг хатолари ушбу минтақанинг кофирлар томонидан талон-торож қилинишига асос бўла олмайди. Бизнинг позициямиз — мустамлакачи кофирларга қарши мазлум (эзилган) минтақа ёнида туриш ва тупроқларимиздаги барча чет эл базаларининг зудлик билан ёпилишини талаб қилишдир.
Ҳақиқий азизлик Америка билан иттифоқдош бўлишда эмас, Аллоҳнинг арқонига (динига) маҳкам боғланишдадир. Ҳақиқий хавфсизлик Ғарбнинг ҳимоя қалқонлари остида эмас, Умматнинг ўз қалқони бўлган Рошид Халифаликнинг тикланиши билан таъминланади.
Мавзуни мусулмонлар ўзаро низолашиб турган вақтда ҳудудга ташқи душман ҳужум қилса, кофирлар олдида қандай позицияда бўлишимиз кераклигини кўрсатувчи мисол билан якунласак:
Муовия ва Али (розияллоҳу анҳу) ўртасида ихтилоф давом этаётган бир пайтда, Византия императори Муовияга уни қўллаб-қувватлашини ва Алига қарши жанг қилиш учун Шом томон йўлга чиқишини маълум қилади. Бу хабарни олган Муовия унга шундай жавоб ёзади:
“Эй Румнинг ити! Агар яна бир қадам ташласанг, қасам ичаманки, Али ибн Абу Толиб билан бўлган фикр келишмовчилигимни дарҳол бир четга суриб қўяман-да унинг армиясининг энг олдинги сафида туриб, сенинг юртингни остин-устун қилиб ташлайман! Сени ўша тахтингдан худди сабзини ердан суғуриб олгандек, суғуриб олиб улоқтираман!” (Ибн Касир, «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя»).
Абдуллоҳ Имомўғли




