Хабар ва изоҳ

Юқоридан буюрилган дуо: холисликми ёки сиёсий хушомадгўйлик?

Юқоридан буюрилган дуо: холисликми ёки сиёсий хушомадгўйлик?

Жума куни Қирғизистондаги барча масжидларда қор ёғишни сўраб дуо қилинди. Бу тадбир холис дуо қилишдан кўра кўпроқ махсус ташкил этилган маросимни эсга солди. Бу ҳаракатнинг қурғоқчилик билан боғлиқлиги ҳақида Муфтиёт тарафидан берилган баёнот асл сабабни яшираётгандек кўринди. Шу ерда бир савол туғилади: бундай диний сафарбарликнинг асл ташаббускори ким?

Сув омборларидаги сув сатҳининг жуда пастлиги ва энергетика вазияти билан боғлиқ хавотирлар ҳисобга олинса, бу дуо ички диний эътиқод асосида эмас, балки «ҳукумат» буйруғи асосида ташкил этилган деган фикр устун келади. Афтидан, расмийлар ўзлари техник воситалар билан ҳал қила олмаган муаммога рамзий хусусият беришга ҳаракат қилмоқда.

Қизиғи шундаки, Қирғизистон синоптиклари бир кун олдин қор ва ёмғир ёғишини башорат қилиши ортидан қор ёғишни сўраб дуо ташкил этилди. Бу усул ҳар қандай табиий ҳодиса учун ҳукуматга миннатдорчилик билдирган эски совет анъанасини ёдга солади. Совет даврида амалдорлар шунчаки об-ҳаво ўзгаришини ҳам ўзларининг доно сиёсатининг натижаси сифатида талқин қилиб, ҳамма нарса учун партия ва ҳокимиятга миннатдорчилик билдириш одат тусига кирган эди.

Аммо масаланинг энг муаммоли жиҳати бу эмас. Муфтиёт қурғоқчилик ҳақида сўз юритар экан, Қуръондаги саволларни ўзига беришга журъат қилмади. Қуръонда ёмғирнинг тўхтаб қолиши, осмон эшикларининг ёпилиши жамиятнинг дуо қилмаслиги билан боғлиқ дейилмаган. Аксинча, жамиятда нотўғри ва адолатсиз ишларнинг кўпайиб кетганлиги сабабли шундай ҳолат содир бўлиши айтилган. Қуръони Каримда бу ҳақда бир нечта жойда эслатиб ўтилган:

وَمَا أَصَابَكَ مِنْ سَيِّئَةٍ فَمِنْ نَفْسِكَ

(Эй инсон)… Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир”. (4:79)

وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ

(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур)”. (42:30).

ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ

“Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди”. (30:41).

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ وَلَكِن كَذَّبُوا فَأَخَذْنَاهُم بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ

“Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик”. (7:96)

Агар муфтиёт ҳақиқатан ҳам Ислом доирасида фикрлаганида эди, қурғоқчиликнинг ечими қор сўраб дуо қилишда деб билмас эди. Аксинча, Аллоҳ Таоло ёмғир ёғдирмаганлигининг сабаби ҳақида ва одамлар орасида қандай бузғунчиликлар тарқалгани ҳақида фикр юритган бўларди. У ўзига “Нима учун одамлар, айниқса ҳукумат ва динни назорат қилувчи муассасалар, Аллоҳнинги неъматларига тўсиқ бўладиган ишларни қилишда давом этмоқда?” деб савол берган бўларди.

Бироқ, бундай саволлар муфтиёт учун жуда ноқулай туюлади. Чунки ҳозирги вазиятга назар ташласак, диний амалларга чекловларнинг кенгайиб бораётгани, динга қарши қонунларнинг қаттиқлашиб бораётгани, давлатнинг диний таълимга аралашуви, масжидларни тартибга солиш ва исломий фаолиятни назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат эканлигини кўришимиз мумкин.

Шунинг учун, бундай вазиятда муфтиёт миннатдорчиликдан кўра танқидга лойиқдир. Чунки у Аллоҳ олдида содиқ бўлишдан кўра давлатга содиқ бўлишни афзал кўрмоқда.

Ҳужжад Жамия

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button