Эрон уруш сабабли озиқ-овқат экспортини тўхтатди

Эрон уруш сабабли озиқ-овқат экспортини тўхтатди
Яқин Шарқдаги уруш Марказий Осиё ва Россиядаги савдо-сотиққа салбий таъсир кўрсата бошлади. АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайганидан сўнг, Теҳрон 3 март куни озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тўлиқ таъқиқлаб қўйди. Ушбу қарор сўнгги йилларда минтақа бозорлари ўрганиб қолган бир қатор товарларнинг тақчиллигига сабаб бўлмоқда.
Гап асосан писта, хурмо, анор, цитрус мевалари, помидор, узум, қуритилган мевалар ва зираворлар ҳақида кетмоқда. Писта ва хурмо каби айрим маҳсулотлар бўйича Эрон асосий ўрнни эгаллайди, бошқа ўлкалар унинг ўрнини боса олмайди. Шу боис, бу маҳсулотларнинг бозордаги тақчиллиги нафақат нархларнинг ошишига, балки бошқа ерлардан келтирилган тақдирда ҳам, бозордаги маҳсулот сифатнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Сўнгги йилларда минтақанинг Эрон билан савдо алоқалари фаол ривожланиб бораётган эди. Теҳрон 2023 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олганидан кейин ва унинг ортидан 2025 йилда кучга кирган эркин савдо шартномасидан сўнг, томонлар товар айирбошлаш ҳажмининг кескин ўсишини кутишган эди.
Эрон Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам муҳим савдо ҳамкорига айланиб улгурган. Қозоғистон дон экспортини миллион тоннадан оширган бўлса, Тожикистон беш йил ичида Эрон билан товар айирбошлаш ҳажмини қарийб тўрт бараварга кўпайтирди. Қирғизистон эса савдо ҳажмини учдан бир қисмдан кўпроққа оширди. Ўзбекистон ҳам Эрон йўналишидан Европа ва Туркияга чиқишда асосий транзит қатновлардан бири сифатида фойдаланиб келмоқда.
Бироқ ҳарбий кескинлик нафақат озиқ-овқат таъминотига, балки бутун логистика инфратузилмасига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Каспий денгизи орқали ўтадиган йўналишлар, халқаро транспорт йўлаклари, шунингдек, банк ҳисоб-китоблари ва юк ташиш тизимлари хавф остида қолмоқда.
Бу эса қисқа муддатли келажакда таъминот занжирининг узилишига, импорт маҳсулотлари нархининг ошишига ва логистика йўналишларининг қайта кўриб чиқилишига олиб келиши мумкин. Минтақадаги давлатлар аллақачон муқобил йўлларни — Каспий денгизи орқали ўтувчи ва Хитой орқали ўтувчи йўлларни излай бошлади. Бироқ, мутахассисларнинг фикрича, Эрон бозори ва унинг маҳсулотларининг ўрнини тез орада тўлдириш осон бўлмайди. Шу сабабли Марказий Осиё ва Россиянинг озиқ-овқат бозорлари беқарорликка юз тутиши мумкин.




