Янгиликлар

Эрон уруши Украинага кўрсатилаётган мададни сусайтирадими?

Эрон уруши Украинага кўрсатилаётган мададни сусайтирадими?

Дональд Трамп маъмурияти яқин ойлар ичида Америка қурол-яроғларини Украинага етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкинлигидан Европа ва Осиёдаги иттифоқчиларини огоҳлантира бошлади. Бунга асосий сабаб сифатида Эронга қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётларга устуворлик берилаётгани кўрсатилмоқда. Мазкур амалиётлар жараёнида, айниқса, «Patriot» тизимлари учун мўлжалланган PAC-3 ракеталарининг захираси сезиларли даражада камайиб бормоқда. Айни пайтда бу турдаги ракета ойига 60–65 дона ишлаб чиқарилмоқда.

Пентагон ҳозирда Украина учун ажратилган қурол-аслаҳаларнинг бир қисмини Форс кўрфазидаги ҳарбий ҳаракатларга йўналтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Европа давлатлари томонидан Украина учун Америка қуролларини ишлаб чиқаришни молиялаштирувчи PURL дастури орқали етказиб бериш жараёнларида ҳам тўхталишлар юзага келиши эҳтимоли бор.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Парижда бўлиб ўтган «Катта еттилик» (G7) йиғилишидаги чиқишида, қуролларни қайта тақсимлаш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини, бироқ бундай эҳтимол инкор этилмаслигини таъкидлади.

Украина президенти Владимир Зеленский 26 март куни берган баёнотида «Patriot» тизимларини етказиб бериш тўхтатилмаганини айтиб, АҚШ маъмуриятига миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, уларни етказиб бериш ҳажми ҳамон етарли эмаслигини ҳам тан олди.

Ўз навбатида, НАТО Бош котиби Марк Рютте иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш давом этишини қайд этди. Шунга қарамай, европалик дипломатлар жиддий хавотир билдиришмоқда. Уларнинг фикрича, ракеталар етказиб беришдаги эҳтимолий кечикишлар энг ҳал қилувчи паллада Украинанинг ҳаво мудофаа тизимини заифлаштириб қўйиши мумкин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button